Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Жаҳон тарихига назар солсак, ҳар бир халқ аввало маънавий бирлашуви, миллий ғояси билан юксалган. Бугун янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган мамлакатимизда ҳам миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда бу борада қатор қарорлар қабул қилинди. Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент экани белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилди. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди.

– Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.

Яқинда бўлиб ўтган йирик тадбирлар – давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Чунки бу борада ечимини кутиб турган, ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўп. Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис Президент мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясини таъкидлаб ўтди:

– Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган, – деди давлатимиз раҳбари.

Маълумки, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти.

Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда.

Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшаш зарур.

Давлатимиз раҳбари лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлади.

Йиғилишда қайд этилганидек, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти.

Шунинг учун Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди.

Президентимиз ушбу марказнинг “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди.

Йиғилишда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгиланди.

 Маълумки, ҳозирги пайтда маънавият тарғиботи билан ўнлаб ташкилотлар шуғулланади. Лекин, уларнинг фаолияти аниқ мувофиқлаштирилмаётгани, ягона тизимга бирлашмагани сабабли бир-бирини такрорлаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бундан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб бориши белгиланди.

Марказ ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминоти кескин кучайтирилади. Унинг фаолияти илмий тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишларида қайта ташкил қилинади.

Тарбияда танаффус бўлмайди, дейди халқимиз. Лекин, маънавий-маърифий ишлардаги узвийлик ҳозирча бундай эмас. Бу борада боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла – ҳар бири алоҳида иш олиб боряпти.   

Шу боис маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, хусусан, ўғил-қизларни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш, бунинг учун мактабгача таълим муассасаларига методик ёрдам кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Барча олийгоҳ ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши айтилди.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилиши маълум қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳар нуронийларининг тарбияси оғир, ишсиз ёшларга кўмаклашиш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.   

Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” мажмуасини халқимиз, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарих ва аждодларимиз қаҳрамонлигини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш таклифи билдирилди.

Ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

– Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.  

Ўзбек тилининг давлат тили мақомини кучайтириш, юртимизда ва хорижда уни ўрганиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Бугун ҳаёт янгича фикрлаш ва ишлаш, миллий “ақл марказлари”мизни шакллантиришни талаб этмоқда. Афсуски, атрофимиздаги барча сиёсий-ижтимоий жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан тилда етказиб берадиган таҳлилчи ва экспертларимиз жуда кам. Бундай вазиятда жамиятимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги илмий-амалий тадқиқотларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Шу маънода, Маънавият ва маърифат, “Тараққиёт стратегияси”, Ислом цивилизацияси марказлари, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги тадқиқот институтлари ҳақиқий “ақл марказлари”га айланиши кераклиги таъкидланди.  

Миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилди.

Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилади.

Шу йилдан бошлаб, маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

Китобхонлик маданиятини кенгайтириш, кино санъатини изчил ривожлантириш, барча телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, теледастурларнинг савиясини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

– Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир, – деди Президент.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар бўйича соҳа мутасаддилари, ўқитувчи ва профессорлар, вазирлар, вилоят ҳокимлари фикр билдирди.  

Бобомуродов Алишер, Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси

Саидов Маъруф, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимояси мавжуд

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда кўплаб қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунга мисол бўла олади. Ушбу қарорда, ҳимоя ордерини бериш тартиби, ҳимоя ордерининг ижросини таъминлаш тартиби, амал қилиш муддатини узайтириш тартиби, амал қилиш муддатини тугатиш тартиби, ҳимоя ордери бериш фаолияти устидан мониторинг олиб бориш тартиблари келтирилган.

Ҳимоя ордери бу — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.

Ушбу ордерни бериш учун, тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати,  жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар, тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши, ҳолатларда ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлгач белгиланган шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади. Хабарнома қонун ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарда қайд этилади. Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида хабар берган шахслар ва тазйиқ, зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади. Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар дарҳол профилактика инспекторига тақдим этилади.

Шунингдек, профилактика инспектори ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш давомида, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади. Жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиши сабаблари, шарт-шароитларини ўрганади, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш, ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширади.

Профилактика инспектори мурожаат ва хабарларни ўрганиш якуни бўйича, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини расмийлаштиради. Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Зўравонлик содир этган шахсларга ҳимоя ордери берилганлиги тўғрисида жабрланувчининг розилиги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, шунингдек, бошқа тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларни хабардор қилади, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, котиби, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис иштирокида далолатнома расмийлаштиради, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланган тақдирда ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материалларини жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчиларнинг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги аризаси уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади. Шахс ҳимоя ордерини олишни ва уни имзолашни рад этганда, профилактика инспектори холислар иштирокида далолатнома тузади ҳамда уни ушбу хатти-ҳаракатни давом эттирган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида расмий огоҳлантиради ва бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилади.

Б.Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси                                         

О.Ражабов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Халқ маслаҳатчилари судлар фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилади

Жамоатчилик вакилларининг жиноят ишларини кўришда халқ маслаҳатчилари сифатида иштирок этиши қонунийликни мустаҳкамлашга, халқнинг кўз ўнгида судларнинг нуфузини кўтаришга, фуқароларни қонунларга риоя этиш руҳида тарбиялашга, қолаверса шахс, жамият ва давлатнинг манфаатларини ҳимоя этишга қаратилган. Бунда халқ маслаҳатчиларининг раислик этувчи билан бир қаторда жиноят ишининг муҳокамасида юзага келган барча масалаларни ҳал этишда ва суд қарори чиқаришда тенг ҳуқуққа эга эканлиги билан аҳамиятлидир.

Одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари иштирокининг хусусиятлари кўп жиҳатдан ушбу институтнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёрдамида тартибга солинишида ўз аксини топади. Мазкур институтга оид нормалар Жиноят-процессуал кодекси, “Судлар тўғрисида”ги қонун ва “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомда белгилаб қўйилган.

Жиноят-процессуал кодексининг 13 ва 30-моддаларига ва Жиноят кодексининг 15-моддасига мувофиқ, ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра, ўта оғир тоифали жиноят иши биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилади, бунда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси киради. Жиноят ишини кўришда ушбу суд таркибида тайинланган ёки сайланган судьялар ва судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятларига эга бўлган халқ маслаҳатчилари қатнашадилар.

“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасида халқ маслаҳатчиларига нисбатан қўйилган талабларга кўра, Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Шунингдек, ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўттиз беш ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суднинг халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишларини кўришдаги иштироки жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Жамоатчиликнинг суд ишларида фаол иштироки одил судлов фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлайди, фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлайди.

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни шундан далолат берадики, ушбу янгиланиш ва ўзгаришлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва суд органлари, демократик институтлар ва жамоатчилик фаолияти ҳамда уларнинг вазифалари қамраб олинган ҳолда комплекс тарзда ўтказилмоқда.

Шу маънода халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишларини судда кўришдаги иштироки жиноят процессининг демократик асосларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Чунки, халқ маслаҳатчилари иш натижаларидан манфаатдор бўлмаган шахслар сифатида жиноий-процессуал фаолиятни амалга оширишга жалб этилади. Бу ҳолат, ўз навбатида, одил судловнинг сифати ва самарадорлигини оширади, объективлик, адолат ва қонунийлик каби тамойилларни ўзида мужассам этади. Фуқароларнинг судга бўлган ишончи янада ортишига хизмат қилади.

Алишер Самадов, Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати котиби

Маъмурий судлар томонидан ерга оид низоларни кўришнинг ўзига хос жиҳатлари


Ўзбекистон Республикасида ерга бўлган мулкчилик ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ва ер муносабатларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Хусусан, 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган Ер кодексига асосан, ер – давлат мулки, умуммиллий бойлик ҳисобланиб, давлат томонидан муҳофаза етилиши, олди-сотди қилинмаслиги, айрбошланмаслиги, ҳадя қилинмаслиги ва гаровга қўйилмаслиги белгиланган.
Ерга бўлган мулкчилик ҳуқуқлари ва ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи амалдаги ер кодекси билан тартибга солинади.
Ер мулкдорлари, эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ер ҳуқуқбузарликлари натижасида келиб чиқадиган низолар тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган маъмурий-ҳудудий тузилишга тегишли ер участкаси ҳақидаги келишмовчиликларни ер низоси деб ҳисоблаб бўлмайди. Негаки, чегара билан боғлиқ ҳудудга доир муносабатлар давлат ҳуқуқининг объекти ҳисобланиб, ҳудудни бошқаришга оид ваколатлар эса маъмурий ҳуқуқ орқали тартибга соладиган ҳуқуқий муносабатлардир.
Ер эгалари ва фойдаланувчиларининг у ёки бу орган ёхуд мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикояти судларда ер низоларини қўзғатишнинг асоси бўлиб хизмат қилиши мумкин, чунки ер низоси фақат шикоят бўйича эмас, балки бошқа асослар бўйича ҳам вужудга келади. Шундан келиб чиқиб таъкидлаш мумкинки, шикоят билан низо ўртасидаги муносабат процессуал шакл билан моддий-ҳуқуқий моҳият ўртасидаги ўзаро муносабатдир.
Ер низолари субъектларининг ҳуқуқий мақоми ва низо объекти бўлган ер участкасининг мулкий мақомига кўра фуқаролик ҳуқуқий низолардан фарқлаш керак. Шундай бўлсада, уларни ҳал этишда асосан, фуқаролик ва фуқаролик процессуал ҳуқуқи нормалари асос бўлади, десак тўғридир.
Ер бериш ёки уни олиб қўйиш ҳамда ерга эгалик қилиш юзасидан вужудга келадиган ер низоларини ерга эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги низолар ҳисобланади. Бундай низоларда томонлардан бири жисмоний ёки юридик шахс бўлади. Эгалик қилиш ҳуқуқига доир низоларга бундан ташқари шахсларга вақтинчалик берилган ерларнинг ўз вақтида қайтарилмаслиги сабабли вужудга келадиган низоларни ҳам қўшиш мумкин.
Ердан фойдаланиш ҳуқуқининг бузилишини ернинг умумий майдонининг миқдорий ўзгаришида эмас, балки ердан фойдаланувчиларнинг ернинг сифатини бузилишига олиб келганликда ҳам кўриш мумкин. Бу ер участкаларини қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши учун яроқсиз ҳолга келтириш, уни ифлослантириш, эрозияга учратиш, сув босиш, тупроқ бонитетини тушириб юбориш, ерга зарарли чиқиндилар тўкиш каби ҳолатларда юзага келади.
Бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи амалдаги ер кодексининг 36-модасида белгиланган қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
1) ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;
2) ер участкаси берилган муддат тугаганда;
3) юридик шахс тугатилганда;
5) хизматда фойдаланиш учун чек ер бериб қўйишга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда, агар қонунчиликда бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса;
6) ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида;
7) ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда;
8) ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;
9) қонунчиликда белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда;
10) қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида;
11) мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса — гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида. Фойдаланилмаётган ер участкалари уларнинг аввалги эгалари тўлаган қиймат ушбу эгаларга компенсация қилинган ҳолда олиб қўйилади;
12) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари раёсатининг қарорига мувофиқ фермер ёки деҳқон хўжалигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги тугатилганда;
13) ер участкаси ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда олиб қўйилганда.
Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
1) савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга сотилганда;
2) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда қайта сотиб олинганда;
3) қонунда белгиланган ҳолларда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа иморатлар ёки иморатларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан бирга мусодара этилганда;
4) ижро ҳужжатлари бўйича ундирув ер участкасига қаратилганда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органлари ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни очиқ танлов ва электрон онлайн-аукцион якунлари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартириш йўли билан бекор қилишга ҳақли эмас.
 Ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечишидан яққол далолат берувчи хатти-ҳаракатлар (чет элга жўнаб кетганлик, ер участкасидан белгиланганидан кўпроқ муддат давомида фойдаланмаслик) содир этган тақдирда, бу ер участкаси қонунчилик билан белгиланган тартибда эгасиз мол-мулк тариқасида ҳисобга олинади.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечиш мазкур ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори мажбуриятларининг, ер участкаси бошқа шахсга берилгунга қадар, бироқ воз кечилган пайтдан ёки эгасиз мол-мулк тариқасида давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан узоғи билан бир йил мобайнида, бекор қилинишига сабаб бўлмайди.
Юқорида айтилганлардан ташқари, ердан фойдаланиш ҳуқуқининг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор қилиниши билан боғлиқ ҳолда, вужудга келадиган ер низоларига ердан фойдаланувчи билан давлат органлари ўртасида ерни бериш ёки олиб қўйиш сабабли вужудга келадиган низолар, яъни ерни давлат томонидан тартибга солиш жараёнида юзага келадиган низолар киради. Бундан англашиладики, ердан фойдаланувчилар, ерга эгалик қилувчилардан ташқари ер фонди давлат бошқаруви органлари ҳам ер низоларида томонлардан бири сифатида бўлишлари ҳам мумкин. Шу билан бирга, ер бериш ёки ерни олиб қўйиш жараёнида ердан фойдаланувчи ёки бўлғуси фойдаланувчи билан давлат бошқаруви органи ўртасида зиддият ёки келишмовчилик вужудга келган тақдирда ҳам ер низоси келиб чиқади. Ушбу турдаги низорлар эса тааллуқлилик жихатидан маъмурий судларнинг иш юритувига киради.
Ўзбекистон Республикаси  Ер кодексида баён этилганидек,
ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.
 
Жамол Шарипов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси
 
Аслиддин Қодиров, Бухоро вилоят маъмурий судининг судья  катта ёрдамчиси 

Суд соҳасидаги ўзгаришлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Хусусан, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Бугунги кунда қатор соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик, қонун устуворлигини таъминланишига боғлиқ. Шу боис, Президентимиз 2020-йил 29-декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларга алоҳида тўхталиб, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Жумладан, жазо тизимини либераллаштирилиши муносабати билан 2020-йилда жиноят содир қилган 74 фоиз шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланганлиги, халқимизнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик каби ўзига хос қадриятларининг чин маънодаги юксак намунаси сифатида жиноят содир қилган 616 нафар афв этилганлиги, 719 шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганлиги эътироф қилинди. Бу ўз навбатида одамларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини ортиб боришига ҳам сабаб блмоқда. Президентимиз таъкидлаганларидек, охирги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида 40 дан ортиқ Қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинганлигини, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллашини, бу борада қилиниши лозим блган ишлар талайгина эканлиги давр тақозосидир. Шунга кўра, 2021-йилда вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судяларнинг қатъий ихтисослашуви сақланиб, суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайатлари ташкил этиладиган бўлди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдиксия судлари ташкил этилиши ҳудудларда ягона суд амалиётини шакллантириши фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга хизмат қилади.

Ўгаришлардан яна бири шуки, эндиликда ортиқча суд инстанцияларини бекор қилиш йўли билан “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий қилиниши эса туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кирилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш йўлга қўйилиши, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилиши судда ҳар бир иш бйича якуний хулоса қилишга эришилади. Жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллашни давом эттириб, манзил колонияларни қисқартириш ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари енгилроқ жазога алмаштирилса тўғридан-тўғри пробация хизматига етказилиши, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш ҳақида тақдимнома киритиш ваколатини жазони ижро этиш раҳбарларидан янги ташкил қилинаётган “Инсонпарварлик комиссияси”га етказиш ҳақидаги таклифлари ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки айни жараён шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, бунинг оқибатида жабр тортадиган ҳар бир оила ва оила аъзолари, айниқса, ўсиб келаётган ўғил-қизларнинг келгуси тақдирини ҳамда уларнинг келажагини турли салбий таъсир ва жиддий синовлардан ҳимоя қилишга, ўз оиласи бағрида бўлиб, оиласи тақдири билан шахсан шуғулланишига мустаҳкам шароит яратади.

Жамол Шарипов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Аслиддин Қодиров,Бухоро вилоят маъмурийсудининг судья  катта ёрдамчиси 

“Судлар тўғрисида”ги янги Қонунга асосан нималар ўзгарди

“Судлар тўғрисида”ги янги Қонунга асосан нималар ўзгарди?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сонли ва “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 7 декабрдаги ПФ-6127-сонли Фармонлари ижроси давоми сифатида  2021 йил 28 июлда ЎРҚ-703-сонли Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги янги Қонуни қабул қилинди.

