Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқининг конституциявий асосларини кенгайтирилиши

Конституциянинг янги таҳририда бош масала саналган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгайтириш, мавжудларини мазмунан бойитиш, ҳуқуқ ва эркинликларнинг конституциявий кафолатлари, давлат масъулиятининг кучайтирилганлиги фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи мисолида кўрсатилган.

Конституцияни янгилаш ва янги таҳрирда қабул қилишнинг бош мақсади унда инсон ҳуқуқларини кўпайтириш, янги ҳуқуқларни мустаҳкамлаш, мавжуд ҳуқуқларни мазмунан бойитиш, инсон ҳуқуқлари кафолатларини ва бу борада давлатнинг масъулиятини кучайтириш эди. Аввалги Конституциянинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” бўлимида 35 та модда бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Конституциянинг шу бўлими 46 та моддадан иборат бўлди. Шунингдек, моддалардаги нормалар миқдори ҳам бир неча марта кўпайтирилди.

Янги Конституциянинг 20-моддаси учинчи қисмидаги “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди – деган қоида, тўртинчи банддаги “Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак”, шу модданинг охирги бандидаги “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” – деган нормалар мутлақо янги конституциявий норма бўлиб, биринчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита ҳеч қандай қўшимча кўрсатмасиз амал қилишини, иккинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар, давлат органлари ва ўзини – ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахсларнинг фаолияти мазмун-моҳиятини белгилайди. Бу – улар учун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари устувор масала эканлиги ва уларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликларига муносабатига қараб баҳо берилади, дегани.

Давлат органлари ва инсонлар муносабатида инсон манфаати устуворлиги белгиланган.

Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли кўплаб моддаларида шу ҳуқуқни таъминлаш, рағбатлантириш, шароит яратиш масъулияти тўғридан – тўғри кўрсатиб қўйилган. Бу давлатнинг инсон олдида масъулияти кучли белгиланганлигини кўрсатади. Булар Конституциянинг 54-моддасида мустаҳкамланган “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир” деган тамойилдан келиб чиқади.

Бевосита инсоннинг мурожаат қилиш ҳуқуқи янги таҳрирдаги Конституцияда ҳал қилинганлиги ҳақида тўхталадиган бўлсак, учта нарсага эътибор қаратиш зарур. Биринчидан, бундай ҳуқуқларнинг кенгайганлиги, иккинчидан кафолатларнинг кучайтирилганлиги, учинчидан мурожаат қилинувчи органлар сони кўпайганлиги.

Конституциянинг 55-моддасида шундай бир янги норма белгиландики, унга асосан “Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли”. Бу фақат ҳуқуқ эмас, ҳар қандай ҳуқуқ ва эркинликнинг кучли кафолатидир. Бу билан Ўзбекистон фуқароларнинг ҳуқуқлари нафақат миллий институтлар орқали ҳимоя қилиниши белгиланган. Бу тартибнинг ўрнатилиши давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларнинг масъулиятини кучайтиради, давлатимизнинг инсон ҳуқуқларига қандай муносабатда эканлигига тўғри баҳо бериш имкониятини вужудга келтиради. Бунда халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш учун асосий шарт – фуқаро давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлган бўлиши ва бу ҳақда тегишли ҳужжатлари бўлиши керак..

Шу модданинг охирги қисмида белгиланган “Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги” борасидаги меъёр ҳам давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай мурожаатга жиддий ёндашувини келтириб чиқаради.

Конституциянинг 98-моддасида, Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган
фуқаролари қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли эканлиги белгиланди. Бу фуқароларга катта ишонч ва имкониятдир. Аввал фуқаролар тайёрлаб эълон қилинган қонунларга ўзларининг эътирози, таклифларини бериш орқали мурожаат ҳуқуқини амалга оширса, энди ўзлари бу масалада ташаббусга эга бўлмоқда. Мурожаат қилиш ҳуқуқи эса кенгаймоқда. Албатта бу ҳуқуқдан фойдаланиш учун фуқароларнинг онги, билими юқори даражада бўлиши керак. Бу ҳуқуқдан айрим гуруҳлар маълум бир соҳаларни ривожлантиришда фойдаланиши мумкин. Масалан, тадбиркорлар, тиббиёт ходимлари ўз муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилиши мумкин.

Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига алоҳида эътибор берилиб, мавқеи анча кўтарилди. Конституциянинг 21-боби “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деб номланди. Бу фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ҳокимиятидан ҳоли, мустақиллигини конституция асосда белгиланишидир. Уларнинг фаолиятига тааллуқли 127-модданинг нормалари аввалги Конституция нормаларидан икки марта кўпайтирилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аввали Конституцияда иккита моддада тилга олинган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда бир неча моддаларда қайд қилинди.

Энг муҳими, Конституциянинг 40-моддасида фуқаролар мурожаат билан чиқадиган органлар қаторига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам қўшилди. Улар давлат органлари билан бирга мурожаатларни кўриб ҳал қилувчи орган сифатида эътироф этилди.

Бу жуда тўғри бўлди. Чунки асосий муаммолар маҳалларда бўлиб, у ердаги орган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир. Конституциянинг 69-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқаролик жамияти институтлари тизимига киритилди, бу уларнинг мақомини юқорилаганлигини кўрсатади.

Янги Конституцияда инсон ҳуқуқлари кенгайди. Янги моддалар ва нормалар белгиланди, мурожаат қилиш ҳуқуқининг кафолатлари кучайди. Мурожаат қилинувчи органлар сони кўпайтирилди. Халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқи ўрнатилди. Давлатни ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашдаги масъулияти кучайди.   

Миразиз Раджабов,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Когон туманлараро суди раиси

Улуғбек Қаландаров,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Когон туманлараро суди судьяси

Судларда фарзандликка олишга ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари.

Жамиятнинг равнақ топишида оиланинг ўрни беқиёс бўлиб, оила- жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Соғлом боланинг туғилиши эса оила мустаҳкамлиги ва бардавом бўлиши, эр-хотининг бахтиёр яшашларининг муҳим гарови ҳисобланади. Фарзанд- бу ота-она қувончи, бахти ва ҳаёт давомчиси. Фарзанд нафақат оила учун, балки оила ва жамият ҳамда мамлакат учун учун ҳам азиздир.

Бироқ, турли сабабларга кўра айрим оилаларда фарзанд дунёга келмайди. Баъзи ота-оналар эса ўз жигарбандларини тарбиялашдан воз кечиб кетади.

Оила инстутини мустаҳкамлаш, оилалар барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳам фарзандликка олиш инстути Оила кодексида алоҳида боб сифатида кўрсатилиб, фарзандликка олувчи шахслар, фарзандликка олиш тартиби, шартлари, ҳуқуқий оқибатлари, бекор қилиш асослари ва тартиби кўрсатиб ўтилган.

Аслида фарзандликка олишнинг ҳуқуқий асосларининг вужудга келиши бошқа давлатларда бир неча асрларга бориб тақалади. Мисол учун АҚШда фарзандликка олиш ҳақидаги дастлабки қонунлардан бири Массачусетс штати томонидан 1851 йилда қабул қилинган “Фарзандликка олишнинг асослари тўғрисидаги” қонун ҳисобланади.

Мамлакатимизда эса бу ҳақидаги дастлабки нормалар Биринчи Бош қомусимизнинг 65-моддасида келтирилган бўлиб, унга кўра оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланган.

Фарзандликка олиш ишлари фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўрилиб, фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади.

Фарзандликка олиш вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан йўл қўйилади.

Фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар, фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида кўриб чиқилади.

Ушбу тоифадаги ишларнинг судларда кўриб чиқилишининг ўзига хос томонлари шундан иборатки, фарзандликка олиш сир сақланиши мақсадида ишлар ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд мажлиси жараёнида ишда иштирок этувчи шахслар фарзандликка олиш билан боғлиқ маълумотларни сир сақлашлари зарурлиги, ушбу сирни ошкор қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси                          125-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилади.

Жиноят кодекси 125-моддасига кўра, фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонунга кўра, вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин.

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;

асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;

фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар;

қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар вояга етмаган болаларни фарзандликка ололмайдилар.

Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳолларига ушбу чеклов истосно қилинган.

Яна бир муҳим жиҳат, Оила кодекси 155-моддасига кўра ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб этилади. Корея Республикаси қонунчилигига кўра фарзандликка олиш учун 6 ёшдан ошган болаларнинг розилиги талаб қилинса, Италияда мазкур ёш 14 ёш қилиб белгиланган.

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаётган болани Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олиш мазкур бола доимий яшаётган давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фарзандликка олинаётган бола етим ва фарзандликка олувчиларнинг яқин қариндоши бўлган ёки ўз ватанида турли сабабларга кўра фарзандликка олиниши мумкин бўлмаган ҳолларда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшаб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳақидаги аризалари фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги вилоят суди томонидан кўриб чиқилади.

Ниятимиз, барча оилаларда чақалоқ йиғиси эшитилиб, мазкур турдаги ишлар судларда камайиб, ҳар бир бола ота-онаси бағрида камол топади.

Миразиз Раджабов,

Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди раиси

Улуғбек Қаландаров,

Фуқаролик ишлари бўйича

Когон туманлараро суди судьяси                             

Уй-жой низолари ёхуд уйга киритиш ва фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақида

Мен Ж.Х. билан 2007 йилда турмуш қурганман, 2010 йилда янги уй сотиб олиб, шу уйга кўчиб ўтганмиз, ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабабли ҳозирда алоҳида яшаб келаяпмиз, эндиликда уч нафар фарзандим билан ота уйимга ҳам сиғмай қолдим. Уга қайтиб борсам турмуш ўртоғим уйга киришимга қаршилик қилиб келаяпти. Менинг ушбу ҳолатда уйга кириб, ундан фойдаланиш ҳуқуқим мавжудми?

Сўнгги вақтларда ўзаро келишмовчилик сабабли никоҳдан ажрашаётган тарафларнинг навбатдаги низолари уй-жой низоларидан иборат бўлиб қолмоқда. Айниқса, ота-онасининг уйига аразлаб кетиб қолган ёш келинчаклар ҳам, “чиққан қиз чиғириқдан нари”-дегандек, қайтиб келсалар сиғмай қолишлари табиий ҳолга айланиб улгурди. Бу ҳолатда бегуноҳ фарзандларнинг икки ўртада сарсон-саргардон бўлишлари, уйсиз-жойсиз, ота ёки она меҳрисиз қолишлари ҳақида гапириш эса энг ачинарлисидир.

Шуни айтиш керакки, миллий қонунчилигимизда юқордаги каби ҳолатларнитартибга солишга қаратилган бир қанча нормалар мавжуд.  

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 32-моддасига асосан, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Оила қонунчилигига асосан, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Бунда эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади. Умумий мулкка нисбатан эса эр ва хотин тенг ҳуқуқларда эгалик қилишади, фойдаланишади ва уни тасарруф этишади.

Шунингдек, амалдаги “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг
19-моддасига кўра, ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъи назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.

Фуқаролик қонунчилиги эса, ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг ёки васийликда бўлган фуқароларнинг қонуний вакиллари — ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари яшайдиган жой вояга етмаганлар ёки васийликда бўлган фуқароларнинг яшаш жойи ҳисобланишини мустаҳкамлайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг инсон қадри учун эканлиги, қонунларимиз бевосита инсон манфаатларига хизмат қилиши шунингдек, ушбу қонун нормаларини судлар томонидан адолатлилик тамойилларидан келиб чиқиб қўлланилиши халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини миллий қонунчилигимиздаги ифодаси десак муболаға бўлмайди. 

Илхом Джураев,

Фуқаролик ишлари бўйича

Қоракўл туманлараро суди раиси

Азиз Сафаров,

Фуқаролик ишлари бўйича

Қоракўл туманлараро суди судьяси

Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида

Ҳар қандай соҳада ортиқча тартиб, бюрократия ва тўсиқларнинг мавжудлиги ёки амалда бўлиши пировардида ўша соҳа ривожига салбий таъсир этмай қолмайди.

Шу маънода, тадбиркорлик соҳаси ҳам ўзига чекланган тарзда ва фақатгина қонунга мувофиқ аралашувни қабул қилади. У ортиқча тартиб-таомиллар билан келиша олмайди.

Чунки, тадбиркорлик давлатнинг чекланган тарзда аралашуви ва бу фаолиятнинг эркинлик ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланган ҳамда қонунларда соҳага оид ортиқча чекловлар, тартиб-таомиллар бўлмаган бир ҳуқуқий майдондагина юқори суратларда ривожланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 24-моддасига кўра, фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир. Фуқароларнинг юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятига нисбатан, агар қонунчиликдан ёки ҳуқуқий муносабат моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, ушбу Кодекснинг қоидалари қўлланилади.

Шу кодексининг 41-моддасига кўра, юридик шахс ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган фаолияти мақсадларига мувофиқ фуқаролик ҳуқуқ лаёқатига эга бўлади. Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати
у тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади ва уни тугатиш якунланган пайтдан эътиборан тугатилади. Кодекснинг 44-моддасига мувофиқ, юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

Демак, республикамизда давлатнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тўлов қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари каби тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишдан тортиб унинг фаолиятида юзага келадиган тартиб-таомилларни белгиловчи, шунингдек, тадбиркорлик субъектини тугатиш жараёнларида вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солинади.

Агар, соҳада илғор халқаро тажрибага эътибор қаратсак, ушбу соҳа фаолиятини тартибга солувчи катта юкка эга бўлган қонунчилик баъзасини учратмайсиз. Аксинча, соҳани тартибга солиш эмас, соҳа фаолиятига кўпроқ ҳуқуқ бериш- “қонун ҳужжатлари қанча кам бўлса, ҳуқуқ шунча кўп бўлади” деган ибора амалиётга татбиқ этилган.

Яъни, тадбиркорлик ва хусусий мулк соҳасида анча мунча тараққий этган давлатларда “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги каби қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари кам учрайди.

Аксарият тадбиркорлик ва иқтисодиёти юксак тараққий этган давлатларда давлат ва тадбиркорлик субъектларини боғлаб турувчи асосий восита бу солиқ тўловигина бўлиб ҳисобланади. Бу каби давлатларда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига у ёки бу
тарзда аралашувга олиб келадиган ҳуқуқий базадан воз кечиш, бу борадаги ҳуқуқий макон ва шарт-шароитнинг негизини “тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг эркинлиги – давлат иқтисодий юксалишининг асоси”, -деган тамойил ташкил этади.

Мавжуд миллий қонунчилигимизнинг баъзасида ҳам тадбиркорлик фаолияти субъектлари эркинлиги, улар ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлиги, улар фаолиятига давлат ва давлат органлари ортиқча аралашувининг кафолатларини таъминлаш мустаҳкамлаб қўйилган.

Бироқ, шу билан бирга белгиланган айрим меъёрлар давлатнинг тадбиркорлик фаолиятида чекланган тарзда иштироки тамойилига тўла мос келмайди.

Тадбиркорлик фаолиятининг тамойилларига мувофиқ бўлмаган ҳолатлар эса, тадбиркорликнинг ривожига албатта тўсиқ бўлади, бу фаолиятнинг оқсашига ёки соҳанинг депсиниб бир ўқ атрофида айланиб қолишига замин яратиб қўйиши мумкин.

