Суд ва ҳуқуқни мухофаза қилиш орган ходимларининг баҳолаш соҳасидаги билим ва кўникмаларини янада ошириш бўйича семинар машғулоти ўтказилди

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд експертизаси маркази директорининг 2022 йил 27 октябр кунидаги “Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг баҳолаш соаҳасидаги билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида ўқув амалий машғулотлар, давра суҳбатлари, семинарлар ва вебинарларни ташкил қилиш” режа графигининг 5-банди бўйича Х.Сулаймонова номидаги РСЕМнинг Бухоро вилояти бўлими ходимлари томонидан “Жойлардаги суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари учун уларнинг баҳолаш соҳасидаги билим ва кўникмаларини янада оширишга қаратилган ўқув амалий машғулотлар, давра суҳбатлари, семинарлар ва вебинарлар ташкил қилиш” назарда тутилган.
Шу сабабдан 2022 йил 11 ноябр куни Бухоро вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати биносида туманлараро судлари судялари иштирокида семинар ўтказилди.
Мазкур семинар йигилишида туманлараро судлари судялари узларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА
ИШ ЮРИТИШ

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 сентябрдаги қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига қўшимча, 25-1-боб соддалаштирилган тартибда иш юритиш бўйича тўлдирилди, қонун 2021 йил 17 сентябрдан амалда.
Мазкур боб, ФПКнинг 279-1-моддадан 279-5-моддаларини ўз ичига қамраб олади.
Соддалаштирилган иш юритиш даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра, ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.
Агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида қуйидаги яъни,
1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлса;
2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;
3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса;
4) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлмаган қарши даъво берилган бўлса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради.
Ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўришга ўтиш тўғрисидаги ажримда умумий тартибга ўтиш учун асослар кўрсатилади. Ажрим чиқарилганидан кейин ишни кўриш бошидан бошланади.
Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда, барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий қоидалари бўйича кўрилиши лозим.
Ишни кўриш муддати ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.
Мазкур норма талабига кўра, истиснолар бўлмаган ҳолатда даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин. Айтиш лозимки, ушбу тартибда иш юритиш фуқаролик ишлари бўйича судлар учун янги амалиёт ҳисобланади.
Бу тартибда иш юритишда ҳамда даъво аризаси берилиб, аризага нисбатан ФПКнинг 189, 191-моддасида кўзда тутилган талаблар қўйилади.
Шунингдек, аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги суднинг ажримида иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилиши ҳамда иш кўриб чиқиладиган сана кўрсатилади, шу билан бирга ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрни ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар тақдим этиш зарурлиги кўрсатилади.
Суд ажрими билан бир вақтда жавобгарга даъво аризаси (аризанинг) ва илова ҳужжатлар кўчирма нусхалари дарҳол почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборади.
Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.
Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Даъво аризасига доир ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Жавобгар томонидан даъво аризасига доир ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан (умумий тартибда 1 ой) ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун (умумий тартибда 1 ой) ўтгач қонуний кучга киради.
Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) у судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.
Қабул қилинган ҳал қилув қарори суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ижро этилиши лозим.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори апелляция ва кассация тартибида, шу жумладан кассация инстанцияси судида такроран, шунингдек янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Ушбу институтнинг даъво, алоҳида тартибдаги иш юритишдан фарқи суд муҳокамаси ўтказилмайди, суд буйруғидан фарқи иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилиниб, қарор низоли ишлар бўйича қабул қилинади.

Сарвиноз Қамбарова,
Бухоро вилоят суди судьяси
Ўткир Разиков,
Fuqarolik ishlari bo‘yicha
Пешку туманлараро суди раиси

Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни мазмун моҳияти

Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 28 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2022 йил
17 мартда маъқулланган. 2022 йил 7 июнда расмий эълон қилинган .Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши кўрсатилган. Ушбу қонун
2022 йил 7 сентябрдан қонуний кучга кирди.
Шу вақтга қадар ушбу муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил
25 декабрда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Қонунн билан тартибга солинар эди. Янги қонун қабул қилиниши муносабати билан 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Қонун ўз кучини йўқотди. Қонун 8 боб, 53 моддадан иборат.
Ушбу Қонуннинг мақсади рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш (бундан буён матнда рекламанинг айланиши деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг 2-моддасида мазкур қонун қайси муносабатларга татбиқ этилмаслиги белгилаб берилди. Жумладан, сайловолди ташвиқоти материалларига, ошкор этилиши ёки тарқатилиши ёхуд рекламадан фойдаланувчига етказилиши қонунчиликка мувофиқ мажбурий бўлган ахборотга, товарни бозорда илгари суриш асосий мақсади бўлмаган ва ижтимоий ахборот ҳисобланмайдиган маълумот-ахборот материалларига ҳамда таҳлилий материалларга (ички ва ташқи бозорларнинг шарҳларига, илмий тадқиқотлар ҳамда синовлар натижаларига, реклама хусусиятидаги маълумотларни ўз ичига олмаган пешлавҳалар ва кўрсаткичлар ахборотига, жисмоний ёки юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган эълонларига, товарда ёки унинг ўрамида жойлаштирилган, товар, уни ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ёки экспорт қилувчи тўғрисидаги ахборотга, товарда ёки унинг ўрамида жойлаштирилган ва бошқа товарга тааллуқли бўлмаган товар безагининг ҳар қандай қисмларига татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади. Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин: реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак, ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак, теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги рекламанинг айланиши соҳасидаги ваколатли давлат органидир. Қонунда мазкур органинг ваколатлари белгилаб берилган. Ваколатли давлат органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан рекламага оид фаолият субъектлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.
Қонунда белгиланган тартибда рўйхатга олинган, рекламага оид фаолият субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилоти рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмасидир. Рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмаси Ўзбекистон Республикасида ҳалол рақобат ва қонунийликка риоя этиш принципларига асосланган реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга, шунингдек рекламага оид фаолият субъектларининг касбий манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашишга қаратилгандир.
Реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар, шунингдек реклама тарқатувчилар рекламага оид фаолият субъектларидир. Реклама берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга- реклама тўғрисида шартнома тузиш ҳақида ошкора таклиф (оммавий оферта) киритиш, шу жумладан уни электрон шаклда киритиш, реклама воситаларини, шунингдек реклама материалларининг ҳажмларини ва ушбу материалларни етказиб бериш шаклларини мустақил равишда белгилаш, бундан қонунда белгиланган ҳоллар мустасно.
Реклама берувчи- зарур бўлган тақдирда, реклама тайёрловчининг ва (ёки) тарқатувчининг талабига кўра реклама ахборотининг ишончлилигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши, агар реклама қилинаётган фаолият лицензияланиши лозим бўлса ёки унинг юритилиши тегишли равишда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олишни талаб қилса, реклама ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчига тегишли лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни тақдим этиши, шунингдек мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган товар реклама қилинган тақдирда, сертификатни тақдим этиши, реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ваколатли давлат органи томонидан аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органининг қарорига кўра у кўрсатган муддатда аксилрекламани амалга ошириши, ваколатли давлат органининг сўровига кўра реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни белгиланган муддатда тақдим этиши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг сўровига кўра ташқи реклама объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳамда материаллар тақдим этиши шарт. (Қонун 12-моддаси)
Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи рекламага оид фаолиятдаги ўз товарларини (ишларини, хизматларини) бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилиш ҳуқуқига эга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи: реклама берувчидан ушбу Қонун 12-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда тегишли лицензияни, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни ва мувофиқлик сертификатини талаб қилиши, рекламага оид фаолиятнинг бошқа субъектларидан махфийлик шартлари асосида олинган ахборотнинг ошкор қилинмаслигини таъминлаши, ваколатли давлат органининг сўровига кўра реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни у белгилаган муддатда тақдим этиши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг сўровига кўра ташқи реклама объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳамда материаллар тақдим этиши шарт.
Реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материаллар рекламани тайёрлашга, тарқатишга (жойлаштиришга), рекламанинг натура ҳолидаги ва пулда ифодаланган миқдорига, босма материаллар ва нашр этилган материалларнинг (рекламанинг), намуналарнинг, видео- ва аудиоматериалларнинг, шунингдек ёзиб олинган бошқа воситаларнинг миқдорига оид шартномалардан иборатдир.
Рекламага оид фаолият субъектлари реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни ёки уларнинг кўчирма нусхаларини, шу жумладан уларга киритиладиган кейинги барча ўзгартишларни реклама охирги марта эълон қилинган (узатилган, тарқатилган) кундан эътиборан уч йил мобайнида (бундан қонунчиликда рекламага доир ҳужжатлар ва материалларни сақлашнинг узоқроқ муддатлари назарда тутилган ҳоллар мустасно), рекламага нисбатан низо юзага келган тақдирда эса ушбу низо қонунчиликда назарда тутилган тартибда ҳал қилингунига қадар сақлаши шарт.
Қонунинг 16-моддасида Рекламага қўйилган асосий талаблар белгилаб берилган. Унга кўра, номақбул рекламага йўл қўйилмайди. Агар реклама берувчи реклама қилинаётган қиёслаш ишончлилигининг фактик далилларини тақдим этиши мумкин бўлса, агар бунда реклама фойдаланувчисини реклама чалғитиб қўймаса ва чалғитиб қўйиши мумкин бўлмаса, рақобатчининг ишчанлик обрўсига ёки унинг товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига), фирма номига, товарига ёки фаолиятига путур етказмаса, қиёсий рекламага йўл қўйилади.
Рекламада қуйидагилар тақиқланади: жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг товарларини бадном қилиш;
қонунчиликнинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган, фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва атроф-муҳитга зарар етказувчи ёхуд зарар етказиши мумкин бўлган, шунингдек хавфсизлик воситаларига эътиборсиз бўлишга ундовчи ҳаракатларга даъват қилиш;
агар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бошқа товар рекламасида қўлланиладиган ёки видео ва кино маҳсулотларида, шунингдек бошқа илм-фан, адабиёт ва санъат асарларида (муаллифлик ҳуқуқи), эфир ёки кабель орқали кўрсатувлар (эшиттиришлар) берувчи ташкилотларнинг ижроларида, фонограммаларида фойдаланиладиган умумий ечимни, матнни, тасвирни, мусиқали ёки овозли эффектларни айнан такрорлаш;
жисмоний шахснинг номидан ёки тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш;
порнография тусидаги ахборотдан фойдаланиш;
ахборот мазмунининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган чет эл сўзлари ва ибораларидан фойдаланиш;
товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш;
товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари) реклама қилиниши тақиқланган ёхуд реклама қилинишига нисбатан тегишли чекловлар ёки талаблар белгиланган товарнинг товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари) билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёхуд унга айнан ўхшаш бўлган бошқа товарнинг рекламаси кўринишида товарни реклама қилиш;
давлат рамзларидан, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасвиридан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси оҳангидан фойдаланиш ёки уларни айнан такрорлаш;
мактабгача таълимда ҳамда тарбияда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган босма нашрларда (дарсликларда, мактаб кундаликларида, мактаб дафтарларида ва бошқаларда) товарларни реклама қилиш;
нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш;
товар тўғрисидаги, уни олиш ёки ундан фойдаланиш шартлари ҳақидаги муҳим маълумотларни яшириш ва (ёки) ўқиш учун фарқлаб олишни қийинлаштирадиган қилиб тасвирлаш, агар бунда ахборотнинг мазмуни бузиб кўрсатилса ва рекламадан фойдаланувчиларни чалғитса;
миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш.
Ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни, гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп ва (ёки) кучли таъсир қилувчи моддаларни, порнография маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланади.
Айрим турдаги товарлар рекламасига нисбатан мазкур рекламага қўшимча ахборот ва (ёки) огоҳлантиришларни илова қилиш зарурлиги тўғрисида талаблар белгиланиши мумкин. Реклама берувчи ва реклама тарқатувчи бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган тақдирда, рекламани тарқатишга йўл қўйилмайди.
Қонуннинг 17-моддасида вояга етмаганларни рекламада ҳимоя қилиш тартиби белгиланди. Вояга етмаганларни уларнинг ишончини ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишлардан ҳимоя этиш мақсадида рекламада вояга етмаганларнинг истеъмол қилиши тақиқланган товарларни истеъмол қилаётган ёки улардан фойдаланаётган вояга етмаганларнинг тасвирларидан фойдаланиш, хавфли вазиятларда, шу билан бирга уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлигига зарар етказишга ундовчи вазиятларда вояга етмаганларни намойиш этишдан фойдаланиш, вояга етмаганларни товарларни олишга даъват қилиш ёки реклама қилинаётган товарларни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга ундаш, ҳақиқий ёки ўйинчоқ қуролдан фойдаланиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш, вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни вояга етмаганлар учун мўлжалланган телеканалларда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш, таъқиқланади.
Реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ваколатли давлат органи томонидан аниқланган тақдирда, қонунбузар мазкур органнинг қарорига биноан ва у кўрсатган муддатда аксилрекламани амалга ошириши шарт. Аксилреклама — нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни тугатиш мақсадида тарқатиладиган раддия.
Аксилреклама ихтиёрий равишда ёки ваколатли давлат органининг қарори ёхуд суднинг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин. Агар қонунбузар аксилрекламани белгиланган муддатда амалга оширмаса, ваколатли давлат органи қонунбузарнинг рекламасини у аксилрекламани амалга оширгунига қадар тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда бу ҳақда реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузган шахс билан шартнома тузган тарафларни хабардор қилишга ҳақлидир.Аксилреклама раддия берилаётган реклама қайси реклама воситаларида амалга оширилган бўлса, айни ўша реклама воситаларида, айни ўша давомийлик, макон, жой ва тартибдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Аксилрекламанинг мазмуни қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган ва уни тузатиш тўғрисида қарор қабул қилган ваколатли давлат органи билан келишилади. Айрим ҳолларда аксилреклама амалга ошириладиган реклама воситасини, давомийликни, жойни ва тартибни ушбу органнинг қарорига кўра ўзгартиришга йўл қўйилиши мумкин. Аксилрекламани амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатларнинг ўрни қонунбузар томонидан қопланади.
Қонунда ташқи рекламага оид коидалар белгилаб берилди. Шунингдек. Айрим турдаги реклама воситалари оркали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди.
Телеканаллар эфирида, теле-, видео-, кинохроникали дастурларда тарқатилаётган рекламанинг (шу жумладан теледўкон рекламаси каби рекламанинг) умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Ушбу талаб фақат реклама теледастурларига ихтисослаштирилган телеканалларга нисбатан татбиқ этилмайди.Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.
Спорт мусобақасининг (шу жумладан спорт беллашувлари, ўйинлари, жанглари, пойгаларининг) жонли эфирдаги ёки ёзиб олинган ҳолдаги намойиши, агар телеканалнинг ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фақат спорт мусобақалари жараёнидаги танаффусларда ёки улар тўхтатиб турилган вақтда реклама билан, шу жумладан ҳомийлик рекламаси билан узиб қўйилиши мумкин.
Рекламани транспорт воситаларига жойлаштириш йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ҳолда, транспорт воситалари эгалари ва транспорт воситаларига нисбатан бошқа ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган шахслар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.Рекламани умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларида, метрополитен бекатларида, вокзалларда, портлар ва аэропортларда йўловчиларга хабар берувчи овозли тармоқлар орқали тарқатиш тақиқланади.
Қонуннинг 7-бобида товарларнинг айрим турларини реклама қилишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган. Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланади. Тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилишга йўл қўйилмайди. Ҳар қандай қувватдаги алкоголь маҳсулотларининг рекламасига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилишга- меҳмонхоналарда, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг савдо залларида, шунингдек бундай маҳсулотларни намойиш қилиш ва татиб кўриш жойларида, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳамда реализация қилишни амалга оширувчи шахсларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-саҳифаларида, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини кўрсатган ҳолда, темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларида, телевидение ва радио орқали маҳаллий вақт билан соат 23.00 дан соат 07.00 га қадар йўл қўйилади.
Қонуннинг 47-моддасида Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар белгиланган. Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар қуйидаги миқдорларда пул ундириш (жарималар) тарзида қўлланилади:
ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиниши қонунчиликда тақиқланган ёки чекланган маҳсулот тўғрисида реклама тарқатганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;
номақбул реклама берганлик, аксилрекламани беришни рад этганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;
энергетик ичимликлар, алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламалари, пиротехника воситалари, қурол ва унинг ўқ-дорилари, ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлар рекламасига доир талабларни бузганлик, шунингдек ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш тартибини бузганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;
вояга етмаганлар учун мўлжалланган рекламага, дори воситалари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, шунингдек болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига доир талабларни бузганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Рекламага оид фаолият субъектлари бўлган юридик шахслар реклама тўғрисидаги қонунчилик соҳасидаги аниқланган ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олган тақдирда молиявий санкцияларни қўллаш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади, низо мавжуд бўлган тақдирда эса молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги масала суд тартибида ҳал этилади.
Молиявий санкцияларни қўллаш рекламага оид фаолият субъектлари бўлган юридик шахсларни ваколатли давлат органининг қарорини ёки кўрсатмасини бажариш ёхуд реклама тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш мажбуриятидан озод этмайди.
Рекламанинг айланиши соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади. Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.Реклама берувчи реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг реклама тайёрлаш учун тақдим этиладиган ахборот мазмунига доир қисми бузилганлиги учун, агар ушбу қонунбузарлик реклама тайёрловчининг ёки реклама тарқатувчининг айби билан юз берганлиги исботланмаса, жавобгар бўлади. Реклама тайёрловчи реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг реклама тайёрлашга доир қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади. Реклама тарқатувчи реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг рекламани тарқатиш вақти, жойи ва воситаларига доир қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади.
Ҳозирги кунда бозор иқтисодиётининг жадал ривожланиши жараёнида соғлом раақобатни шакллантиришда, товарлар сотиш, хизматлар кўрсатишни ташкил қилишда Рекламанинг ўрни жуда муҳим. Шу боис, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни замон талабига мос равишда шу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш учун қабул қилиниши катта аҳамиятга эга бўлди.

Мехринисо Қодирова,
Бухоро вилоят суди иқтисодий
ишлар бўйича судьяси

Эр-хотиннинг умумий ва шахсий мулки

Ҳар бир шахс мулкдор бўлиш, ундан ўз эркига мувофиқ фойдаланиш, тасарруф қилиш, мулкини қонунсиз эгаликдан ва тажовузлардан ҳимоялаш ҳуқуқига эга. Фуқаролик ва оилавий ҳуқуқий муносабатларда ҳар бир шахсга эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат эканлиги ҳақида маълумотга эга бўлишга эҳтиёж мавжуд. Таъкидлаш жоизки, амалиётда кишилар ўртасида оила ва никоҳ муносабатлари билан боғлиқ турли англашмовчиликлар, хато ва камчиликлар, можаролар учраб туради. Бунга кўпинча низодаги тараф бўлган фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини, амалдаги қонун ҳужжатларини яхши билмаслиги ёки иккинчи тарафнинг ҳуқуқини тан олмаслиги сабаб бўлмоқда. Шу сабабли қисқа бўлса-да эр ва хотининг умумий ва шахсий мулки тушунчалари ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтишга қарор қилдик.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 25-моддасига мувофиқ эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади. Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки ёки улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган маблағлар (капитал таъмирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар) қўшилгани аниқланса, эр ёки хотиндан ҳар бирининг мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин.
Эр-хотиннинг бўлиниши лозим бўлган биргаликдаги умумий мол-мулки деганда, улар томонидан никоҳ давомида орттирган молмулклар, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган ва Ўзбекистон Республикаси ФК 81, 82, 209-моддаларига кўра фуқароларнинг мулк ҳуқуқи объекти бўла оладиган кўчар ва кўчмас ҳар қандай мол-мулклар тушунилади, башарти улар ўртасида тузилган никоҳ шартномасида мол-мулкка нисбатан бошқача тартиб белгиланган бўлмаса. Суд томонидан фақат ишни кўриш вақтида амалда мавжуд ҳамда эр-хотиннинг бирида ёки учинчи шахсларда (масалан, ижара, мулкдан текин фойдаланиш, омонат сақлаш ва ҳ.к. шартномалар бўйича) бўлган умумий мол-мулк бўлиниши лозим. Мулкни бўлишда, шунингдек, эр-хотиннинг умумий қарзлари (Оила кодекси 28-моддаси учинчи қисми) ва оила манфаатлари йўлида вужудга келган мажбуриятлар бўйича талаб қилиш ҳуқуқи инобатга олинади. Бироқ судлар шуни назарда тутишлари лозимки, тўйни, шунингдек, никоҳ маросимлари билан боғлиқ бошқа тадбирларни ўтказиш бўйича қарзлар ва бошқа харажатлар инобатга олинмайди (Оила кодекси 44-моддаси).
Никоҳни ФҲДЁ органларида қайд этмасдан бир оила бўлиб яшайдиган шахсларнинг мулкий низолари фуқаролик қонунчилиги нормалари бўйича ҳал этилади. Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкка нисбатан эр-хотиннинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари Фермер хўжалиги ва Дехқон хўжалиги тўғрисидаги қонунлар билан белгиланади. Судлар эр-хотиннинг умумий мулкини бўлишда шуни назарда тутишлари лозимки, Оила кодекси 27-моддаси олтинчи ва еттинчи қисмларига кўра вояга етмаган болалар эҳтиёжи учун олинган нарсалар (кийим-кечак, оёқ кийими, мактаб ва спорт анжомлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар), шунингдек, эрхотин томонидан уларнинг умумий мулки ҳисобидан улар ўртасидаги вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар ҳам эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳисобга олинмайди.
Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда суд айрим ҳолларда Оила кодекси 28-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ вояга етмаган болалар манфаатларидан ёки эр-хотиндан бирининг эътиборга молик манфаатидан келиб чиқиб, эр ва хотин ҳиссалари тенглиги принципидан чекинишга ҳақли. Эр-хотиндан бирига у ёки бу мулкни асл ҳолда бериш масаласини ҳал этишда суд мулкнинг характери ва қандай эҳтиёж учун мўлжалланганлигини, сотиб олиш шартларини ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни инобатга олиши лозим. Эр-хотиннинг мулки бўлган автомобилни бўлишда суд эр-хотиндан қайси бири ундан ҳақиқатда фойдаланганлигини, техник ҳолатига қараб келганлигини, уни бошқариш учун ҳуқуқи борлигини ва бошқаларни эътиборга олади.
Оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.
Даъвогар А. судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда, Бухоро шаҳар, И.Каримов кўчаси 5-уйда жойлашган савдо дўконини ўзининг шахсий мулк деб топишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2022 йил 19 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад қилинган.
Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатининг ажрими билан туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган. Апелляция судлов ҳайъати даъвогар А билан жавобгар Б амалда 2020 йил январь ойидан оилавий муносабатларини тугатганлиги ва тарафлар умумий хўжалик юритмаган вақтда яъни 2021 йил 24 майда савдо дўкони даъвогар А. номига олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштилганлигини инобатга олиб, савдо дўконини даъвогар А.нинг шахсий мулки деб топиш ҳақида хулосага келган.

Баходиржон Эргашев,
Бухоро вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Нурбек Рахимов.
Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Солиқ ҳисоботлари ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш учун жавобгарлик

Солиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлари солиқ ҳисоботидир.

Солиқ ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шаклларда тузилади. Солиқ ҳисоботи солиқ органларига шахс фақат солиқ тўловчи деб эътироф этиладиган солиқлар бўйича тақдим этилади. Солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг зиммасига юкланади.

Бугунги кунда солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш билан бир қаторда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоботларни юритиш, солиқларни тўлаш тизимини такомиллаштириш, солиқ ва молиявий ҳисобот шаклларини соддалаштириш ҳамда улар ҳажмини қисқартириш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади, солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида бу борада бир қанча ислоҳотлар амал оширилиб келинмоқда.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2012 йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинган. Мазкур Фармон билан давлат статистика, молия, солиқ ва бошқа турдаги ҳисоботлар қисқартирилган.

Масалан, мазкур Фармонга мувофиқ 2013 йил 1 январдан бошлаб 11 та ҳисобот шакллари бекор қилиниб, 12 турдаги солиқ ҳисобот шакллари ва уларни тақдим этиш даврийлиги қисқартирилган, яъни солиқ ҳисоботларини ойма-ой тақдим қилиш тартиби бекор қилинган, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига тўла ҳажмда босқичма-босқич ўтказилиши имкониятлари яратилган.

Ушбу фармонга асосан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича солиқ ҳисоботлари йирик корхоналарда умумий тартибда 2,3 баробарига, кичик бизнес субъектлар учун эса 1,7 баробарига қисқарган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитасининг 2020 йил 28 январь кунидаги 2020-03-сонли Қарори билан Солиқ ҳисоботининг қуйидаги шакллари тасдиқланган:

  • қўшилган қиймат солиғи бўйича;
  • акциз солиғи бўйича;
  • фойда солиғи бўйича;
  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқ суммалари ва ижтимоий солиқ бўйича;
  • ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича;
  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича;
  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича;
  • айланмадан олинадиган солиқ бўйича;
  • олинган мақсадли маблағлардан фойдаланганлик бўйича;
  • давлат божи ва йиғимлар бўйича;
  • молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларга ўтган юридик шахсларнинг солиқларини ҳисоблаб чиқиш учун зарур бўлган кўрсаткичлар бўйича.

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда ушбу Кодексга мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.

Солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шакллар бўйича электрон ҳужжат тарзида тақдим этади. Йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади.

Солиқ кодекси 82-моддасининг 3 ва 4-қисмлари қоидалари давлат сирлари жумласига киритилган ахборотни тақдим этишга нисбатан қўлланилмайди.

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан солиқ органига шахсан ёки вакил орқали тақдим этилиши ёхуд почта жўнатмаси тарзида жойланмалар рўйхати билан юборилиши мумкин. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ ҳисоботини солиқ тўловчи номидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этишга ҳақли. Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Солиқ ҳисоботи қоғозда олинган тақдирда, солиқ органи солиқ тўловчининг илтимосига кўра, солиқ ҳисоботининг кўчирма нусхасига унинг қабул қилиб олингани тўғрисида белги қўйиши ва у олинган санани кўрсатиши шарт. Ҳисоботда, агар Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилган ҳолда тақдим этилади. Солиқ тўловчи ва унинг ваколатли вакили ҳисоботда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаб, унга имзо қўяди.

Агар ҳисоботда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини солиқ тўловчининг ваколатли вакили тасдиқласа, ҳисоботда бу ҳақда тегишли белги қўйилади. Бунда ҳисоботга ушбу вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилинади. Солиқ ҳисоботи электрон шаклда тақдим этилганда вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси телекоммуникация алоқа каналлари орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин. Солиқ ҳисоботи солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этилади.

Ушбу қоидалар Солиқ кодексининг Махсус қисмига мувофиқ солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти зиммасига юклатилган солиқ агентларига ва бошқа шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Илмий адабиётларда солиқ ҳисоботини ташкил этишнинг қуйидаги вариантлари назарда тутилган:

  1. Солиқ ҳисоби сиёсатини тасдиқлаш асосида солиқ ҳисоби регистрларидан фойдаланилган ҳолда солиқ ҳисобини ташкил этиш;
  2. Молиявий ҳисоб маълумотлари асосида солиқ ҳисоби регистрларини шакллантириш асосида ташкил этиш.

Солиқ ҳисоботига ўзгартиришлар киритиш.

Ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт. Агар Солиқ кодекси 83-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган ҳолатлар ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасининг камайишига олиб келмаган бўлса, солиқ тўловчи ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботига зарур тузатишлар киритишга ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишга ҳақли. Бунда солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган муддати ўтгандан кейин тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи муддат бузилган ҳолда тақдим этилган деб ҳисобланмайди.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати ўтгунга қадар тақдим этилган бўлса, солиқ ҳисоботи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кун тақдим этилган деб ҳисобланади.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:

1) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;

2) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.

Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига, ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда, солиқ ҳисоботини топшириш учун белгиланган тартибда тақдим этилади.

Ушбу қоидалар солиқ агентлари томонидан тақдим этиладиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботига нисбатан ҳам қўлланилади.

Солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари солиқ органларига солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни, агар Солиқ кодексида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ушбу ҳисобот тақдим этилган йилдан кейин камида беш йил сақлаши шарт. Агар солиқ тўғрисидаги қонунчилик солиқ ставкасини қўллашни, тўланадиган солиқ миқдорини, солиқ имтиёзини ёки солиқ чегирмасини қўллашни ва (ёки) солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни солиқ тўловчининг муайян шартларга риоя этиши билан боғласа, ушбу солиқ тўловчи барча тасдиқловчи ҳужжатларни мазкур шартларнинг амал қилиши тугайдиган йилдан кейин камида беш йил сақлаши керак. Бундай тасдиқловчи ҳужжатлар жумласига, хусусан, ушбу солиқ бўйича солиқ ҳисоботи, унга илова қилинадиган ҳужжатлар, шунингдек кўрсатилган шартларга ёки мажбуриятларга риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар киради. Ушбу қоидалар, агар кўрсатилган шартлар ёки мажбуриятлар вақтинчалик тусга эга бўлса ва уларга риоя этилишини ҳужжатлар билан тасдиқлашни талаб қилса, қўлланилади.

Солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш учун жавобгарлик.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 220-моддасида, солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, (29.12.2021 йилга қадар) солиқ ҳисоботини солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этмаслик, — бу солиқ ҳисоботи асосида тўланиши (қўшимча тўланиши) лозим бўлган солиқ суммасини белгиланган муддатда тўланмаган ҳар бир кечиктирилган кун учун бир фоиз миқдорида, лекин кўрсатилган сумманинг ўн фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида жарима солишга сабаб бўлар эди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги 741-сонли қонуни билан Солиқ кодексининг 220-моддасига янги таҳрирда баён қилиниб, солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан моливий санкциялар қўлланилиши бекор қилиниб, солиқ қонунчилигидан чиқариб ташланди, яъни солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим қилмаганлик учун солиқ тўловчи бўлган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланди. Ушбу ҳолатлар аниқланган тақдирда юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахслари Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 175-моддасига асосан жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 175-моддасига кўра, фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёхуд бундай ҳисобни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб бориш, башарти бу ҳаракатлар тўланиши лозим бўлган солиқнинг ёки бошқа мажбурий тўловларнинг суммасини камайтиришга олиб келса, шунингдек бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни, дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларини ёхуд тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ёзма билдиришни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутларнинг асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган тегишли солиқ ҳисоботи ҳужжатларида фойда (даромад) олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан кўрсатмаслик, шунингдек, улар мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яшириш мақсадида фойда (даромад) келиб тушишини ҳисобга олиш тартибини бузиш – фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш деб ҳисобланади ва тегишли мансабдор шахсларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддаси ёки Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Солиқ тўловчи ташкилот мансабдор шахсларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши солиқ тўловчи – юридик шахсдан Солиқ кодексининг 28-боби талабларига мувофиқ қўшимча ҳисобланган солиқлар ва молиявий жазо ундирилишини истисно этмайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 7 сентябрь куни қабул қилинган “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6307-сонли Фармон билан 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун моливий санкциялар қўлланилишини бекор қилинганлиги ҳам тадбиркорлар учун берилаётган енгиллик десак муболаға бўлмайди.

Бахтиёр Садуллаев,

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

 

Алимент ундириш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Ассалому алейкум! Мен 2012 йилда Э.Асроров билан турмуш қуриб, турмушимиз давомида икки нафар фарзандли бўлдик.

Эрим билан ўзаро келишмовчиликлар натижасида ажрашиб кетганмиз.

Турмуш ўртоғим бир неча йил аввал Россия Федерациясига ишлаш учун кетиб, у ерда ишлаб, кейинчалик
Россия Федерацияси фуқаролигини олди ва бугунги кунда ҳам ўша ерда яшаб келмоқда.

Ёлғиз ўзим ишлаб, болаларимни моддий таъминлашда қийналаётганлигим сабабли собиқ турмуш ўроғимдан алимент ундириш учун судга ариза берсам, суд аризамни қабул қилишни рад қилиб, судга умумий тартибда даъво ариза билан мурожаат қилинг деб жавоб берибти.

Эрим чет элда яшаса болаларим таъминоти учун алимент ололмайманми ёки Россия Федерацияси судига ариза беришим керакми?

                                                                   Бухоро туманида яшовчи

                                                                   Баҳора Назарова

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессаул кодексининг 171-моддасига кўра агар вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса суд буйруғи берилади.

ФПКнинг 175-моддасига биноан қарздор Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлса, судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади.

Бугунги кунда эрингиз чет элда яшаётганлиги, яъни Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлганлиги сабабли сизнинг аризангиз суд томонидан қабул қилиш рад этилган.

ФПКнинг 14-моддасида суд ишларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаса, бошқа қонун ҳужжатларини ҳам қўллайди.

Низоли муносабатни тартибга соладиган ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳал этади.

Суд Ўзбекистон Республикасининг қонунига ёки халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатнинг ҳуқуқ нормаларини ҳам қўллаши белгиланган.

Эрингиздан алимент ундириш учун Сиз Россия Федерацияси судига ариза беришингиз шарт эмас, ўзингиз яшайдиган ёки эрингиз яшаган охирги яшаш манзили бўйича судга даъво ариза билан мурожаат қилсингиз, суд сизнинг фойдангизга алимент ундиришда ҳалқаро ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланади.

Энди менинг ҳуқуқимни ҳимоя қиладиган бирор ҳужжат борми деб сўрагансиз.

Бу ҳақда ҳам икки оғиз тушунча бериб ўтсак.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида ва мамлакатлар ўртасида миграциянинг ошиб бориши, ўз-ўзидан давлатлар ўртасида халқаро ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш эҳтиёжини туғдиради.

Халқаро ҳуқуқий ёрдам универсал, минтақавий ва икки томонлама халқаро ҳуқуқий шартномаларга асосан кўрсатилади.

Собиқ иттифоқ давлатларининг аксарияти аъзо бўлган ҳужжатлардан бири “Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари буйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида” Минск конвенцияси ҳисобланади.

Мазкур ҳужжат минтқавий халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, ушбу ҳужжат 1993 йил 22 январь куни қабул қилинган ва 1994 йил 25 март куни кучга кирган.

Қуйидаги давлатлар конвенциянинг аъзо давлатлари ҳисобланади: Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси,  Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси, Украина, Азарбайжон Республикаси ва Грузия.

Мазкур Конвенцияга 1997 йил 28 март кунидаги Протокол билан ўзгартиш киритилган. Ушбу Протоколни Ўзбекистон Республикаси имзолаган лекин ратификация қилмаган.

Минск конвенцияси тузилиши ҳақида гапирадиган бўлсак, мазкур ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжат 5 бўлим 87 моддадан иборат.

Конвенциянинг аъзо давлатлари ҳуқуқий ҳимояни тақдим қилишда халқаро ҳуқуқдаги миллий режим принципидан фойдаланадилар. Унга кўра  шартнома томонларининг фуқаролари ва тегишли давлат ҳудудида яшовчи шахслар фойдаланадиган ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Шартномалашаётган давлатлар фуқаролари ва бошқа шахслар қаршиликсиз суд, прокуратура, ички ишлар органлари ва бошқа фуқаролик, оила, жиноят ишларини кўриш ҳуқуқига эга бўлган муассасаларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга (адлия муассасаларига). Улар илтимосномалар киритиш, даъво қўзғатиш ва бошқа процессуал ҳаракатларни бажаришда шу давлат фуқаролари эга бўлган барча ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Конвенция қоидалари давлатлар томонидан қабул қилинган қонунлар асосида юридик шахслар учун ҳам қўлланилиши белгилаб қўйилган.

