Суд фаолиятини янада такомиллаштиришда доир чора-тадбирлар

Ҳаммага маълумки, жадал ривожланиб бораётган давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам катта давлатга айланиб бормоқда. Републикамиз шиддат сари иқтисодий, ижтимоий ҳамда сиёсий ривожланиш босқичларини босиб ўтмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг аҳолиси кўпаяётганлиги, айниқса ёшлар жамиятимизнинг ярмидан кўпини ташкил этишини инобатга олиб, қонунчилик тизими, қонунчилик нормалари янгидан тартибга солиш эҳтиёжи туғилади. Бу каби муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси ҳамда қонунлар ҳисобланади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, суд органларининг одил судловни олиб боришдаги ўрни бу жабҳада беқиёсдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

2025 йилнинг тўртинчи чораги давомида Бухоро вилояти иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида 98 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилган ва улардан 69 та иш бўйича суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилиб, 18 та иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати ўзгартирилган ва 11 та иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари бекор қилинган.

Кассация инстанциясида 54 та ишлар кўриб чиқилган ва улардан 32 та иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилиб, 9 та иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати ўзгартирилган ва 13 та иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати бекор қилинган.

Тафтиш инстанциясида 39 та ишлар кўриб чиқилган ва улардан 29 таси бўйича суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилиб, 2 та иш бўйича қабул қилинган бўйича суд ҳужжати ўзгартирилган ва 8 та иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати бекор қилинган.

Судлов ҳайъати судьялари томонидан 14 та иқтисодий иш бўйича қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан хусусий ажримлар чиқарилган. Жами 61 марта ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган. Қонунлар ва Олий суд Пленуми қарорларининг лойиҳалари юзасидан 6 та таклифлар берилган. Суд  амалиёти бўйича 4 та умумлаштиришлар ўтказилган.

Суд амалиёти обзори натижаларига кўра, биринчи инстанцияси судлари томонидан айрим ишларни кўришда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Олий суд Пленумининг қарорларида берилган тушунтиришларга риоя қилмаслик ҳолатларига йўл қўйилаётганлигини кўриш мумкин.

Мазкур камчиликларни олдини олиш мақсадида судларда судьянинг билим ва салоҳиятини мунтазам ошириб боришда доир семинарлар, савол-жавоб шаклидаги тушунтиришлар, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тарғиботлар ҳамда бошқа тегишли чоралар кўриб келинмоқда.

М.Махсудова

Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси

А.Раҳматова

Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси

AYOLLAR VA BOLALAR HUQUQLARI HIMOYASI — DAVLAT SIYOSATINING USTUVOR YO‘NALISHI

2026 yil 3 mart kuni O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyev tomonidan imzolangan PF-33-sonli “Ayollar va bolalar huquqlarining himoyasini kuchaytirish hamda ularga nisbatan tazyiq va zo‘ravonlik holatlarining oldini olish bo‘yicha qo‘shimcha tashkiliy-huquqiy choralar to‘g‘risida”gi Farmon mamlakatimizda inson huquqlarini ta’minlash borasida yangi bosqichni boshlab berdi.

Mazkur hujjat ayollar va bolalarning qonuniy manfaatlarini ishonchli himoya qilish, erta nikoh holatlarining oldini olish, oilalarda sog‘lom ijtimoiy muhitni shakllantirish hamda tazyiq va zo‘ravonlikka nisbatan murosasizlikni kuchaytirishga qaratilgani bilan alohida ahamiyat kasb etadi.

Farmonga muvofiq, erta nikohlarning oldini olish va ota-onalarning voyaga yetmagan farzandlari taqdiri uchun mas’uliyatini oshirish ustuvor vazifa sifatida belgilandi. Shu bilan birga, moliyaviy jihatdan mustaqil, oila qurishga tayyor yoshlarning nikohini rag‘batlantirish mexanizmlari joriy etilmoqda. Bu esa jamiyatda ongli va mustahkam oilalarni ko‘paytirishga xizmat qiladi.

Hujjatda tazyiq va zo‘ravonlikka qarshi kurashish tizimini tubdan takomillashtirish, jabrlangan shaxslarni ijtimoiy, huquqiy va psixologik qo‘llab-quvvatlash choralarini kuchaytirish ham muhim yo‘nalish sifatida ko‘rsatib o‘tilgan.

Farmon bilan sud-huquq amaliyotiga bevosita ta’sir ko‘rsatuvchi qator yangi mexanizmlar joriy etilmoqda. Xususan, 2026 yil 1 sentyabrdan boshlab nikoh tuzish tartibini buzish bilan bog‘liq huquqbuzarliklar uchun undirilgan jarimalarning bir qismi ushbu holatlar haqida xabar bergan shaxslarni rag‘batlantirishga yo‘naltiriladi. Bu esa huquqbuzarliklarni yashirish emas, balki ularni o‘z vaqtida aniqlash va oldini olishga xizmat qiladi.

Shuningdek, erta nikoh va voyaga yetmaganlar o‘rtasidagi homiladorlik holatlari yuzasidan tegishli organlarga majburiy xabar berish tartibi joriy etilib, bu talabni bajarmagan shaxslar uchun ma’muriy javobgarlik belgilanmoqda. Mazkur norma profilaktik choralarni kuchaytirish, salbiy holatlarning ildizini barvaqt bartaraf etishga xizmat qiladi.

Yana bir muhim yangilik — himoya orderi berilgan xotin-qizlar uchun zamonaviy texnologiyalar asosida tezkor yordam tizimining yo‘lga qo‘yilishidir. “SOS” chaqiruv ilovasining joriy etilishi jabrlanganlarning xavfsizligini ta’minlashda muhim vosita bo‘lib xizmat qiladi.

