Республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар
Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устивор йўналишлари этиб белгиланган.
Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилган ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари янада кучайтирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунидан ҳам билиб олишимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 285-моддасига кўра, биринчи инстанция суди томонидан сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза билан жавобгар жисмоний ва юридик шахслар томонидан судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида мурожаат қилишга ҳақли. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 287 – 291-моддаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади ва бу ҳақда суд томонидан ажрим қабул қилинади.
Эндиликда Ўзбекистон Республкаси Фуқаролик Процессуал кодексига 2851-моддаси билан тўлдирилиб, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан ушбу Кодекснинг 44-бобида назарда тутилган тартибда апелляция шикояти (протести) берилиши мумкинлиги белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 383-моддасига кўра, суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти (протести) бериш ҳуқуқи белгиланиб, унда тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкинлиги белгиланган.
Апелляция тартибида берилган шикоятларни ушбу кодекснинг 384-моддасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган; Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди — ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган; Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати – Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриб чиқади.
Кодекснинг 3851-моддасига асосан апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган апелляция шикояти (протести) апелляция шикоятини (протестини) берган шахсга қайтарилади. Ўтказиб юборилган муддат, агар муддатни ўтказиб юбориш сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра биринчи инстанция судининг ажримига биноан тикланиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги масала ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилинади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Давлатимиз томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар ҳар бир инсон ҳақида ғамхўрлик қилишдир.
Луқмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси
Илҳом Джураев, фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг раиси