КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Коррупция нафақат Республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммо ҳисобланади.

“Афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўриниши билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, Такрор ва такрор айтаман, бу иллатни йўқ қилмасак, бирорта тармоқ ривожланмайди. Тадбиркор ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келмоқда” деган эдилар, давлатимиз раҳабри Ш.М.Мирзиёев.

Дарҳақиқат коррупцияни олдини олмасак давлатимиздаги барча соҳада ривожланиш секинлашади.

Коррупция ўзи нима? “Коррупция” лотинча сўз бўлиб, «бузмоқ, порага сотилиш, айниш, порахўрлик, заҳарлилик, зарар ва парчаланиш» деган маъноларни англатади. Яъни, коррупция – сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир. Коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яхши маълум.

Ҳисоб-китобларга кўра айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва порахўрлик натижасида йилига 1 триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк, пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар инобатга олинмагани коррупция муаммолари билан шуғулланувчи «Transparency International» ташкилотининг маълумотларида таъкидланган. Шу боис коррупция ва порахўрликни ҳеч иккиланмай «тараққиёт кушандаси» деб аташ мумкин.

“Тransparensy International” халқаро ташкилотнинг коррупцияни идрок этиш индекси бўйича Ўзбекистон Республикаси 2010 йилда 16 балл билан 172-ўринни, 2019 йилда эса 180 та давлатлар қаторида 153-ўринни эгаллаган. Бу Ўзбекистон давлатининг ижобий динамикага эришганлигидан далолатдир.

Маълумки, 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўзкучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонунини мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида ташланган дадил қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 211 ва 212-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Масалан, 211-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага биноан «Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади». Шунингдек, 212-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага асосан «Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади». Яъни, пора берган ва пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг ўз айбига иқрор бўлиб хабар бериши ушбу оғир жиноятнинг пайини қирқишга хизмат қилади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти, ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция домига тушиб қолмасликларини таъминлаш, уларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида ҳукуматимиз томонидан узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ижроси доимий назорат қилиняпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 3 январь куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни коррупцияга қарши курашиш борасида энг муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун 34-моддадан иборат бўлиб, унда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг бу борадаги ваколатлари, коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар ва уларнинг ваколатлари, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси, судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги масалалари белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга жорий этилган мазкур қонун моҳият-эътибори билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра биргина 2020 йил давомида давлат бюджетидан мақсадли фойдаланиш, шу жумладан давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишлар натижалари бўйича жами 90,5 млрд. сўмлик 2.808 та ҳолатларда молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлигини аниқлади.

Шунингдек судлар томонидан 2020 йил давомида жами 2270 нафар шахсга нисбатан коррупция билан боғлиқ 1502 та жиноят иши кўриб чиқилган. Коррупцион жиноятларини содир этилишига асосан моддий манфаатдорлик (30 фоиз), бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги (28 фоиз), ва ижтимоий таъминланмаганлик ёки адолатли меҳнат шароити йўқлиги (12 фоиз) сабаб бўлган.

Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани ҳам ушбу соҳада туб бурилиш ясади, десак хато бўлмайди.

Бу давлат бошлиғининг бутун дунё мамлакатлари ўртасида ҳам коррупция масаласи энг долзарб муаммолардан бири эканлиги, коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш давлат ва жамият тараққиёти учун муҳим қадамлардан эканлигини теран ҳис қилганлигидан далолатдир.

Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.

Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Озоджон Ражабов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси