Судлар томонидан алимент пуллари ундириб берилмоқда

Мамлакатимизда сўнги йилларда кенг ислоҳотлар амалга оширилиб, жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, хотин-қизлар, болалар, кексалар ва ногиронларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар жадал амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, вояга етмаганлар ҳуқуқларини таъминлаш уларнинг узлуксиз моддий таъминотини мустаҳкамлаш борасида ҳам бир қатор ҳуқуқий асослар кучга киритилиб, ижроси таъминланмоқда.
            Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 07 март кунидаги “Оила ва хотин-қиздарни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 87-сонли Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 август кунидаги
427-сонли “Алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорлардан жиноят натижасида етказилган зарарларни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларида белгиланган зарар суммаларини ундирувчиларга Мажбурий ижро бюроси ҳузурида ташкил қилинган “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилиши белгиланди.
Мазкур соҳада жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман суди томонидан 2021 йил давомида кўрилган 3 та жиноят иши юзасидан 20.875.773 сўмлик ва 2022 йилда кўрилган 14 та жиноят иши юзасидан 56.612.883 сўмлик алимент қарздорликларини ундириш юзасидан ижро варақлар чиқарилган.
Бундан ташқари жорий йилда, туман суди томонидан 2023 йилнинг
январь-февраль ойлари давомида 12 нафар шахсга нисбатан 12 та жиноят иши мазмунан кўрилиб, 3 нафар шахсга нисбатан бўлган иш етказилган 38.544.650 сўмлик зарар қопланганлиги муносабати билан иш юритувдан тугатилган бўлса, қолган 9 нафар шахсга нисбатан жазо тайинланган. Жумаладан, жазо тайинланганларнинг 1 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолган 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, 76.700.000 сўмлик зарар ундириш юзасидан ижро ҳужжатлари тегишлигига кўра мажбурий ижро органларига юборилган.
Шунингдек, мазкур даврда 62 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилиб, 43 нафар ҳуқуқбузарларга томонидан 874.813.200 сўмлик алимент пуллари ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли маъмурий қамоқ жазоси берилган бўлса, 18 нафар ҳуқуқбузарлар томонидан тўланмаган 261.463.900 сўмлик алимент пуллари суд процессида ундирилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан бўлган иш тугатилган.
 
Бобир Умаров,
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг раиси
 
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти