ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИДА СУД ҲОКИМИЯТИ

Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви демократик принциплар асосида ташкил этилган бўлиб, ҳокимият тармоқларининг ўзаро мутаносиб равишда бўлиниши давлат бошқарувининг самарадорлигини таъминлайди.

Давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши мамлакатда демократик, ҳуқуқий давлат барпо этишнинг бош мезонларидан бири ҳисобланади.

Ушбу принцип Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, давлат ҳокимияти бир қўлда тўпланиб қолмаслиги, тармоқлар ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизими таъминланиши лозим.

Бу эса давлат бошқарувида очиқлик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳокимиятни суистеъмол қилишнинг олдини олишни таъминлайди.

Суд ҳокимияти мустақил тармоқ сифатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади, қонун устуворлигини таъминлайди ва низоларни адолатли ҳал этишни таъминлайди.

Ўзбекистонда судлар тизими: Конституциявий суд, Олий суд, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича судлардан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этилган. Давлат ва фуқаро ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳуқуқий тамойиллар асосида шаклланади. Конституциянинг 20-моддаси ушбу муносабатларнинг асосий қоидаларини белгилаб беради ва инсон манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий кафолат вазифасини бажаради.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир.

Бу қоида қуйидаги кафолатларни ўз ичига олади:

инсон ҳуқуқларини суд қарорисиз чеклаш ёки улардан маҳрум этиш мумкин эмас;

ҳар қандай давлат органи ёки мансабдор шахс инсон эркинликларига асоссиз аралаша олмайди;

фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари қонундан устун бўлган асосий қадрият сифатида эътироф этилади.

Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан ва фуқаролик жамияти институтларидан тўлиқ мустақил ҳолда фаолият юритади.

Ўзбекистондаги суд тизимини ташкил этиш ва судлар фаолиятини тартибга солиш фақат қонун билан белгиланиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини текширади.

Конституциявий суд судьялари Президент тақдимига биноан, Сенат томонидан, Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан
10 йиллик бир марталик муддатга сайланади. Ўз навбатида суд ўз таркибидан раис ва ўринбосарини 5 йиллик муддатга сайлайди.

Конституциявий суднинг ваколатлари Конституциянинг
133-моддасида қайд этилган бўлиб, суднинг қарори расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Конституциявий суднинг қарори қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Конституциявий судни ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.

Конституция билан суд ҳокимиятининг ҳуқуқий мақоми, қарор қабул қилишда мустақил ҳокимият эканлиги мустаҳкамланганлиги фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш учун хизмат қилиши билан бирга, судга бўлган ишончни оширишга ва мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Зеро, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Ғиждувон туманлараро суди раиси                             Ў.Разиков

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Ғиждувон туманлараро суди судьяси                        Ш.Юлдошев