АЛИМЕНТ ТЎЛАШ МАЖБУРИЯТИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ГАРОВ ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96, 100-моддаларида, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган. «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция талаблари асосида ишлаб чиқилган ҳуқуқий базада вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқи аниқ белгилаб қўйилган. Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқини таъминлаш ва бу борада Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси нормаларининг тўғри ва аниқ татбиқ этилиши бўйича бир хил суд амалиётни шакллантириш мақсадида, 2016 йил июль ойида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори қабул қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 06 октябрдаги Қарори билан “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг тасдиқланиши алимент ундириш билан боғлиқ низоларнинг кўрилишида янги йўналишни очиб берди.
Ушбу Низомга кўра вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш тартибини белгилаш, давлат ижрочилари иш юритувида бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган жисмоний шахслар муайян давр учун алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент олувчи билан келишилган ҳолда алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилаши, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжати бўйича қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкинлиги, алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилиши, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасининг тузилиши алиментларни тўламаганлик учун қонун билан белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод қилмаслиги, алиментларни олдиндан тўлаш ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадга нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса, олдиндан тўланган алиментлар учун кейинги даврларда алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади кўпайиши натижасида вужудга келадиган қўшимча алимент тўловларини тўлашдан озод қилмаслиги, алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланиши ҳолатлари тўлиқ ёритиб берилган.
Низомга мувофиқ, алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун, бироқ ушбу банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.
Суд ажримига асосан олдиндан тўланиши шарт бўлган алиментларнинг тўлиқ миқдорини тўлаш, шунингдек, алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига топширилиши шарт бўлган мол-мулкни топшириш ўн иш кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.
Алиментларни тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш масаласида, қарздор ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Алиментларни ундириш алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувга асосан бўлса, ариза ижро ҳужжати иш юритуви Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.
Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада, қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).
Аризага Бюронинг туман (шаҳар) бўлими томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилиниши шарт.
Зарурат бўлганда, аризага алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар илова қилинади.
Ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда, аризага қўшимча равишда баҳолаш ташкилотининг алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган мол-мулкни баҳолаш хулосаси, шунингдек қарздорнинг мазкур мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинади.
Алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги қарори, қарздорнинг ижро иш юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига киритган аризасига (шу жумладан, электрон почта орқали киритган аризасига) асосан берилади.
Аризада қарздор томонидан алиментларни олдиндан тўламоқчи бўлган даври кўрсатилади. Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шу жумладан чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бериш тўғрисидаги ариза етти иш куни давомида кўриб чиқилади. Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда ариза ўн беш иш куни ичида кўриб чиқилиши мумкин.
Қарздор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққонийлигига шубҳа туғилганда ва уларни бошқа ташкилотларга сўровнома юбориш орқали текшириш зарур бўлганда, аризани кўриб чиқиш муддати бир ой муддатга узайтирилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш муддатини узайтириш Бюронинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи томонидан аризани кўриб чиқаётган давлат ижрочисининг асослантирилган билдиргисига асосан амалга оширилади. Аризани кўриб чиқиш муддати узайтарилганлиги тўғрисида аризачи хабардор қилинади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор ижро ҳужжати юритувида бўлган давлат ижрочиси томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 86-моддасига мувофиқ қабул қилинади.
Бунда, олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш ушбу Низомда назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддат давомида амал қилади, бу ҳақда қарорда кўрсатилади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблашда, келгуси даврлар учун тўланадиган алиментлар суммасига, тўлов вақтидаги ҳар йилги алиментлар суммасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасига капитализация коэффициенти қўлланилади.
Давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори ва алимент бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олганидан сўнг, қарздор судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ушбу Низомга кўра ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш асослари қуйидагилар: ушбу Низомда белгиланган, аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ёки уларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқ эмаслиги; ушбу Низомда назарда тутилган алиментларни олдиндан тўлаш белгиланган алимент суммаси тўловининг амал қилиш муддати ўтиб кетганлиги; алиментлар бўйича тўланмаган қарздорликнинг мавжудлиги; алиментларни олдиндан тўлаш вояга етмаган болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари жиддий бузилишига ёхуд таъминот шароити ёмонлашувига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаш учун асослар мавжудлиги; алиментларни умумий тартибда тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги; қарздор алиментларни олдиндан тўлаш имкониятидан, алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент суммасини кам тўлаш мақсадида фойдаланаётган деб ҳисоблаш учун асосларнинг мавжудлиги; қонунчиликда белгиланган бошқа асослар мавжудлиги.
Суд томонидан аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади.
Суднинг алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилади: олдиндан тўланадиган алимент суммаси; олдиндан тўланадиган алиментлар даври, ушбу даврнинг бошланиш ва якунланиши ойи ва йили; алиментлар суммаси тўлиқ тўланиши лозим бўлган муддат.
Шунингдек, агар қарздор ўз аризасида алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига мол-мулк бериш орқали ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришни сўраган бўлса, суднинг ажримида қуйидагилар кўрсатилади: мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, қиймати ва мазкур мол-мулкни аниқлаш имконини берадиган бошқа маълумотлар; мол-мулкни ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган муддат.
Давлат ижрочиси ижро иши юритишида бўлган ижро ҳужжати бўйича қабул қилинган ажримга, ижро ҳужжати бериш талаб этилмайди.
Давлат ижрочиси алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни қабул қилиб олганда, шунингдек, мазкур ажримда кўрсатилган алиментлар суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг, қарздор ва унинг мол-мулкига белгиланган барча чекловларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан, шунингдек: кўчмас мулкни ўтказишда – мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасига; автотранспорт воситаси ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши (ҳисобга туриши) лозим бўлган бошқа мулкларни ўтказишда – автотранспорт воситаси ёки бошқа мулкни ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги (ҳисобга турганлиги) тўғрисидаги ҳужжат нусхасига; қимматли қоғозлар ўтказишда – қимматли қоғозлар ундирувчи номига рўйхатдан (ҳисобига) ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатга асосан амалга оширилади.
Агар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш суд ҳужжатига асосан қўйилган бўлса, чеклашни бекор қилиш суд томонидан амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш болалар вояга етгунга қадар амалга оширилган тақдирда, мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро ишини юритиш тамомланмайди.
Мазкур ҳолатда алиментлар олдиндан тўланган давр мобайнида ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмайди.
Алиментлар олдиндан тўланган давр якунланганда, шунингдек, суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби бекор бўлганда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.
Агар олдиндан тўланиши лозим бўлган алиментлар суммаси суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажримда кўрсатилган муддатда тўлиқ тўланмаган тақдирда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.
