Бухоро вилоят судида Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда семинар машғулоти ўтказилди
Бугунги кунда мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича кенг кўламли вазифалар амалга оширилган бўлиб, кўрилаётган бу каби ишлар фуқароларимизнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг нуфузини кучайтириш мақсадида суд ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 15 январь куни Бухоро вилоят суди биносида вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) суди раислари ҳамда МИБ вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимларининг масъуллари иштирокида ўтказилган семинар машғулоти суд ҳужжатларининг самарадорлигини ошириш масалаларига қаратилди.
Семинар давомида юртбошимиз томонидан 2020 йил 24 ноябрь куни қабул қилинган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва сифатли ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши хусусида сўз борди.
Сўзга чиққан жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси А.Рахимов суд ҳокимияти органлари ва Бюро органлари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатиш, ҳар бир қайтарилган ижро ҳужжатлари замирида фуқаро ва тадбиркорларнинг, қолаверса, давлат ва жамият манфаатлари ётганлигини инобатга олиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда суд қарорларининг ўз вақтида ва сўзсиз ижро этилишини таъминлаш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир якунида, суд қарорларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш мақсадида МИБ ҳамда судлар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланиб, бу борада тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти