Давлат мулкини хусусийлаштиришнинг тартиби борасида
Давлат мулкини хусусийлаштириш орқали давлат ва хусусий ҳуқуқий асосларни уйғунлаштириш қонунчиликни ислоҳ қилиш жараёнлари билан бевосита боғлиқдир. Бундай шароитда давлат мулкий муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишдаги ўзгаришлар унга тегишли шартномавий, корпоратив ва бошқа тармоқлар (иқтисодий, маъмурий, процессуал ҳуқуқ) институтларини жалб қилган ҳолда, хусусий ҳуқуқ механизмлари мажмуаси таъсирининг муқаррар натижаси ҳисобланади. Тадқиқотнинг фуқаролик ҳуқуқий жиҳати умуман хусусийлаштириш тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шунингдек унга таъсир этувчи асослар ва давлат мулк ҳуқуқини ўзгартириш йўллари каби қонунчилик ҳодисаларини тушуниш заруратини туғдирди. Уларнинг моҳияти ва турларини аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли тавсиялар бериш билан уларни таҳлил қилишда комплекс ёндашувни қўллаш зарурати мавжуд.
Таъкидлаш лозимки, хусусий ҳуқуқ тадқиқ қилишнинг замонавий тенденциялари тобора кўпроқ шахсий эркинларнинг кенгайиши, жамоатчилик назорати ва жамоатчилик билан муносабатларни тартибга солишни минималлаштириш ва энг динамик айланмани (бозорни) шакиллантириш билан ажралиб туради. Шу муносабат билан ҳуқуқий либертаризм, позитивизм ва юнатуарилизмни бирлаштирган муаллифнинг ўз позиясига асосланган ҳуқуқий тушунча сифатида фуқаролик тадқиқотларида алоҳида аҳамият касб этади ва шахсий эркинлик ҳисси, жамоат ахлоқи ва жамиятдаги шахсларнинг фундаментал тенглиги ғояларини баҳолаш имкониятини беради. Шу билан бирга, тадқиқотчи томонидан мустақил равишда танланган хусусий ҳуқуқнинг моҳиятини, унинг предмети ва тадқиқот методологиясини тўғри тушунишни талаб қилади.
Ҳар қандай ҳуқуқий ҳодиса сингари хусусийлаштиришни ҳам унинг фаолияти ва ривожланишининг обеъктив қонунларидан ташқари қўллаш мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 210-моддасига биноан давлатга қарашли турар жойга хусусий мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда хусусийлаштириш натижасида вужудга келади.
Давлат уй-жой фондидаги турар жойни хусусийлаштиришни амалга оширишда фуқаро ва мулкдорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш муносабати билан вужудга келувчи низолар судга тааллуқлидир.
Хусусийлаштирилиши мумкин бўлган турар жойларга – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй-жой фонди ҳамда давлат органлари, корхоналари, муассаса ва ташкилотларининг тўлиқ хўжалик тасарруфидаги ёки оператив бошқарувидаги уй-жой фондлари киради.
Шунингдек, давлат тадбиркорлик ва рақобатни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик соҳасидаги давлат корхоналарини ва устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахсларни ташкил этишни чеклаш, хусусийлаштириш ва хусусий мулкка изчил, тизимли эътибор қаратиш орқали тадбиркорлик соҳасида давлат улушини камайтиришга, тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида маълум чеклов институтларидан кенг фойдаланиши лозим бўлади.
«Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 1-қисмига биноан хусусийлаштириш объектларига:
фуқаролар ижара шартномаси асосида фойдаланаётган кўп квартирали уйлардаги квартиралар ва бир квартирали уйлар (уйларнинг бир қисми);
қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари тугалланган, лекин одамлар кўчиб кирмаган, ҳамда бўшатилган уйларнинг квартиралари, бир квартиралик уйлар (уйларнинг бир қисми);
янги қурилган уйлардаги квартиралар киради.
«Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 3-бандига мувофиқ икки ёки ундан зиёд ижарачи яшаб турган квартиралар барча ижарачиларнинг розилиги бўлмаса, хусусийлаштирилиши мумкин эмас.
Барча ижарачиларнинг розилиги билан улар эгаллаб турган квартира хусусийлаштирилиши мумкин, бунда хусусийлаштиришнинг ҳар бир иштирокчисида (ижарачида) квартирага нисбатан умумий ҳиссали мулк ҳуқуқи вужудга келади.
«Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига биноан фуқаро ва юридик шахслар уй-жой, ёрдамчи хоналар ва ускуналардан ҳамда умумий фойдаланиш жойларидан уларнинг вазифасига мувофиқ ҳамда бошқа фуқаро ва юридик шахсларнинг уй-жойга доир, ўзга ҳуқуқ ва эркинликларига зарар етказмаган ҳолда фойдаланишлари ва уй-жойни асраш чораларини кўришлари шарт эканлигини назарда тутмоқ лозим.
Ў.С.Разиков
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди раиси
М.А.Матякубов
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди судьяси