Ўсимлик дунёсини нобуд қилманг!
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканликлари белгилаб қўйилган.
Очилов Қобил қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, 2023 йил
4 февраль куни соат тахминан 13:00.ларда Бухоро шаҳар “Р.Ҳамроев” МФЙ, “Алпомиш” кўчаси ҳудудидаги Бухоро шаҳар ҳокимининг 10.12.2020 йилдаги 1237-сонли қарори билан “Bukhara Golden House” МЧЖга турар жой биноси қуриш учун ажратилган ер участкасида мавжуд бўлган Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 19 февраль кунидаги 93-сонли қарори билан қимматбаҳо дарахтлар тоифасига киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 30 декабрь кунидаги ПФ-46-сонли Фармонига асосан муддатсиз даврга мораторий жорий этилган 3 туп шум тол дарахтини ҳеч қандай ҳужжатларсиз, “Вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси”га мурожаат қилмасдан, унинг рухсатини олмасдан, ўзбошимчалик билан, Фармон бандларини қўпол равишда бузган ҳолда, яшаш уйига ўтин сифатида фойдаланиш мақсадида, қонунга хилоф равишда кесиб, ўсимликлар дунёсига 183.000.000 сўмлик жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган.
Мазкур жиноят иши 2023 йил 19 май кунида жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилиб, гарчи судланувчи қилмишига пушаймонлик билдирган ва у 60 ёшдан ошган бўлсада, судланувчи О.Қобиловга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, ўсимлик дунёсига етказилган 183.000.000 сўм зарар давлат фойдасига ундириш белгиланди.
Жўрабек Тожиев,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти