Меҳнат ҳуқуқининг моҳияти ва вазифалари
Ушбу мақолада меҳнат ҳуқуқининг моҳияти ва вазифалари борасидаги қарашлар, фикр ва мулоҳазалар, шунингдек унга оид қонунлар ўрганилган.
Бозор иқтисодиёти соҳасидаги муносабатлар ривожланаётган даврда ижтимоий меҳнат муносабатларини эскича, бюрократик усуллар билан тартибга солиш мумкин эмаслиги сабабли ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида янги, тез ўзгариб бораётган шароитларни ўзида акс эттирувчи меҳнат қонун ҳужжатлари юзага кела бошлади ва унда янги тамойиллар, янгича қарашлар ифода этилади.
Меҳнат ҳуқуқи – ҳуқуқ соҳалари орасида етакчи ўрин тутади. Меҳнат ҳуқуқи меҳнат бозори фаолияти натижасида юзага келувчи, ёлланма меҳнатни қўллаш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш оқибатида пайдо бўладиган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.
Моддий ва маьнавий бойликлар яратиш жараёнидаги ижтимоий муносабатлар объектив хусусиятга эга ва барча шаклда меҳнат фаолиятига тааллуқли. Бунда биргаликдаги меҳнат фаолияти ижтимоий ишлаб чиқариш жараёнидаги кишилар томонидан ишлаб чиқариш қуроллари ва воситаларига таьсир этишга оид алоқалар сифатида баҳоланиши лозим. Бундай алоқалар ҳар доим ташкилий тусга эга ва жамоа бўлиб ишлашнинг муайян қоидаларини ўз ичига олади. Меҳнат ҳуқуқи билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар орасида меҳнат муносабатлари, яъни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, бошқарув жараёнидаги меҳнат кооперацияси асосида ташкил қилинган меҳнатга оид ижтимоий муносабатлар етакчи ўринни эгаллайди.
Меҳнат ҳуқуқининг энг муҳим қонунияти вазифаларнинг гармоник уйғунлигидан, уларнинг бирлигидан иборат. Умуман олганда, меҳнат ҳуқуқи иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ғоявий-тарбиявий вазифаларни бажаради. Жумладан:
1) иқтисодий вазифаси – ишлаб чиқаришга таьсир ўтказиш орқали;
2) сиёсий вазифаси – ишлаб чиқариш жараёнида ходимларнинг ижтимоий – сиёсий фаоллигининг ошишида;
3) ижтимоий вазифаси – меҳнат қилиш ҳуқуқининг эркинлигини таъминлашда;
4) ғоявий-тарбиявий вазифаси – ижтимоий меҳнатнинг такомиллашуви ҳамда ходимларни маънавий-маърифий тарбиялаш кабиларда намоён бўлади.
Меҳнат қонунчилигининг вазифалари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 2-моддасида назарда тутилган бўлиб, унга мувофиқ: «Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эьтиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таьминлайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига кўмаклашади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, инсон ҳуқуқларини таьминлаш соҳасида халқаро андозалар даражасига эришиш асосий вазифалардан бири қилиб белгилади, зероки тараққиётимиз ва ислоҳотларимизнинг бош мақсади фуқароларимиз учун муносиб турмуш шароитини таъминлашдан иборат.
Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси
Илхом Джураев, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг раиси