М.Қўшаев муқаддам ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан, бундан ўзига ижобий хулоса чиқармасдан, яна қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида таниши вояга етмаган Ғ.Умирбаев билан билан олдиндан жиноий тил бириктириб, у билан бир гуруҳ бўлиб, 2023 йил 18 февраль куни соат 23:10.ларда Бухоро шаҳар “М.Ашрафий” кўчаси 21-уйда жойлашган компьютер ўйинлари залида фуқаро Тўхтаев Ёқубжон Акрамовичнинг ўйин ўйнаб, чалғиб қолганлигидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган жигар рангли куртканинг ички чўнтагидан, унинг ичида номига расмийлаштирилган банк пластик карталари ва 1.800.000 сўм нақд пуллари мавжуд бўлган ҳамённи яширин равишда талон торож қилиб, хавфли рецидив ўғирлик жиноятини содир қилган.
Мазкур жиноят иши 2023 йил июнь ойининг 9 куни, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчи М.Қўшаевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 /уч/ йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, судланувчи в.е. Ғ.Умирбаевга эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари билан ЖКнинг 841-моддасига 1 /бир/ йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Завқий Қурбонов,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Жўрабек Тожиев,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби оила, болалар ва ёшлар деб номланган. Конституциянинг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган. 80-моддасига асосан, вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг V бўлими оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятларига бағишланган. Мазкур бўлимда, ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари, эр-хотинлар ва собиқ эр-хотинларнинг алимент мажбуриятлари, қариндошлар ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тузиш тартиби ва алиментларни тўлаш ва ундириш тартиби билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган.
Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир. Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартдир. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади. Ота-онадан вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ундириладиган алиментнинг миқдори суд томонидан алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин. Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.
Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт. Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.
Алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин. Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ота-онасининг касаллигига ва бошқа узрли сабабларга кўра қилинадиган қўшимча харажатларда иштирок этишлари шарт. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар томонидан қўшимча харажатлар ихтиёрий равишда қопланмаса, талаб қилинаётган сумма суд тартибида ундирилиши мумкин.
Алимент ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи қонунчиликда белгиланган тартибда ижро этилади.Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддасига асосан, алиментлар ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари дарҳол ижрога қаратилади.
Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Зафар Усмонов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси
Коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлиб қолаётганлигини, унга қарши жиддий ва кескин кураш олиб бориш зарурлигини вазият тақозо этмоқда. Қайси бир соҳани олмайлик ўша соҳада ривожланиш, тараққиёт рўй бермаётган экан, унинг сабабларидан бири коррупцияга бориб тақалади. Амалда коррупция мамлакатда ислоҳотларни амалга оширилиши, ўз олдимизга қўйилган мақсадлар йўлидаги жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ҳозирги пайтда жаҳондаги деярли барча илғор давлатлар миллий даражада коррупцияга қарши кенг кўламли чораларни қўллаш билан бирга халқаро миқёсда уни олдини олишга қаратилган дастурлар амалга оширилишида фаол иштирок этиб келмоқда.
Коррупция халқнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончига путур етказади, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг вужудга келиши ва чуқурлашишига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг 03.01.2017 йилдаги ЎРҚ-419-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг 3-моддасида, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб тариф берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.12.2020 йилдаги ПФ-6127-сонли “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган.
Ушбу Фармонга асосан, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:
судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;
судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;
судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;
судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.
2021 йил 1 февралдан бошлаб суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Кенгаш ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:
илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш;
судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муносабати билан 2021 йил 1 январдан ушбу судларнинг малака ҳайъатларини шакллантирилган. Судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Кенгаш раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар бериши, судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши, суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилиши тартиба жорий қилинган.
Азиз Шарипов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш демократик ҳуқуқий давлат ва ривожланган фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги муҳим асослардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, бу борада тўпланиб қолган қатор муаммолар ўзининг мантиқий ечимини топиб бормоқда.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида аҳоли ва уларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалалари замонавий кўриниш ола бошлади. Шу билан бирга, давлат органлари ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг намунаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247 сонли Фармони имзоланди.
Фармонга асосан,
давлат органлари ва ташкилотлари:
ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради;
1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.
Таъкидлаш жоизки, сўнги пайтларда давлат харидлари масаласи кун тартибида асосий масалалардан бири бўлиб келаётган эди. Мазкур соҳадаги статистик маълумотлар Очиқ маълумотлар порталида онлайн тарзда эълон қилиб борилаётган бўлса-да, бироқ ўз ечимини топмай қолаётган масалалар талайгина эди.
Фармонга асосан, эндиликда 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:
амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);
мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлатсирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.
Шу билан бирга, Фармон билан очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Шуни назарда тутиш керакки, бу рўйхат узлуксиз янгиланиб боради. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги бу рўйхатни янада кенгайтириш бўйича доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиб боради.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ислоҳотларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, демократик ислоҳотларни яна-да чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Яшин Ниёзов
Жиноят ишлари бўйича Когон шахар судининг раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Бухоро вилоят суди