Шу асосда давлат қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар доирасидагина тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиш, соҳани ортиқча тартибга солишга, ортиқча тартибот белгилашга қаратилган норма ижодкорлигига қарши муросасиз муносабатда бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, давлат тадбиркорлик ва рақобатни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик соҳасидаги давлат корхоналарини ва устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахсларни ташкил этишни чеклаш, хусусийлаштириш ва хусусий мулкка изчил, тизимли эътибор қаратиш орқали тадбиркорлик соҳасида давлат улушини камайтиришга, тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида маълум чеклов институтларидан кенг фойдаланиши лозим бўлади.

Ана шундай мақсадда, тадбиркорлик фаолиятининг муҳим тамойили бўлган давлатнинг тадбиркорлик фаолиятида чекланган тарзда иштироки тамойилининг қонунларда ва амалиётда тўла акс этиши учун бу соҳада амалдаги қонун ҳужжатлари меъёрлари ҳамда ташаббус қилинаётган норма ижодкорлиги жараёнида юқорида қайд этилган тамойил эътибордан четда қолмаслиги, амалиётда эса, ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўлловчи субъектлар оғишмай мазкур тамойилнинг концептуал асосларига риоя этишлари талаб этилади.

Зафар Усмонов,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Ғиждувон туманлараро суди раиси

Азиз Шарипов,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари одил судловга эширишнинг муҳим шарти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 16 январдаги ПФ–11-сон Фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2023–2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.

Стратегия доирасида қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:

«Инсон қадри учун» ғояси асосида адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш;

фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш;

судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;

судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш;

суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;

судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.

Қуйидаги тартибларни жорий этиш режалаштирилмоқда:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апеллация ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апеллация ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.

Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланади, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилади.

Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди:

судга ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;

суд ишларига аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

одил судловга аралашганликка оид ҳар бир жиноят бўйича жамоатчиликни мажбурий хабардор қилиш;

судьяга нисбатан тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;

процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш бўйича мурожаатларни адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.

Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси шакллантирилди ва унга қуйидагилар киради:

Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;

ҳудудий прокуратураларнинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;

туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.

Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Фармон билан ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида
2023 йил 1-сентабргача «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизими синов тарзида ишга туширилади ҳамда 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этилади.

Фармонга кўра, қуйидагилар жорий этилади:

айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриш ваколати маъмурий органларга ўтказилади;

айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади.

Айрим йўналишларда прокурор назорати қисқартирилади, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликлари мақбуллаштирилади ҳамда унинг ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сони кўпайтирилади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари суд биноларида ўтиради.

Баходир Эргашев,

Бухоро вилоят суди судьяси

Фарида Рахмонова,

Бухоро вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Сервитут-бошқа шахсларнинг мулкидан чекланган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқи

Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади.

Сервитут белгиланган участканинг эгаси, агар қонунда бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир.

Кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса — бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир.

Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас
мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.

Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг
ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф
этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.

Участка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилган ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган шахснинг манфаатлари ва талаби бўйича ҳам ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган шартларда ва тартибда сервитут белгиланиши мумкин.

Ундирув гаровга қўйилган ер участкасига қаратилган тақдирда гаровга қўювчи ер участкаси унинг бино ёки иншоотдан ўз ўрнида фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини сақлаб қолади. Участканинг бу қисмидан фойдаланиш шартлари гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан келишуви асосида, низо чиққан тақдирда эса — суд томонидан белгиланади.

Агар ер участкасининг тегишли қисмидан фойдаланиш шартлари уни сотиш шартномаси билан белгиланган бўлмаса, сотувчи ер участкасининг кўчмас мулк жойлашган ва бу кўчмас мулкдан кўзланган мақсадларда фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан чекланган ҳолда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини сақлаб қолади.

Шохида Бозорова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси

Убайдулло Аллаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

Реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклашнинг ўзига хос жиҳатлари

Кейинги йилларда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилиши ортиб бораётганлигини кўрсатиб туриб. Лекин, реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш амалиётида суриштирув ва тергов идоралари билан бир қаторда суд амалиётида ҳам ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслиги айрим ҳолларда фуқароларимизнинг норозилигига, уларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларининг бирмунча сусайишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда фуқароларимизнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини, аниқса реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган амалиёт бундай ҳуқуқларни ҳар доим ҳам тўла-тўкис таъминланмоқда, дея олмаймиз. Бу борадаги амалиётда ёндошувларнинг ҳар хиллиги кишини ажаблантиради.

Реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг
304-310-моддаларида белгиланишича суднинг ажрими, терговчи ёки прокурорнинг қарори асосида амалга оширилади.

Юқоридаги моддалар мазмунига кўра шахсни реабилитация қилиш тўғрисида тегишли вертикт чиқарган суд реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаши лозим бўлади. Бинобарин, ЖПКнинг 311-моддасига асосан реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқлари билан бир қаторда уни меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилмаган бўлса, ёхуд у қабул қилинган қарорга рози бўлмаса тегишли талаб билан даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Аммо, мазкур қонун нормасида реабилитация қилинган шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ талаби айнан қайси давлат органи ёки мансабдор шахси томонидан қаноатлантирилмаган ҳолларда даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга
ҳақли эканлиги аниқ назарда тутилмаган. Шу йўсинда қонун реабилитация қилинган шахсга “тўғри йўлни” кўрсатмайди.

ЖПКнинг “талаб қилиш ҳуқуқи” деб номланган 312-моддасига кўра, реабилитация этилган шахсни ишга тиклаш бўйича ҳеч қандай процессуал ҳужжат қабул қилинмайди, фақат унга тушунтирувчи билдириш хати юборилади, холос.

Бундай мазмундаги норма қатор тушунмовчиликларни келтириб чиқаради.Тушунмовчилик мазкур меъёрнинг турли талқин қилиниши билан боғлиқ.

Бугунги кунда мамлакатимизда ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган мажбурлов чораларини одил судлов йўли билан белгилаш борасида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масаланинг муҳимлиги, бу фуқаронинг
меҳнат қилиш ҳуқуқининг таркибий қисми бўлганлиги боис қонун бу масаланинг ҳам суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилишини назарда тутади. Аммо, қонун бир вақтнинг ўзида суд ажрими асосида айблонувчи, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини суруштирувчи , терговчи, прокурорнинг қарори билан “бекор қилиниши” мумкинлигини ҳам инкор қилмайди, Фақат бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор судни хабардор қилиб қўйиши талаб қилинади.

Амалдаги тартибга кўра, дастлаб иш берувчига шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги суднинг ажрими тақдим қилиниб, у лавозимидан четлаштирилади, у реабилитация қилингандан кейинчи? Айнан шу жойга келганда, яъни шахс реабилитация қилингандан сўнг шахсни ишга тиклаш бўйича иш берувчига қайси органнинг ҳужжати тақдим қилинади, деган саволга қонунларимизда ҳеч нарса дейилмаган. Балким, бу саволга ЖПКнинг 255-моддаси 4-бандига асосан қабул қилинган терговчи қарорига биноан масала ҳал бўлади, дейиш мумкиндир. Аммо суднинг ажрими асосида ходимни ишдан четлаштирган иш берувчи тергов органининг қарорига асосан ходимни ишга тиклармикин? Агар тиклаши шарт бўлса, бу ҳақда ҳеч қаерда ёзилмаган. Бу борадаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилганимизда шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган қонун меъёрлари анчайин мукаммалигига, аксинча уни тиклашга қаратилганларида эса қатор бўшлиқлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз.

Бугунги кунда реабилитация қилинган шахсларни, айниқса ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш бўйича суд амалиётида турли ёндошувлар мавжуд. Бу борадаги суд амалиёти амалдаги қонунлар, қонун ости ҳужжатлари ва шу билан бирга 2019 йил 4 февралдаги Олий суд томонидан барча судларга юборилган 11-9-10-сонли хат ва 2020 йил
26 ноябрда Олий суднинг РС-54-20-сонли реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақидаги Раёсат қарорига таяниб шаклланган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида суднинг айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо тайинланган ва реабилитация қилинган
шахслар учун ҳарбий ёки махсус унвонларни қайтариб бериш асослари
ва тартиби назарда тутилмаган. Бизнингча реабилитация этилган шахснинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш баробарида, агарда суднинг
айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш
тарзидаги қўшимча жазо қўлланилган бўлса, бундай ҳарбий ёки махсус унвонлар унга қайтариб берилиши билан боғлиқ масала ҳам ҳал этилиши лозим.

Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда
биринчи навбатда реабилитация қилинган шахслар, айниқса реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш билан боғлиқ суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида аввало мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини унификациялаш, шу билан бир қаторда Олий суднинг тегишли Пленум қарорини ишлаб чиқиш лозим. Бундан ташқари мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги ва ўзига хослигидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг “Реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилиш лозим.

Шохида Бозорова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси

Зубайда Курбонова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

Nikohni qayd qilish va nikoh munosabatlariga oid fuqarolik ishlarni koʼrishning oʼziga xos xususiyatlari.

Nikoh fuqarolik holati dalolatnomalarini qayd etish organlarida tuziladi. Diniy rasm-rusumlarga binoan tuzilgan nikoh huquqiy ahamiyatga ega emas. Nikoh tuzish nikohlanuvchilarning fuqarolik holati dalolatnomalarini qayd etish organlariga ariza berganlaridan keyin bir oy oʼtgach, shaxsan ularning ishtirokida amalga oshiriladi. Uzrli sabablar boʼlganda fuqarolik holati dalolatnomalarini qayd etish organi bir oy oʼtgunga qadar nikoh tuzishga ruxsat berishi mumkin. Аlohida hollar (homiladorlik, bola tugʼilishi, bir tarafning kasalligi va boshqalar)da nikoh ariza berilgan kuni tuzilishi mumkin. Nikoh tuzish fuqarolik holati dalolatnomalarini davlat roʼyxatidan oʼtkazish uchun belgilangan tartibda amalga oshiriladi. Fuqarolik holati dalolatnomalarini qayd etish organi nikohni roʼyxatga olishni rad etganda, shikoyat bilan bevosita sudga yoki boʼysunishiga koʼra yuqori turuvchi organga murojaat qilinishi mumkin.

Nikoh tuzish ixtiyoriydir. Nikoh tuzish uchun boʼlajak er-xotin oʼz roziligini erkin ifoda etish qobiliyatiga ega boʼlishi kerak. Nikoh tuzishga majbur qilish taqiqlanadi. Nikoh yoshi erkaklar va ayollar uchun oʼn sakkiz yosh etib belgilanadi. Uzrli sabablar boʼlganida, alohida hollarda (homiladorlik, bola tugʼilishi, voyaga yetmagan shaxsning toʼla muomalaga layoqatli deb eʼlon qilinishi (emansipatsiya), nikohga kirishni xohlovchilarning iltimosiga koʼra nikoh davlat roʼyxatidan oʼtkaziladigan joydagi tuman, shahar hokimi nikoh yoshini koʼpi bilan bir yilga kamaytirishi mumkin.

Nikoh tuzishga:

loaqal bittasi roʼyxatga olingan boshqa nikohda turgan shaxslar oʼrtasida;

nasl-nasab shajarasi boʼyicha toʼgʼri tutashgan qarindoshlar oʼrtasida, tugʼishgan va oʼgay aka-ukalar bilan opa-singillar oʼrtasida, shuningdek farzandlikka oluvchilar bilan farzandlikka olinganlar oʼrtasida;

loaqal bittasi ruhiyat buzilishi (ruhiy kasalligi yoki aqli zaifligi) sababli sud tomonidan muomalaga layoqatsiz deb topilgan shaxslar oʼrtasida yoʼl qoʼyilmaydi.

Nikohlanuvchi shaxslar davlat sogʼliqni saqlash tizimi muassasalarida bepul asosda tibbiy koʼrikdan oʼtadilar. Tibbiy koʼrikdan oʼtish hajmi va tartibi Oʼzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi. Nikohlanuvchi shaxslar ellik yoshdan oshgan boʼlsa, shuningdek ushbu Kodeks 13-moddasining beshinchi qismida koʼrsatilgan alohida hollar mavjud boʼlganda tibbiy koʼrikdan oʼz roziligi bilan oʼtkaziladi.

Oʼzbekiston Respublikasining Fuqarolik protsessual kodeksi 33-moddasiga asosan, arizalar javobgar doimiy yashab turgan yoki doimiy mashgʼul boʼlgan joydagi sudga beriladi. Ushbu kodeksning 34-moddasida, agar daʼvogarning voyaga yetmagan bolalari borligi, shuningdek nogironligi yoki ogʼir kasalligi tufayli u javobgar yashab turgan joyidagi fuqarolik ishlari boʼyicha tumanlararo, tuman (shahar) sudiga borishga qiynalsa, nikohni bekor qilish toʼgʼrisidagi daʼvolar daʼvogarning yashaydigan joyidagi sudga taqdim etilishi mumkinligi, bedarak yoʼqolgan deb yoxud ruhiy holati buzilganligi sababli muomalaga layoqatsiz deb topilgan shaxslar, shuningdek uch yildan kam boʼlmagan muddatga ozodlikdan mahrum etishga hukm qilingan shaxslar bilan nikohni bekor qilish toʼgʼrisidagi daʼvolar daʼvogarning xohishiga koʼra oʼz yashash joyidagi sudda koʼrilishi mumkin.

Oʼzbekiston Respublikasining Fuqarolik protsessual kodeksi 122-moddasi 1-qismi 8-bandida, xotini homilador boʼlgan vaqtda yoki bola tugʼilganidan keyin bir yil davomida er xotinining roziligisiz nikohni bekor qilish toʼgʼrisida daʼvo taqdim etgan boʼlsa ariza koʼrmasdan qoldirilishi belgilab qoʼyilgan.

Er-xotinning mol-mulkini boʼlish haqidagi talabi, agar bu nizoni toʼgʼri hal etish uchun ishga uchinchi shaxslarni jalb qilish zarur boʼlsa, nikohni bekor qilish toʼgʼrisidagi ish bilan birga koʼrilishi mumkin emas.

Firdavs Zoyirov,

Fuqarolik ishlari boʼyicha

Buxoro tumanlararo sudi devonxona mudiri

Dilafro’z Mirzaeva,

Fuqarolik ishlari boʼyicha

Buxoro tumanlararo sudi arxiv mudirasi

Мулкдорлар ва инвесторлар иқтисодиётимизнинг асосий устунлари

Давлат фуқаро ва мулкдорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш муносабати билан вужудга келувчи низолар судга тааллуқлидир.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар қандай мамлакатнинг бугунги ва келажаги унда хусусий мулкка бўлган муносабат билан чамбарчас боғлиқдир. Мустақиллик йилларида Бош қомусимизга хусусий мулк ва унинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилиши баробарида қатор тарихий қонун ҳужжатлари қабул қилиндики, улар нафақат хусусий мулкчиликка асосланган хўжалик юритиш механизимини такомиллаштириш ҳамда иқтисодиёт рақобатбардошлигини таъминлаш, балки мулкдорлар синфини шакиллантириш ва ривожлантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий
асосини ташкил этди.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг Конституцияда кафолатланган дахилсизлигини таъминлаш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бироқ шунга қарамай, айрим жойларда мазкур норматив-
ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси амалда кутилган натижаларни
бермаётганини кўришимиз мумкин.

Мулк ҳуқуқи моҳиятан қараганда, ҳуқуқ тизими ва тарихидаги энг динамик ҳуқуқий ҳодисалардан бири ҳисобланади. Давлат сиёсати ҳамда ижтимоий муносабатлардаги  доимий ўзгаришлар субъектив мулк ҳуқуқини тартибга солувчи нормаларга бевосита таъсир кўрсатади. Мустақил давлатда қонун устуворлигини таъминлаш чораларидан бири фуқароларнинг табиий ҳуқуқлари ва эркинликлари билан бир қаторда мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатлаш ва уларни самарали равишда ҳимоя қилишда намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига биноан, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина
мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Илғор ривожланган хорижий мамлакатларнинг тарихига назар
ташланса, улар ўзининг иқтисодий юксалиш даражасига, аввало, хусусий
мулк дахлсизлиги ва мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари
ишончли ҳимоясини таъминлаш орқали эришганлигини кўриш мумкин.

Мулкдорлар ҳуқуқларини асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилиш, хусусий мулк ҳимояси кафолати, мулкдорлар синфини рағбатлантириш, пировардида эса аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш ҳамда иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ҳамда аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.

Умумий улушли мулк иштирокчисининг уйга бўлган улушини асл ҳолида ажратиб беришнинг имконияти бўлмаган тақдирда, уйнинг унга тегишли қисми ўрнига, Фуқаролик кодекси 223-моддасининг олтинчи қисмига кўра, бошқа мулкдорлар томонидан пул суммасини тўлаш ёки бошқача компенсация тўланишига унинг розилиги билан йўл қўйилади.

Мазкур ишларни амалга ошириш учун қилинган харажатлар Фуқаролик кодексининг 221-моддасига кўра, умумий улушли мулкнинг ҳар бир иштирокчиси мол-мулкни сақлаш чиқимларида улушига қараб қатнашиши шарт эканлиги сабабли суд томонидан тарафлар ўртасида уларнинг улушини инобатга олган ҳолда тақсимланиши керак. Шу билан биргаликда мулкдорларнинг моддий аҳволини ва эътиборга лойиқ бошқа ҳолатларини эътиборга олган ҳолда суд ушбу қоидадан чекиниши мумкин.

Агар улушни ажратиб бериш техник жиҳатдан мумкин бўлса-ю, ҳар бир мулкдорга тўғри келадиган улуш миқдоридан чекинишга тўғри келса, суд ажратиб берилаётган улуш миқдорини муайян ҳолатларни инобатга олган ҳолда кўпайтириши ёки камайтириши мумкин. Бунга ажралиб чиқаётган мулкдорнинг улушига қўшилган уй қисми учун ёки ажралиб чиқаётган мулкдор улушининг бошқа мулкдорларда қолдирилаётган қисми учун пул компенсацияси тўлаш шарти билан йўл қўйилади.

Айрим ҳолларда, суд уйга бўлган умумий улушли мулкнинг бошқа иштирокчилари зиммасига ажралиб чиқаётган мулкдорнинг розилиги бўлмаган тақдирда ҳам унга тегишли улуш учун юқорида кўрсатилган моддий ҳуқуқ нормасига мувофиқ пул суммаси ёки бошқача компенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин бўлиб, суд бу ҳолатни ўзининг қарорида асослантирмоғи лозим.

Пул компенсацияси, хусусан уйга бўлган умумий мулкда мулкдорнинг улуши арзимас бўлса ва амалда уни ажратиб бериш мумкин бўлмаса ҳамда мазкур мулкдор умумий мулкдан фойдаланишдан катта манфаатга эга бўлмаса (масалан, ажралиб чиқаётган мулкдор бу уйда яшамайдиган ва бошқа уй-жой майдони билан таъминланган бўлса), тўланиши мумкин.

Суд уйдан фойдаланишнинг амалда шаклланган ва умумий мулкдаги улушларга батамом мутаносиб келмаслиги ҳам мумкин бўлган тартибини, мулкдорлардан ҳар бирининг уйдан фойдаланишга бўлган эҳтиёжини ҳамда биргаликда фойдаланишнинг реал имкониятини инобатга олишлари зарур.

Амалда уйдан биргаликда фойдаланишнинг имконияти бўлмаса
суд мулкдорга компенсация тўлаш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши мумкин.

Мулкдорга фойдаланиши учун кириш-чиқиш йўли алоҳида, шунингдек алоҳида бўлмаган яшаш хоналари ажратиб берилиши мумкин. Бундай ҳолда, умумий мулк бўлган уйга нисбатан мулк ҳуқуқи бекор бўлмайди.

Мулкдорларнинг мақсад ва вазифаларини инобатга олган ҳолда,
мулк билан боғлиқ иқтисодий муносабатларга ҳуқуқий такомил бериш мулк ҳуқуқини амалга ошириш кафолатларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш орқали амалга оширилади. Мулк ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқида чуқур ва тўлиқ ўрганиб, таҳлил қилинган, аммо амалиёт шуни кўрсатадики, мазкур институтни ўрганишда давом этиш орқали йўқ қилиниши ва
бартараф этилиши лозим бўлган кўплаб ноаниқликлар ва низоли вазиятлар мавжуд.

Шохида Бозорова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси

Давлат Ҳакимов,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

Янги Ўзбекистон Конституцияси ва инсон ҳуқуқлари

Мамлакатимизда турли соҳаларда кечаётган туб ислоҳотларда, энг аввало, адолат тамойилларга асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, инсон манфаатларини олий қадрият даражасига кўтариш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам бўлиб, жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи-инсон деган фикр илгари сурилди, шу асосда инсон, жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабат оқилона ҳуқуқий ечимини топишга интилмоқда, шунга кўра, мамлакатимизда инсон мафаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида йилдан-йилга халқимиз турмуш даражаси ва сифати яхшиланиб бормоқда.

Конституциянинг янги таҳририда бош масала саналган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгайтириш, мавжудларини мазмунан бойитиш, ҳуқуқ ва эркинликларнинг конституциявий кафолатлари, давлат масъулиятининг кучайтирилганлиги фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи мисолида кўрсатилган.

Конституцияни янгилаш ва янги таҳрирда қабул қилишнинг бош мақсади унда инсон ҳуқуқларини кўпайтириш, янги ҳуқуқларни мустаҳкамлаш, мавжуд ҳуқуқларни мазмунан бойитиш, инсон ҳуқуқлари кафолатларини ва бу борада давлатнинг масъулиятини кучайтириш эди. Аввалги Конституциянинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” бўлимида 35 та модда бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Конституциянинг шу бўлими 46 та моддадан иборат бўлди. Шунингдек, моддалардаги нормалар миқдори ҳам бир неча марта кўпайтирилди.

Бундан кўринадики, бугунги кунда ҳар бир фуқаромиз амалга оширилаётган ислоҳотлардан руҳланиб яшамоқда.

Демократия ва адолат ғоялари асосида инсон ҳуқуқларини таъминлашга, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакиллантиришга пойдевор бўлиб хизмат қилаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, аввало, миллатнинг юзи, халқнинг хоҳиш-иродаси, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатидир, шунинг учун ҳам юритимизда олиб борилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар айнан Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда.

Авваламбор, ҳеч кимга сир эмас, сўнгги олти йилда эришган ютуқларимизни ортга қайтмаслигининг ишончли конституциявий ҳимоясини таъминлаш, ушбу эришилган ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз эмин-эркин фойдаланиши учун уларни Конституцияга муҳрлаб қўйиш лозим бўлмоқда.

Чунки, дунёда кундан-кунга турли хавф-хатар ва таҳдидлар ҳамда
янгидан-янги синовлар, шунингдек айрим давлатларнинг дунё
харитасида қолиш-қолмаслиги савол остида қолаётганлиги, мамлакатимиз қудратли давлатга айланиб бораётганлиги, аҳоли сонининг ошаётганлиги, унинг ярмидан кўпи ёшлар бўлиши, уларга муносиб шароитлар яратиб бериш учун барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув ва ижтимоий кафолатларни таъминлаш лозим.

Буларни барчаси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор зарур бўлиб, Янги Ўзбекистонга янгиланаётган Конституцияни қабул қилишни тақозо қилади.

Шу муносабат билан, янгиланаётган Конституция лойиҳасини шакиллантириш учун халқ муҳокамасига қўйилди. Авваллари Конституция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кейин халқ муҳокамасига тақдим этилган бўлса, бунда эса, берилган таклифлар асосида лойиҳа шакиллантирилиб, кейинги босқичда янгиланаётган Конституциявий лойиҳа умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Ушбу лойиҳа билан оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари орқали халқимиз танишиб чиқиб, 2022 йил 25 июндан
1 августга қадар ўтказилган умумхалқ муҳокамасида фуқароларимиз томонидан бир юз эллик мингдан ортиқ таклифлар билдирилди.

Бундан кўринадики, ушбу жараёнларда халқимизнинг фикри ва таклифлари икки босқичда ўрганилиб, конституциявий лойиҳа ишлаб чиқилди.

Шу боисдан хабарингиз борки, янгиланаётган Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида, етук олимлар, жамоатчилик, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокида муҳокамаларда ҳар томонланма таҳлил қилинди ва маромига етказилди.

Янги Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш ва такомиллаштиришда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта ўрганилиб, жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокамалар ўтказилди.

Лойиҳадаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди, яъни асосий Қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Шу ўринда янги Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳиятига ва энг асосий, муҳим жиҳатларига қисқача тўхталсак.

Янги Конституция лойиҳасида Ўзбекистон  “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил белгиланган.

Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда, давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Илгари Конституциямизда амал қилиб келган “давлат-жамият-инсон” тамойилини янги таҳрирдаги Конституциямизда “инсон-жамият-давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало, инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб ҳамда инсон ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши белгиланган, бу эса инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминланмоқда.

Шунингдек, янги Конституциявийда ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларга мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгилаб берилган.

Мазкур Конституция ҳақиқатан ҳам Халқ Конституцияси бўлаяпти, чунки унда аҳолининг барча қатлами, жумладан, аёллар, нуронийлар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, хориждаги ватандошларимиз, ҳатоки, маҳкумлар – барча барчасини ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинган.

Яна муҳим жиҳатларидан бири, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга экани ва ҳеч ким суднинг қарорисиз, қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги каби ҳуқуқлар кафолатланган.

Янги Конституция инсон ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қимматини ҳимоя қилиб, чинакам халқ давлатчилиги асосларини яратади ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш билан бирга, янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни очиб беради.

                Озоджон Новрузов,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Бухоро туманлараро суди раиси

Фирдавс Зойиров,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Бухоро туманлараро суди девонхона мудири

Skip to content