on 23 Iyun 2022 By admin Янгиликлар Суд мустақиллигининг Конституциявий асослари Маълумки, мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач, республикамизда барча соҳаларда, шу жумладан, ҳуқуқий соҳада ҳам кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширди. Эътиборлиси шундаки, мамлакатимиз авваламбор миллатнинг кўзгуси, халқнинг хоҳиш-иродаси, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати бўлган Конституциясини яратишни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйди. Зеро, Конституциямиз мамлакатимиз тараққиётининг асосий стратегияси ва йўналишларини белгилашда ҳал қилувчи муҳим аҳамиятга эга бўлган сиёсий ва ҳуқуқий аҳамиятдаги ҳужжатдир. Шу тариқа, мамлакатимизда олиб борилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар айнан Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда, шунингдек ҳар қандай қонун ва норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам унинг негизида қабул қилинмоқда.Хусусан, Конституциямизда суд алоҳида ҳокимият, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади, судьялар мустақилдирлар, улар фақат қонунга бўйсунадилар, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди. Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади, деб қатъий белгилаб қўйилди.Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, суд мустақиллиги одил судловни амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Айнан суд ишдаги ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганиши ҳамда адолатли қарор чиқариши орқали ҳар қандай шахснинг бузилган ҳуқуқларини қонун йўли билан тиклаган ҳолда мустаҳкам ҳимоя механизмини таъминлайди. Бунда суд ҳокимиятининг мустақиллиги зарурий аҳамият касб этиб, судьялар чинакам эркин ва аралашувлардан холи бўлсагина, суднинг қонуний ҳимояси тўлиқ ва самарали тарзда амалга ошиши мумкин.Ўтган давр мобайнида Конституциямиз нормалари мазмунига кўра, суднинг мустақиллигини таъминлаш, уни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Яъни, суд тизими бутунлай ижро этувчи ҳокимият органларининг назорати ва таъсири остидан чиқарилди. Судларнинг ваколатлари изчил кенгайтирилиб, айни пайтда ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этилди. Жумладан, жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эълон қилиш ваколатлари судлар зиммасидан соқит қилинди. Дастлабки тергов устидан суд назорати кучайтирилиб, прокуратура органларининг суд жараёнига аралашувини жиддий чеклаш бўйича қонунчилик нормаларига зарур ўзгартишлар киритилди. Судларда ишларни кўриб чиқишнинг қатъий муддатлари белгиланди, юқори суд (кассация, назорат) инстанциялари ислоҳ қилиниб, шикоят ва протестлар келтиришда процессуал муддатлар қисқартирилди.Мазкур тартиб биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.Суд тизимини малакали, етук кадрлар билан таъминлашда судьялик лавозимига кадрларни танлаш ва тавсия этиш бўйича замонавий демократик тамойилларга асосланган ҳуқуқий механизм яратилди, судьялик лавозимига номзодларнинг касб тайёргарлигига нисбатан малака талаблари кучайтирилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу аснода судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари янада кучайтирилди.Судьянинг мустақиллиги унинг ижтимоий таъминотига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ бўлиб, бугунги кунда судьяларнинг таъминоти яъни ойлик маоши ҳам сезиларли даражада оширилганлигини фахр билан таъкидлаш мумкин.Умуман олганда, суд мустақиллигини таъминлаш орқали унинг нуфузини оширишга хизмат қиладиган суд-ҳуқуқ ислоҳотларимиз жадал тарзда амалга ошиб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, бу ҳақда яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.Бинобарин, судьяларимиз ҳам суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар олдида масъулиятни чуқур англаган ҳолда холисона иш тутиб, доим халқпарвар бўлишлари, адолатли иш олиб боришлари, адолатли қарор чиқаришда аввало халқни, унинг ҳаёти ва дарду ташвишларини яхши англаб, уни қалбан ҳис қилмоғликлари лозим бўлади.Мухтасар қилиб айтганда, ўтган машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни айнан Конституциямиз билан боғласак ҳеч муболаға бўлмайди. Негаки, асосий қонунимиз суд мустақиллигининг қонуний асослари ва кафолатларини белгилаб берди.Боз устига, Бош Қомусимиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон, унинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини барпо этишнинг кафолатидир. Зеро, бугун ҳар биримиз инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафили бўлган муқаддас Конституциямиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Истам ТУРДИЕВ,Бухоро вилоят суди судьяси. Азизжон ШАРИПОВ,Фуқаролик ишалри бўйичаҒиждувон туманлараро суди судьяси