Farmon bilan jinoyat qonunchiligiga ham qator o‘zgartirishlar kiritilmoqda. Xususan, voyaga yetmaganlarga nisbatan sodir etilgan og‘ir jinoyatlar uchun jazolar keskin kuchaytirilib, takroriy jinoyat sodir etgan shaxslarga nisbatan uzoq muddatli yoki umrbod ozodlikdan mahrum qilish jazosi qo‘llanilishi belgilandi. Shuningdek, femitsid, stalking, kiberzo‘ravonlik va onlayn grooming kabi yangi xavfli holatlar uchun ham alohida javobgarlik joriy etilmoqda.

Bundan tashqari, 2027 yildan boshlab bunday toifadagi jinoyatlarni, qoida tariqasida, maxsus tayyorgarlikdan o‘tgan tergovchilar va sudyalar tomonidan ko‘rib chiqish tartibi joriy etiladi. Bu esa ishlarning yanada sifatli, xolis va inson huquqlariga mos ravishda ko‘rib chiqilishini ta’minlaydi.

Farmonda ijtimoiy qo‘llab-quvvatlash choralariga ham alohida e’tibor qaratilgan. Jumladan, 21 yoshdan yuqori bo‘lgan shaxslar tomonidan tuzilgan birinchi nikohlar uchun davlat tomonidan beriladigan imtiyozlar va moliyaviy ko‘maklar sezilarli darajada oshiriladi. Nikoh shartnomasi tuzgan fuqarolarning davlat bojidan ozod etilishi esa oilaviy huquqiy madaniyatni yuksaltirishga xizmat qiladi.

Shu bilan birga, homilador talaba-qizlar hamda kichik yoshdagi farzand tarbiyasi bilan shug‘ullanayotgan talabalar uchun ta’limni davom ettirish bo‘yicha “ikkinchi imkoniyat” mexanizmi joriy etilmoqda. Bu esa ayollarning ta’lim olish huquqini to‘liq ta’minlashga xizmat qiladi.

Farmon nafaqat javobgarlik choralarini kuchaytirish, balki jamiyatda sog‘lom muhitni shakllantirish, oilani mustahkamlash va inson huquqlarini himoya qilishning zamonaviy, samarali tizimini yaratishga qaratilgan kompleks hujjatdir. Mazkur islohotlar ijrosi ustidan qat’iy nazorat o‘rnatilgani esa ularning amalda to‘liq ro‘yobga chiqarilishiga xizmat qiladi.

Farrux Qahorov,

jinoyat ishlari bo‘yicha Buxoro shahar sudining sudyasi

Экология ва атроф муҳит муҳофазаси: Қонунчиликда долзарб муаммо ҳақида қандай ечимлар келтирилган?

Сиз ўқийдиган мақола ҳозирги кунда энг долзарб мавзуга айланаётган Экология ва атроф муҳит муҳофазаси ва унинг Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида ушбу долзарб муаммо ҳақида қандай ечимлар келтирилганлиги кўриб чиқилади.

Шунингдек, экологик ҳуқуқлар, давлат ва жамиятнинг ушбу соҳадаги мажбуриятлари ҳамда фуқароларнинг экологик хабардорлиги ва масъулияти юзасидан киритилган янгиликлар таҳлил қилинади. Мақолада ушбу ўзгаришларнинг аҳамияти ва уларни амалиётга татбиқ этиш истиқболлари ҳақида фикр юритилади.

Ҳозирги вақтда Экология вазирлиги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни тиклаш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади.

Экологик масалаларга устувор эътибор қаратилаётганининг ёрқин далили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгашининг ташкил этилишидир. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

– Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда ушбу йўналишда ягона давлат сиёсатини шакллантириш.

– Вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси ва Париж битимидан келиб чиқадиган Ўзбекистон мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш.

– Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш.

– Экологияга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш.

Маълумки, конституциявий нормаларнинг экологик сиёсатни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёс. Айнан асосий қонунда давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг экологик фаолиятини шакллантириш бўйича асосий принциплари мустаҳкамланади, фуқароларнинг экологик бурчлари белгиланади, жамиятнинг экологик барқарор ривожланишининг устувор йўналишлари ўрнатилади ва ҳ.к.

Конституциявий нормалар тизими жамият ва табиатнинг ўзаро алоқаси чоғида юзага келадиган ва тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар тавсифидан келиб чиқиб, шартли равишда икки қисмга – умумий ва махсус экологик нормаларга бўлиниши мумкин.Умумий конституциявий нормалар демократик-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини ташкил этишнинг асосий принципларини белгилашда, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашда, экологик ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда долзарб аҳамият касб этади.

Хусусан, Конституцининг 10-боби инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларига бағишланган бўлиб, унда давлатнинг фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган (шу жумладан экологик) ҳуқуқларини кафолатлаши белгиланган.

Шунингдек, Асосий Қомусимизнинг бешинчи бўлимида давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг асосий қоидалари белгиланган бўлиб, ушбу нормалар экологик қонунчиликнинг шаклланиши ва шу соҳадаги давлат органларининг ташкил этилишида муҳим ҳуқуқий негиз бўлиб хизмат қилади.

Юқоридагилардан ташқари Конституцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ҳам белгиланган бўлиб, ушбу нормалар мазкур органларнинг экология соҳасидаги ваколатларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи миллий қонун ҳужжатларининг ривожланиши учун асос бўлади.

«Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда давлат раҳбарининг ташаббуслари билан минтақада глобал тус олаётган экологик муаммоларни халқаро ҳамжамият ҳамкорлигида ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар сўзсиз ўз самарасини бермоқда.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси конституциясида давлат экологик сиёсатининг умумий конституциявий нормаларнинг мустаҳкамланганлиги, мамлакатимизда барқарор ривожланишни таъминлаш, атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш ва муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишнинг кафолати эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Конституциянинг бир нечта моддаларида табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ экологик-ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, Конституциянинг 62-моддасига мувофиқ, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар. Бу ўз навбатида, фуқароларнинг эр, сув, ўрмон, эр ости бойликлари, ҳайвонот, ўсимликлар дунёси ва бошқа табиий захиралардан оқилона фойдаланишини, уларни тиклаш, муҳофаза қилишни ҳамда ушбу мажбуриятни ўз вақтида бажаришни тақозо этади.

Конституциянинг 41-моддасида мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши таъкидланиб, шу билан бирга, мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги белгилаб қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши ҳуқуқи билан биргаликда, мулкдор ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш атроф муҳитнинг ифлосланишига, ўзларига фойдаланишга берилган табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солмаслик мажбурияти ҳам юзага келади.

Мамлакатимизнинг янги ривожланиш босқичида барча соҳалар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар барқарор ривожланиш кафолати бўлмоқда. Бу ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари эса Конституциямизда ўз ифодасини топган

Бош қомусимизнинг 62,66 ва баъзи бошқа моддаларида эса юридик ва жисмоний шахсларга атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари акс этган. Биргина 66-моддада табиий ресурсларга нисбатан мулк ҳуқуқи мазмунини белгиловчи мулкдор ваколатлари тартибга солинган ҳамда бундай хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти атроф табиий муҳитга зарар этказмаслиги мустаҳкамланган.Давлат экологик сиёсатининг асослари 68-моддада ўз аксини топган бўлиб, унга кўра, эр, эр ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойлик эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидалиги белгиланган. Ушбу конституциявий меъёрлар асосида мамлакатимизда экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ўттиздан зиёд қонун, уч юзга яқин қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди. Ўндан ортиқ халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.

Аммо Конституциянинг атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш йўналишидаги ушбу тарқоқ нормалари бугун юзага келган глобал экологик муаммолар ҳамда мамлакатда экологик муҳитга таъсир билан боғлиқ ишлаб чиқаришнинг шиддатли ривожланиш жараёнларида «Инсон қадри учун» тамойилига асосланган экологик сиёсатнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш имконини бермаслиги аён бўлиб қолди.

Президент Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган байрам табригида ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ўз Конституцияларига экологияга оид махсус боблар киритилганини, Бош қомусимизда ушбу йўналишга доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозимлигини таъкидланганлари ҳам бежиз эмас. Зеро, Конституцияда экологик ҳуқуқлари тўғрисидаги моддаларнинг киритилиши «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш имконини яратади.

Сир эмаски, иқтисодий ўсишнинг анъанавий моделидан «яшил иқтисодиёт»га ўтиш нафақат алоҳида миллий иқтисодиётни, балки бутун сайёра барқарорлигини белгилайдиган глобал тенденциядир. Шу боис, «яшил ўсиш» кўплаб давлатларнинг мақсади глобал экологик муаммоларни ҳал қилишнинг муҳим воситаси сифатида Конституциясида акс эттирилган.

Шу маънода, Ўзбекистон «яшил» иқтисодиётни таъминлаш учун инновацион «яшил» инвестицияларни рағбатлантириш, иқтисодиётга экологик тоза технологияларни, хусусан, «яшил» энергетика, «яшил» технологияларни, «ақлли» шаҳар ва қишлоқ хўжалиги принтсипларини тўлиқ жорий этиш каби экологик масалаларни илгари сурмоқда.

Бу жараёнда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни акс эттириш мақсадга мувофиқдир.

Шу билан бирга, атроф-муҳит муҳофазасига жамиятнинг барча кучларини жалб этиш ҳамда бутун дунё ҳамжамияти тан олган миллий ташаббусларни татбиқ этиш жараёнларини янада кучайтириш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйиш лозим. Чунки конституциявий нормаларнинг экологик сиёсатни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Умуман олганда, Конституция мамлакатимизда инсоннинг қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ва мамлакатнинг экологик хавфсизлигини кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланиши керак. Зотан, унда экология соҳасидаги конституциявий ва халқаро талабларни мустаҳкамлаш нафақат мамлакатда, балки минтақа мамлакатлари экологик хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтирмоқда: Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён билан учрашувда вазир икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлаб, KEITI (Корея атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти) билан Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшма лойиҳа муваффақиятли якунланганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, «Sejin G&E Co. Ltd» компанияси билан маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газидан муқобил электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма лойиҳани амалга ошириш истиқболлари ҳам қайд этилди.

Грузиянинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Давид Котариа билан ўтказилган икки томонлама учрашув доирасида амалдаги қонунчиликни ўрганиш соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш механизмлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш ва экотуризмни ривожлантириш, Орхус марказини яратиш учун халқаро талабларни ўрганиш борасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Экология соҳасида олий таълим борасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бу йўналишда Грузия томонига Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Green University») ҳамда Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида маърузалар, семинарлар ва тренинглар ўтказиш учун ўқитувчи ва профессорларни жалб қилиш таклиф этилди. Мамлакатимизда ўз миссиясини якунлаётган Мисрнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳми билан хайрлашув учрашувида Ўзбекистон томони мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида экологик муаммоларга қарши курашиш бўйича қатор экологик ташаббуслар, жумладан, Орол денгизи тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этиш, «Яшил макон» миллий лойиҳасини амалга ошириш, Президент ҳузурида иқлим марказини ташкил этиш ва бошқа ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.

Бухоро туманлараро

иқтисодий суди раиси                                        С.Кушшаев

Конституция:Миллатнинг хоҳиш ва иродаси ва фаровон турмуш тарзини таъминлашга хизмат қиладиган, олий юридик кучга эга қонун

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқни фаровон ҳаёт сари етакловчи ҳуқуқий демократик давлат қуришни бош мақсад қилди. Ҳуқуқий ҳужжатларимиз учун бош ғоя бўлиб хизмат қилувчи Конституциямиз ҳам халқимизнинг фикри, таклифлари асосида янгиланди.

Мамлакатимиз тарихида биринчи марта ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ва ҳар қандай давлатнинг ривожланиш йўлини белгилаб берувчи олий қонун ҳужжати референдумда бевосита халқ томонидан қабул қилинди. У жадал суръатларда ривожланиб, аҳоли сони жиҳатдан ўсиб бораётган Янги Ўзбекистоннинг барча ижтимоий ва сиёсий жиҳатларини тўлиқ қамраб олганлиги, ҳар бир соҳани яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг белгилангани, унда инсон қадрининг биринчи ўринга қўйилгани янада аҳамиятлидир.

Хусусан, Конституциямизнинг 25-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи экани ва у қонун билан муҳофаза қилиниши, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятлиги, Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланиши мустаҳкамланган.

Дарҳақиқат, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ва табиий ҳуқуқи ҳисобланади. Гарчи давлат раҳбарининг тегишли фармони билан мамлакатимизда 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинган бўлса-да, лекин Конституцияда эмас, балки жиноят қонунчилигида ўз аксини топган эди.

Айрим давлатлар ўз тажрибасида ўлим жазосини қонунлар билан бекор қилса ҳам Конституциясида белгиланмагани боис, уни жазо сифатида қайта тиклаш ҳолатлари ҳам кузатилган. Ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланиши билан давлатимиз инсонпарварлик ғояларига содиқ эканини бутун дунёга намоён қилиб, мамлакатимизда инсон ҳаёти ва қадри юқори даражада ҳимоя қилинишини яна бир бор тасдиқлайди.

Сир эмас, илгари судланганлик олиб ташлангандан ёки судланганлик ҳолати тугаллангандан сўнг ушбу факт шу шахснинг ўзига, унинг ҳаётига таъсир этиши мумкин бўлмаган шароитда, энг ажабланарлиси, унинг оила аъзолари, яқин қариндошлари ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши учраб турар эди.

Шахснинг судлангани унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги тўғрисидаги норма халқни қўрқувда ушлаб туришга мўлжалланган.

Ёшларни ўз орзу-умидларидан воз кечишга ва қанчадан-қанча ёш оилаларни турмушдан ажрашишгача мажбур қилган бундай тақиқларга чек қўйди ҳамда ҳар бир шахснинг қонун ва жамият олдида ўзи жавоб бериши тамойилининг кафолати бўлиб хизмат қилди.

Бош қомусимиз “инсон-жамият-давлат” парадигмасига асосланганлиги, унда барча тоифаларнинг ҳатто жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этганлиги билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга ҳужжатдир.

Бухоро туманлараро

иқтисодий суд раиси                                                                          С.Кушшаев

Шартномавий мажбуриятни бажармаганлик учун жавобгарликнинг ҳуқуқий асослари

Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида шартнома фуқаролик муомаласининг асосий ҳуқуқий пойдеворидир. Фуқаролик кодексига мувофиқ, шартнома тарафлар учун мажбурий ҳисобланади ва унда белгиланган мажбуриятлар ўз вақтида ҳамда лозим даражада бажарилиши шарт.

Агар шартномада назарда тутилган мажбурият бажарилмаса ёки лозим даражада бажарилмаса, Фуқаролик кодекси нормаларига асосан шартномавий жавобгарлик вужудга келади. Бунда гап фақат мажбуриятни бажаришдан бош тортган ҳолатлар ҳақида эмас, балки уни кечиктириб бажариш ёки шартларга зид тарзда бажариш ҳақида ҳам бормоқда.

Қонунчиликка кўра, шартномавий жавобгарликнинг асосий шакллари — зарарни қоплаш, неустойка, жарима ва пеня ҳисобланади. Фуқаролик кодексига мувофиқ, зарар деганда ҳақиқий зарар ва йўқотилган фойда тушунилади.

Амалиётда энг кўп қўлланиладиган институтлардан бири — неустойкадир. Агар шартномада неустойка назарда тутилган бўлса, у зарарни исботламасдан туриб ҳам ундирилиши мумкин. Бироқ суд адолат тамойилидан келиб чиқиб, неустойка миқдорини камайтириш ҳуқуқига эга.

Шартномавий жавобгарлик, қоида тариқасида, айб принципига асосланади. Мажбуриятни бузган тараф ўз айбининг мавжуд эмаслигини исботлай олмаса, жавобгар ҳисобланади.

Фуқаролик кодексига кўра, агар мажбуриятни бажармаслик томонларнинг иродасига боғлиқ бўлмаган, олдиндан кўриб бўлмайдиган ва бартараф этиб бўлмайдиган форс-мажор ҳолатлари натижасида юз берган бўлса, тараф жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, шартномавий мажбуриятни бажармаганлик учун жавобгарлик фуқаролик муомаласида қонунийлик ва барқарорликни таъминловчи муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

                                               Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьялари М.Набиев, Н.Зоиров

Ўзбекистон Республикаси суд тизимида халқ вакиллари ҳайъати суди: таққосий ҳуқуқий ва институционал таҳлил

Аннотация: Ўзбекистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суд юритуви доирасида халқ вакиллари ҳайъати суди институтини таҳлил қилишга бағишланган. Унда ҳуқуқий асослар, тарихи ва назарий шарт-шароитлар, институционал функциялар ҳамда ривожланиш истиқболлари ўрганилади. Алоҳида эътибор хорижий тажриба (АҚШ, Испания, Қозоғистон) билан таққосий таҳлил ва халқ иштирокининг суд жараёни легитимлигига таъсирига қаратилган.

Халқ вакиллари ҳайъати суди институти адолатни таъминлашда халқнинг иштирок этиш шакли бўлиб, жиноят процессининг демократик функцияларини кучайтириш мақсадини кўзлайди¹. Бу институт давлат ҳокимиятининг бўлиниши, ошкоралиги ва баҳслашув принципларини акс эттириб, дунёнинг кўплаб давлатларининг ҳуқуқий тизимларида қонунчилик билан мустаҳкамланган².

Ўзбекистонда присяжли суд аҳоли суд тизимига ишончини оширишда истиқболли механизм сифатида қаралади³.

2025 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Президенти Мурожаатида суд тизимини модернизация қилиш ва халқ иштирокини таъминловчи институтлар орқали қонунчилик ва адолат принципларини мустаҳкамлаш зарурлиги, шу жумладан жиноят процессларида халқ вакиллари ҳайъати судини босқичма-босқич жорий этиш алоҳида таъкидланган⁴.

Халқ вакиллари ҳайъати суди — бу жиноят ишлари бўйича фактларни ҳал қилувчи, нотартип судьялар (присяжлилар)дан иборат суд органи бўлиб, профессионал судья жараённи бошқаради ва ҳуқуқий масалаларни ҳал қилади⁵.

Институт ҳуқуқий таҳлил ва жамият фикрини бирлаштириши билан характерланади, бу эса далилларни баҳолашда ижтимоий адолатни инобатга олиш имконини беради⁶.

Анъанавий тушунчага кўра, халқнинг адолатни таъминлашдаги иштирок этиши жиноят процессининг демократик принципларини амалга ошириш шаклларидан бири ҳисобланади⁷. Англосаксон ҳуқуқ анъанасида халқ вакиллари ҳайъати суди институти шахсни давлат ҳокимиятининг қатъиятсизлигидан ҳимоя қилиш воситаси сифатида ривожланган⁸.

 Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда халқ вакиллари ҳайъати судни жорий этиш бўйича қонунчилик базаси устида иш давом этмоқда⁹. Жиноят-процессуал қонунчиликда тегишли нормалар ҳали тўлиқ амалга оширилмаган бўлса-да, давлат сиёсати уларни яқин йилларда жиноят процессларига интеграция қилишга қаратилган¹⁰.

Ҳуқуқий давлатда халқ вакиллари иштирокини конституциявий принциплар асосида таъминлаш зарур, шу жумладан адолатли судга ҳуқуқ¹¹, ҳамда жиноят-процессуал кодекс орқали халқ вакиллари ҳайъатини шакллантириш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг мустақиллигини кафолатловчи процессуал механизмлар белгиланиши керак¹².

Таққосий ҳуқуқий таҳлил

           АҚШ: Америка Қўшма Штатларида халқ вакиллари ҳайъати суди жиноят ва қисман фуқаролик суд жараёнида асосий элемент ҳисобланади¹³. У trial by jury принципига асосланган бўлиб, АҚШ Конституциясида муҳофаза қилинади ва демократия ҳамда фуқароларни ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг асосий устунларидан бири саналади¹⁴.

          Испания: Испанияда халқ вакиллари ҳайъати суди жиноят жараёнининг бир қисми сифатида фаолият юритади ва махсус қонун билан тартибга солинади¹⁵. Присяжлилар муайян критерийларга (фуқаролик, саводхонлик, судланмаганлик ва ҳоказо) мувофиқ бўлиши шарт ва уларнинг қарори айбдорликни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга¹⁶.

Қозоғистон: Қозоғистонда халқ вакиллари ҳайъати судини жорий этиш тажрибаси континентал ёндашувни намоён қилади, шу билан бирга аралаш коллегия хусусиятларига эга¹⁷. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бу институт баҳслашув, ошкоралиги ва инсонпарварлик принципларини амалга оширишга, шунингдек, жамиятда ҳуқуқий маданиятни оширишга хизмат қилади¹⁸.

          Халқ вакиллари ҳайъати судини жорий этиш бир қатор муаммолар билан боғлиқ:

– халқ вакиллари базасини объектив ва репрезентатив шаклда ташкил қилиш¹⁹;

-жараёнда иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлаш²⁰;

– халқ вакилларнинг ваколат ва қонунчилик меъёрларини аниқ тартибга солиш учун жиноят-процессуал қонунчиликни мувофиқлаштириш²¹.

         Институтни ривожлантириш истиқболлари халқаро тажрибани интеграция қилиш ва фуқаролик жамиятининг адолатни таъминлашдаги ролини оширишда намоён бўлади²².

Халқ вакиллари ҳайъати суди институти жиноят ҳуқуқида демократик принципларни амалга оширишнинг асосий механизмларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон учун уни жорий этиш қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, жамоат назоратини кучайтириш ва суд тизимига ишончни ошириш имкониятини беради²³. Таққосий ҳуқуқий таҳлил нишонлаб турибдики, хорижий халқ вакиллари ҳайъати суди моделлари (АҚШ, Испания, Қозоғистон) маҳаллий ҳуқуқий анъаналарни инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда халқнинг адолатга иштирокини самарали ташкил этиш учун қимматли манба бўлиши мумкин²⁴.

Ўзбекистон Республикаси

Одил судлов академиясининг

тингловчиси                                                                         Р.Мерзаев

СЎЗ  ЭРКИНЛИГИ  ЁХУД  КОЭН  КАЛИФОРНИЯ ШТАТИГА  ҚАРШИ

1968 йил 26 апрель куни Америкалик ёшлар фаоли ва ҳарбий хизматга чақирувга қарши 19 ёшли Пол Роберт Коэн эгнидаги орқа томонида Американинг ёшларни ҳарбий хизматга чақирув тизимини ҳақорат қилувчи “Fuck the draft” деб ёзилган курткасини Лос Анджелес шаҳрининг мунципал суди биносида кийиб юргани учун қамоққа олинган эди.

“Draft” сўзи “Америкада ҳарбий хизматга чақирув тизими” деган инглизча сўзларнинг бош ҳарфларидир. “Fuck” сўзи эса ҳақоратли сўз эканлигини аксариятимиз билсак керак. Қисқаси, Коэн курткасининг орқа томонида “Ҳарбий хизматга чақирув тизимини ………… қилдим” – деб ёзиб, шу кийимни жамоат жойида яъни суд биносида кийиб юрган.

У суд томонидан Калифорния штати Жиноят кодексининг
415-параграфи талабларини, яъни жамоат тартибини бузганлиги, безорилиги учун 30 кунга озодликдан маҳрум қилинган. Мазкур ҳукмни штат апелляция суди ҳам қўллаб-қувватлади. Апелляция инстанцияси “Коэннинг қилмиши бошқаларни зўрлик ишлатишга ёки тартибни бузишга ундайдиган ҳақоратомуз ҳатти ҳаракат” эканлигини  кўрсатди. Штат Олий суди жиноят ишини қайта кўриб чиқишни рад қилгандан сўнг эса, иш тўғридан тўғри Америка Олий судига юборилган.

1971 йил яъни воқеадан 3 йил ўтган конституциявий назоратнинг юқори органи ҳисобланган Америка Қўшма Штатлари Олий суди “Коэн Калифорния штатига қарши” деб ном олган мазкур ишни ўз иш юритувига қабул қилган. Иш гарчи оддий бир кичик жиноят иши бўлсада барча суд инстанцияларда кўрилди ва унинг Олий суд иш юритувига қабул қилиниши федерал аҳамиятга яъни давлат аҳамиятига эга эканлигидан далолат берар эди.

Гап шундаки, ўтган асрнинг 60 йиллари АҚШ қуролли кучлари  Вьетнам давлатида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган бир вақтда Американинг ўзида аҳоли орасида ҳарбий ҳаракатларга қарши кайфиятлар кучайган эди. Кўпгина ёшлар бирлашган ҳолда баъзи бирлари эса якка бўлсада давлатнинг Вьетнамдаги урушда иштирокини қоралаб чиқдилар. Бу чиқишлар протестлар ва намойишларда, ҳарбий хизматга чақирув пунктлари бинолари ёнида чақирув хатларини ёқиш, давлат байроғини ёқиш ва бошқа шаклларда содир қилинган. Баъзи фуқаролар норозиликни билдиришнинг ҳар хил бошқача усулларини ўйлаб топдилдар. Ёш йигит Пол Коэн эса курткасининг орқа томонида Американинг ёшларни ҳарбий хизматга чақирув тизимини ҳақорат қилувчи “Fuck the draft” деган ёзувларни ёзди.

АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатишларда “Конгресс (АҚШнинг қонун чиқарувчи олий вакиллик органи) сўз эркинлигини чекловчи қонун чиқаришга ҳақли эмас”лиги кўрсатилган бўлиб, сўз эркинлигига жуда катта эътибор берилади. Сўз эркинлигига жамиятнинг устунларини сақлаб туриш ва мустаҳкамлаш воситаси сифатида қаралади. Ўтган асрнинг 60 йилларида АҚШ Олий суди аъзоларидан бири “Сўз эркинлиги жамиятимизни озиқлантириб турувчи манбадир” – деб айтган эди. Сўз эркинлигини таъминланмасдан туриб ва жамиятдаги муҳим муаммоларни муҳокама қилмасдан туриб ривожланишга эришиб бўлмайди. Давлат томонидан фуқароларнинг эркин фикри, умид ва орзуларини бўғиш хавфли бўлиб, тизимга нисбатан норозиликларга олиб келади.

Коэннинг иши бўйича якуний қарор чиқариш АҚШ Олий судига ҳам осон кечмади. Бу масала судьялар ўртасида кескин муҳокамаларга ва тортишувларга сабаб бўлди. Аслида Коэннинг курткасида ёзилган ҳақоратли “Fuck” сўзидан ташқари бу ёш йигитнинг ҳатти-ҳаракатларида номуносиб ҳеч нарса йўқ эди. Курткада ёзилган сўзлар оммавий тартибсизликларга ҳам ёки шунчаки тартибсизликка ҳам олиб келмаган эди. Қолаверса, Коэн суд залига кириб, бошқаларнинг ортиқча диққатини тортмаслик учун курткасини ечиб, ўраб қўйган эди. Шунингдек, бу ҳақоратли сўз Америка ёшларини ҳарбий хизматга чақириш тартибига нисбатан ўзига хос муносабат бўлиб, Коэн курткасида ёзган ҳаракатлар содир қилинишига сабаб бўлмас эди.

АҚШ Олий суди Коэнга оид ишни кўриб ва тарафларнинг далилларини ўрганиб чиқиб, қуйидаги қарорни қабул қилди. “Омма олдида ҳақоратли сўзларни айтиш, агар бу сўзлар шахснинг қонуний сиёсий эътирозини ифодаласа ва жамоат тартибини бузишга олиб келмаса, Штат ҳукумати шахсни жиноий жавобгарликка торта олмайди”. Шундай қилиб, АҚШ Олий суди ўз қарори билан америкаликлар гарчи ножўя сўзларда ифодалансада, бироқ давлат, унинг сиёсати ва мансабдор шахсларининг ҳаракатларига нисбатан ўз сиёсий эътирозларини билдириши мумкин деб топди.

Қарор қабул қилингандан сўнг АҚШ Олий суди судьяларидан бири “Конституцияни ҳимоя қиладиган жасур, унинг нормаларини тўғри тушунтириш учун теран фикрли, унга амал қилиш учун содиқ одамлар бор экан, Конституция ҳам буюк эркинликлар хартияси сифатида яшайверади” –деб айтган эди.   

С.Найимов

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро туман суди тергов судьяси

Иқтисодий судларда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал Кодекси (кейинги ўринларда ИПК деб юритилади)нинг 25-моддасида иқтисодий судга тааллуқли ишлар кўрсатилган бўлиб, унга кўра иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш (бундан буён матнда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш деб юритилади) тўғрисидаги ишлар иқтисодий судга тааллуқли ҳисобланади.