Янги Қонун 101 та моддадан иборат бўлиб (эски Қонун 85 та моддадан иборат эди), Қонун билан “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги, “Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида”ги ҳамда “Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди ҳамда суд тизими яхлит Қонун билан тартибга солинадиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланиши мустаҳкамланди (3-модда). Суднинг вазифаларига юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам киритилди.

Шунингдек янги Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ваколатлари, таркиби, Олий суди Пленуми, Пленумини чақириш тартиби, ваколатлари, Олий суди Раёсатининг таркиби, ваколатлари, Олий судининг судлов ҳайъатлари, Олий суди раиси ва Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари — судлов ҳайъатларининг раисларининг ваколатлари, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари таркиби, ваколатлари, Раёсати ваколатлари, судлов ҳайъатлари, раиси ва раиси ўринбосарлари ваколатлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди таркиби, ваколатлари, раиси ва раиси ўринбосарлари ваколатлари, Ҳарбий судлар тизими, таркиби, ваколатлари, Ҳарбий судлар судловига тааллуқли ишлар, Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тартиби, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари таркиби, ваколатлари, Раёсати ваколатлари, судлов ҳайъати, раиси, раисининг ўринбосари ваколатлари, туманлараро маъмурий суд таркиби, ваколатлари, раиси ва раиси ўринбосари ваколатлари тўлдирилган ҳолда белгилаб берилди.

Янги қонунда судьялар мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари ва судья лавозимига номзодлар ва сайланган шахсларга қўйилган талаблар халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилди. Туман ёки шаҳар судининг судяси этиб тайинлаш ёки сайлаш учун юридик касб бўйича энг кам иш стажи 5 йил ўрнига 7 йил, вилоят судьялигига — 7 йил ўрнига 10 йил, Олий суд судьялигига — 10 йил ўрнига 15 йил этиб белгиланди.

Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги масаласида ҳам янги моддалар киритилиб, унга кўра, судья интизомий жавобгарликка қуйидаги ҳолатларда тортилиши мумкин:

одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлик учун;

суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун;

судьялик шаъни ва қадр-қимматига боғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун;

Судьялар одоби кодекси талабларини бузганлик учун.

Судяларнинг малака ҳайъати судяга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўллаши мумкин:

огоҳлантириш;

ҳайфсан;

ўрача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;

малака даражасини бир поғонага пасайтириш;

ваколатларини муддатидан илгари тугатиш.

Янги қонун билан киритилган 12-боб судянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳолатлари ва тартибини назарда тутади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки ушбу янги Қонун халқаро стандартлар асосида қабул қилинган бўлиб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловнинг судьялар томонидан фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширилишини, суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқаролар, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Убайдулло Аллаев,

Жаҳонгир Каримов,

Фуқаролик ишлар бўйича Ромитан туманлараро суди судьялари

Коррупция – давлат тараққиётидаги иллат

Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Коррупция – жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Коррупция – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Бироқ, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, пора пул эмас, балки бошқа нарса эвазига маълум хизматни амалга оширишлари мумкин.

Шунингдек, коррупция порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, мулкни ўзлаштириш, фитна, ҳокимиятни суистеъмол қилиш, хушомадгўйлик, совға, қариндошлик, ҳомийлик ва бошқа шаклларга эгадир.

Коррупциянинг ҳолатига турли омиллар, яъни ижтимоий ва маданий шароит, институционал ва ташкилий тузилмалар, сиёсий муҳит, шунингдек иқтисодий ва таркибий ўзгаришлар сиёсти ҳам таъсир қилади.

Ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Республикамизда бу иллатга қарши курашиш бўйича кенг кўлламли ишларга қарамасдан афсуски, айрим раҳбарлар орасида коррупция берилиш, таъмагирлик ҳолатлари учраб тургани кишини тааъжубга солади.

Бугунги кунда республикамизда жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, фош этилган коррупциячилар қаттиқ жазоланмоқда. Мамлакат ичидаги жиноятчилик доимо давлат томонидан қаттиқ назорат қилиб борилади. Жиноятчилик кенг авж олиб кетишига ва коррупциячилар домига илинган амалдорларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор узоқ муддатли чора-тадбирлар ишга солинган. Улар жиноятчиликка қарши кураш стратегиямизни белгилаб беради.

Жиноятни жазолашдан кўра, уни олдини олиш сингари профилактик тадбирларнинг йўлга қўйилиши қай даражада оқилоналиги аллақачон исботланган.

Коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Бундай маънавий бузилиш ҳолатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.

Шундай экан, давлат ва жамият, шу билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда барча фуқаролар бундай иллатни олдини олиш ва унга қарши курашда биргаликдаги ҳаракатигина самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.

Рўзиев Нурмуҳаммад – Бухоро вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси

Саломов Шерали – Бухоро вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси

Ерлардан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари

Ер халқимизнинг ҳаёти, фаолияти ва турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ. Бепоён далалар, кенг боғ-роғлару қир- адирлар, ўзимиз яшаб турган уйлар, ҳовлилар, шаҳарлар, ер устига қурилган ва ҳатто ташлаётган ҳар бир қадамимиз ер ҳисобланади. Шундай экан, ерлардан имкон қадар самарали фойдалансак, иморатларни ўз ўрнида қурсак, экин-тикинни вақтида экиб, ернинг умрини ўтказиб юбормасак, тупроқ сифатини яхшиласак, албатта, бунинг ижобий натижалари яққол кўзга ташланади.

Қонунларимизда ҳам бу жиҳатларга катта эътибор қаратилган. Аммо Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган янги таҳрирдаги Ер Кодекси орқали ер эгаларининг ҳуқуқларини давлат томонидан муҳофаза қилишнинг янги тартибларини ишлаб чиқиш ва ерлардан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Энг асосийси, мазкур кодекс лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 10-январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришни, шунингдек, “2017 – 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида» кўзда тутилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтиришга қаратилган нормаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилмоқда.

Савол туғилиши мумкин, янги таҳрирдаги Ер Кодексини ишлаб чиқишга қандай омиллар сабаб бўлган?

Энг аввало шуни унутмаслик керакки, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 1998-йил 30-апрелда қабул қилинган бўлиб, бугунга қадар бир неча бор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлса-да, ўтган 23 йил давомида янги таҳрирдаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилмаган эди. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ер участкаларига бўлган хусусий мулкчилик, жумладан, ер участкалари хусусий мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида ер муносабатларини шакллантиришнинг илғор, замонавий усуллари тўғрисида, ер участкалари билан боғлиқ зарарларни қоплаш, шунингдек, ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви ҳамда ерларни қайтариб олишда халқ дэпутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ваколатлари белгиланмаган эди.

Шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси лойиҳаси янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва лойиҳа 65 та янгидан ишлаб чиқилган моддалар билан тўлдирилди. Шунингдек, амалдаги Ер кодексидан 9 та модда бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги сабабли лойиҳадан чиқарилди. Амалдаги Ер кодексининг қолган 84 та моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Айрим моддаларнинг бўлиниб ишланиши оқибатида янги таҳрирдаги Ер кодекси яна 11 та моддага кўпайди.

Янги таҳрирдаги Ер кодексида ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, давлат назоратини амалга оширувчи ваколатли органлар – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Давлат экология қўмитаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари ваколатлари, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ер участкаларига бўлган мулкчилик тури, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган хусусий мулк- ҳуқуқининг вужудга келиши ва унинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши, ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ва уларнинг бошқа шахсга ўтиши, ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ва улар билан боғлиқ битимлар, шунингдек, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш, ҳуқуқ бўйича ворислик, ер участкаларини бериш (сотиш) ва уларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни чеклаш ҳамда юридик ва уларга бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш билан боғлиқ нормалар Ер кодекси лойиҳасида ўз тасдиғини топган.

Бундан ташқари, ер участкаларидан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари, меърос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилувчилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари,ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатлари ва уларни ҳимоялаш, ҳуқуқлар бузилганда уларни тиклаш, шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш, ердан фойдаланувчиларга етказилган зарар ўрнини қоплаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартиблари белгилаб берилган.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг таркиби ва улардан фойдаланиш, жумладан, суғориладиган ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, тиклаш ва ошириш чора-тадбирлари, ер фонди тоифаларидан, шундан аҳоли пунктлари ерларидан фойдаланиш, саноат, транспорт, телекоммуникация, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, оммавий дам олиш мақсадларига мўлжалланган ерлар ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар таркиби ҳамда ўрмон фонди ва сув фонди ерларидан фойдаланиш хусусиятлари Ер кодекси лойиҳасида ўз аксини топган.