Агар қарздорнинг иш ҳақи ёки бошқа даромади олдиндан тўланган алиментлар суммасига нисбатан кўпроқ миқдорда тўлаш имконини берса, ундирувчи алиментлар олдиндан тўланган давр якунлангунга қадар қарздор учун алимент мажбуриятларининг умумий тартибини белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Мазкур ариза суд томонидан суд қарорларини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Алимент мажбуриятларини умумий тартибда белгилаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, олдиндан тўланган алимент тўловлари қайтарилмайди, умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент ҳисобига ўтказилади. Бунда давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро чоралари умумий тартибда қўлланилади.
Алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган судга тақдим қилинади.
Агар алимент ундируви нотариал тасдиқланган келишув бўйича амалга оширилган бўлса, ариза ижро иш юритишни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туман (шаҳар) судига берилади.
Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).
Аризага мазкур Низом талабларига риоя қилган ҳолда тузилган гаров шартномаси, шунингдек, Бюро томонидан алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши шарт.
Зарурат бўлганда, аризага қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариши учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун тузилади.
Бунда, гаров шартномасида қарздорнинг (гаровга қўювчининг) амалга оширган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти кўрсатилиши шарт.
Гаров шартномаси ушбу Низомдаги иловада келтирилган намунавий шаклга мувофиқ тузилади.
Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 52-моддасига асосан ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк гаров предмети бўла олмайди.
Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланади.
Гаров ҳуқуқи шартнома нотариал тасдиқланган пайтдан бошлаб, мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлса – рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Агар гаров предмети қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ гаровга қўювчида сақланиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи гаров предмети топширилган пайтда вужудга келади, агар топшириш шартнома тузишдан олдин амалга оширилган бўлса – нотариал тасдиқланган (рўйхатдан ўтказилган) пайтдан бошлаб вужудга келади.
Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.
Гаров предмети қиймати тарафлар келишувига биноан аниқланади.
Тарафлар келишувига асосан гаров предмети қийматини баҳолаш тегишли баҳолаш ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.
Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаровга қўйилган мол-мулкнинг, қайта гаровга қўйилишига йўл қўйилмайди, мазкур масала гаров шартномасида акс эттирилади.
Алимент тўловларидан қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун қарздор ижро иши юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига ариза билан (шу жумладан, электрон почта орқали) мурожаат қилади.
Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент миқдорлари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларни, шу жумладан чет элда олинган даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани бериш тўғрисидаги ариза мазкур Низомда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.
Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартибда кўриб чиқади.
Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш асослари қуйидагилар бўлиб ҳисобланади: мазкур Низомга кўра аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларнинг йўқлиги ёки уларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқ эмаслиги; алимент тўловлари бўйича тўланмаган қарздорликнинг мавжудлиги; алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш вояга етмаган болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари жиддий бузилишига ёхуд уларнинг таъминот шароитлари ёмонлашувига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаш учун асосларнинг мавжудлиги; умумий тартибда алимент тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги; қарздор алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш имкониятидан алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент суммасини кам тўлаш мақсадида фойдаланаяпти деб ҳисоблаш учун асослар мавжудлиги; қонунчиликда белгиланган бошқа асосларнинг мавжудлиги.
Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш бўйича ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш якунлари юзасидан уни рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади.
Суднинг алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш бўйича ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши шарт: алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга рухсат бериш, шунингдек алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда гаров предметига қаратиш талаби; гаров тариқасида топширилаётган мол-мулкнинг номи, алоҳида хусусиятлари, сони ва қиймати, жойлашган жойи; гаров шартномасида қарздорнинг амалга оширилган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти; алимент мажбуриятларини бажаришнинг бошқа шартлари.
Давлат ижрочиси ижро иши юритишида бўлган ижро ҳужжати бўйича қабул қилинган ажримга ижро ҳужжати бериш талаб этилмайди.
Давлат ижрочиси ижро ҳужжати ижроси усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни олгандан сўнг, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чекловларни, шу жумладан қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.
Ижро ҳужжати ижроси усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров билан ўзгартириш тўғрисидаги суднинг ажримига асосан қарздорга алимент тўловларини ихтиёрий тўлаш имконияти берилиб, мажбурий ижро чоралари қўлланилмайди.
Қарздор томонидан кетма-кет икки ой давомида алимент тўловлари тўланмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувни гаров предметига қаратиш чораларини кўради. Шунингдек, алимент тўловларини тўлиқ тўламаслик ҳам тўланмаган алимент ҳисобланади.
Гаров предметини сотувга чиқаришнинг бошланғич баҳоси ижро ҳужжати ижро усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги суднинг ажримида кўрсатилган қиймат билан белгиланади.
Суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажрими бекор қилинган тақдирда кейинги мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.
Бунда гаров шартномаси тарафлар келишуви ёки қонунчиликда белгиланган асосларга кўра суд қарорига асосан тугатилади.
Ундирувни гаров предметига қаратиш натижасида келиб тушган маблағлар, Бюронинг тегишли туман (шаҳар) бўлими депозит ҳисобрақамига ўтказилади, мазкур маблағ ҳисобидан ойма-ой алимент тўловлари амалга оширилади.
Фарзандлар вояга етгунига қадар тўланган алимент тўловларидан ортган қисми қарздорга қайтарилади.
Гаров предмети сотилмаганда ва гаровга олувчи қарз ҳисобига гаров предметини ўзига олишни рад этганда гаров шартномаси тугатилади.
Бунда давлат ижрочиси алимент бўйича қарздорликни қарздорга тегишли бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш чораларини кўради.
Судларнинг эътибори болаларнинг соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етишида ота-оналар масъуллигига ва улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур эканлигига, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент фақат суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи чиқариш орқали ундирилишига;
алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланишини назарда тутган ҳолда, қонунларга қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилсин.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва Фуқаролик процессуал кодексларининг талабларига кўра, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида судга боланинг ота ёки онаси, васийлик ва ҳомийлик органлари, васий ёки ҳомий шахс, болалар тарбия муассасалари ҳамда прокурор мурожаат қилиши мумкин.
Бундай мурожаатлар Ўз.Рес.ФПКнинг 170-173-моддаларида кўрсатилган тартибда суд буйруғи чиқариш тўғрисида ариза кўринишида ёки ФПКнинг 188-191-моддалари талабдарига риоя этган ҳолда даъво ишларини юритиш тартибида берилади.
Оила кодексининг 81-моддаси 2-қисмига кўра, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Шу муносабат билан судларга тушунтирилсинки, агарда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишида болага алимент ундириш масаласи ҳал қилинмаган бўлса, алимент ундириш юзасидан ваколатли шахс даъво (ариза) билан мурожаат қилиши мумкин.
Оила кодексининг 165-моддасида фарзандликка олинганлар ва уларнинг ота-онаси (ота-онасининг қариндошлари) бир-бирларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқларини йўқотишлари ҳамда ўзаро мажбуриятлардан озод бўлишлари белгиланганлиги сабабли фарзандликка олинганларнинг таъминоти учун ота-онасидан алимент ундирилмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ҳам, даъво ариза ҳам судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгарнинг яшаш жойи бўйича берилади, шунингдек, ФПКнинг 26-моддасига мувофиқ аризачи ёки даъвогарнинг ўзи яшаб турган жойда ҳам тақдим этилиши мумкин.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза, шунингдек, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида даъво ариза берганлик учун давлат божи Солиқ кодексининг 329-моддасига мувофиқ ундирилмайди.
Судлар алимент миқдорини камайтириш, алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъво аризаларини қабул қилишда ҳамда алимент ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ёки буйруқ қабул қилишда давлат даромадига ундириладиган давлат божи миқдорини белгилашда ФПКнинг 138-моддаси талаблари ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 14-сонли қарори тушунтиришларига асосланишлари лозим.
Алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқаришда, агар қарздор шу вақтда ишламаса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, давлат божи Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.
Судларнинг эътибори боланинг таъминот олишга бўлган ҳуқуқини суд буйруғи чиқариш орқали таъминлашнинг аҳамияти катта эканлигига, ушбу тартибда, яъни ФПКга асосан алимент ундириш масаласи ФПКнинг 2387-моддаси талабида 3 кун ичида ҳал этилишини назарда тутиб, мазкур институт ваколатларидан амалда кенг фойдаланишга қаратилсин.
Алимент миқдорини тўғри белгилаш, бунда Оила кодексининг 99-моддасига кўра, ота-оналардан вояга етмаган болаларга алимент ундиришда суд алимент миқдорини ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг муайян қисмида (1/4, 1/3, 1/2) белгилаши лозимлиги, шунингдек, ушбу тўловлар миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкинлиги судларга тушунтирилсин.
Мазкур ҳолатда ҳам камайтирилган ёки кўпайтирилган алимент миқдори фоизда эмас, балки иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромаднинг муайян қисмида белгиланиши лозим.
Оила кодексининг 100-моддасида ота-онанинг вояга етган болаларига алимент тўлаши белгиланган бўлиб, бунда судлар қонун талабига кўра, вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатли ёки лаёқатсизлиги ҳамда моддий ёрдамга муҳтожлиги ёки муҳтож эмаслигини аниқлашга эътибор қаратишлари лозим.
Судга мурожаат қилган тараф вояга етган боланинг меҳнатга лаёқатсизлиги ва ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида далил (ногиронлик ҳақида ТМЭК ёки бошқа ваколатли орган хулосаси, моддий аҳволи тўғрисида маълумот ва бошқа) тақдим этиши лозим. Ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигига эса тегишли маълумотлар асосида суднинг ўзи баҳо бериши лозим.
Судлар алимент ундиришда болаларнинг меҳнатга лаёқатлилигини йўқотилганлик даражаси ва уларнинг ҳақиқатдан муҳтож эканлигини, тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини эътиборга олишлари керак.
Оила кодексининг 101-моддаси талабига мувофиқ, ота-онадан вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ундириладиган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Бунда алимент миқдорини аниқлашда, суд алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволидан келиб чиқиши, яъни суд томонидан белгиланган миқдор асослантирилган бўлиши лозим.
Судлар алимент миқдорини аниқлашда, Оила кодексининг 102-моддасида белгиланган тартибга қатъий риоя этишлари, суд ҳал қилув қарорида алимент миқдори ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромаднинг муайян қисмида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланганлиги сабабини кўрсатиши лозим.
Боланинг таъминоти учун қўшимча харажатларни ундириш масаласини ҳал этишда, судлар Оила кодексининг 103-моддасида қайд этилган қўшимча харажат қандай фавқулодда ҳолатлар (болаларнинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар)да келиб чиққанлигини ҳамда бу бола таъминоти учун зарурлигини кўрсатиши ва уларнинг оилавий ва (ёки) моддий аҳволини ҳисобга олиб, қисман пул билан тўланадиган қўшимча харажатларнинг қатъий миқдорини аниқлаши лозим.
Оила кодексининг 142-моддаси 2-қисмида, суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлаши белгиланган.
Мазкур нормадан келиб чиққан ҳолда судлар, неустойка тўлаш мажбурияти, агарда алимент суднинг қарори (буйруғи)га кўра ундирилган бўлса, юзага келиши, алимент тўлаш тўғрисида келишув бажарилмаган тақдирда эса жавобгарлик Фуқаролик кодексининг 327-моддасига кўра юзага келишини инобатга олишлари лозим.
Алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса юзага келиши, агарда шу шахснинг айби бўлмаса (масалан, ўз вақтида иш ҳақи олмаганлиги, алимент суммалари нотўғри ўтказилганлиги ва ҳ.к.) жавобгарлик юзага келмаслигини судлар эътиборда тутишлари керак.
Алимент ундириш тўғрисидаги суд қарори ижроси жараёнида алимент бўйича қарз вужудга келиши сабабли неустойка миқдорини ҳисоблаш ва ундириш суд ижрочилари томонидан амалга оширилиши судларга тушунтирилсин. Алимент тўлаш тўғрисида келишув бажарилмаган, алимент бўйича қарз вужудга келган тақдирда эса алимент ундирувчи банк фоизларини ундириш юзасидан судга даъво билан мурожаат этиши мумкин.
Оила кодексининг 144-моддасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарорига асосан пул билан тўланадиган қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш алиментлар ушлаб қолинаётган жойда қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам ойлик иш ҳақига мутаносиб равишда амалга оширилади.
Индексация қилиш мақсадида алиментнинг миқдори суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Шунга кўра, қатъий суммада ундирилиши лозим бўлган алимент миқдори суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда пул билан тўланадиган қатъий суммада (энг кам ойлик иш ҳақининг тенг ярми, бир баравари, бир ярим баравари ва ҳоказо) белгиланиши лозим.
Судларнинг эътибори суд қарорига (буйруғига) асосан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг муайян қисмида ундирилаётган алиментни қатъий суммада ёки бир вақтда муайян қисмда ва қатъий суммада ундириш тўғрисидаги манфаатдор тарафнинг талаби ФПКнинг 216-моддаси тартибида эмас, даъво иш юритувида кўрилиши лозимлигига қаратилсин. Чунки бу ҳолатда суд қарорини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш эмас, балки алимент миқдорини ўзгартириш тўғрисида масала ҳал этилади.
Судларга тушунтирилсинки, қарздор алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида арз қилинган талабга қарши эътироз билдирса, ФПКнинг 23810-моддаси тартибида суд буйруғи бекор қилиниши лозим.
Суд буйруғи ФПКнинг 23811-моддасига асосан ижрога қаратилганидан ўн кун муддат ўтганидан сўнг билдирилган эътирозлар муддатни тиклаш ҳақида ариза мавжуд бўлмаса, суд томонидан кўрилмайди ва аризачига қайтарилади.
Агар суднинг бола таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки буйруғи ижро этилиши вақтида бола алимент тўлаётган ота(она)нинг тарбияси ва қармоғига ўтган бўлса, ундирувчи эса, алимент олишдан воз кечмаган бўлса, кейинги тўланадиган алиментдан озод қилиш масаласи ота(она) томонидан тегишли тартибида қўзғатилган даъво асосида суд томонидан ҳал этилишига;
агар ундирувчи юқорида қайд этилган ҳолатларда алиментдан воз кечса, ижро иш юритуви «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 2-қисмини 1-бандига асосан тугатилиши лозимлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Алимент миқдорини камайтириш ёки алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъволар ФПКнинг 145-моддасига кўра, жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун ундирилаётган алимент миқдори суднинг ҳал қилув қарорига кўра, ўзгарган тақдирда алиментнинг янги миқдорда ундирилиши суднинг бу ҳақдаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан амалга оширилади.
Оила кодексининг 105, 115-моддаларида белгиланган ҳолатларда алимент миқдорини камайтириш, алимент тўлашдан озод қилиш ҳамда суднинг бир неча қарорлари бўйича ундириладиган алимент миқдорини белгилаш тўғрисидаги аризаларни ҳал этишда, мазкур ишларни кўришда барча ундирувчилар жалб қилиниши лозим.
Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга таъминот бериш мажбуриятлари белгиланган Оила кодексининг 122-моддасига мувофиқ, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахсларга таъминот бериш суд томонидан уларнинг қариндошлари:. бобо, буви, невара, ака-ука, опа-сингил, шунингдек ўгай ота ва ўгай она, ўгай ўғил ва ўгай қиз ҳамда доимий тарбияда бўлган шахслар зиммасига юклатилиши мумкин.
Бунда, судлар алимент миқдорини, қарздорнинг ҳамда ундирувчи (даъвогар)нинг моддий ва оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгилашлари лозим.
Вояга етмаган бола ота-она қармоғидан олиниб, болалар тарбия муассасасига жойлаштирилган ҳар қандай ҳолатда, болаларга таъминот беришда ота-она мажбуриятларининг тенглигидан келиб чиқиб, Оила кодекси 107-моддасига асосан ота-онасининг ҳар биридан алимент боланинг фойдасига ундирилиб, бола номига очилган банк ҳисоб-варағида жамланади.
Оила кодексининг 136-моддаси 4-қисмига кўра, агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Алимент тўлашдан бош тортиш деганда, шахснинг алимент тўлаш мажбуриятини айбли равишда бажармаслиги, хусусан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги таклифни рад этиш, турар жойини ва (ёки) иш жойини яшириш тушунилиши судларга кўрсатиб ўтилсин.
Судлар, алимент ундириш ҳақидаги ишлар бўйича даъвогарнинг даъводан воз кечиши ва тарафларнинг келишув битимини тузиши сабабли иш юритишни тугатишда, бу ҳолат боланинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид ёки зид эмаслигига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
Суднинг ҳал қилув қарорига биноан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахс томонидан жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент тўламаслик ҳолати аниқланса, суд ФПКнинг 19-моддасида белгиланган тартибда жиноят ишини қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилиши шарт.

Азиз Шарипов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг судьяcи

Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Meros huquqiga bog‘liq nizolarni ko‘rishning o‘ziga xos xususiyatlari

O‘zbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining V bo‘limida “Vorislik huquqi” bilan bog‘liq ijtimoiy munosabatlar tartibga solingan bo‘lib, unda vorislik asoslari, meros tarkibi, umumiy birgalikdagi mulk bo‘lgan mol-mulkni meros qilib olish, dehqon xo‘jaligi yer uchastkasiga egalik qilish huquqini meros qilib olish, merosning ochilishi, merosning ochilish joyi, merosxo‘rlar, noloyiq merosxo‘rlarni merosdan chetlatish va vorislik huquqi bilan bog‘liq munosabatlar tartibga solingan.
Vorislik – fuqarolik huquqining muhim instituti hisoblanadi. Fuqaro vafot etgan taqdirda, uning mol-mulki va mulkiy huquq majburiyatlarining merosxo‘rlarga o‘tishi asoslari, tartibi va shartlarini belgilaydi. Meros qoldiruvchi hayotligida ega bo‘lgan mulk, mulkiy huquq va majburiyatlarining merosxo‘rlarga o‘tishi bilan bog‘liq huquqiy munosabatlar vorislik huquqi normalari bilan tartibga solinadi va uning predmeti hisoblanadi. Merosxo‘rlarga o‘tishi mumkin bo‘lgan mulk va mulkiy huquq majburiyatlarining jamisi merosni tashkil qiladi.
O‘zbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksini 1113-moddasiga ko‘ra, meros ochilgan paytda meros qoldiruvchiga tegishli bo‘lgan, uning o‘limidan keyin ham bekor bo‘lmaydigan barcha huquq va majburiyatlar meros tarkibiga kiradi.
Meros qoldiruvchining shaxsi bilan chambarchas bog‘liq bo‘lgan huquq va majburiyatlar:
yuridik shaxs hisoblangan tijorat tashkilotlari va boshqa tashkilotlarga a’zolik, ularda ishtirok etish huquqlari, agar qonun yoki shartnomada boshqa hol belgilangan bo‘lmasa;
hayotga yoki sog‘liqqa yetkazilgan zarar uchun tovon undirish huquqi;
aliment majburiyatlari tufayli yuzaga kelgan huquqlar va majburiyatlar;
mehnat va ijtimoiy ta’minot to‘g‘risidagi qonunchilik asosida pensiya, nafaqa va boshqa to‘lovlar olish huquqi;
mulkiy huquqlar bilan bog‘liq bo‘lmagan shaxsiy nomulkiy huquqlar meros tarkibiga kirmaydi.
Meros qoldiruvchiga tegishli bo‘lgan shaxsiy nomulkiy huquqlar va boshqa nomoddiy boyliklar merosxo‘rlar tomonidan amalga oshirilishi va himoya qilinishi mumkin.
Meros fuqaroning o‘limi yoki uning sud tomonidan vafot etgan deb e’lon qilinishi oqibatida ochiladi. Meros qoldiruvchining o‘lgan kuni (zarurat bo‘lganda payti ham), u vafot etgan deb e’lon qilinganda esa, agar sudning qarorida boshqa muddat ko‘rsatilgan bo‘lmasa, vafot etgan deb e’lon qilish to‘g‘risidagi sudning qarori kuchga kiradigan kun meros ochilgan vaqt deb hisoblanadi. Agar biridan keyin boshqasi meros olishga haqli bo‘lgan shaxslar bir kalendarь sutka (yigirma to‘rt soat) ichida vafot etgan bo‘lsalar, ular bir vaqtda vafot etgan deb hisoblanadilar, meros ularning har biridan keyin ochiladi va ulardan har birining merosxo‘rlari vorislikka chaqiriladilar. Meros qoldiruvchining oxirgi doimiy yashab turgan joyi merosning ochilish joyi hisoblanadi. Agar meros qoldiruvchining oxirgi yashab turgan joyi noma’lum bo‘lsa, meros qoldiruvchiga tegishli bo‘lgan ko‘chmas mulk yoki uning asosiy qismi turgan joy, ko‘chmas mulk bo‘lmagan taqdirda esa, ko‘char mulkning asosiy qismi turgan joy meros ochilgan joy deb hisoblanadi.
Meros ochilgan paytda hayot bo‘lgan fuqarolar, shuningdek meros qoldiruvchining hayotlik paytida homila holida bo‘lgan va meros ochilgandan keyin tirik tug‘ilgan bolalari vasiyat va qonun bo‘yicha merosxo‘r bo‘lishlari mumkin. Meros ochilgan paytda tuzilib bo‘lgan yuridik shaxslar, shuningdek davlat va fuqarolarning o‘zini o‘zi boshqarish organlari ham vasiyat bo‘yicha merosxo‘r bo‘lishlari mumkin.
Fuqarolik kodeksining 1112-moddasiga ko‘ra, vorislik vasiyat va qonun bo‘yicha amalga oshiriladi.
Vasiyat va qonun bo‘yicha vorislar sifatida, jumladan, meros ochilgan paytda hayot bo‘lgan shaxslar, shuningdek meros qoldiruvchining hayotligi paytida homila holida bo‘lib, meros ochilgandan so‘ng tirik tug‘ilgan bolalari bo‘lishi mumkin.
Fuqaroning o‘ziga tegishli mol-mulkni yoki bu mol-mulkka nisbatan huquqini vafot etgan taqdirda tasarruf etish xususidagi xohish-irodasi vasiyat deb e’tirof qilinadi.
Fuqaro o‘zining barcha mol-mulkini yoki uning muayyan qismini qonun bo‘yicha merosxo‘rlar doirasiga kiradigan, shuningdek kirmaydigan bir yoki bir necha shaxsga, shu bilan birga yuridik shaxslarga, davlatga yoki fuqarolarning o‘zini o‘zi boshqarish organlariga vasiyat qilishi mumkin. Vasiyat qiluvchi qonun bo‘yicha merosxo‘rlardan bittasini, bir nechasini yoki hammasini izoh bermagan holda merosdan mahrum qilishga haqli. Qonun bo‘yicha merosxo‘rni merosdan mahrum etish, agar vasiyatnomadan boshqa hol kelib chiqmasa, bu vasiyat qiluvchining taqdim etish huquqi bo‘yicha vorislik qiladigan avlodlariga nisbatan tatbiq etilmaydi. Meros qoldiruvchi har qanday mol-mulk to‘g‘risidagi farmoyishni o‘z ichiga oladigan vasiyatnoma tuzishga haqli. Meros qoldiruvchi vasiyat qilayotgan paytida o‘ziga tegishli bo‘lmagan mol-mulk to‘g‘risidagi farmoyishni o‘z ichiga oladigan vasiyatnoma tuzishga haqli. Agar meros ochilgan paytga kelib, bunday mol-mulk unga tegishli bo‘lib qolsa, tegishli farmoyish haqiqiy hisoblanadi. Meros qoldiruvchi vasiyatnoma tuzilganidan keyin uni istagan paytda bekor qilish va o‘zgartirish borasida erkin bo‘lib, bunda bekor qilish yoki o‘zgartirish sabablarini ko‘rsatishga majbur emas. Meros qoldiruvchi o‘zi vasiyatnomada merosxo‘r etib tayinlagan shaxslarga, o‘z navbatida vafot etishlari ehtimoli bilan o‘zlariga vasiyat qilingan mol-mulkni muayyan tarzda tasarruf etish xususida ko‘rsatma berish majburiyatini yuklashga haqli emas.
Fuqarolik kodeksining 1124-moddasida, “Vasiyatnomaning shakliga doir umumiy qoidalar” belgilangan bo‘lib, vasiyatnoma yozilgan joyi va vaqti ko‘rsatilgan holda yozma shaklda tuzilishi lozim.
Quyidagi vasiyatnomalar yozma shaklda tuzilgan hisoblanadi:
notarial tasdiqlangan vasiyatnomalar;
notarial tasdiqlangan vasiyatnomalarga tenglashtirilgan vasiyatnomalar.
Yozma shakldagi vasiyatnoma vasiyat qiluvchining o‘z qo‘li bilan imzolanishi lozim.
Agar vasiyat qiluvchi jismoniy nuqsonlari, kasalligi yoki savodsizligi tufayli vasiyatnomani o‘z qo‘li bilan imzolay olmasa, uning iltimosiga binoan notarius yoki qonunga muvofiq vasiyatnomani tasdiqlaydigan boshqa shaxs hozir bo‘lganida vasiyat qiluvchi o‘z qo‘li bilan imzolay olmaganligining sabablari ko‘rsatilgan holda vasiyatnomaga boshqa shaxs imzo qo‘yishi mumkin.
Quyidagilar vasiyat qiluvchining o‘rniga vasiyatnomani imzolashi mumkin emas:
notarius yoki vasiyatnomani tasdiqlovchi boshqa shaxs;
vasiyatnoma kimning foydasiga tuzilgan yoki kimga nisbatan vasiyat majburiyati yuklatilgan bo‘lsa, o‘sha shaxs, uning eri (xotini), bolalari, ota-onasi, nevaralari va chevaralari, shuningdek vasiyat qiluvchining qonun bo‘yicha merosxo‘rlari;
to‘liq muomala layoqatiga ega bo‘lmagan fuqarolar;
savodsizlar va vasiyatnomani o‘qiy olmaydigan boshqa shaxslar;
yolg‘on guvohlik berganlik uchun muqaddam sudlangan shaxslar.
Qonun bo‘yicha merosxo‘rlar vorislikka Fuqarolik Kodeksning 1135 ––1141-moddalarida nazarda tutilgan navbat tartibida chaqiriladilar.
Qonun bo‘yicha vorislikda farzandlikka olingan shaxs va uning avlodlari, bir tarafdan, farzandlikka oluvchi shaxs va uning qarindoshlari, ikkinchi tarafdan, tug‘ishgan qarindoshlarga tenglashtiriladilar.
Vorislar qonun bo‘yicha birinchi navbatdagi vorislar, qonun bo‘yicha ikkinchi navbatdagi vorislar, qonun bo‘yicha uchinchi navbatdagi vorislar, qonun bo‘yicha to‘rtinchi navbatdagi vorislar, qonun bo‘yicha beshinchi navbatdagi vorislarga bo‘linadi. Qonun bo‘yicha vorislarning har bir navbati avvalgi navbatdagi merosxo‘rlar bo‘lmagan, merosdan chetlashtirilgan, merosni qabul qilmagan yoxud undan voz kechgan taqdirda vorislik huquqiga ega bo‘ladi.
Shuningdek, Meros qoldiruvchining voyaga yetmagan yoki mehnatga qobiliyatsiz bolalari, shu jumladan farzandlikka olgan bolalari, shuningdek mehnatga qobiliyatsiz eri (xotini) va ota-onasi, shu jumladan uni farzandlikka olganlar, vasiyatnomaning mazmunidan qat’i nazar, qonun bo‘yicha voris bo‘lganlarida ulardan har biriga tegishi lozim bo‘lgan ulushning kamida yarmini (majburiy ulush) meros qilib oladilar. Majburiy ulush olish huquqiga ega bo‘lgan merosxo‘r biron-bir asos bo‘yicha merosdan oladigan hamma narsa, shu jumladan oddiy uy jihozlari va ro‘zg‘or buyumlaridan iborat mol-mulkning qiymati ham, bunday merosxo‘r foydasiga qilingan vasiyat majburiyatining qiymati ham majburiy ulushga qo‘shiladi. Merosdan majburiy ulush olish huquqiga ega bo‘lgan merosxo‘r uchun vasiyatnomada belgilangan har qanday cheklashlar va shartlar unga tegadigan merosning majburiy ulushdan ortiqcha qismiga nisbatangina haqiqiydir.
Vorislik munosabatlaridan kelib chiqadigan nizolarning o‘z vaqtida va to‘g‘ri hal etilishi mulk daxlsizligi va meros huquqi qo‘riqlanishiga doir konstitutsiyaviy kafolatlar (O‘zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 36-moddasi) ta’minlanishining o‘ta muhim vositasi hisoblanadi.
Meros tarkibiga faqat meros qoldiruvchiga qonuniy asoslarda tegishli bo‘lgan mulk kirishi tufayli, o‘zboshimchalik bilan qurilgan yoki tegishli tarzda rasmiylashtirilmagan imoratlar meros tarkibiga faqat marhumning mazkur imoratlarga nisbatan mulk huquqi belgilangan tartibda e’tirof etilgan holda kiritiladi.
Meros qoldiruvchi tomonidan tuzilgan oldi-sotdi, ayirboshlash, hadya va shu kabi bitimlar uning o‘limidan so‘ng haqiqiy emas deb topilganda, qaytarilgan mulk ham meros tarkibiga kiritiladi.
Birgalikdagi umumiy mulk ishtirokchisi vafot etgan taqdirda meros uning hissasiga to‘g‘ri keladigan umumiy mol-mulkka nisbatan, mol-mulkni natura holida bo‘lishning iloji bo‘lmaganda esa, bunday ulushning qiymatiga nisbatan ochiladi.
Fuqarolik kodeksining 1119-moddasi birinchi qismiga ko‘ra, noloyiq merosxo‘r deb topilishi mumkin bo‘lgan shaxslarning vorisligiga oid nizolarni ko‘rishda shuni nazarda tutish lozimki, ularning qonuniy kuchga kirgan sud hukmi bilan aniqlangan, vorislikka chaqirilishga imkon yaratgan qonunga xilof harakatlari, faqat bu harakatlar qasddan sodir etilgandagina merosdan mahrum etish uchun asos bo‘ladi.
Ehtiyotsizlik orqasida sodir etgan jinoyati uchun sudlangan shaxsga nisbatan Fuqarolik kodeksining 1119-moddasida nazarda tutilgan qoida qo‘llanilmaydi.
Merosxo‘r faqat sudning hal qiluv qaroriga ko‘ra va faqat merosdan chetlatish o‘zi uchun vorislik bilan bog‘liq mulkiy oqibatlar tug‘diradigan shaxsning da’vosi bo‘yicha noloyiq deb topilishi va merosdan chetlatilishi mumkin.
Vasiyatnoma haqiqiy emas deb topilgan hollarda, unda merosxo‘r tariqasida ko‘rsatilgan, biroq tegishli navbatdagi qonun bo‘yicha merosxo‘rlar doirasiga kiradigan shaxs umumiy asoslarda qonun bo‘yicha vorislik huquqidan mahrum etilmaydi.
Bunday hollarda, sud tomonidan haqiqiy emas deb topilgan vasiyatnomaga ko‘ra merosdan mahrum etilgan qonun bo‘yicha merosxo‘r ham umumiy asoslarda vorislik huquqiga ega bo‘ladi.
Vasiyatnoma qonunda belgilangan tartibda tuzilgan va vasiyat qiluvchining vafotidan so‘ng muayyan oqibatlar kelib chiqishini nazarda tutuvchi bir tomonlama bitim hisoblanadi.
Qonunga binoan vasiyat qiluvchi o‘z mulkini to‘liq yoki qisman har qanday shaxs yoxud bir necha shaxsga, shuningdek yuridik shaxslarga, fuqarolarning o‘zini o‘zi boshqarish organlariga yoxud davlatga vasiyat qilishi, yoinki bir, bir necha yoki barcha qonun bo‘yicha merosxo‘rlarni merosdan mahrum qilishi mumkin.
Vasiyatnomani haqiqiy emas deb topishga oid da’volarni ko‘rishda, sudlar Fuqarolik kodeksining bitimlarni haqiqiy emas deb topish uchun asoslarni nazarda tutuvchi normalariga amal qilishlari lozim.
Meros qoldiruvchi tomonidan zimmasiga biror bir majburiyat bajarilishi yuklatilgan vasiyatnoma bo‘yicha merosxo‘r va vasiyat majburiyati yuzasidan huquq oluvchi o‘rtasidagi nizolarni ko‘rishda, sudlar FK 1132-moddasi talablariga rioya etishlari lozim.
Vasiyatnoma va uning asosida berilgan merosga bo‘lgan huquq to‘g‘risidagi guvohnoma faqat sudning hal qiluv qarori bilan haqiqiy emas deb topilishi mumkin. Bunday talablar bo‘yicha sud tomonidan kelishuv bitimi tasdiqlanishiga, u qonunga zid bo‘lishi tufayli yo‘l qo‘yilmaydi.
Qonunchilikka ko‘ra, vasiyat qoldiruvchining merosdan majburiy ulush olish huquqiga ega bo‘lgan voyaga yetmagan yoki mehnatga qobiliyatsiz (shu jumladan, farzandlikka olingan) bolalari, uning mehnatga qobiliyatsiz eri(xotini) va ota-onasi (farzandlikka oluvchilari) ham qonun bo‘yicha merosxo‘r bo‘ladilar. Bu o‘rinda shuni nazarda tutish lozimki, taqdim qilish huquqi bo‘yicha merosxo‘rlar, meros qoldiruvchining mehnatga qobiliyatsiz boqimlari, ikkinchi va undan keyingi navbatdagi vorislar majburiy ulush olish huquqiga ega emas.
Majburiy ulush belgilashda qonun bo‘yicha vorislikka chaqirilishi mumkin bo‘lgan barcha merosxo‘rlar inobatga olinishi va meros tarkibiga kiruvchi barcha mol-mulkdan kelib chiqilishi lozim.
Merosxo‘rga majburiy ulush tayinlashda u meros tariqasida biron-bir asosga ko‘ra olayotgan barcha narsa, shu jumladan oddiy uy jihozlari va ro‘zg‘or buyumlaridan iborat mol-mulkning qiymati ham, bunday merosxo‘r foydasiga qilingan vasiyat majburiyatining qiymati ham inobatga olinadi.
Quyidagi hollarda ham qonun bo‘yicha vorislik mavjud bo‘ladi:
taqdim qilish huquqi bo‘yicha vorislik;
meros transmissiyasi tartibida vorislik;
meros qoldiruvchining mehnatga qobiliyatsiz boqimlari tomonidan vorislik.
Taqdim qilish huquqi bo‘yicha vorislik qonun bo‘yicha merosxo‘r meros ochilgunga qadar vafot etgan taqdirda, unga tegishli ulush uning avlodlariga o‘tishini nazarda tutadi. Bunda ulush taqdim qilinayotgan qonun bo‘yicha merosxo‘r bilan birdek darajada qarindosh bo‘lgan avlodlar o‘rtasida teng taqsimlanadi. Masalan, agar o‘g‘il (qiz) otasi yoki onasidan oldin vafot etgan bo‘lsa, uning bolalari bobosi yoki buvisining vafotidan so‘ng qolgan merosga nisbatan taqdim qilish huquqi bo‘yicha merosxo‘r bo‘ladi.
Qonun bo‘yicha marhum merosxo‘rning eri(xotini) taqdim qilish huquqi bo‘yicha voris bo‘la olmaydi.
Meros transmissiyasi tartibida vorislik vasiyatnoma yoki qonun bo‘yicha vorislikka chaqirilgan merosxo‘r (transmittent) meros ochilganidan keyin, lekin uni qabul qilib olishga ulgurmasdan vafot etgan hollarda amalga oshiriladi. Bunday hollarda unga tegishi kerak bo‘lgan merosni qabul qilib olish huquqi uning qonun bo‘yicha merosxo‘rlariga, agar barcha meros mol-mulk vasiyat qilingan bo‘lsa, uning vasiyat bo‘yicha merosxo‘rlariga (transmissarlariga) o‘tadi.
Meros transmissiyasi quyidagi shartlarda vujudga keladi:
meros ochilgan paytda vorislik huquqiga ega bo‘lgan vasiyat yoki qonun bo‘yicha merosxo‘rning borligi;
vasiyat yoki qonun bo‘yicha merosxo‘r merosni qabul qilib olishga ulgurmasdan vafot etganligi sababli uning merosdagi ulushi taqdirini hal qilish zarurati paydo bo‘lganligi;
vafot etgan merosxo‘r uning merosxo‘rlari bilan almashtirilishi mumkinligi.
Mehnatga qobiliyatsiz shaxslarni qonun bo‘yicha merosxo‘r deb topish uchun bir vaqtning o‘zida ikki holatning mavjud bo‘lishi, ya’ni bunday shaxslarning bir yildan kam bo‘lmagan muddat ichida meros qoldiruvchining qaramog‘ida bo‘lishi va meros qoldiruvchi bilan uning vafotiga qadar bir yildan kam bo‘lmagan muddat ichida birga yashagan bo‘lishi talab etiladi.
Ikkinchi, uchinchi va to‘rtinchi navbatdagi qonun bo‘yicha merosxo‘rlar doirasiga kiruvchi mehnatga qobiliyatsiz shaxslarga kelganda esa, ular vorislikka chaqirilishi uchun faqat ularning meros qoldiruvchi vafotiga qadar uning qaramog‘ida bir yildan kam bo‘lmagan muddat ichida bo‘lganligini aniqlashning o‘zi kifoya.
Mehnatga qobiliyatsiz shaxsni meros qoldiruvchining qaramog‘ida bo‘lgan deb topish uchun bunday shaxs meros qoldiruvchining to‘liq ta’minotida bo‘lganligi yoki undan olib turilgan moddiy yordam uning hayot kechirishi uchun asosiy va doimiy manba bo‘lganligi fakti aniqlanishi lozim. Meros qoldiruvchining qaramog‘ida bo‘lganlik fakti fuqarolarning o‘zini o‘zi boshqarish organi, ish (xizmat) joyi ma’muriyati, ijtimoiy ta’minot bo‘limi tomonidan berilgan hujjatlar, shuningdek guvohlarning ko‘rsatuvlari bilan tasdiqlanishi mumkin.
Merosga bo‘lgan huquq to‘g‘risidagi guvohnoma, vorislik vasiyat yoki qonun bo‘yicha ekanligidan qat’iy nazar, meros ochilgan kundan boshlab olti oy o‘tgandan so‘ng meros ochilgan joydagi notarius tomonidan beriladi.
Merosga bo‘lgan huquq to‘g‘risidagi guvohnomani olish merosxo‘rning majburiyati emas, balki huquqi bo‘lganligi sababli, qonunda merosxo‘r bunday guvohnoma berish to‘g‘risida ariza bilan murojaat qilishi shart bo‘lgan muddat belgilanmagan.
Merosdan voz kechish to‘g‘risida ariza bergan merosxo‘r keyinchalik uni bekor qilishi yoki qaytarib olishi mumkin emas. Bunday voz kechish faqat sudning hal qiluv qarori bilan va qonunda bitimlarni haqiqiy emas deb topish uchun belgilangan asoslarga ko‘ra haqiqiy emas deb topilishi mumkin.
Bayon etilganlardan ko‘rinadiki, vorislik masalalari hozirgi vaqtda ham dolzarb masala hisoblanadi.
Vorislik huquqi jamiyatning har bir a’zosiga mulklari, mulkiy huquq va majburiyatlari vasiyat yoki qonun bo‘yicha meros bo‘lib o‘tishi kafolatlanganligini tushungan holda yashashi va ishlashiga imkon yaratadi.

Gulsara Sattorova,
Fuqarolik ishlari bo‘yicha G‘ijduvon tumanlararo sudining sudyasi

Nurbek Raximov,
Buxoro viloyat sudining bosh konsultanti

ТИББИЁТ ХОДИМИНИНГ ҚОНУНИЙ ТИББИЙ ФАОЛИЯТИГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНИШИ ТЎҒРИСИДА

Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, шошилинч тиббий ёрдамни ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.

Шу билан бирга, охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бермоқда.

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги амалдаги кодексида хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1977-моддасида тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш яъни тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказишда – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши тўғрисидаги ўзгартиришлар киритилди.

Акрам Рахимов,

Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман судининг раиси

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят судининг бош консультанти

ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРНИНГ ХИЗМАТ ВАЗИФАЛАРИНИ БАЖАРИШИГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛИШИ ТЎҒРИСИДА

Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

Шу сабабли, 51-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди, яъни

«Худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

1975-модда: номидаги «Таълим муассасаси» деган сўзлар «Таълим ташкилоти» деган сўзлар билан алмаштирилди, яъни биринчи қисми қуйидагича:

«Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

иккинчи қисмининг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади»;

283-модданинг еттинчи қисмидаги «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим муассасасининг педагог ходими» деган сўзлар «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим ташкилотининг педагог ходими» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Баҳрилло Жабборов,

Жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг раиси

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят судининг бош консультанти

ФИРИБГАРГА ЖАЗО МУҚАРРАР

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ мулк унинг барча шаклларида дахлсиздир ва унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.

Фирибгарлик мулкка қарши қаратилган жиноятлар ичида энг кўп тарқалганларидан бири бўлиб, ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.

Судланувчи А.Д.Б муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланиб, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2023 йил 19 март куни ўзига олдиндан таниш бўлмаган Бухоро шаҳар А.Ғиждувоний кўчасида жойлашган “Карвон бозори”да юмшоқ мебеллар сотиш билан шуғулланувчи Асадов Фарруҳ Фаттоҳовичдан жами баҳоси 9.800.000 сўм бўлган оқ рангли “угалок” номли юмшоқ мебеллар тўпламини сотиб олиб, пулини 2 кун ичида беришни ваъда қилиб, алдаб, ушбу юмшоқ мебеллар тўпламини дастлабки тергов давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган ўзига нотаниш бўлган фуқарога сотиб, пулларни ўзининг манфаатлари йўлида сарфлаб юбориб, келишилган муддатда пулини бермасдан ишончни суистеъмол қилиб, жабрланувчи Ф.Асадовга 9.800.000 сўмлик моддий зарар етказган етказилган моддий зарарни иқтисодий аҳволи яхши бўлмаганлиги сабабли тўлай олмаганлиги онаси оғир касаллигини, зарарни тўлиқ қоплаб беришини, қилмишидан чин дилдагн пушаймонлигини ҳамда оилавий аҳволини инобатга олиб суд судланувчига нисбатан шахсига ва қилган жиноят ишига мос жазо тайинлади.

Нодирбек Шаропов,

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг раиси

Нурбек Рахимов,

            Бухоро вилоят судининг бош консультанти

ЯШАШ УЙИНИ ФОХИШАХОНАГА АЙЛАНТИРГАН ШАХСГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Судланувчи Р.М.Ҳ ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида, 2023 йил 11 февраль куни соат 20:10 ларда ўзига тегишли бўлган Бухоро шаҳар “Кўкалдош” МФЙ, “М.Улуғбек” кўчаси 6-уйда фуқаро У.О ва Д.Анинг жинсий алоқа қилиши учун хона ажратиб, шарт-шароит яратиб бериб, бунинг эвазига О.Удан 100.000 сўм миқдоридаги пулларни олиб, ғаразли ва бошқа паст ниятларда фоҳишахона ташкил қилган.
Шу куни соат 20:30 ларда, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ТҚХ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида М.Раҳматова ушланиб, ундан жами 100.000 сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Суд мажлисида судланувчи Р.М.Ҳ айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўз кўрсатувида, даслабки суриштирувда берган кўрсатувларини тасдиқлашини, 2023 йил 11 февраль куни соат тахминан 20:10 ларда ўз уйида, яъни Бухоро шаҳар “Кўкалдош” МФЙ, “М.Улуғбек” кўчаси 6-уйда уй-юмушлари билан шуғулланиб турган вақтида, унга у кейинчалик исмини билган О.У қўнғироқ қилиб, қизи борлигини, қизи билан бирга жинсий алоқа қилишлари учун уйидан жой ажратиб беришини сўраганлигини, шунда у О.Уга 100.000 сўм эвазига қизи билан бирга жийсий алоқа қилиши учун ўзиниг яшаш уйидан жой ажратиб беришини айтганлигини, бироздан сўнг О.Усмонов у кейинчалик исмини билган А.Дилиева билан бирга унинг яшаш уйига келганлигини, шунда О.Усмонов унга олдиндан келишилган 100.000 сўмни берганлигини, у О.Усмоновдан пулни олиб, ётоқхонага кириб жинсий алоқа қилиши мункинлигини айтганлигини, шунда О.Усмонов билан А.Дилиева жинсий алоқа қилиш учун ётоқхонага кириб кетганликларини, бироздан сўнг унинг яшаш уйига ИИБ ходимлари холислар иштирокида кириб келганликларини, ИИБ ходими ундан уйда ким борлиги тўғрисида сўраганида, у ИИБ ходимига уйида бир қиз ва йигит борлигини айтганлигини, шу вақтда О.Усмонов ва А.Дилиева ётоқхонадан чиққанлигини, сўнг у ИИБ ходимларига бўлиб ўтган ҳолатни, яъни О.Усмонов ва А.Дилиеванинг жинсий алоқа қилишлари учун яшаш уйидан жой ажратиб берганлигини айтиб берганлигини, сўнг О.Усмоновдан олган 100.000 сўм пулни ИИБ ходимларга ихтиёрий равишда тақдим қилганлигини, ИИБ ходимлари 100.000 сўм пулни холислар иштирокида, баённома тузган ҳолда ундан олиб қўйиб, оқ конвертга солганликларини, бундан олдин ҳеч кимга жинсий алоқа қилиши учун жой ажратмаганлигини, О.Усмонов унга танишининг номидан қўнғироқ қилганлиги сабабли, О.Усмоновга ишониб, жинсий алоқа қилиши учун жой ажратиб берганлигини, Бухоро шаҳар “М.Улуғбек” кўчасидаги 6-уй унга тегишли эканлигини, унинг ушбу қилмишидан оила аъзоларининг хабари йўқлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, нафақада эканлигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берган.
Суд судлавувчига нисбатан қилган жиноят ишидан чин дилдан пушаймонлигини инобатга олган ва оилавий шароитидан келиб чиқиб қилган жиноятига мос равишда жазо тайинлаган.

