Апелляция шикоятлари келтирилишида давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат ва бошқа органлар, давлат божини кечиктириш ва бўлиб бўлиб тўлаш тартиби

Kimlar davlat bojini toʻlashdan ozod etiladi | NORMA.UZ

Давлат божи юридик аҳамиятга молий ҳаракатларни амалга оширганлик ва бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар  ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.

Давлат божини тўлаш асослари ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш,  тўлашдан озод қилиш тартиби, давлат божини қайтариш тартиби “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тартибга солинади.

Қонунинг 5-моддасида давлат божи ундириш объектлари белгиланган.

Қонун 5-моддасининг иккинчи қисмига кўра, иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ҳақидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар бўйича иқтисодий суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалардан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, шунингдек иқтисодий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун давлат божи ундирилиши назарда тутилган.

Суд қарорлари ёки ажримлар эълин қилингандан сўнг суд ҳужжатидан норози бўлган тарафлар унинг устидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган тартибда апелляция шикояти келтирадилар. Хўш, апелляция шикояти келтиришда давлат божи тўлашдан озод этилиши,давлат божи тўлашни кечиктирилиши ёки бўлиб бўлиб тўлашига йўл қўйиладими?

 Қонунга илова қилинган “Давлат божи ставкалари миқдорлари”
2 банди “д” кичик бандида апелляция, кассация ва назорат тартибида берилган шикоятлардан- биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар  берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши кўрсатилган.

Қонунинг 9-моддасида иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган субъектлар, яъни органлар санаб ўтилган. Унга кўра, иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

1) даъвогарлар — ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш ҳамда ўрмондан фойдаланиш, ўрмонни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузиш туфайли ўрмон фондига етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги, ўрмон хўжалиги даромади суммаларини (шу жумладан, ўрмон дарахтларини ўсиб турган жойида сотиш қоидаларини бузганлик учун зарар ва неустойкани, шунингдек ўзбошимчалик билан ўрмон дарахтларини кесганлик, пичан ўрганлик ва молларни ўтлатганлик учун жарималарни) ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича;

2) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;

3) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича;

4) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — барча даъволар бўйича;

5) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари — «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга кетган маблағларни ташкилотлардан ундириб олиш бўйича даъволар, шу жумладан регресс даъволар юзасидан;

6) суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш органи — мажбурий суғурта операциялари билан боғлиқ барча ишлар бўйича;

7) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари — сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик туфайли давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;

8) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари — атроф-муҳитни ифлослантирганлик, табиатдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг тартиб ва шартларини бошқача тарзда бузганлик туфайли табиий объектларга ва комплексларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича;

9) Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича;

10) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар ва аризалар бўйича;

11) Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича;

12) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича, шунингдек алоҳида юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун;

13) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

14) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

141) давлат органлари — ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

142) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари — кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар юзасидан;

15) ундирувчи ёки давлат ижрочиси — қонунда назарда тутилган тақдирда, қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича харажатларнинг ўрнини қарздор томонидан қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

16) халқаро ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари томонидан ҳукуматлараро келишувлар асосида берилган кредитлар бўйича асосий қарздор сифатида қатнашувчи давлат органлари ва ташкилотлари — субзаём олувчилардан пайдо бўлган қарздорликларни ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

17) давлат эҳтиёжлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш шартномалари бўйича сотиб олувчи ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотлари — етказиб берувчилар (пудратчилар) томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан;

18) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;

19) аризачи ва жавобгар — ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича;

20) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар юзасидан;

21) тадбиркорлик субъектлари — ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда;

22) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;

23) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан;

24) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг жойлардаги органлари — қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни бузганлик бўйича давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

25) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;

26) Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси — Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;

27) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2, 20 ва 21-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

Ушбу санаб ўтилган органлар суд ҳужжатлари устидан апелляция шикояти беришда ҳам давлат божи тўлашдан озод қилинадилар. Қонунда бевосита бу ҳақда кўрсатилмаган. Аммо Олий суд раҳбарий кўрсатмаларида , Пленум қарорида бу ҳақда тушунтириш берилган.

 Қонун бўйича судья давлат божини тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ,  апелляция шикояти беришда тараф давлат божи тўлашдан озод қилинмаган бўлса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахс мулкий аҳволидан келиб чиқиб, апелляция шикоятида беришда тўланиши лозим бўлган давлат божини тўлашни кечиктириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли.

 Қонун 29-моддасининг йигирма еттинчи қисмига кўра, пул маблағлари мавжуд бўлмаган ва бу хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тақдирда, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга суднинг ажримига кўра давлат божини кечиктириб тўлашга рухсат берилиши мумкин. Банк тасдиғида судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан уч кун олдинги сана қайд этилган бўлиши керак.

Судлар апелляция шикояти берилишида тўланиши лозим бўлган давлат божини кечиктириш масаласини ҳал этишда, илтимосномага биноан бу шахсларнинг давлат божини бир йўла ёки қисман тўлашга пул маблағлари бўлмаганлигини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни текширади. Пул маблағларининг бўлмаганлиги тўғрисидаги банкнинг тасдиғи судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан уч кун олдинги сана билан қайд этилган бўлса, суд илтимосномани қаноатлантириб, давлат божини тўлашни  кечиктириш ҳақида ажрим чиқаради.

Иш апелляция инстанцияси судида кўриб мазмунан ҳал қилинганда иш натижаларидан келиб чиқиб, Қонунда назарда тутилган имтиёзларни инобатга олган ҳолда  давлат божини ундириш масаласи ҳал этилади.

Бухоро туманлараро иқтисодий суди раиси А.Сафаров

Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси М.Махсудова