Ундирувни гаров мулкига қаратишнинг ҳуқуқий асослари
Барча ҳуқуқий давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистон Республикасида ҳам шартнома тузиш, уларни ўзгартириш, ижро этиш ва бекор қилишни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, шартнома иштирокчилари ушбу қоидаларга албатта риоя этишлари керак.
Соддароқ айтиладиган бўлса, шартномани тузган яъни имзолаган шахс, маълум бир мажбурятларни ўз зиммасига олади ва у ушбу мажбуриятларни лозим даражада, яъни ўз муддатида ва сифатли қилиб бажариши керак.
Мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Фуқаролик кодекси 744-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Яъни, банк томонидан кредит ажратилганидан сўнг, кредитни олган шахс уни ва унга ҳисобланган фоиздларни шартномада кўрсатилган муддатларда қайтариши керак.
Амалиётдан шуни кўриш мумкинки, аксарият ҳолларда берилган кредитларни қайтариш бўлиб-бўлиб амалга оширилади. Яъни, банк ўзи берган кредит ва унинг фоизларини тегишли график (жадвал) асосида қайтариш ҳақида қарз олувчи билан келишиб олади. Масалан, олинган кредит ва унинг фоизлари 3 (уч) йилга бўлинган ҳолда гарфик тузилади ва олинган кредит ушбу график асосида қайтарилиши керак.
Қонунда мажбуриятни таъминлаш усуллари деб номланувчи институт мавжуд бўлиб, бунда мажбур (масалан кредит олувчи) ўз мажбуриятини бажарилиши учун маълум бир таъминотни тақдим этади. Ушбу таъминот кредит шартномасининг ўзида кўрсатилиши ёки алоҳида шартнома тарзда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.
Банклар ва кредит олувчилар ўртасида амалиётда аксарият ҳолларда ушбу таъминот турларидан гаров ҳамда кафиллик танланади.
Қонунга кўра, бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.
Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда назарда тутилган тартибда, ҳақли бўлади.
Таъкидлаш керакки, гаров мулки кредит олувчиники ёки учинчи шахсники ҳам бўлиши мумкин. Яъни, кредит шартномаси иштирокчиси бўлмаган учинчи шахс ҳам ўз мулкини гаровга қўйиши мумкин.
Кредит олувчилар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда ундирувчи, яъни банклар кредит ва унинг фоиздларини ундириш ҳақида судга мурожаат қилиш ҳоллари ҳам мавжуд.
Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Абдуллаев
Бухоро туманлараро иқтисодий суди раиси А.Сафаров