Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати –2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун эканида ҳам рамзий мазмун-моҳият мужассам. Бинобарин, аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини мамлакат раҳбари ва ҳукумат яхши англайди.
2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни 4 боб, 33 моддадан иборат бўлиб, ушбу Қонуннинг мақсади ѐшларга оид давлат сиѐсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ёшларга оид давлат сиёсати рўёбга чиқаришда барча давлат органлар ва муассасалар масъул бўлиб, улғайиб келаётган ёшларни ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда ва ушбу қонунинг мазмун моҳиятни чуқур англашлари учун барча куч ғайратини сарфлаши даркор. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ташаббуси билан барча суд тизимида инсон ҳуқуқлари ҳафталиги ўтказилиши муносабати билан ФИБ Қоракўл туманлараро суди судьялари томонидан жорий 21 февралдан 25 февралга қадар “Инсон ҳуқуқлари –олий қадрият” “Судья ва ёшлар” мавзуларида Олот ва Қоракўл туманлари таълим муассасаларида ва маҳалла фуқаролар йиғинларда ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.
Хулоса қилиб шуни англаш мумкинки Ўзбекистон Буюк келажак сари интилар экан ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириб, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга ёшларни тарбиялаш орқалигина эришиши мумкиндир
Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири аҳолининг юксак ҳуқуқий маданияти ҳисобланади. Мамлакатимизнинг эндиги тараққиёти жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятини юксалтиришни долзарб вазифа қилиб қўяр экан, шу ўринда аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Агар инсоният тарихига назар ташласак, аёллар эркакларга нисбатан камситилган, жамиятни бошқариш ишларидан четлатилган даврларни ифодаловчи илмий манбаларга дуч келамиз. Минг йиллар давомида аёллар фарзанд кўриб, уларни парваришлаш билан чекланганлиги маълум.
XX асрда аёлларни мана шундай қарашлардан озод қилувчи, оиладаги оналик, рафиқалик масъулиятидан воз кечмаган ҳолда жамиятда эркаклар билан тенг меҳнат қилиш, меҳнатига яраша ҳақ олиш, дам олиш, соғлиқни сақлаш, таълим олиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларга эга бўлиш имкониятини яратди. Аёлларнинг бундай ҳуқуқларга эга бўлишини БМТда ишлаб чиқилган халқаро ҳуқуқ – “Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон декларацияси” (1948) ҳамда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция (1979) кафолатлади. Бу ҳужжатлар хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай чеклашларни тугатиб, уларнинг оилавий ҳолатидан қатъи назар, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида: сиёсат, иқтисод, маданият ва фуқароликда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқларини таъминлашга чақиради. У давлатларни хотин-қизларнинг камситилишларига қарши миллий қонунчилик чораларини ҳамда оила ва жамиятда эркаклар ва аёллар ўртасида тенгликни тезлик билан ўрнатишга, уларнинг ҳуқуқлари камситилишини сақлаб қолишга имкон берувчи ижтимоий ва маданий моделларини ўзгартириш чораларини кўришни тавсия этади[1]. Шунингдек, оилавий ҳаётда эркак ва аёллар учун бир хил ҳуқуқ ва бурчларни ўрнатиш лозимлиги кўрсатилган. “Балоғатга етган эркак ва аёллар ирқи, миллати ёки динидан қатъи назар бирон-бир чеклашсиз никоҳдан ўтиш ва оила қуриш ҳуқуқига эгадирлар. Улар никоҳдан ўтаётганда ҳам, никоҳда бўлган вақтида ҳам ва никоҳ бекор қилинганда ҳам бир хил ҳуқуқлардан фойдаланадилар» (26-модда) деб таъкидланган[2].
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси қаторида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, бу халқаро ҳужжатларни эътироф этди ва ўз зиммасига хотин-қизларга нисбатан камситиш сиёсатини ўтказмаслик мажбуриятини олди ҳамда шу мақсадда хотин-қизлар манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини белгиловчи тегишли қонун ҳужжатларини ларини қабул қилди.
Улар жумласига: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонуни киради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги (46-модда)[3], оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, эркин ва тенг ҳуқуқли никоҳ тузиш (63-модда), фарзандларни вояга етказиш ва тарбиялаш учун ота-оналарнинг масъуллиги (64-модда) қоидалари белгиланган[4].
Барчага маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди.
Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.
Хотин-қизлар дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этади, аммо уларнинг кичик қисмигина муносиб иш билан таъминланади ва қарорлар қабул қилишда қатнашади.Сиёсатда ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёлларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш ривожланиш учун жуда муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқида: “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.
Замонавий жамиятда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, шахслараро муносабатларнинг ривожига хизмат қиладиган ва ижтимоий тизимнинг барча шаклларида -оила, иқтисодиёт, меҳнат бозори, давлат маъмурий амалиётида кенг қўлланиладиган,ижтимоий адолат тамойиллари асосида жамият ҳаётини ташкил этишнинг долзарб муаммоси гендер тенглигидир.
Гендер — ижтимоий жинс деган тушунчани беради ва уларнинг тенглигини эътироф этади. Гендер — хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларидаги муносабатларининг мажмуини ташкил этади ва у ривожланиш жараёнининг барча босқичларида: оилада, жамиятда, таълимда, сиёсатда намоён бўлади.
Жинс бўйича камситиш — жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, жумладан, оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шаҳвоний тегажоғлик қилиш, тенг меҳнат ва малака учун ҳар хил ҳақ тўлаш тушунилади.
Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари:
Гендер тенглиги соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва такомиллаштириш;
Гендер тенглиги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар маданиятини шакллантириш;
Жамият ва давлат ишларини бошқаришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш;
Меҳнатга оид ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш;
оилани, болаликни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, масъулиятли оналик ва оталикни шакллантириш;
Жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга қаратилган ахборотдан жамиятни ҳимоя қилиш;
Мазкур соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқишда нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этиш;
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга доир чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш;
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш мақсадида минтақавий ва халқаро даражаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш белгиланган.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари қуйидагича шакллантирилган:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
Ўзбекистон Республикасининг Сенатдаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси;
Давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ваколатли мансабдор шахс белгиланади.
Ваколатли шахснинг мажбуриятларини бажариш давлат органи раҳбарининг ўринбосарларидан бири зиммасига юклатилади.
Айниқса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Қонун кўп йиллик муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган.
Зўравонлик қонунга кўра, хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)да намоён бўлади.
Зўравонликнинг кўринишлари турлича бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунида зўравонликнинг тўрт асосий тури белгиланган:
Руҳий зўравонлик
Жисмоний зўравонлик
Жинсий зўравонлик
Иқтисодий зўравонлик
Бугунги кунда зўравонликнинг кенг тарқалган – кибер зўравонлик тури ҳам кенг тарқалган бўлиб, у жабрдийдага катта руҳий азоб орқали шикаст етказади.
Руҳий зўравонлик – хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракатларда намоён бўлади.
Жисмоний зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли ҳисобланади.
Иқтисодий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик)да намоён бўлади.
Жинсий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашдир.
Тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш деганда, хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи учун пайдо бўлган хавфни бартараф этиш, тезкор чора-тадбирларни талаб қиладиган ҳаётий вазиятлар юз берганда хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жабрланувчига нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадидаги иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа тусдаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар тизими тушунилади.
Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда – хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, жамиятда хотин-қизларнинг зўравонликдан холи бўлиш ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизими йўналишида кенг қамровли ишларни олиб бориш назарда тутилган. Бундай саъй-ҳаракатларга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат – Ҳимоя ордери берилади .
Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.
Мазкур янги ташкил этилган барча институционал механизмлар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда БМТ Конвенциясига мувофиқ аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши масаланинг муҳим томонидир.
Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади, шу билан бирга, уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган.
Шу билан бирга, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим ахамиятга эга.
Шу маънода, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарур.
Бозор муносабатлари шароитида фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларнинг турлари, уларнинг қўлланиш соҳаси ва ижтимоий-иқтисодий функцияси кенгайиб бориши натижасида, шартномалар иқтисодий муомала иштирокчилариг товарлар, етказиб бериш, иш бажариш ва хизмат кўрсатиш муносабатларининг асосий ҳуқуқий воситасига айланди. Бу ҳолат аввало қонун ҳужжатларида шартномаларга нисбатан ва уни тузувчи тарафларга нисбатан кенг эркинлик ва имтиёзлар берилиши билан боғлиқ. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 1-моддасида шартномалар эркинлиги, хусусий ишларга ўзбошимчалик билан аралашишга йўл қўйилмаслиги, фуқаролик ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширилиши каби асосий негизларнинг белгиланиши фуқаролик муомласида шартномаларнинг аҳамиятини ва уларга бўлган талабларнинг ошишига олиб келди.
Шунингдек, бозор иқтисодиётида воситачилик шартномасининг ҳаётий зарурияти ва моҳияти тубдан ўзгарганлигини эътироф этиш зарур. Бинобарин, собиқ Иттифоқ даврида воситачилик шартномаси асосан фуқароларнинг шахсий истеъмолга мўлжалланган товарларини сотишга ихтисослашган комиссион дўконлар билан фуқаролар ўртасида тузилган. Шу билан бирга чет эл товарларини сотишга ихтисослашган дўконлар ҳам комиссион дўконлар ҳисобланган. Хозирда воситачилик тадбиркорлик фаолиятининг ўзига хос кўринишига айланди.
Бугунги кунда воситачилик ижтимоий ҳаётнинг деярли барча соҳаларида кенг қўлланилаётганлиги, биринчи навбатда воситачилик фаолиятининг ўз ҳисобидан муайян харажатлар қилмаслиги ва учинчи шахслар ҳисобидан ўз фаолиятини амалга ошириш орқали фойда кўриши билан характерланади. Бинобарин, савдо, хизмат кўрсатиш ва иш бажариш соҳаларида воситачилик хизматидан фойдаланиш, қимматбаҳо қоғозлар муомаласини амалга оширишда воситачининг хизматларидан кенг фойдаланилади.
Воситачилик шартномасининг тадбиркорлик фаолияти соҳасида кенг қўлланилиши тадбиркорлик муносабатлари ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Воситачилик шартномасининг айнан тадбиркорлик, савдо муносабатларида ривожланганлиги мазкур шартноманинг тадбиркорлик фаолиятининг муҳим таркибий қисми сифатида намоён этади.
Маълумки, фуқаролик ҳуқуқи шартномалар тизимида хизмат кўрсатиш шартномалари алоҳида ўрин тутади. Бинобарин бозор муносабатлари шароитида субъектларга берилган имкониятлар, фан ва техниканинг ривожланиши бугунги кунда хизмат турларининг ортиб, кенгайиб боришига замин яратмоқда. Бу ҳолатни Бутунжаҳон Савдо Ташкилотининг “Хизматлар савдоси бўйича Бош келишуви” да бир неча юзлаб хизмат турлари белгиланлигидан ҳам кўриш мумкин. Хизмат кўрсатиш шартномалари тизимида ўзаро ишончга асосланган ва муайян шахслар фойдасига у ёки бу юридик ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган шартномалар гуруҳи мавжудки, бундай шартномалар орасида воситачилик шартномаси алоҳида ўрин тутади. Воситачилик шартномаси бир шахснинг иккинчи шахсга берган топшириғи, фуқаролик-ҳуқуқий характердаги кўрсатмасига асосан вужудга келади ва бунда шартномани ва шартномавий-ҳуқуқий муносабатни вужудга келишидаги дастлабки асос комитент – тошириқ ва кўрсатма берувчининг эрки-иродаси ҳисобланади. Айтиш лозимки, бошқа шахс фойдасига юридик ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган шартномаларда кўрсатма берувчининг эрки-иродаси ўзаро ишончга асосланади ва бу ҳолат ҳар доим шартномани тузиш жараёнида аҳамиятга эга бўлади. Зеро, фуқаролик ҳуқуқида “ўзаро ишонч” категорияси ҳар қандай шартномавий муносабатни вужудга келтирувчи бош мезон сифатида контрагентни танлашда ва шартномадан ўзи кутган натижага эришиш йўлида дастлабки қадамни ташлашда асосий негиз саналади[1]. Бошқача айтганда ҳар қандай фуқаролик-ҳуқуқий шартномани ўзаро ишончга асосланадиган шартнома деб ҳисоблаш мумкин.
Воситачилик шартномаси ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра, бир шахснинг манфаати ва фойдасини кўзлаб бир ёки бир неча битимни иккинчи шахс ўз номидан ҳақ эвазига тузиши тўғрисидаги биринчи шахснинг топшириғи ва кўрсатмаси ҳисобланади. Бундай ўзига хослик ва тарафлар амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатларнинг моҳияти мазкур муносабатларни бир шахснинг иккинчи шахсни ўз манфаатлари ва фойдаси учун “ёллаши” сифатида баҳолаш имконини беради. Зеро, комитент воситачини ўзи учун мақбул ва фойдали бўлган битим тузиш учун “ёллайди” ва эвазига муайян мукофот беришни ваъда қилади. Албатта бундай “ёллаш” кўрсатма берувчи (комитент) нинг ҳисобидан ва унинг мулкий таъминоти эвазига амалга оширилади. Чунки воситачилик муносабатларида гарчи воситачи ҳеч қандай мулкий таваккалчилик қилмасдан фақат муайян ҳуқуқий ҳаракатларни амалга оширади ва бу ҳаракатларнинг кўрсатма берувчи учун самарали бўлишини кўзда тутади холос. Воситачи ўз номидан битимни тузиш жараёнида ўзига берилган кўрсатмалардан четга чиқмасликка ҳаракат қилади ва шу орқали ўзининг вазифаларини бажаради.
Воситачилик шартномасига ўзининг ҳуқуқий табиати, моҳияти ва мазмуни жиҳатидан энг яқин шартномалар сифатида топшириқ, агентлик, транспорт экспедицияси, мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Мазкур шартномалар ўртасидаги ўхшашлик ва ҳуқуқий конструкциясига кўра ўзаро яқинлик шундаки, уларнинг барчасида “ёллаш”, ўзаро ишонч, бир шахс учун иккинчи шахснинг юридик ҳаракатларни амалга ошириши, ҳуқуқий муносабатларнинг биринчи шахс хоҳиши-иродаси асосида вужудга келиши ҳамда барча ҳолатларда ҳам биринчи шахснинг мулкий таваккалчилигига асосланиши ҳолатлари мавжуд бўлади.
Топшириқ шартномасидан фарқли равишда воситачилик шартномасида воситачи юридик ҳаракатларни ўз номидан амалга оширади ва ҳар доим бунинг учун муайян ҳақни олади. Агар вакил амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлар доираси кенг ва хилма-хил бўлса, воситачи амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлар диораси тор ва аниқ бўлади. Яъни, воситачи фақатгина бир ёки бир неча битимни тузиши ва комитент берган аниқ параметрлар бўйича ҳаракатланиши лозим. Шунингдек, воситачига қараганда вакилга муайян ҳаракатларни қилишда кўпроқ эркинлик берилиши ва муайян вазиятларда вакилнинг ўз хоҳишидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши мумкин бўлади.
Вакиллик ва воситачилик муносабатларидаги яна бир фарқ воситачининг комитент топшириғи асосида ҳаракат қилиши учун алоҳида ҳуқуқий ҳужжат талаб қилинмаса, вакиллик муносабатларида вакилнинг топшириқ берувчи номидан ҳаракатларни амалга ошириши учун муайян ҳуқуқий ҳужжат – ишончнома талаб қилинишида намоён бўлади.
Агентлик шартномалари ва транспорт экспедицияси шартномасида ҳам деярли барча вазиятларда агент ва экспедитор асосан кўрсатма берувчи шахс номидан юридик ҳаракатларни амалга ошириши билан воситачилик шартномасидан фарқ қилади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда воситачилик шартномасини “Ўзаро ишонч” шартномаси ва “Савдо воситачилиги шартномаси” деб ҳам номласак ҳам бўлади.
Farzandga yaxshi tarbiya berish ota-onaning asosiy mas’uliyatli vazifalaridan biridir. Bu borada ular har qadamda mas’uliyat bilan yondashmog‘i lozim. Kelajakdagi yo ‘li ravon bo ‘lishini istagan har bir ota-onalar sarflaydigan vaqtini va harakatini ertaning buyuk insonlari bo‘lgan farzandlarini ulg‘aytirish uchun sarflashlari lozim. Farzand kamoloti uchun sarflangan har bir daqiqa ertangi farovon hayot uchun tamal toshi bo‘ladi desak hech mubolag‘a bo‘lmaydi. Agar ota-ona vaqtida farzandiga e’tibor qaratmasa, uning kelajagi uchun qayg‘urmasa, keyinchalik afsus – nadomat bilan yashashi muqarrar. Bu kelajakda muammolarni yuzaga chiqarishi mumkin. O‘sha vaqtda esa muammolarni hal qilishga kech bo‘lishi mumkin. Shunday ekan, farzandining taqdiri uchun e’tiborli bo‘lib, uning xulqi, tarbiyasiga va ilm olishiga befarq bo‘lmaslik lozim.
Xalqimizda “Qush uyasida ko‘rganini qiladi” degan naql bejizga aytilmagan. Har bir ota-ona o‘z farzandi uchun ko‘zgudir. Ularning muomala va munosabati, o‘zini tutishi farzandiga bo‘lgan e’tibori alohida ahamiyatga ega. Buyuk mutafakkir shoirimiz Alisher Navoiy farzand tarbiyasi xususida shunday deydi: “Yosh bolaga nisbatan eng zarur ish bilki, uni kichkinaligidan parvarish qilishdir. Qatrani sadaf tarbiya qilgani uchun odamlarning boshiga chiqib sharaf topdi. Tarbiyaning yana biri bolaga ilm-u adab o‘rgatish uchun muallim chaqirishdir. O‘g‘ling bilimsizligicha qolib ketsa, ajab kamchilik bo‘ladi. Unga sening shafqat qilishing foydalidir, lekin buning ortiqchasi zarardir”. Bu fikrlar orqali qattiqqo‘llik va shafqatning me’yorda bo‘lishini bilish mumkin.
Mirzo Ulug‘bekning oila muhitini yaxshilash, sog‘lom tarbiya berish haqida quyidagi qarashlari mavjud. Bolaning bilim olishiga bo‘lgan qiziqish, havasini oshirishda u tarbiyalanayotgan muhit, ya’ni oila muhim o‘rin egallaydi. Oilada ota-onalar bilimli bo‘lishini, tarbiya berishda ota-onaning o‘zi o‘rnak va hayotiy misol bo‘lishiga farzandi guvoh bo‘lishi eng ko‘p samara berishi ta’kidlangan.
Jadid adabiyotining namoyandasi Abdurauf Fitrat jamiyat rivoji va yurt ravnaqi farovonligida oilaning o‘rni xususida fikr yuritib, “Oila” asarida shunday mulohazalar bildiradi: “Har bir millatning saodati va izzati, albatta, shu xalqning ichki intizomi va totuvligiga bog‘liq.Tinchlik va totuvlik ana shu millat oilalarining intizomiga tayanadi.Qayerda oila munosabati kuchli intizomga tayansa, mamlakat va millat ham shuncha kuchli va muazzam bo‘ladi”.
Hozirgi kunda oila davrasida bilim olish va kitob o‘qish borasida suhbat qilish, farzandining ilm olishi xususida suhbatlar kamayib bormoqda. Farzandlarning ham o‘z vaqtini telefon bilan o‘tkazishi keng tus olyapti. Bunda me’yordan oshib ketish holatlari ko‘p uchramoqda. Farzandni kitob o‘qishga bo‘lgan muhabbatini oshirish uchun astoydil harakat qilinsa, bolada kitob o‘qishga ko‘nikma hosil bo‘ladi. Bilim olishga bo‘lgan intilish yanada kuchayadi.
Oilada bolaning muntazam kitob o‘qishini rivojlantirish uchun ota-ona astoydil harakat qilmog‘i lozim.
Sharq mutafakkirlari yetuk insonni yetishtirish uchun tarbiya naqadar zarurligi haqida so‘z yuritganlar. Jumladan, Imom Buxoriyning “Al-Adab al-Mufrad”, Kaykovusning “Qobusnoma”, Shayx Sa’diyning “Guliston”, Yusuf Xos Hojibning “Qutadg‘u bilig” asarlarini misol qilib keltirish mumkin.
