Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш тўғрисида

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш демократик ҳуқуқий давлат ва ривожланган фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги муҳим асослардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, бу борада тўпланиб қолган қатор муаммолар ўзининг мантиқий ечимини топиб бормоқда.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида аҳоли ва уларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалалари замонавий кўриниш ола бошлади. Шу билан бирга, давлат органлари ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 Шу мақсадда мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг намунаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПФ-6247 сонли Фармони имзоланди.

Фармонга асосан,

давлат органлари ва ташкилотлари:

ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради;

1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.

Таъкидлаш жоизки, сўнги пайтларда давлат харидлари масаласи кун тартибида асосий масалалардан бири бўлиб келаётган эди. Мазкур соҳадаги статистик маълумотлар Очиқ маълумотлар порталида онлайн тарзда эълон қилиб борилаётган бўлса-да, бироқ ўз ечимини топмай қолаётган масалалар талайгина эди.

Фармонга асосан, эндиликда 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:

амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);

мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлатсирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;

ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.

Шу билан бирга, Фармон билан очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Шуни назарда тутиш керакки, бу рўйхат узлуксиз янгиланиб боради. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги бу рўйхатни янада кенгайтириш бўйича доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиб боради.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ислоҳотларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, демократик ислоҳотларни яна-да чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Яшин Ниёзов

Жиноят ишлари бўйича Когон шахар судининг раиси

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлар бўйича судья катта ёрдамчиси, жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судья ёрдамчиси, Пешку туманлараро иқтисодий судининг девонхона мудири лавозимларига олий юридик маълумотга эга шахслар ишга таклиф қилинади.

Номзодлар ишга танлов асосида қабул қилинади.

Танлов бўйича номзодни ишга қабул қилиш Бухоро вилоят судининг Кадрлар заҳирасини шакллантириш комиссияси суҳбати натижаси бўйича амалга оширилади.

Номзоднинг чет тилларини билиш қобилияти қўшимча рағбатлантирилади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Бухоро вилоят судининг bux.kadr@sud.uz электрон манзилига қуйидаги ҳужжатларни юборишлари сўралади:

– ариза;

– маълумотнома (объективка);

– паспорт нусхаси;

-диплом ва унинг иловаси нусхаси

– меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно)

  • наркология ва руҳий-асаб касалликлари рўйхатида туриш-турмаслиги ҳақида тиббий маълумотнома (давлат хизматлари агентлигидан олинади).

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар 2024 йил 10 февраль куни соат 18.00 га қадар қабул қилинади.

Манзил: Бухоро шаҳри, Ҳ.Таниш кўчаси, 13-уй.

Мурожаат учун тел: (91) 409-40-42

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ — ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ШАРТИ

Мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ҳамда фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилмоқда. Ушбу ҳаётий ҳақиқат Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 27 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида яна бир бор эътироф этилди.

Шу кунларда кўп миллатли халқимиз Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа — Мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Шу муносабат билан жойларда ўтказилаётган «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирларда бошқа соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар самаралари ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилмоқда.

Чунки бугунги кунда ҳар қандай давлатнинг халқаро майдондаги мавқеи ушбу давлатда қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги қай даражада таъминланганига қараб белгиланади. Судлар фаолияти ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга қаратилган.

Бинобарин, жамиятда қонун устуворлиги таъминланса, судлар адолатли ва холис фаолият юритса, мулк дахлсизлиги сўзсиз ҳимоя қилинса, халқнинг давлатга ишончи ортади, иқтисодиёт ривожланади ва аҳоли фаровонликка эришади.

Шу сабабли мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини халқаро мезонларга мувофиқ ривожлантиришга стратегик аҳамиятга эга вазифа сифатида қаралмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган муҳим чоралар кўрилди.

Амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, тизимдаги шиддатли янгиланишлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш имконини берди.

Судьянинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги давлат томонидан кафолатланган. Бу одил судловга эришиш – қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлари қабул қилишнинг асосий омилларидан биридир.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарали ва изчил амалга оширилишида сифатли ҳуқуқий тартибга солиш тизими, қонун ижодкорлиги жараёни муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизга мувофиқ Олий суд ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонун лойиҳасини Парламентга киритиш орқали амалга оширилади.

Судлар ўз фаолиятининг хусусиятидан келиб чиқиб, қонунчилик нормаларининг амалиётда қўлланилишини таҳлил қилади.

Қонунчиликдаги бўшлиқларни аниқлайди ва суд амалиёти асосида ҳуқуқ нормаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

2017 йилдан бугунги кунга қадар Олий суд томонидан 250 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари, шу жумладан, 150 дан ортиқ қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Олий суд томонидан ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари судьялар ва мутахассислар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинади. Заруриятга қараб хорижий экспертларнинг таклиф ва мулоҳазалари олинади.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ва ҳуқуқий экспертиза, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган қонун лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади. Парламент вакилларининг чуқур мунозара ва муҳокамаларидан ўтган қонунлар қабул қилинади.

Ушбу даврда Президентимиз илгари сурган ғоя ва ташаббусларни амалга оширишга қаратилган ҳамда суд амалиёти таҳлиллари асосида ишлаб чиқилган суд тизимига оид 60 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Бу ҳужжатлар билан «Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришилмоқда. Шу орқали халқимиз, жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, «Янги Ўзбекистонда – янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, соҳага илғор халқаро мезонларни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, жиноят қонунчилиги янада либераллаштирилди, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар рўйхати, «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳаси, ярашув институти кенгайтирилди. Шунингдек, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчилик судларга мурожаат қилишда аҳолига қулайлик яратиш, тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш нуқтаи назаридан такомиллаштирилди. Фуқаролик ва иқтисодий судларда судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация каби янги институтлар жорий қилинди.

Маъмурий одил судлов тизими шакллантирилди. Бу борада фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг роли кучайтирилиб, улар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланмоқда.

Айни пайтда Президентимизнинг 2023 йил 16 январдаги Фармони билан тасдиқланган 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ижроси алоҳида эътиборда турибди. Унда белгиланган вазифалар доирасида одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш устида изчил иш олиб борилмоқда.

Суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида процессуал кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари Парламентга киритилган. Уларда асосан қуйидаги янги тартиблар назарда тутилмоқда:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.

Президентимиз Фармонига асосан маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш мақсадида Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, суд-ҳуқуқ соҳасига оид қабул қилинаётган қонунлар одил судлов самарадорлигини ошириш, қонуний ва адолатли суд қарори қабул қилиниши орқали аҳолини судлардан рози қилиш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган. Зеро, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага фақат одил суд томонидан адолатли ечим топилиши керак.

Суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди.

Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим.

Шоҳида Бозорова, фуқаролик ишлари бўйича

Ромитан туманлараро судининг раиси

Давлат Хакимов, фуқаролик ишлари бўйича

Ромитан туманлараро судининг судьяси

2023 йил 25 август кунида Бухоро вилоят “Ёшлар иттифоқи” биносида Бухоро вилоят судлари раислари ҳамда туманлараро суди судьялари иштирокида “Жахолатга қарши маърифат” шиори остида маънавий- маърифий тарғибот тадбири бўлиб ўтди

2023 йил 25 август кунида Бухоро вилоят “Ёшлар иттифоқи” биносида “Жахолатга қарши маърифат” шиори остида маънавий маърифий тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Бухоро вилоят ҳамда Маъмурий суди раислари, ўринбосарлар ҳамда жиноят ишлари бўйича барча туманлараро судлари раислари ҳамда судьялари иштирок этишди.
Ушбу тарғибот тадбирида Дин ишлари бўйича қўмитаси, Халқаро ислом академияси, Мусулмонлар идораси ва бошқа бир қанча масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гурух аъзолари томонидан маърузалар қилинди.
Маърузада ҳар бир инсон қалбида ўз юртига садоқат билан хизмат қилиш, фидоий бўлиш туйғуси, ватанпарварликнинг олий белгиси ҳисобланади. Зеро, инсон учун энг азиз ва муқаддас бўлган ватанни ҳимоя қилиш, уни севиш ва эъзозлаш ҳар бир инсондан буюк маънавий жасоратни талаб этилиш таъкидлаб ўтилди.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунни қўллашдаги муаммолар ва ягона суд амалиётини шакллантириш

Бухоро вилоят судида 2023 йил 24 июль куни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июлдаги ПФ-109-сон Фармони мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда судлар томонидан банкротлик низоларини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Бухоро вилояти иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси С.Абдурасулов, Бухоро вилоят иқтисодий судларнинг судьялари, шунингдек, Давлат активларини бошқариш бошқармаси вакили Н.Тўраев ҳамда суд бошқарувчилари, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси  ходимлари М.Расулов ва С.Мусоевлар иштирок этди.

Семинарда суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда суд бошқарувчилари томонидан  йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатлари, банкротлик ишларини юритишдаги хатоликларга оид муҳим масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Семинарда судларда кўриб чиқилаётган банкротлик ишларига доир айрим масалалар юзасидан ягона ёндашувни шакллантириш зарурати юзага келганлиги таъкидланди.

Савол-жавобларга бой бўлган семинарда амалиётда юзага келаётган муаммолар мазкур тоифадаги ишларни кўришда суд бошқарувчилари ва судлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, ишларни кўришдаги сан-соларликни олди олиш ва судларда кўриб чиқилаётган банкротлик низоларига доир айрим масалалар юзасидан ягона ёндашувни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Юридик хизмат сохасида электрон дастурнинг афзалликлари

Мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида Адлия вазирлиги тизимида юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Бу борада, юридик хизмат кўрсатиладиган давлат идораларининг марказларга юбориладиган ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказувчи “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизими яратилди, иш юритуви тўлиқ рақамлаштирилиб, қоғозбозликка барҳам берилди.
207 та туман ва шаҳарлардаги 2 мингдан ортиқ давлат органларида ҳуқуқни бир хил қўллаш амалиёти шаклланди ҳамда аҳолига ва бевосита ижрочиларга қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етказиш ва тушунтиришнинг янги бўғини яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги ПФ-258-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги ПҚ-5168-сонли ҳамда ПҚ-173-сонли қарорларига ўзгартиришлар киритилиб Ёшлар ишлари агентлиги бўлимлари ҳам юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар рўйхатидан жой олди.
Вилоят адлия бошқармаси ва “Униcон-софт” МЧЖ Бухоро филиали ходимлари билан ҳамкорлик вилоятдаги Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизимига уланиб, уларга юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан хизмат кўрсатиш, яъни Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларининг буйруқ, шартнома ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларига тизим орқали хулосалар бериш амалиёти жорий қилинди.
Адлия бошқармаси ва Бухоро вилоят суди томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган туман (шаҳар)лардаги давлат ташкилотларининг 2022 йил 9 ойи давомидаги марказлар хулосаси асосида чиқарилган буйруқ ва шартномаларининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан ҳақиқий эмас деб топилганлиги ҳамда бекор қилинганлиги таҳлил қилинганда ушбу судлар томонидан давлат ташкилотларининг 2022 йил 9 ойи давомидаги марказлар хулосаси асосида чиқарилган буйруқ ва шартномаларининг ҳақиқий эмас деб топилмаганлиги ҳамда бекор қилинмаганлиги аниқланди.
Бундан кўринадики, марказлар томонидан хизмат кўрсатиладиган давлат туман (шаҳар) ташкилотларининг бошқа шаҳслар билан бўладиган суд тартибидаги низоларининг олди олинмоқда.
Мазкур тартибнинг йўлга қўйилиши муносабати билан келгусида Ёшлар ишлари агентлигининг жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги судгача ёки суд тартибидаги низоли муносабатларини олдини олиб, ушбу ташкилотларга марказлар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.

Лукмон Кадиров,
Бухоро вилоят суди раиси

Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят суди бош консультанти

Одам савдоси жинояти ва мазкур тоифадаги жиноятлар учун тайинланадиган жазо турлари

Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси “Одам савдоси” деб номланиб, мазкур моддада ушбу тоифадаги жиноятнинг содир этиш  усули, турлари ва бу жиноятлар учун тайинланадиган жазолар қайд этилган. Одам савдоси бу- одамни олиш-сотиш, ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланади.Мазкур ҳаракатларнинг содир этилиши жиноий оқибат юз берган-бермаганидан қатъий назар жиноят тугалланган деб топилади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланган қилмишларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик юзага келади.

Одам савдоси жинояти миллат, давлат ва чегара танламайди. Ушбу жиноят бир давлатнинг ҳудудида бошланиб, унинг оқибатлари бошқа давлатларнинг ҳудудида юз бериши мумкин.

Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва ҳ.к.лар сифатидаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосида одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.

Шахс одамни унинг эвазига ҳақ олинганидан сўнг топшириш шарти билан сотишга ваъда бериб, бироқ азалдан унинг қасди моддий қимматликларни эгаллашга қаратилган ва унда битим шартларини бажариш нияти бўлмаган ҳолларда унинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этади, олувчининг ҳаракатлари эса сотиб олиш тариқасидаги одам савдосига суиқасд сифатида баҳоланади.

Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилади.

Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади.

Фоҳишабозликдан фойдаланиш деганда, одамдан унинг ҳақ эвазига номуайян доирадаги жинсий шериклар билан шаҳвоний муносабатларга киришишидан муттасил фойдаланиш тушунилади. Бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатация деганда, одамнинг ундан порнографик тасвирлар тайёрлаш, бузуқ ҳаракатлар содир этиш ва ҳ.к. мақсадларда фойдаланиш учун берилиши тушунилади.

Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.

Қуллик – ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини англатади.

Эрксизлик ҳолати – шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатади.

Ёллаш деганда эксплуатация қилиш мақсадида одамни бирор бир фаолият билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган фаолият (эксплуатация объектини қидириш, тўплаш, у билан музокара юритиш ва ҳ.к) тушунилади;

ташиш – шахсни олиш-сотиш битими тузиладиган (ижро этиладиган), бошқа шахсга топшириладиган жойга ёки ундан эксплуатация мақсадида фойдаланиладиган жойга етказиб бериш (транспортда ташиш)ни англатади. Бунда етказиб бериладиган шахс одам савдосини амалга ошириш учун мўлжалланганлиги ташувчига олдиндан маълум бўлиши лозим.

Лукмон Кадиров,

Бухоро вилоят судининг раиси

Зариф Шеров ва Шухрат Тўхтаев,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари

Ўсимлик дунёсини нобуд қилманг!

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканликлари белгилаб қўйилган.
Очилов Қобил қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, 2023 йил
4 февраль куни соат тахминан 13:00.ларда Бухоро шаҳар “Р.Ҳамроев” МФЙ, “Алпомиш” кўчаси ҳудудидаги Бухоро шаҳар ҳокимининг 10.12.2020 йилдаги 1237-сонли қарори билан “Bukhara Golden House” МЧЖга турар жой биноси қуриш учун ажратилган ер участкасида мавжуд бўлган Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 19 февраль кунидаги 93-сонли қарори билан қимматбаҳо дарахтлар тоифасига киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 30 декабрь кунидаги ПФ-46-сонли Фармонига асосан муддатсиз даврга мораторий жорий этилган 3 туп шум тол дарахтини ҳеч қандай ҳужжатларсиз, “Вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси”га мурожаат қилмасдан, унинг рухсатини олмасдан, ўзбошимчалик билан, Фармон бандларини қўпол равишда бузган ҳолда, яшаш уйига ўтин сифатида фойдаланиш мақсадида, қонунга хилоф равишда кесиб, ўсимликлар дунёсига 183.000.000 сўмлик жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган.
Мазкур жиноят иши 2023 йил 19 май кунида жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилиб, гарчи судланувчи қилмишига пушаймонлик билдирган ва у 60 ёшдан ошган бўлсада, судланувчи О.Қобиловга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, ўсимлик дунёсига етказилган 183.000.000 сўм зарар давлат фойдасига ундириш белгиланди.

Жўрабек Тожиев,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси

Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Ўз яшаш жойини фохишахонага айлантирган шахсга нисбатан суд ҳукум ўқиди

Судланувчи Р.М.Ҳ ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида, 2023 йил 11 февраль куни соат 20:10 ларда ўзига тегишли бўлган Бухоро шаҳар “Кўкалдош” МФЙ, “М.Улуғбек” кўчаси 6-уйда фуқаро У.О ва Д.А қизининг жинсий алоқа қилиши учун хона ажратиб, шарт-шароит яратиб бериб, бунинг эвазига О.Удан 100.000 сўм миқдоридаги пулларни олиб, ғаразли ва бошқа паст ниятларда фоҳишахона ташкил қилган.

Шу куни соат 20:30 ларда, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ТҚХ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида М.Раҳматова  ушланиб, ундан жами 100.000 сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Суд мажлисида судланувчи Р.М.Ҳ айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўз кўрсатувида, даслабки суриштирувда берган кўрсатувларини тасдиқлашини, 2023 йил 11 февраль куни соат тахминан 20:10 ларда ўз уйида, яъни Бухоро шаҳар “Кўкалдош” МФЙ, “М.Улуғбек” кўчаси 6-уйда уй-юмушлари билан шуғулланиб турган вақтида, унга у кейинчалик исмини билган О.У қўнғироқ қилиб, қизи борлигини, қизи билан бирга жинсий алоқа қилишлари учун уйидан жой ажратиб беришини сўраганлигини, шунда у О.Уга 100.000 сўм эвазига қизи билан бирга жийсий алоқа қилиши учун ўзиниг яшаш уйидан жой ажратиб беришини айтганлигини, бироздан сўнг О.Усмонов у кейинчалик исмини билган А.Дилиева билан бирга унинг яшаш уйига келганлигини, шунда О.Усмонов унга олдиндан  келишилган 100.000 сўмни берганлигини, у О.Усмоновдан пулни олиб, ётоқхонага кириб жинсий алоқа қилиши мункинлигини айтганлигини, шунда О.Усмонов билан А.Дилиева жинсий алоқа қилиш учун ётоқхонага кириб кетганликларини, бироздан сўнг унинг яшаш уйига ИИБ ходимлари холислар иштирокида кириб келганликларини, ИИБ ходими ундан уйда ким борлиги тўғрисида сўраганида, у ИИБ ходимига уйида бир қиз ва йигит борлигини айтганлигини, шу вақтда О.Усмонов ва А.Дилиева ётоқхонадан чиққанлигини, сўнг у ИИБ ходимларига бўлиб ўтган ҳолатни, яъни О.Усмонов ва А.Дилиеванинг жинсий алоқа қилишлари учун яшаш уйидан жой ажратиб берганлигини айтиб берганлигини, сўнг О.Усмоновдан олган 100.000 сўм пулни ИИБ ходимларга ихтиёрий равишда тақдим қилганлигини, ИИБ ходимлари 100.000 сўм пулни холислар иштирокида, баённома тузган ҳолда ундан олиб қўйиб, оқ конвертга солганликларини, бундан олдин ҳеч кимга жинсий алоқа қилиши учун жой ажратмаганлигини, О.Усмонов унга танишининг номидан қўнғироқ қилганлиги сабабли, О.Усмоновга ишониб, жинсий алоқа қилиши учун жой ажратиб берганлигини, Бухоро шаҳар  “М.Улуғбек” кўчасидаги 6-уй унга тегишли эканлигини, унинг ушбу қилмишидан оила аъзоларининг хабари йўқлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, нафақада эканлигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.

Суд судлавувчига нисбатан қилган жиноят ишидан чин дилдан пушаймонлигини инобатга олган ва оилавий шароитидан келиб чиқиб қилган жиноят ишига мос равишда жазо тайинлади.

Лукмон Кадиров,

Бухоро вилоят суди раиси

Малик Бобоев,

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси

Алимент ундирилиши ҳақидаги низоларнинг судларда кўрилиши ва ушбу низоларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида

Ота-оналарнинг вояга етмаган ўз болаларига. Яъни 18 ёшга тўлмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти болалар тўғрисида ғамхўрлик қилиш шаклларидан бири бўлиб, бу ота-онанинг конституциявий мажбуриятлари даражасига кўтарилган (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддаси).
Ота-онанинг фақат вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти биринчи навбатда, ота-онанинг ўз болаларини моддий жиҳатдан таъминлаш мажбуриятини англатади. Бу мажбурият болани зарур озиқ-овқат махсулотлари, кийим-кечак, бўш вақтларда ва дам олиш пайтларида болани унинг учун зарар бўлган ашёлар билан таъминлашда ўз ифодасини топади.
Оила кодексида вояга етмаган болаларга таъминот беришнинг тартиби ва шакли ота-оналар томонидан мустақил равишда белгиланиши назарда тутилган. Чунончи, ота-она фақат бир кишининг иш ҳақини вояга етмаган боланинг (болаларнинг) таъминотига сарфлаш тўғрисида ўзаро никоҳ шартномасида келишиб олишлари мумкин-ота-она бола эҳтиёжи учун ажратиладиган маблағ миқдорини, шунингдек, бу маблағ қай тарзда берилишини, яъни заруратга қараб ёки бошқа шартлар асосида бериб турилишини ҳам мустақил равишда белгилайди.
Башарти, ота-она улардан бири вояга етмаган болаларнинг таъминотига доир мажбуриятни бажармаса, зарур маблағни суд тартибида ундириб олишга йўл қўйилади.
Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.
Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.
Алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга мувофиқ алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс ушбу келишувда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлайди.
Алимент олувчи алимент ўз вақтида тўланмаганлигида айбдор алимент тўлаши шарт бўлган шахсдан алимент тўлаш мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлик оқибатида етказилган барча зарарларнинг неустойка билан қопланмаган қисмини ундиришга ҳам ҳақлидир.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувга ёки ижро варақасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақидан ва (ёки) бошқа даромадидан ҳар ойда алимент ушлаб қолиб, алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, 3 кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга алимент тўлаши ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобидан унга ўтказиши шарт.
Алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ундирилади.
Иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблағидан, тижорат ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга шартнома асосида ўтказилган пул маблағидан ундирилади, мулк ҳуқуқининг ўтишига олиб келувчи шартномалар бундан мустасно. Бу маблағ етарли бўлмаганда ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси асосида ўтган даврдаги алимент қарзи ижро варақаси ёки алимент тўлаш тўғрисидаги келишув алимент ундириш учун тақдим қилингунга қадар ўтган уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун ундирилади.
Агар алимент алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан ундирилмаган бўлса, алиментлар уч йиллик муддатдан қатъи назар, ўтган барча вақт учун ундирилади.
Алиент қарзининг миқдорини белгилаш
Алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган алимент миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилади.
Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади. Агар қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган тараф судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни инобатга олиб, қарзнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин.
Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтиришга тарафларнинг ўзаро розилиги бўлгандагина йўл қўйилади, вояга етмаган болаларга алимент тўланадиган ҳоллар бундан мустасно.
Агар суд алимент тўлаши шарт бўлган шахс касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра алимент тўламаганлигини аниқласа ҳамда унинг моддий ва оилавий аҳволи йиғилган алимент қарзни тўлашга имкон бермайди деб топса, алимент тўловчининг даъвосига биноан уни алимент қарзларини тўлашдан тўла ёки қисман озод этишга ҳақлидир.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.
Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадга нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса, олдиндан тўланган алиментлар учун кейинги даврларда алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади кўпайиши натижасида вужудга келадиган қўшимча алимент тўловларини тўлашдан озод қилмайди.
Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади.
Алимент миқдори суд тартибида белгиланганидан кейин тарафлардан бирининг моддий ёки оилавий аҳволи ўзгарса, суд улардан ҳар бирининг талабига кўра алиментнинг белгиланган миқдорини ўзгартиришга ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахсни алимент тўлашдан озод қилишга ҳақли.
Алимент миқдорини ўзгартиришда ёки уни тўлашдан озод қилишда суд тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини ҳисобга олишга ҳақли.
Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди.
Ижро ҳужжатларининг алиментлар ундириш ҳақидаги талаблари дарҳол ижро этилади.
Ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатнинг ўтганлиги мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш учун асос бўлади.
Башарти, ота-онанинг ҳар иккиси ўзининг вояга етмаган боласига таъминотни ихтиёрий равишда бермаётган бўлса, васийлик ва ҳомийлик идоралари ота-онанинг ҳар иккисига нисбатан даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни жоиз деб биламанки, давлатимизда кенг кўламли ислоҳотлар давом этаётган бир пайтда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири баркамол ва соғлом авлодни тарбиялаш ва таълим бериш экан бунда, ҳар бир ота-она ўз фарзанди олдидаги бурчини лозим даражада бажариши мақсадга мувофиқ. Зеро, бу борада ота-онанинг масъулиятини ошириш давр талаби бўлиб қолаверади. Халқимиз, бола тарбиясини доим муқаддас деб билади.

Нодирбек Файзиев,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Икромжон Тошов,
Бухоро вилоят суди судьяси

Skip to content