Завқий Қурбонов,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Малик Бобоев,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг девонхона мудири ҳамда Қоракўл туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси лавозимларига олий юридик маълумотга эга шахслар ишга таклиф қилинади.

Номзодлар ишга танлов асосида қабул қилинади.

Танлов бўйича номзодни ишга қабул қилиш Бухоро вилоят судининг Кадрлар заҳирасини шакллантириш комиссияси суҳбати натижаси бўйича амалга оширилади.

Номзоднинг чет тилларини билиш қобилияти қўшимча рағбатлантирилади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Бухоро вилоят судининг bux.kadr@sud.uz электрон манзилига қуйидаги ҳужжатларни юборишлари сўралади:

– ариза;

– маълумотнома (объективка);

– паспорт нусхаси;

-диплом ва унинг иловаси нусхаси

– меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно)

  • наркология ва руҳий-асаб касалликлари рўйхатида туриш-турмаслиги ҳақида тиббий маълумотнома (давлат хизматлари агентлигидан олинади).

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар 2023 йил 1 ноябрь куни соат 18.00 га қадар қабул қилинади.

Манзил: Бухоро шаҳри, Ҳ.Таниш кўчаси, 13-уй.

Мурожаат учун тел: (93) 654-60-60

Бухорода “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди

Вилоятдаги судларнинг судьялари, прокурорлар, терговчи ва адвокатлар иштирок этган тадбирда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов ва бошқалар Президентимиз жорий йилнинг 27 сентябрида имзолаган мазкур қонун билан фуқароларга қатор имконият ва енгилликлар яратилаётгани ҳақида сўз юритди. Суд ҳукмлари, ажримлар, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари такомиллаштирилгани хусусида атрофлича фикр алмашди.

Миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда. Тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят (протест) келтирилиши мумкин. Бу тартиб тарафларнинг суд қарорлари устидан шикоят (протест) келтириш ҳуқуқи орқали одил судловга эришиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. Апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят (протест) бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилаётгани ҳам аҳамиятлидир.

– Янги қонун суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиради.
– Суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифати, тарафларнинг одил судловга эришиш даражаси янада оширилади. Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши таъминланади. Қонунчилигимиздаги бу ўзгаришлар 2024 йил 1 январдан кучга киради. Вилоятда қонуннинг мазмун-моҳиятини нафақат суд–ҳуқуқ идоралари ходимлари, балки аҳоли, шу жумладан, жиноят иши бўйича айбланувчи ва судланувчилар ўртасида кенг тушунтириш юзасидан ҳам тегишли чора-тадбир белгилаб олдик.

Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Фирибгарлик оғир гуноҳдир

Фирибгарлик ўзга бир кишига ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказади. Бу қилмиш ҳар бир шахсни жиноятга етаклаши аниқ.

Фирибгарликни ўзига касб қилиб олган Когон туманида яшовчи фуқаро Сарвар Келдиев (исм ва фамилияси ўзгартирилган) ҳам нафси ҳакалак отганлар тоифасидан. У 2021 йил июн ойида “Ниёз-ҳожи” МФЙда яшовчи фуқаро Мамлакат Ҳайитованинг (исм, фамилияси ўзгартирилган)уйига бориб, унинг ишончига кириб, турмушидан ажралган қизи ёки ҳар бирига туман ҳокимлигидан танишлари орқали 5.000.000 сўмдан ёрдам пули олиб беришини айтиб, ҳужжатларни расмийлаштириш учун 2.000.000 (икки миллион) сўм тўлов харажати борлигини айтиб, белгиланган пулни олиб ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган ҳамда фирибгарлик жиноятини содир этган.

“Тарки одат, амри маҳол” деганларидек, у шу маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро Ҳалим Бақоев (исм, фамилияси ўзгартирилган) нинг ишончига еириб, унга арзон уйлардан олиб беришни ваъда қилиб, дастлабки тўлов учун 7.210.000 сўм пулларини алдов йўли билан олган ва такроран фирибгарлик жиноятини содир этган.”Қинғир ишнинг қийиғи, қирқ йилдан кейин ҳам очилади”,-деб бежизга айтишмайди.С. Келдиевнинг фирибгарлиги фош бўлиб, қонун олдида жавоб берди. Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди томонидан унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168- моддаси 3-қисмининг” б” банди билан Жиноят Кодексининг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 (йигирма) баравари яъни 4.900.000 (тўрт миллион тўққиз юз минг) сўм жарима жазоси тайинланди. Тайинланган жарима давлатга ундирилиши белгиланди.

Унутманг! Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Абдулло Аллаев, Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Қосим Холов, жиноят ишлари бўйича когон туман суди раиси

ОДАМ САВДОСИ – ДАВР ВАБОСИ

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Инсон тирик мавжудотлар орасида ақл-идрок берилган онгли мавжудот бўлиб, у доимо озод ва эркин яшашга ҳаракат қилган. Уни эркидан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги дунё ҳамжамияти томонидан тасдиқланган қонунларда ҳам белгилаб қўйилган. Бироқ, бугунги кунда дунё бўйлаб одам савдосидек ўта хавфли иллатнинг кенг тарқалиши инсон шахси, шаъни, қадр-қиммати, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига жиддий таҳдид туғдирмоқда. Бу билан боғлиқ жиноятлар жаҳон жамоатчилигини жиддий ташвиш ва хавотирга солаётгани айни ҳақиқат.

Ўзбекистан Республикаси Конституциясининг 13-моддасида, “Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳукуқлари олий қадрият ҳисобланиди”, – деб эътироф этилган. Бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жаҳон ҳамжамиятида жиддий ташвиш ва хавотирларни келтирмоқда. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам муддаолари муштарак. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш – икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.

Кейинги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, дунёнинг қатор мамлакатларида бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда. Орадан йиллар ўтган сари одам савдосига қарши кураш дунёнинг барча мамлакатларида амалда бўлмасин, бу муаммо бизни ҳозирги кунда ҳам қаттиқ ташвишга солмоқда.

Одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш xалқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ҳамда ўзаро ҳамкорликни талаб этади. Зeро, одам савдоси, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ғайриқонуний равишда айнан ўзга инсон томонидан камситилиши кeчириб бўлмас жиноятдир.

Шундай экан, одам савдоси қурбонига айланиб қолманг, огоҳ бўлинг!

Акрам Рахимов, жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси

Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Skip to content