Шартномалашаётган давлатлар фуқаролари суд ва нотариал идораларига мурожаат қилганида қўшимча давлат божлари ва чиқимлардан озод қилинадилар ва бепул юридик ёрдамдан фойдаланадилар. Ҳар бир давлат ўз фуқароларидан қанча миқдорда бож олса конвенцияга аъзо давлатлар фуқароларидан ҳам шу миқдорда бож олади. Юқорида кўрсатилган имтиёзлар барча процессуал ҳаракатлар учун жорий қилинади (шу жумладан ижрода ҳам).

Тарафларнинг адлия муассасалари мазкур Конвенция асосида марказлашган тарзда фуқаролик, оила, жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар. Конвенцияга мувофиқ халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш фақатгина Адлия вазирлиги орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Тўғридан-тўғри халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга рухсат этилмайди.

Томонлар конвенция бўйича ёзишмаларни ўз давлат тилларида ҳамда рус тилида олиб борадилар.

Агарда ҳужжатлар давлат тилида тайёрланган бўлса рус тилида тасдиқланган таржимаси илова қилинади.

Конвенцияни қўллаш билан боғлиқ юзага келувчи масалалар томонларнинг ваколатли органларининг ўзаро келишувига асосан ҳал қилинади.

2002 йил 7 октябрь куни Кишинев шаҳрида имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенцияга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида 2019 йил 26 август куни  Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонун билан Кишинев конвенцияси Ўзбекистан Республикасида 2020 йил 12 июлдан кучга кирган.

Ҳозирги кунда собиқ иттифоқ мамлакатларидан Молдова, Грузия, Туркманистон ва Украинадан бошқа республикалар Кишинев конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси учун ушбу конвенция кучга кириши муносабати билан мамлакатимиз ва конвенциянинг иштирокчилари бўлган давлатлар ўртасида 1993 йил
22 январдаги  Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари буйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Минск конвенцияси ва унга 1997 йил 28 мартдаги баённома ўз кучини йўқотган.

Хулоса қилиб айтмоқчиманки, юқорида санаб ўтилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар асосида сизнинг фойдангизга алимент ундириб бериш масаласи суд томонидан кўриб чиқилади ва чет эл судига ариза беришингизга зарурат йўқ.

Озоджон Новрузов,

Бухоро вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Ойбек Шомуродов, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

Алимент ундириш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Оилавий низоларга никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, алимент ундириш, ота-она таъминоти учун фарзандидан пул ундириш, бола яшаш жойини ёки бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаш, болани тарбияга олиш, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилиш, оталикка эътироз билдириш, шунингдек оила низолари билан боғлиқ бошқа низолар киради.
Шу низолар ичида оталикни белгилаш ва алимент ундириш низоларига эътибор қаттиқ қаратилади. Оталикни белгилаш низоси келиб чиқишига эр-хотиннинг оила қонунчилигига риоя қилмаслиги, никоҳларини ФХДЁ бўлимларида қайд қилдирмасдан фарзандли бўлишлари, эр тарафнинг оталикни белгилаш ҳақида ФХДЁ бўлимига ариза беришга бормаслиги сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 13-моддасига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди.
Йил якунлари бўйича таҳлиллар, умумлаштирувлар шуни кўрсатаяптики, фуқароларнинг диний расм-русумлар, яъни шаърий никоҳ асосида оила қуришлари ҳолати ҳамон учраб турибди. Шунингдек, оталикни белгилатиш ҳақидаги даъво талаблари судларда бирмунча ошганлиги ташвишлидир.
Никоҳнинг қонуний расмийлаштирилмаслиги боланининг отаси деб ҳисобланаётган отанинг ФХДЁ органига бориб, оталикни белгилатиш ҳақида ариза бермаслиги, баъзи ҳолларда бунга шахсини тасдиқлайдиган ҳужжати йўқлигини важ қилиши ёки болани тан олмаслиги бу тоифадаги ишларнинг судларгача етиб келишига сабаб бўлади.
Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда,  оталик ота-онанинг биргаликдаги ФХДЁ органига берган аризаси асосида, агар ота ФХДЁ органига ариза бермаса, оталик онанинг ўзининг аризасига асосан суд тартибида белгиланади.
Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадпн бирининг ёки болпнинг васийси(ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шуниннгдек  бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага асосан ҳам амалга оширилади.
Шаръий никоҳдан ўтишнинг оқибатлари бошқа низоларни, хусусан алимент ундириш, баъзи ҳолларда эса мол-мулкни ундириш низоларини ҳам келтириб чиқаради.
Оталикни белгилаш бола таъминоти билан узвий боғлиқлиги учун бу тоифадаги ишлар судларда қисқа муддатларда кўриб чиқилади.
Оталикни белгилаш низоларини кўришда суд даъвогар ва жавобгарнинг  бола туғилгунга қадар умумий рўзғор асосида  оила юритган-юритмаганлигига, болани биргаликда тарбиялаганликларига, оталикни тан олганлигига, болага ва унинг онасига моддий ва маънавий ёрдам берилганлиги ва бошқа далиллар мавжудлигига ҳуқуқий баҳо бериб қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим.
Жавобгар оталикни тан олмаганлигида ва даъвони қаноатлантириш учун асослар етарли бўлмаганида одам ДНКси бўйича суд-биологик экспертизаси тайинлаш амалиётда кўп учрайди.
Оталикни белгилаш ҳақида даъво бериш ҳуқуқига эга шахс судга берган даъво аризасига боланинг оталиги белгиланмаганлигини тасдиқлайдиган туғилганлик гувоҳномаси нусхасини тақдим қилиши шарт.
Суднинг ҳал қилув қарори билан оталик белгиланганида қабул қилинган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ФХДЁ бўлимига далолатнома ёзувига ўзгартириш киритиш учун юборилади.Ҳал қилув қарорига асосан ФХДЁ органи болага янги туғилганлик тўғрисида гувоҳнома беради.
Оталикни белгилаш ва алимент ундириш даъволари бўйича даъвогар давлат божидан озод қилинган.Бироқ, даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан ундирилишини қонунчилик истисно қилмайди.
Шунингдек, оталикни белгилаш даъволари бўйича қонунчиликда даъво муддати қўлланмаслиги белгилаб қўйилган. Яъни, даъвогарлар бу мазмундаги даъво билан исталган пайтда мурожаат қилишга ҳақли.
Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин.
Бундай ҳолатда судда иш даъво юритиш тартибида эмас, балки манфаатдор шахснинг аризасига асосан алоҳида иш юритиш, яъни юридик фактни белгилаш тартибида кўриб чиқилади.
Оталикни белгилаш билан боғлиқ  низоларнинг кўпайганлиги фуқароларнинг ҳуқуқий билими етарли эмаслигини, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, маҳалла профилактика инспекторлари олиб бораётган ишлар, шунингдек, бунга масъул шахсларнинг суд билан ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.
 
Зафар Усмонов,
Фуқароик ишлари бўйича Ғиждувон туманларо суди раиси                                                       
 
Азиз Шарипов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарар учун ким жавоб беради?

Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарар учун ким жавоб беради?

Муомалага лаёқатсиз шаҳслар руҳий бузилиш(руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли ўз ҳаракатларини оқибатини англаб ета олмаганлиги ва уларни идора қила олмаганлиги туфайли улар зарар етказганлик учун жавобгар бўлмайдилар.

Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан  етказилган зарарни унинг васийи ёки унинг устидан назоратни амалга ошириши шарт бўлган ташкилот, агар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар,тўлайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 173-моддасига кўра, Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга нисбатан васийли ва ҳомийлик фаолияти туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан амалга оширилади.

Васийлик ёки ҳомийлик белгилаш зарурлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларига маълум бўлган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай васий ёки ҳомий тайинланиши керак.

Агар васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсга бир ой ичида васий ёки ҳомий тайинланмаган бўлса, васийнинг ёки ҳомийнинг мажбуриятларини бажариш васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахс аниқланган жойдаги тегишли васийлик ва ҳомийлик органининг зиммасига вақтинча юклатилади.

Васий ёки ташкилотнинг муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарарни тўлаш мажбурияти, унинг муомала лаёқати тикланган тақдирда ҳам тугамайди.

Васий ёки тегишли ташкилотнинг айби зарар етказиш пайтида муомалага лаёқатсиз шахс устидан етарли даражада назорат ва кузатувни амалга оширмаганлигидир. Васийликка олинганнинг зарарига ғаразли мақсадларни кўзлаб васийликдан ёки ҳомийликдан фойдаланиш ёки уни назоратсиз ва зарур моддий ёрдамсиз қолдириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 48-моддасида назарда тутилган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Агар васий вафот этса ёхуд зарарни тўлаш учун етарлича маблағга эга бўлмаса, зарар етказувчининг ўзи эса бундай маблағга эга бўлса, суд жабрланувчининг ва зарар етказувчининг мулкий аҳволини, шунингдек бошқа ҳолатларни инобатга олиб, зарарни тўлиғича ёки қисман зарар етказувчининг мол-мулки ҳисобидан тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Суд зарарни қоплаш мажбуриятини муомалага лаёқатсиз шахс ва васийга улушли ҳажмда юклаши мумкин.

Васий ёки тегишли ташкилот ўз айби учун жавоб беради ва шу сабабли ҳам зарар етказувчига регресс даъво қила олмайди.

         Баходир Эргашев, Бухоро вилоят суди судьяси

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади

Маълумки, Фуқаролик Конституцион норма сифатида Бош Қонунимизда алоҳида боб /VI-боб/ сифатида кўрсатилган бўлиб, ҳозирда бутун дунёда рўй бераётган таҳликали ҳолатларда унинг ўрни беқиёс эканлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи ва бевосита назорати остида амалга оширилган “Меҳр” операциясиларидан ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди /“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 4-моддаси/

Ушбу ўринда судларининг ўрни қандай эканлигини суд амалиёти мисолида келтириб ўтмоқчиман.

Аризачи А.Акбаров /исми шарифи ўзгартирилган/ судга ариза билан мурожаат қилиб, 1963 йил 20 апрелда Тожикистонда туғилган-лигини, 1986 йилда Бухоро шаҳрида яшовчи И.Турдиева /исми шарифи ўзгартирилган/ /Мамлиева/ билан турмуш қуриб, 1993 йилда турмуш ўртоғи ва 2 нафар фарзандлари билан Бухоро шаҳрига доимий яшаш учун кўчиб келганлигини, буни унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатидаги қайдлардан ҳам кўриш мумкинлигини, дастлаб турмуш ўртоғини ота-онасининг уйида, яъни Бухоро шаҳар, «А.Икромов» кўчаси, 24-уй, 5-квартирада яшаганлигини, буни ушбу уйда яшовчи қўшнилари ҳам тасдиқлаши мумкинлигини, 1994 йил январь ойида “Узмевасабзавот” ташкилотига ишга кириб, меҳнат фаолиятини бошлаганлигини, бу ҳақида буйруқ ва ойлик маошлари тўғрисидаги ҳужжатлар мавжудлигини, 1997 йил июнь ойида «А.Икромов» кўчаси, 18-уй, 24-квартирани сотиб олиб, шу уйда оиласи билан яшай бошлаганлигини, ушбу манзилда уй рўйхатига кириб, бугунги кунга қадар яшаб келаётганлигини, буни қўшнилари ҳам тасдиқлашини, бироқ ушбу ҳолатлар ва далиллар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишида етарли ҳисобланмаётганлигини, мазкур ҳолатни бошқача тартибда тасдиқлаш имконияти қолмаганлиги учун судга мурожаат қилаётганлигини таъкидлаб, 1993 йил 5 декабрдан 1997 йил 27 июнгача Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик фактини белгилаб беришни сўраган.

Иш ҳужжатларига қараганда, А.Акбаров 1963 йил 20 апрелда Тожикистонда туғилган бўлиб, 1986 йил 4 апрелда И.Турдиева билан қонуний никоҳдан ўтган. Турмушларидан 2 нафар – 1987 йил 13 январда туғилган Акбар /исми шарифи ўзгартирилган/ ва 1990 йил 8 февралда туғилган Асрор /исми шарифи ўзгартирилган/ исмли фарзандлари бор.

А.Акбаров 2020 йил 15 сентябрда вилоят ИИБ М ва ФРБ га Ўзбекистон фуқаролиги беришда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган бўлиб, унга вилоят ИИБ М ва ФРБ томонидан 1994 йилда доимий яшаганлигини тасдиқловчи фактлар мавжуд бўлса-да, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли фуқароликни тан олиш бўйича мурожаатни қаноатлантириш имконияти йўқлиги маълум қилиниб, 2020 йил 15 сентябрда жавоб хати берилган.

Ўзбекистон Республикаси ФПК нинг 295-моддаси талабига кўра, суд фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди.

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 5-моддасига кўра, қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади:

а) 1992 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс;

б) Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган ҳамда узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин бир йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий пропискадан ўтган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса;

в) ушбу Қонун кучга кирган кунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлган шахс;

г) ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахс.

Ушбу модда биринчи қисмининг «а» ва «б» бандларида назарда тутилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш факти доимий пропискада турганлик тўғрисидаги белгининг мавжудлиги билан тасдиқланади.

Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкин.

Мазкур Қонун 6-моддаси 1-қисмига асосан, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Суд муҳокамасида аниқланишича, аризачи А.Акбаровга Бухоро вилоят ИИБ ХЧК ФБ томонидан 1999 йил 25 декабрда фуқаролиги йўқ шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси берилган бўлиб, аризачининг 1993 йил 5 декабрда Ўзбекистон Республикасига яшаш учун келганлиги /2-бет/, Бухоро шаҳар, «А.Икромов» кўчасида 1997 йил 21 июнда доимий яшовчи сифатида уй рўйхатига киритилганлиги /9-бет/ қайд қилинган. Мазкур Бухоро шаҳар «А.Икромов» кўчасидаги квартира аризачининг турмуш ўртоғи И.Турдиевага 1997 йил 13 январда нотариал тасдиқланган шартномага асосан тегишли ҳисобланади.

“Узмевасабзавот” АЖнинг 1994 йил 3 январдаги буйруғи билан А.Акбаров 1994 йил 3 январдан созлаш устахонасига 4 разрядли “электргазпайвандловчи” вазифасига тайинланган бўлиб, 1996 йил 4 апрелдаги буйруқ билан аризасига кўра 1996 йил 10 апрелдан ишдан бўшатилган. Мазкур ҳолат вилоят Давлат архиви томонидан 2020 йил 30 октябрда мазкур буйруқларнинг кўчирма нусхалари ва аризачига 1982 йил 2 сентябрда берилган меҳнат дафтарчасининг 16 – 17 варақларидаги ёзувлар билан ҳам тасдиқланади.

Шунингдек, А.Акбаровга 2020 йил 7 октябрда берилган архив фондида сақланаётган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномада, унинг “Узмевасабзавот” АЖ  томонидан 1994, 1995 ва 1996 йилларда белгиланган тартибда иш ҳақилари олганлиги қайд қилинган.

Шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ХПБ ТП томонидан А.Акбаровга берилган тавсифномада, унинг қўшнилари билан муносабати яхши эканлиги, МФЙ да унинг устидан бирор марта ариза, шикоятлар келиб тушмаганлиги, маҳалла тадбирлари ва ободонлаштириш ишларида фаол қатнашиши, фуқаролар йиғинида ушбу фуқаро ҳақида бирорта қораловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги қайд қилинган.

Шаҳар ИИО ФМБ М ва ФРБ томонидан 2020 йил 18 сентябрда берилган маълумотномада, аризачининг турмуш ўртоғи И.Турдиеванинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 1993 йил 5 декабрда келганлиги ва у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 мартдаги ФП-5667-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганлиги маълум қилинган.

Шаҳар ХТБ га қарашли 19-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби томонидан 2020 йил 26 ноябрда берилган маълумотда, аризачининг фарзандлари 1994 – 2002, 1997 – 2006 йилларда мазкур мактабда ўқиганлиги қайд қилинган.

Демак, иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суд 2020 йил 10 декабрдаги ҳал қилув қарори билан аризанинг қаноатлантирилиши, яъни аризачининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1993 йил 5 декабрдан 1997 йил 27 июнга қадар доимий яшаганлиги ҳақидаги юридик аҳамиятга эга бўлган факт белгиланиши инсонийлик, адолат ва қонунийлик тамойилларига тўла мос келади деб ҳисоблади..

Чунки, аризачи А.Акбаров 1993 йил 5 декабрда Ўзбекистон Республикасига келиб, доимий пропискадан ўтмасдан 1997 йил 13 январгача Бухоро шаҳар «А.Икромов» кўчасида доимий яшаб, 1996 йил 10 апрелгача “Узмевасабзавот” ташкилотида ишлаганлиги иш ҳужжатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, аризани қаноатлантириш ҳақида тўхтамга келишда суд, Қонун талабига кўра 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинишини, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкинлигини инобатга олган ҳолда  аризачининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари суд йўли билан тикланиши лозимлигини инобатга олди.

Зеро, бунда суд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида” 1991 йил 20 декабрдаги 5-сонли Қарорининг 2-бандида судларга берилган тушунтиришларга таянди.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг               295-моддасида назарда тутилган суд тартибида аниқланадиган юридик аҳамиятга эга бўлган фактлар рўйхати тугал эмаслигини, мазкур фактни аниқлаш қонун билан суддан бошқа органнинг ваколатига берилмаганлигини инобатга олди.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Бухоро туманлараро судининг раиси

Фирузжон Ёдгоров

Bola huquqlari to’g’risidagi konvensiyaning 32-yilligi munosabati bilan o’zbekistondagi vaziyat tahlili

Fuqarolik ishlari bo’yicha  Buxoro tumanlararo sudi binosida Buxoro viloyati yuridik texnikumi talabalari uchun “Bola huquqlari to’g’risidagi konvensiyaning 32-yilligi munosabati bilan O’zbekistondagi vaziyat tahlili” mavzusida o’quv seminar trening tashkil etildi. Ushbu seminar treningda Fuqarolik ishlari bo’yicha  Buxoro tumanlararo sudi sudyasi A.Baxromov va Buxoro viloyati yuridik texnikumi ’’Ommaviy huquqiy fanlar ’’kafedrasi o’qituvchisi M. Rajabova hamda DXF2/20-guruh talabalari ishtirok etishdi. So’zga Buxoro viloyati yuridik texnikumi o’qituvchisi Muxtaram  Rajabova chiqib talabalar va seminar ishtirokchilariga ’’Bola huquqlari to’g’risidagi konvensiyaning 32-yilligi munosabati bilan O’zbekistondagi vaziyat tahlili’’ mavzusida bir qator ma’lumotlar berib o’tdi.      Shundan so’ng so’zga Fuqarolik ishlari bo’yicha  Buxoro tumanlararo sudi sudyasi Alisher Bahronov so’zga chiqib quydagi ma’lumotlarni talabalarga aytib o’tib,bola huquqlari to‘g‘risida konvensiya — bolalar huquqi to‘g‘risidagi xalqaro huquq normalari kuchiga ega bo‘lgan hamda kelajakka qaratilgan eng to‘la va birinchi hujjat. BMT Bosh Assambleyasi tomonidan 1989 yil 20 noyab.da bir ovozdan qabul qilingan. Konvensiya 1959 yilda qabul qilingan Bola huquqlari deklaratsiyasi qoidalarini rivojlantiradi. Deklaratsiya „Insoniyat o‘zida mavjud bo‘lgan eng yaxshi narsalarning hammasini bolalarga berishga majbur“ deb eʼlon qilgan edi.

Konvensiya esa ushbu Deklaratsiya va boshqa xalqaro hujjatlardagi bolalar huquqlari to‘g‘risidagi qonunlarni o‘zida mujassamlashtirgan. Bola huquqlari toʻgʻrisida konvensiya dunyoning barcha mintaqalaridagi xalklar uchun teng ahamiyatga ega, asosiy maqsadi bolalar manfaatlarini mumkin qadar himoya qilishdan iborat. U muqaddima, 3 qism, 54 moddadan iborat. Konvensiyaga asosan agar milliy qonunlarda balog‘at yoshi birmuncha erta belgilangan bo‘lmasa, 18 yoshga to‘lmagan har qanday shaxs bola hisoblanadi.

Konvensiya bolaning yashash va sog‘lom rivojlanish huquqiga, farzandlikqa olish bilan bog’liq huquqqa, noraso bolalar va qochoq bolalar, shuningdek huquqbuzarlik sodir etgan bolalarning huquqlariga oid qoidalarni oʻz ichiga oladi, bolalarga gʻamxoʻrlik qilish va ularni himoya qilishda oila va otaonaning birinchi darajali roli, bolalarga yordam koʻrsatish borasidagi majburiyatini tan oladi. Bolalarni kamsitmaslik — Konvensiyaning muhim tamoyillaridan hisoblanadi. Bolalar irqi, tanasining rangi, jinsi, tili, dini, siyosiy yoki boshqa eʼtiqodi, millim, etnik yoki ijtimoiy kelib chiqishi, mulkiy holati, sogʻligʻining ahvoli otaonasi yoki qonuniy vasiysi yoxud qandaydir boshqa holatlardan qati nazar, bironbir kamsitishlarsiz oʻz huquqlaridan foydalanishi kerak. deb o’z fikrini yakunladi.

Talabalar mavzu doirasida keng ko’lamli tushunchalarga ega bo’lishdi. Ushbu seminar treningni tashkil etishdan maqsad talabalarni dars davomida o’zlashtirgan nazariy bilimlarini amaliyotga qo’llash va kelajakda kasb ko’nikmalarini shakllantirishga zamin yaratdi.

Alisher Bahronov, Fuqarolik ishlari bo’yicha Buxoro tumanlararo sudining sudyasi 

Skip to content