Bola tarbiyasida ota-onaning bir-biriga munosabati muhim sanaladi. Farzandning tarbiyasini faqat onaga tashlab qo‘yish to‘g‘ri emas.Bu borada otaning ham o‘rni beqiyosdir. Hayotda og‘il ko‘proq otaga qarab ergashadi. Otaning samimiyligi, hurmati va yaxshiligi farzandga kuch-quvvat bo‘ladi. Oilaning asosiy tirgagi bo‘lgan ota hayotning mashaqqatlarini kechib, o‘zining bukulmas irodasi, adolatparvarligi, hayot sinovlariga bardoshliligi bilan ajralib turuvchi buyuk shaxs sifatida gavdalanadi. Ota oilada o‘z farzandlariga yurish-turishda, nutq odobida, o‘zaro muomala madaniyatida to‘g‘rilik, halollik, samimiylik yuzasidan namuna bo‘la oladi. Oilada samimiylik, bir-biriga bo‘lgan mehr va hurmat yuqori bo‘lsa, farzandning o‘sib ulg‘ayishiga ijobiy ta’sir ko‘rsatadi. Alisher Navoiy tarbiyaning yana bir ko‘rinishi ota-onani hurmat qilish ekanligini farzandlarga uqtiradi: ”Otang oldida boshingni fido qilib, onang boshi uchun butun jismingni sadaqa qilsang arziydi. Ikki dunyong obod bo‘lishini istasang, shu ikki odam roziligini ol. Tun-u kuningga nur berib turganning birisini oy deb bil, ikkinchisini quyosh”.
Oilaдa ma’naviy-ruhiy muhit, bola tarbiyasida g‘oyat muhim ahamiyatga ega bo‘ladi. Oila sog‘lom, yetuk farzandni ulg‘aytirib kamol toptirishda mas’uldir. Farzandni sog‘lom, yetuk, bilimli, shijoatli qilib voyaga yetkazish oilaga, ota-onaga bog‘liqdir.
Коррупция инсонни турли хил йўл билан ўз домига туширадиган иллатлардан биридир. Бу иллат инсоннинг инсонийлик сифатларига путур етказади, унинг фикрлаш тарзи ва савиясини салбий томонга ўзгартиради. Порахўрлик ўзгалар ҳақини ноҳақ ейиш ҳаромдан ҳазар қилмаслик каби иллат инсонни тубанлаштиради ва ҳалокатга етаклайди. Бу каби иллатга қарши курашмоқ лозимдир. Коррупция сўзининг луғавий маъноси аслида “бузмоқ” деган маънони билдиради. Инсонга берилган ваколатларни ўзининг шахсий манфаатларини кўзлаб, қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади Инсоннинг ўз манфаатларини устун қўйиб, ўз вазифасини суиистеъмол қилиши, ўзгалардан таъмагирликни кўзлаши, давлат мулкидан ноқонуний фойдаланиши, қонун олдида жавобгар бўлиши билан бир қаторда динимизда ҳам қаттиқ қораланади. Ота-боболаримиз ўзгалар молини ноҳақ ейишдан қаттиқ ҳазар қилишган.
Ҳадисларда ҳам порахўрлик қаттиқ қораланади. Имом Бухорий ҳадисларида шундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талафот етказиш учун олса, Аллоҳ Таоло унинг ўзига ҳам талафот етказади”.
Порахўрлик аслида таъмагирликдан келиб чиқади. Таъмагирлик- манфаат йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслик, инсонийлик шаънини таҳқирлайди ва ғурурини топтайди. Таъма йўлига кирган инсон ҳеч нарсадан тап тортмайди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таъмагирнинг феълини “еб тўймаснинг овқатга ўчлиги”га ўхшатади. Бу ҳақда Аҳмад Яссавийнинг шундай байти мавжуд:
Нафсим мени йўлдин уриб хор айлади,
Термултириб халққа мени зор айлади, –
деганида, таъма орқали келиб чиққан хорликни ҳам эътиборга олган. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий “Таъмада разиллик ва уқубат бор”, дея бежизга таъкидламаган. Шу разилликлардан айримлари қуйидагилар: Таъма, енг аввало, эътиқодга шикаст етказади. Унинг таъсирида инсон поклигидан, виждон холислигидан ажралади. Охир – оқибат ҳамма нарсани фойда қаричи билан ўлчайдиган бўлиб қолади. Кимда таъмагирлик туйғулари мавжуд бўлса, бундай инсонда самимийлик бўлмайди. Навоий таъмагир инсонни гадодан ҳам тубан билади:
Бировки, таъма риштаи қилгуси,
Унинг бирла бўғзидан осилгуси.
Ўз-ўзидан савол туғилади. Инсон таъмасиз кун кечириши мумкинки? Албатта, мумкин. Ҳалол меҳнат ва заҳмат одам қалбини таъма ҳисларидан тинимсиз поклайди. Бунинг учун инсон ўз маънавиятини янада кучайтириши лозим. Навоий бунга мисол тарзида қуйидаги байтни келтиради:
Сен агар тарки таъма қилсанг, улуғ ишдир буким,
Олам аҳли барча бўлғай бир тараф, сен бир тараф, –
Шоир бу улуғ натижага эришиш учун қалбини пок тутиш лозимлигини таъкидлайди. Таъма, порахўрлик бир – бирига яқин тушунчалар бўлиб, буларнинг кушандаси ақл ва доноликдир.
Буюк шоиримиз Абдураҳмон Жомий ўз асарида таъмагир инсонни итдан-да тубан деб таъкидлайди. Эрта-ю кеч инсоннинг камолоти учун қайғурган, унинг одамийлик фазилатларини авайлаб муҳофаза қилган, ҳар бир шахс сиймосида Ватаннинг иқтидорли фарзандларини кўрмоқ истагида бўлган Алишер Навоий порахўрлик, таъмагирлик тўғрисидаги ҳар бир танқидий сўзи билан ўз қадрини поймол қилган кишиларга қарши тургани шубҳасиздир.
Инсон бор нарсага қаноат қилиш орқали хотиржамликка эришади. Ҳар жиҳатдан ўзини фориғ тутса, хотиржам бўла олади. Шунинг учун ҳам шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу ҳақда ўз асарларида айтиб ўтган. Ҳар нарсага қаноат қиладиган киши биров берган хазинадан заҳмат тортиб меҳнат билан топган чақасини минг марта зиёд деб билади. Ва шу олийжаноблиги ва камсуқумлиги билан устун туради.
Коррупция мамлакат тараққиётини ортга суриб, келажакни хавф остида қолдиради. Ривожланиш ва тараққиёт йўлини танлаган инсон, энг аввало, коррупция, таъмагирлик, порахўрлик каби салбий иллатларга қарши муросасиз кураш олиб боради. Акс ҳолда бундай ёмон иллат томир отишига йўл қўйиб берилса, ўша жойда тараққиёт ва ривожланиш бой берилади.
Коррупция тушунчасининг пайдо бўлиши жуда қадимга бориб тақалади. Баъзи маълумотларга кўра қабилада маълум даражага эга бўлиш учун совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ҳадисларда бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан пора қилиб узатмангизлар деб бежизга айтилмаган.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Коррупция, порахўрлик ва таъмагирликка нафрат одамни эса маънан ва руҳан юксалтиради. Қаноатли инсонда эса эзгу хислатлар мужассамлашади. Доноларимиз бежизга “Қаноат бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди: у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди” – дейишмаган. Шундай экан, инсон ўз умри давомида умр йўлини ҳалол меҳнат ва ҳалол ризқ билан ўтказмоғи лозим. Ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржамлик билан ўтказишда асосий омилдир. Унинг ҳаётини безаб турадиган асосий сифатлардан бири бу – ҳалолликдир.
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан суд-ҳуқуқ соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2023 йил 30 апрель кунида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдумида умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси қабул қилинди. Мазкур Конституциянинг 41-моддасига кўра ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли.
Фуқаролар томонидан фуқаролик ишлари бўйича судларга мерос масалалари юзасидан тақдим қилинган даъво аризалари қонун талаблари доирасида ўз ечимини топмоқда.
Бир тарафи фуқаро бўлган меросга оид низолар фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судловига тегишли бўлиб, ворисликка доир муносабатлар, башарти Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекснинг 1198 ва 1199-моддаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мерос қолдирувчи васиятномада ўзи фуқароси бўлган мамлакатнинг ҳуқуқини танлаган бўлмаса, мерос қолдирувчи охирги доимий турар жойга эга бўлган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича белгиланади.
Ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекснинг 1140-моддасига кўра, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.
Ушбу Кодекснинг 11401-моддасига кўра, Агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.
Хулоса қилиб айтганда, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворисликда қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этганда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини белгилайди, яъни мазкур ҳолда меросхўрнинг хотини мерос улушига эга бўлмайди. Мерос трансмиссиясида меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтишини белгилайди, мазкур ҳолда қонун бўйича ворисликда меросхўрнинг авлодлари билан бирга унинг хотини ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Файзилло Кадиров,
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг судьяси
Бугунги кунда жамиятимизда учраб тураётган бир нохуш ҳолат борки уни бартараф этишда барчамиз бирлашишимиз лозим. Бу ҳам бўлса хотин-қизларнинг зўравонлик ва тазйиққа учрашишини олдини олиш, айтиш лозим бўлса бундай холатларга умуман йўл қўймасликдир. Давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуслари билан сўнги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинди. Шулардан энг асосийси сифатида мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлигини айтиб ўтишимиз мумкин. Ички ишлар органларида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимларининг жорий этилганлиги эса ожиз жинс вакиласи ҳисобланмиш хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш мақсадида ташланган энг дадил қадамлардан биридир. Бугун аёлларимиз ўртасида урф бўлаётган салбий ҳолатлардан яна бириси бу оила-турмуш доирасидаги муаммо ва келишмовчиликларни ўзбошимчалик билан ҳал этишга уринишларидир. Азиз юртдошлар, Тўмарис, Нодирабегим, Увайсийлар авлоди бўлган опа-сингилларимиз томонидан содир этилаётган бу каби жирканч иллатлар нафақат миллатимиз шаъни учун, шу билан биргаликда қонунларимизга ҳам мутлақо зиддир. Илгари судланган, озодликдан махрум қилиш жазосини ўтаган деган ибораларни жамиятимиз аъзоси бўлган хотин-қизларнинг шахсига нисбатан ишлатилишига йўл қўймайлик. Бунинг учун аёлларимиздан сабр-қаноат, вафо ва садоқат, эркакларимиздан эса меҳр-мурувватли бўлиш талаб этилади холос. Ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган. Қарорга асосан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази Васийлик кенгаши ташкил этилди. Қарорга асосан қуйидаги вазифалар белгиланди: Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказини тугатиш; Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш; Мавжуд 197 та зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларини оптималлаштириш ҳисобига 29 та аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлар, шу жумладан, 1 та Республика маркази, 14 та ҳудудий марказлар ва 14 та намунали туманлараро марказларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилган. Республика маркази ва ҳудудий марказлар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз мустақил балансига, шахсий ғазна ва банк ҳисобварақларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрига эга бўлади; марказлар ўз фаолиятини анонимлик, ахборотнинг махфийлиги, касбий маҳорат ва хавфсизлик тамойиллари асосида амалга оширади; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолиятини марказлар билан уларнинг фаолиятига аралашмаган ҳолда яқин ҳамкорликда олиб боради; марказлар ўз фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ волонтёрларни (кўнгиллиларни) жалб этиши мумкин. Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган: тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш; оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга кўмаклашиш; давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг хотин-қизларнинг ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларини ўрганиш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, ўз жонига суиқасд қилган хотин-қизларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича фаолиятига яқиндан кўмаклашиш; «Аёллар дафтари»га киритилган психологик ва ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар) ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни «Аёллар дафтари»дан чиқариш чораларини кўриш; низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва уларга барҳам бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёки қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар билан профилактик тадбирларни ўтказиш; оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш; долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ижтимоий тадқиқотларни ташкил этиш; зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, ушбу мақсадларда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларидан кенг фойдаланиш. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хотин-қизлар ҳуқуқларининг салмоқли кафолати бўлиб хизмат қилади.
Талъат Козимжонов 1965 йилда Қоракўл туманида туғилган. Россия Федерациясига қатнаб тирикчилик қилади. Ёши салкам олтмишни қоралаган бу одамнинг мамлакатдаги мавжуд қонунчиликдан бехабар бўлиши, таъқиқ қўйилган ишлар учун жавобгарлик белгиланганлигини билмаслиги кишининг ақлига сиғмайдиган важдир. Ўзбекистонда экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет сайтлари, каналлар, профилларни аниқлаш ва уларни фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар қатор ишлар амалга оширмоқда. Экстремистик ёки террористик деб топилган ва Ўзбекистонда тақиқланган ташкилотлар рўйхати ОАВларда эълон қилинган. Шунингдек, фуқаролардан шубҳали диний мазмундаги аудио, видео ва бошқа турдаги медиа маҳсулотларни Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларидан юклаб олмаслик ва тарқатмаслик сўралган. Т. Козимжонов ўтган йилнинг февралида интернетнинг “WhatsApp” тармоғидаги профилидан синглиси Муаззама Козимжоновага Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 12 июлдаги IV-139-сонли экспертиза хулосаларига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш таъқиқланган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бир қатор таъқиқланган видеоларни жўнатган. Албатта, фуқаро шу билан чекланиб қолмаган. У «Телеграм» ва «WhatsApp» тармоқлари орқали шу пайтга қадар ўзи таниган ва танимаган бир қатор профил эгаларига республикамиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш таъқиқланган аудио ва видео материалларни жўнатиб келган. Талъат Козимжонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Суд унга ЖКнинг 2441-моддаси 3-қисми “г” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 2 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Я Ниезов, Жиноят ишлари буйича Когон шахар судининг раиси
Кейинги пайтларда ёшлар орасида ножўя хатти-ҳаракатлар қилаётган, ўз юриш-туриши ва хулқи билан бошқалар тинчини бузаётган, энг ёмони ахлоқ-одоб меъёрларини бузган ҳолда қилган ножўя ишларини ижтимоий тармоққа жойлаб, буни оммага кўз-кўз қилаётган ўсмирлар кўпайиб қолди. Иш жиддий тус олиб, ҳуқуқ тартибот идоралари назоратига ўтганидан сўнг бу ёшларнинг тарбиясига, юриш-туришига масъул катталар майдонга чиқишаяпти. Узр сўраб, бу каби ҳолатлар такрорланмаслигини таъкидлашаяпти. Бироқ, ғишт қолибдан кўчганида узр ёки кечирим сўраш билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Тарбия тизгини доимо назоратли қўлларда бўлмас экан, ноқобил фарзандлар ўз яқинларининг юзларини шувит қилаверадилар. Азизбек Айназаров ва Неъмат Суннатиллаев (исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) лар ҳали йигирма ёшга ҳам тўлишмаган. Тумандаги коллежни битиришганига қарамай, уларнинг ҳеч бири тайинли бир ишнинг этагини тутишмаган. Асосий вақтларини ижтимоий тармоқ ва ўйинлар билан ўтказиб келаётган бу икки йигит вақт алламаҳалгача кўчада тентирашдан завқ олиб келишган. Қизиғи, уларнинг ота-оналари ўз фарзандларининг кун бўйи нималар билан машғул бўлишларини, вақтларини кимлар билан ўтказишларини билишмаган, бу билан қизиқишмаган. Бир куни Неъмат Азизбекка бир бола уни хафа қилганини, дўст сифатида ўша боланинг «танобини тортиб қўйиши»ни сўрайди. -Миямга бир фикр келди, – дейди Азизбек шеригига. – Ўша боланинг бурнини ерга ишқаш муаммо эмас, буни бажарамиз. Лекин қиладиган ишимиз эсда қоладиган бўлиши керак. Мен яна уч-тўртта бола топаман. Биз у болани копток қилаётганимизда, сен телефонингда тасвирга оласан. Кейин бу видеони интернетга жойлаймиз. -Зўр ўйлабсан, жўражон. Каллангга қойил. Мана кўрасан, машҳур бўлиб кетамиз,-уни қувватлади иккинчиси ҳам. Неъмат келишилганидек ўзини хафа қилган болани туман марказидаги кўздан панароқ жойга чақириб олади. Хуллас, улар ўзлари олдиндан режалаштирганларидек иш тутиб нотаниш болани ўртага олиб калтаклашади. Неъмат эса қўл телефонида буларни видео тасвирга олади. Ўша куни видеони монтаж қилиб, унга махсус эффектлар қўшиб «Инстаграм» ижтимоий тармоғига жойлашади. Шунча ишга ақллари етган бу болалар ҳар бир ҳуқуқбузарлик қонун билан жавобгарликка сабаб бўлишини идрок этмаганликлари бироз тушунарсиз. Ҳарқалай, улар судда «мен бундай бўлишини билмагандим», дея ўзларини оқлашга уринганликлари ҳеч қандай фойда бермади. Суд томонидан ҳар иккала ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари қўлланган ҳолда бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Я.НИЁЗОВ, жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди судъяси
Tadbirda viloyat sudi raisi o‘rinbosari S.Abdurasulov hamda viloyat sudi sudyasi I.Yuldashev, boshqarma boshlig‘i o‘rinbosari R.Ersoriyev, Bo‘lim boshlig‘i N.To‘rayev Bankrotlik taomili qo‘llanilgan korxonalar Sud boshqaruvchilar ishtirok etishdi.
Buxoro viloyat sudi raisi S.Abdurasulov so‘zga chiqib, viloyat iqtisodiy sudlari tomonidan o‘tkazilgan tahlillarda ayrim sud boshqaruvchilar tomonidan tugatishga doir ishlarini yetarli darajada olib borilmaganligi oqibatida 34 ta korxonalarni tugatishga doir ishlari bir yilgacha yoki bir yildan oshiq mobaynida cho‘zilib kelinayotganligi to‘g‘risida gapirib, ushbu korxonalarda tugatish ishlarini borishi to‘g‘risida sud boshqaruvchilar bilan birma bir tanqidiy ko‘rib chiqilib, mazkur korxonalarni yil yakuniga qadar yakunlash bo‘yicha tegishli choralar belgilandi.
Shuningdek, bankrot deb topilgan 30 ta fermer xo‘jaliklari amalda faoliyat ko‘rsatib kelayotganligi, ularning yer maydonlari mavjudligi, yer maydonlari tuman zaxirasiga topshirilmaganligi, tugatish ishlari boshlangandan so‘ng ham paxta, g‘alla va boshqa ekinlar yetishtirish bo‘yicha faoliyat yuritib, hosil olib kelayotganligi, lekin mavjud qarzdorliklar to‘lanmasdan kelinayotganligi ko‘rsatib o‘tildi.
Shuningdek, N.To‘rayev so‘zga chiqib, sud boshqaruvchilar tomonidan bankrotlik taomillari qo‘llanilgan korxonalarda jarayonlar bo‘yicha amalga oshirilayotgan ishlar yuzasidan gapirib, viloyatda iqtisodiy sudlar tomonidan 2022-yilda bankrot deb topilib tugatishga doir ishlari 2023-yilga o‘tgan bankrot korxonalarni joriy yilning oxiriga qadar tugatishga doir ishlari to‘liq yakunlanib davlat reyestridan chiqarish choralarini ko‘rishni;
Shuningdek, Iqtisodiy sudlar tomonidan joriy yilning 1-noyabriga qadar bankrot deb topilib, tugatish ishlari olib borilayotgan korxonalarni tugatishga doir ishlari to‘liq yakunlab joriy yil yakuniga qadar davlat reyestridan chiqarish choralarini ko‘rish to‘g‘risida aytib o‘tildi.
Shundan so‘ng, yig‘ilishda bankrotlik taomili qo‘llanilgan korxonalarda tugatish jarayonlarining olib borilishida yo‘l qo‘yilgan kamchiliklar, ularni bartaraf etish bo‘yicha chora-tadbirlarni belgilash hamda tugatish ishlarini jadallashtirish, sud boshqaruvchilari faoliyatini tanqidiy ko‘rib chiqish masalalari muhokama qilindi.
Shu bilan birga, ayrim sud boshqaruvchilari tomonidan O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2013-yil 14-avgustdagi 224-sonli qarori bilan tasdiqlangan “Soxta bankrotlik, bankrotlikni yashirish va qasddan bankrotlikka olib kelish alomatlarini aniqlash to‘g‘risida”gi Qoidalar talablariga rioya qilmasdan qarzdorning moliyaviy ahvoli va bankrotlikka olib kelish holatlarini chuqur tahlil qilmasdan asoslantirilmagan holda nomigagina yuqoridagi alomatlar mavjud emasligi to‘g‘risida xulosalar tayyorlanib kelinayotganligi aytib o‘tildi.
Bundan tashqari, bankrot korxonalarda faoliyat yuritayotgan sud boshqaruvchilarining hisobot va tugatish jarayonidagi muammolari eshitildi va kun tartibidagi masala tanqidiy muhokama qilindi.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Buxoro viloyat sudi