ИПКнинг 205-моддасига асосан, суд юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқларининг юзага келиши, ўзгартирилиши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлайди.

Суд:

юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг кўчмас мулкка ўз хусусий мулки сифатида эгалик қилиши ва ундан фойдаланиши фактини;

юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг маълум вақтда ва маълум жойда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги фактини;

агар юридик шахснинг ҳужжатда кўрсатилган номи, якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми юридик шахснинг таъсис ҳужжатида кўрсатилган номига, якка тартибдаги тадбиркорнинг паспортида ёки идентификацияловчи ID-картасида ёхуд туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган фамилиясига, исмига, отасининг исмига тўғри келмаса, иқтисодиёт соҳасида амалда бўлган ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатнинг юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга тегишлилиги фактини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.

Суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам, агар қонунчиликда уларни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, аниқлаши мумкин.

Кодекснинг 206-моддасига кўра, юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга, фақат ўзида ушбу фактларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни олиш ёки тиклаш имкони бўлмаган тақдирда ва, агар қонунчиликда тегишли фактларни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, ҳақлидир.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза аризачининг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича судга берилади, бундан кўчмас мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга оид юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалар ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактлар мустасно бўлиб, улар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга берилади.

Шунингдек, ушбу тоифадаги ишларни кўришда суд қонунчиликда ушбу фактни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган-тутилмаганлигини, аризачида зарур ҳужжатларни олиш ёки тиклаш учун бошқа имконият бўлган-бўлмаганлигини текширади, аризачи иқтисодиёт соҳасида фаолиятни амалга ошириши муносабати билан ушбу факт унинг учун юридик аҳамиятга эга бўлган оқибатларни келтириб чиқаришини ёки чиқармаслигини белгилайди, талаб этилаётган фактнинг аниқланиши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига таъсир этиши ёки этмаслигини, ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққан-чиқмаганлигини аниқлайди.

Агар юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича суд муҳокамасида ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги аризани ИПКнинг 107-моддасининг 7-бандига асосан кўрмасдан қолдиради ва бу ҳақда ажрим чиқаради.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.

Суд томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида аниқланган факт баён этилади.

Суднинг юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишли органлар томонидан шундай фактни қайд этиш учун ёки аниқланган факт муносабати билан юзага келадиган ҳуқуқларни расмийлаштириш учун асос бўлади ва ушбу органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнига ўтмайди.

Бухоро туманлараро иқтисодий
судининг судьяси  Д.Турдиев

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги

Қонуннинг мазмуни ва аҳамияти

Маълумки, бозор иқтисодиёти қонунларидан бири сифатида –                          бу тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро рақобат кураши бўлади,           бунда айрим тадбиркорлар иқтисодий жиҳатдан юқори даромад олиб фаолият кўрсатсалар, айримлари эса ушбу рақобатга бардош беролмасдан зарар кўриб ишлашларига ва мавжуд қарзларини тўлай олмасдан, тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолишлари мумкин. Бундай шароитда, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрелда қабул қилинган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қарздор ва кредитор бўлган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахснинг чинакам ҳуқуқий ҳимояси бўлиб хизмат қилади.  

Зеро, мазкур Қонуннинг мақсади юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб ҳисобланади, бироқ ушбу Қонун давлат муассасалари ва бошқа нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмаслигини эътиборга олиш керак.

Қонунда даставвал кенг қўлланилган банкрот, кредитор, келишув битими, кузатув тартиб-таомили, мораторий, пул мажбурияти, солиқлар ва йиғимлар, сохта тўловга қобилиятсизлик, суд бошқарувчиси, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомили, тўловга қобилиятсизлик, қaрзни таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомили каби ўзига хос атамаларнинг тушунчалари ушбу Қонуннинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунишга хизмат қилади.

Таъкидлаш керакки, қайд этилган тўловга қобилиятсизлик ва банкрот тушунчалари ўзаро маънодош бўлган сўзлар сифатида кўринсада, бироқ уларнинг мазмун-моҳияти жиҳатидан тубдан фарқ қилади. 

Хусусан, тўловга қобилиятсизлик – бу суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги ҳисобланади.  Банкрот эса – бу суднинг қарорига асосан тўловга қобилиятсиз деб топилган ва ўзига нисбатан тугатишга доир иш юритиш ёки мол-мулкини сотиш тартиб-таомили қўлланиладиган қарздор сифатида тушунилади. Яъни, тўловга қобилиятсизлик тушунчаси ва мақсади банкротлик тушунчасидан кенгроқ мазмун аҳамият касб этиб, тўловга қодир бўлмаган қарздор тадбиркорлик субъектини нафақат тугатиш, балки қонунда белгиланган соғломлаштириш чоралари ва тартиб-таомилларини қўллаш орқали унинг фаолиятини тиклашга қаратилган бўлади. Банкротлик тушунчаси ва мақсади эса тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорни фаолиятини фақат тугатишга қаратилган бўлиб ҳисобланади.  

Қонуннинг муҳим жиҳатларига тўхталсак, қарздорнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолати вужудга келганда қарздорнинг, кредиторлар ва ваколатли давлат органининг аризаси асосида иқтисодий суд томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилиши мумкинлиги белгиланган. Қарздорга нисбатан умумий тартибда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилганда тўловга қобилиятсизлик аломатлари ва тегишли асослар мавжуд бўлган ҳолатларда кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш каби тартиб-таомиллар қўлланилади. Бироқ, қарздорга нисбатан соддалаштирилган тартибда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилганда эса фақатгина тугатишга доир ишг юритиш тартиб-таомили қўлланилади. Қонуннинг яна муҳим жиҳати шуки, кредитор ва қарздор  томонидан судда тўловга қобилиятсизлик ишининг ҳар қандай босқичида тегишли шартлар асосида ўзаро келишув битими тузиш, яъни ишни тарафларнинг ўзаро муросага келиш орқали тугатиш имконияти мавжудлиги назарда тутилган.    

