on 28 Mar 2023 By admin Янгиликлар Воситачилик шартномаси ва унинг турдош шартномалардан фарқли жиҳатлари Бозор муносабатлари шароитида фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларнинг турлари, уларнинг қўлланиш соҳаси ва ижтимоий-иқтисодий функцияси кенгайиб бориши натижасида, шартномалар иқтисодий муомала иштирокчилариг товарлар, етказиб бериш, иш бажариш ва хизмат кўрсатиш муносабатларининг асосий ҳуқуқий воситасига айланди. Бу ҳолат аввало қонун ҳужжатларида шартномаларга нисбатан ва уни тузувчи тарафларга нисбатан кенг эркинлик ва имтиёзлар берилиши билан боғлиқ. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 1-моддасида шартномалар эркинлиги, хусусий ишларга ўзбошимчалик билан аралашишга йўл қўйилмаслиги, фуқаролик ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширилиши каби асосий негизларнинг белгиланиши фуқаролик муомласида шартномаларнинг аҳамиятини ва уларга бўлган талабларнинг ошишига олиб келди.Шунингдек, бозор иқтисодиётида воситачилик шартномасининг ҳаётий зарурияти ва моҳияти тубдан ўзгарганлигини эътироф этиш зарур. Бинобарин, собиқ Иттифоқ даврида воситачилик шартномаси асосан фуқароларнинг шахсий истеъмолга мўлжалланган товарларини сотишга ихтисослашган комиссион дўконлар билан фуқаролар ўртасида тузилган. Шу билан бирга чет эл товарларини сотишга ихтисослашган дўконлар ҳам комиссион дўконлар ҳисобланган. Хозирда воситачилик тадбиркорлик фаолиятининг ўзига хос кўринишига айланди.Бугунги кунда воситачилик ижтимоий ҳаётнинг деярли барча соҳаларида кенг қўлланилаётганлиги, биринчи навбатда воситачилик фаолиятининг ўз ҳисобидан муайян харажатлар қилмаслиги ва учинчи шахслар ҳисобидан ўз фаолиятини амалга ошириш орқали фойда кўриши билан характерланади. Бинобарин, савдо, хизмат кўрсатиш ва иш бажариш соҳаларида воситачилик хизматидан фойдаланиш, қимматбаҳо қоғозлар муомаласини амалга оширишда воситачининг хизматларидан кенг фойдаланилади. Воситачилик шартномасининг тадбиркорлик фаолияти соҳасида кенг қўлланилиши тадбиркорлик муносабатлари ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Воситачилик шартномасининг айнан тадбиркорлик, савдо муносабатларида ривожланганлиги мазкур шартноманинг тадбиркорлик фаолиятининг муҳим таркибий қисми сифатида намоён этади.Маълумки, фуқаролик ҳуқуқи шартномалар тизимида хизмат кўрсатиш шартномалари алоҳида ўрин тутади. Бинобарин бозор муносабатлари шароитида субъектларга берилган имкониятлар, фан ва техниканинг ривожланиши бугунги кунда хизмат турларининг ортиб, кенгайиб боришига замин яратмоқда. Бу ҳолатни Бутунжаҳон Савдо Ташкилотининг “Хизматлар савдоси бўйича Бош келишуви” да бир неча юзлаб хизмат турлари белгиланлигидан ҳам кўриш мумкин. Хизмат кўрсатиш шартномалари тизимида ўзаро ишончга асосланган ва муайян шахслар фойдасига у ёки бу юридик ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган шартномалар гуруҳи мавжудки, бундай шартномалар орасида воситачилик шартномаси алоҳида ўрин тутади. Воситачилик шартномаси бир шахснинг иккинчи шахсга берган топшириғи, фуқаролик-ҳуқуқий характердаги кўрсатмасига асосан вужудга келади ва бунда шартномани ва шартномавий-ҳуқуқий муносабатни вужудга келишидаги дастлабки асос комитент – тошириқ ва кўрсатма берувчининг эрки-иродаси ҳисобланади. Айтиш лозимки, бошқа шахс фойдасига юридик ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган шартномаларда кўрсатма берувчининг эрки-иродаси ўзаро ишончга асосланади ва бу ҳолат ҳар доим шартномани тузиш жараёнида аҳамиятга эга бўлади. Зеро, фуқаролик ҳуқуқида “ўзаро ишонч” категорияси ҳар қандай шартномавий муносабатни вужудга келтирувчи бош мезон сифатида контрагентни танлашда ва шартномадан ўзи кутган натижага эришиш йўлида дастлабки қадамни ташлашда асосий негиз саналади[1]. Бошқача айтганда ҳар қандай фуқаролик-ҳуқуқий шартномани ўзаро ишончга асосланадиган шартнома деб ҳисоблаш мумкин.Воситачилик шартномаси ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра, бир шахснинг манфаати ва фойдасини кўзлаб бир ёки бир неча битимни иккинчи шахс ўз номидан ҳақ эвазига тузиши тўғрисидаги биринчи шахснинг топшириғи ва кўрсатмаси ҳисобланади. Бундай ўзига хослик ва тарафлар амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатларнинг моҳияти мазкур муносабатларни бир шахснинг иккинчи шахсни ўз манфаатлари ва фойдаси учун “ёллаши” сифатида баҳолаш имконини беради. Зеро, комитент воситачини ўзи учун мақбул ва фойдали бўлган битим тузиш учун “ёллайди” ва эвазига муайян мукофот беришни ваъда қилади. Албатта бундай “ёллаш” кўрсатма берувчи (комитент) нинг ҳисобидан ва унинг мулкий таъминоти эвазига амалга оширилади. Чунки воситачилик муносабатларида гарчи воситачи ҳеч қандай мулкий таваккалчилик қилмасдан фақат муайян ҳуқуқий ҳаракатларни амалга оширади ва бу ҳаракатларнинг кўрсатма берувчи учун самарали бўлишини кўзда тутади холос. Воситачи ўз номидан битимни тузиш жараёнида ўзига берилган кўрсатмалардан четга чиқмасликка ҳаракат қилади ва шу орқали ўзининг вазифаларини бажаради. Воситачилик шартномасига ўзининг ҳуқуқий табиати, моҳияти ва мазмуни жиҳатидан энг яқин шартномалар сифатида топшириқ, агентлик, транспорт экспедицияси, мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Мазкур шартномалар ўртасидаги ўхшашлик ва ҳуқуқий конструкциясига кўра ўзаро яқинлик шундаки, уларнинг барчасида “ёллаш”, ўзаро ишонч, бир шахс учун иккинчи шахснинг юридик ҳаракатларни амалга ошириши, ҳуқуқий муносабатларнинг биринчи шахс хоҳиши-иродаси асосида вужудга келиши ҳамда барча ҳолатларда ҳам биринчи шахснинг мулкий таваккалчилигига асосланиши ҳолатлари мавжуд бўлади.Топшириқ шартномасидан фарқли равишда воситачилик шартномасида воситачи юридик ҳаракатларни ўз номидан амалга оширади ва ҳар доим бунинг учун муайян ҳақни олади. Агар вакил амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлар доираси кенг ва хилма-хил бўлса, воситачи амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлар диораси тор ва аниқ бўлади. Яъни, воситачи фақатгина бир ёки бир неча битимни тузиши ва комитент берган аниқ параметрлар бўйича ҳаракатланиши лозим. Шунингдек, воситачига қараганда вакилга муайян ҳаракатларни қилишда кўпроқ эркинлик берилиши ва муайян вазиятларда вакилнинг ўз хоҳишидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши мумкин бўлади.Вакиллик ва воситачилик муносабатларидаги яна бир фарқ воситачининг комитент топшириғи асосида ҳаракат қилиши учун алоҳида ҳуқуқий ҳужжат талаб қилинмаса, вакиллик муносабатларида вакилнинг топшириқ берувчи номидан ҳаракатларни амалга ошириши учун муайян ҳуқуқий ҳужжат – ишончнома талаб қилинишида намоён бўлади. Агентлик шартномалари ва транспорт экспедицияси шартномасида ҳам деярли барча вазиятларда агент ва экспедитор асосан кўрсатма берувчи шахс номидан юридик ҳаракатларни амалга ошириши билан воситачилик шартномасидан фарқ қилади.Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда воситачилик шартномасини “Ўзаро ишонч” шартномаси ва “Савдо воситачилиги шартномаси” деб ҳам номласак ҳам бўлади. Ўткир Разиков,Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси Мақсад Матякубов,Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди судьяси