Шу боис, янги таҳрирдаги Ер Кодекси ерларимиздан самарали фойдаланишда, унумдорлигини оширишда ва ердан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Ихтиёр Холов,

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Маъруф Саидов,

Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида

Судлар томонидан иқтисодий низолар мазмунан кўриб чиқилиб, ҳар томонлама асосли ва қонуний қарор қабул қилинишига қарамасдан, мазкур қарорлар аксарият ҳолларда бир тарафнинг фойдасига, бошқасининг эса зиёнига ишлаши ҳеч кимга сир эмас. Қонунчилигимизга асосан, манфаатдор шахслар суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишлари мумкин. Зеро, бу- ишда иштирок этувчи ҳамда манфаатдор шахсларнинг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади. Дарвоқе, иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади. Бироқ, иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти мазкур соҳада бир қатор масалалар юзага келаётганлигини кўрсатди. Худди шу сабаблардан келиб чиқиб ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2021 йил 21 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 16-сонли Қарори қабул қилинди. Мазкур пленум қарори иқтисодий судларда апелляция тартибида ишларни кўриш амалиётини белгилаб беради. Қуйида ушбу пленум қарорининг айрим жиҳатларини кўриб чиқамиз.

Хусусан, пленум қарорининг тушунтириш беришича, апелляция инстанцияси судида иш юритиш даъвогар, аризачи, жавобгар, учинчи шахс, улар вакилларининг шикояти бўйича, тарафлар ва учинчи шахслар ҳуқуқий ворисларининг шикояти бўйича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг шикояти бўйича, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно, ишда даъвогар сифатида қатнашган давлат органлари ва бошқа шахсларнинг шикояти бўйича ҳамда прокурорнинг протести бўйича қўзғатилади. Шунингдек, апелляция тартибида иш юритиш, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, суд ҳужжати ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир қилувчи шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин. Ушбу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам, унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланади. Яъни шахс ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо суд ҳужжати унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган бўлса, у мазкур суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ишда иштирок этувчи шахснинг вакили, шу жумладан, адвокат, агар бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлсагина, суд ҳужжати устидан апелляция тартибида шикоят қилишга ҳақли (ИПК 63-моддаси иккинчи қисми). Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари ҳам апелляция шикояти беришга ҳақли бўлиб, бунда шикоятга ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи далил илова қилиниши лозим.

Пленум қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг апелляция шикоятини қабул қилишда шуни инобатга олиш лозимки, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низо деганда, фойда олиш мақсад қилинмаган фаолиятдан келиб чиққан низо (хусусан, юридик фактларни белгилаш тўғрисидаги, банкротлик тўғрисидаги ишлар, ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ, чет эл судлари ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги низолар) тушунилиши лозим.

Шунингдек, апелляция шикояти (протести) бериш муддатини ҳисоблаш ҳал қилув қарори қабул қилинган санадан кейинги кундан бошланади (ИПК 119-моддаси). Бунда ИПК 262-моддаси олтинчи қисмига мувофиқ, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун апелляция шикояти (протести) бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ҳақида маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади.

Пленум қарорида апелляция шикоятининг мазмунига қўйиладиган талабларга ҳам тўхталиб ўтилган. Хусусан, апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни ИПК 263-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши керак. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат илова қилинади. Шикоятни имзолашда факсимиледан фойдаланишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Агар шикоятни қабул қилишда судьяда шикоятни имзолаган шахсда таъсис ҳужжатларига мувофиқ уни имзолаш ҳуқуқи мавжудлиги борасида шубҳа туғилса, судья апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилади ва аризачига унинг шикоятни имзолашга ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этишни таклиф қилади. Шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далил тақдим этилмаганда, апелляция инстанцияси суди шикоятни ИПК 272-моддаси биринчи қисмига асосан кўрмасдан қолдиради.

Шунингдек, ИПК 273-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, агар апелляция шикоятида (протестида) биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар билдирилган бўлса, апелляция инстанцияси суди шикоятнинг (протестнинг) бу талабларга тааллуқли қисми бўйича иш юритишни тугатади. Пленум қарори янги талаблар деганда, биринчи инстанция судида кўриб чиқилмаган моддий-ҳуқуқий талаблар, шунингдек, биринчи инстанция судида ишни кўришда иштирок этмаган шахсга нисбатан билдирилган талаблар тушунилишини белгилаб берган.

Дарвоқе, апелляция инстанцияси суди шунга эътибор қаратиши зарурки, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари ИПК 279-моддасида белгиланган. Бунда судлар шуни инобатга олиши лозимки, биринчи инстанция суди томонидан ўз кучини йўқотган қонун ҳужжатларининг қўлланилганлиги ҳам моддий ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб баҳоланади. Бироқ, айрим қонун ҳужжатларида муносабатлар вужудга келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилиши назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолда суд томонидан ўз кучини йўқотган ёки ўзгартирилган қонун ҳужжатлари қўлланилганлиги моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаш деб ҳисобланмайди.

Хулоса қилиб айтганда, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини тўлиқ ҳажмда текшириши ва апелляция инстанцияси судининг қарорида шикоятда (протестда) баён қилинган ҳар бир важга баҳо бериши зарур. Бу қуйи судлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлишини текшириш билан бирга ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда одил судловни таъминлашга, натижада эса тадбиркорлик субъектларининг суд тизимига нисбатан ишончини қозонишда беқиёс омил ҳисобланади.

Фаррух Муродов, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Нурбек Рахимов, вилоят суди бош консультанти

СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ

2021 йил 16 сентябрдаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси қўшимча, 25-1-боб соддалаштирилган тартибда иш юритиш бўйича тўлдирилди, қонун 2021 йил 17 сентябрдан амалда.

Мазкур боб, ФПКнинг 279-1-моддадан 279-5-моддаларини ўз ичига қамраб олади.

Соддалаштирилган иш юритиш даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра, ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.

Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.

Агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида қуйидаги яъни,

1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлса;

2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;

3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса;

4) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлмаган қарши даъво берилган бўлса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради.

Ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўришга ўтиш тўғрисидаги ажримда умумий тартибга ўтиш учун асослар кўрсатилади. Ажрим чиқарилганидан кейин ишни кўриш бошидан бошланади.

Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда, барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий қоидалари бўйича кўрилиши лозим.

Ишни кўриш муддати ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.

Мазкур норма талабига кўра, истиснолар бўлмаган ҳолатда даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин. Айтиш лозимки, ушбу тартибда иш юритиш фуқаролик ишлари бўйича судлар учун янги амалиёт ҳисобланади.

Бу тартибда иш юритишда ҳамда даъво аризаси берилиб, аризага нисбатан ФПКнинг 189, 191-моддасида кўзда тутилган талаблар қўйилади.

Шунингдек, аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги суднинг ажримида иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилиши ҳамда иш кўриб чиқиладиган сана кўрсатилади, шу билан бирга ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрни ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар тақдим этиш зарурлиги кўрсатилади.

Суд ажрими билан бир вақтда жавобгарга даъво аризаси (аризанинг) ва илова ҳужжатлар кўчирма нусхалари дарҳол почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборади.

Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.

Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Даъво аризасига доир ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Жавобгар томонидан даъво аризасига доир ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан (умумий тартибда 1 ой) ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун (умумий тартибда 1 ой) ўтгач қонуний кучга киради.

Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) у судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.

Қабул қилинган ҳал қилув қарори суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ижро этилиши лозим.

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори апелляция ва кассация тартибида, шу жумладан кассация инстанцияси судида такроран, шунингдек янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Ушбу институтнинг даъво, алоҳида тартибдаги иш юритишдан фарқи суд муҳокамаси ўтказилмайди, суд буйруғидан фарқи иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилиниб, қарор низоли ишлар бўйича қабул қилинади.

Луқмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Ўткир Разиков, фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро судининг раиси        

Skip to content