Шунингдек, Қонун билан республикамизда муҳим бўлган янгилик сифатида жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ҳақидаги нормалар киритилди ва мазкур нормалар 2023 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилиб, амалиётда кенг қўлланила бошланди. Қонунга мувофиқ қарздор жисмоний шахснинг ўз пул мажбуриятларини бажаришда тўловга қобилиятсизлиги ҳолати аниқланганда суд унга нисбатан қўзғатилган иш доирасида қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомилини жорий этиш ва жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомиллари қўлланилиши белгиланди.  

Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини суд амалиётида қўллаш бўйича Олий суд Пленумининг 2025 йил 23 июндаги 13-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, Қонунни амалаиётда бир хил қўллашда иқтисодий судлар ва суд бошқарувчилари фаолиятида дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати айрим нопок тадбиркорлик субъектлари ёки фуқароларнинг қонунга зид ҳаракатлари билан кредиторларга зарар етказган ҳолда пул мажбуриятларини бекор қилиш ёки озод бўлиши мумкинлигини истисно қилади. Зеро, Қонунга мувофиқ тўловга қобилиятсизликка олиб келган ғайриқонуний ҳаракатлар, хусусан сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ва қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш ҳолатлари учун тегишли жавобгарлик мавжудлиги ва етказилган зарар эса айбдор шахслардан ундирилиши тартиби белгиланган.       

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, мазкур Қонун бозор иқтисодиёти шароитида ҳақиқатда тўловга қобилиятсиз ёки иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар фаолиятини соғломлаштириш ва тўлов қобилиятини тиклашларига имконият беради ҳамда тўловга қодир бўлмаган ва самарадорлиги кутилмаган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини сўнгги чора сифатида тугатилишига, юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олди олинишига ва ўз навбатида мамлакатимиз иқтисодиётига ижобий таъсир қилиб, уни янада соғломлаштирилишига хизмат қилади.

    Бухоро туманлараро                                                 

                        иқтисодий суди судьялари                            

                                       Илҳом Юлдашев

                                                                  Дилшод Турдиев                                                      

Пудрат шартномасининг мазмуни

Амалдаги фуқаролик қонунчилигига кўра, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонунчиликда ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади. Пудрат шартномаси ашёни тайёрлаш ёки уни қайта ишлаш (ишлов бериш) ёхуд бошқа ишни бажариб, натижасини буюртмачига бериш ёки бошқача тарзда топшириш ҳақида тузилади. Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, иш пудратчининг материаллари, унинг кучи ва маблағлари ҳисобидан бажарилади.

Пудрат шартномасининг бир қанча турлари мавжуд, жумладан маиший пудрат, қурилиш пудрати, лойиҳалаш ёки қидирув ишлари пудрати, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрати. Энг кенг тарқалган пудрат турларидан бири бу қурилиш пудрати бўлиб ҳисобланади.

Агар қонунчиликда ёки пудрат шартномасида пудратчининг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, пудратчи ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (ёрдамчи пудратчилар)ни жалб қилишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи бош пудратчи ҳисобланади. Пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилади. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин.

Пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги, шунингдек оралиқ муддатларини бузганлик учун жавобгар бўлади.

Пудрат шартномасидаги ишнинг баҳоси пудратчининг чиқимларини ва унга тўланадиган ҳақни ўз ичига олади.

Ишнинг баҳоси смета тузиш йўли билан аниқланиши мумкин.

Иш пудратчи томонидан тузилган смета бўйича бажарилган тақдирда, смета буюртмачи томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга эга бўлади ва пудрат шартномасининг бир қисми бўлиб қолади.

Ишнинг баҳоси (смета) тахминий ёки қатъий бўлиши мумкин. Пудрат шартномасида бундай кўрсатма бўлмаса, ишнинг баҳоси (смета) қатъий ҳисобланади.

Қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.

Қурилиш пудрати шартномаси корхонани, бинони (жумладан уй-жой биносини), иншоотни ёки бошқа объектни қуриш ёки қайта қуриш ҳақида, шунингдек монтаж, созлаш-ишга тушириш ва қурилаётган объект билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида тузилади. Қурилиш пудрати шартномаси тўғрисидаги қоидалар, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ишларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ҳолларда объектни буюртмачи қабул қилиб олганидан кейин уни шартномада кўрсатилган муддатда ишлатишни таъминлаш мажбуриятини пудратчи ўз зиммасига олади.

Тугалланмаган қурилишнинг мулкдори у буюртмачига топширилгунча ва унинг ҳақи тўлангунча пудратчи ҳисобланади.

Пудратчи қурилиш ва у билан боғлиқ бўлган ишларни ишнинг ҳажми, мазмуни ва уларга қўйиладиган бошқа талабларни белгилайдиган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши шарт.

Қурилиш пудрати шартномасида бошқа кўрсатмалар бўлмаса, пудратчи лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган ҳамма ишларни бажариши шарт, деб тахмин қилинади.

Пудратчидан қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар натижаси ёки, агар шартномада назарда тутилган бўлса, ишларнинг бажарилган босқичи топширишга тайёр эканлиги тўғрисида хабар олган буюртмачи дарҳол уни қабул қилиб олишга киришиши шарт.

Агар қурилиш пудрати шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи ишлар натижасини қабул қилиб олишни ўз ҳисобидан ташкил этади ва амалга оширади. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ишларни қабул қилиб олишда давлат органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари иштирок этиши лозим.

У.Жумаев,

Бухоро туманлараро

иқтисодий суди раис ўринбосари    

Ф.Муродов,

Бухоро туманлараро

иқтисодий судининг судьяси                                      

Skip to content