СОЛИҚЧИЛАРНИНГ «СОЛИҒИ» ИШ БЕРМАДИ
Яқинда судда икки нафар солиқчининг иши кўриб чиқилди. Гап шундаки, улар мансаб мавқеидан фойдаланиб жиноий режа тузишган. Н.Шаропов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотли, туман давлат солик инспекциясида юридик шахсларга хизмат курсатиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. Унинг шериги эса шу туман давлат солиқ инспекциясида солиқ назорати бўлими бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатган.
Юртимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсати даражасида кўтарилган бир пайтда тумани ДСИ икки масъул ходими тадбиркорлик субъектларини солиқ солиш билан қўркитиб, уларнинг мулкига згалик қилишда ифодаланган жиноий режаларни тузишган.
Н.Шаропов жиноий шериги Ж.Жалилов билан олдиндан тузилган режага асосан ўтган йилнинг апрель ойи бошларида туманда фаолият олиб борувчи хусусий корхона рахбари Й.Муродов билан учрашишади. Мақсад тадбиркорга тегишли бино-иншоотга нисбатан таъсирчан солик (каррали) механизм қўлланилганини, ушбу солиқ тўловлари қарийб 60 миллион сўм бўлишини айтиб, тадбиркорни солиқ идораси ходимлари олдида “хизмат кўрсатувчи» шароитга солиб қўйиш бўлган. Шундан кейин Н.Шаропов шериги Ж.Жалиловнинг топшириғига асосан хусусий корхона раҳбаридан пора тариқасида пул талаб қилиб ва унинг эвазига “ёрдам» таклиф қилади. Тадбиркорга тегишли объектларга ҳисобланган таъсирчан солиқ «каррали» механизмини бекор қилиш мақсадида тегишли қарорга асосан фойдаланилмаётган объектларни хўжалик фаолиятига жалб этиш бўйича ишчи гуруҳ хулосасини олиш эвазига ишчи гуруҳ котиби – туман хокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси А.Давронов кўрсатмасига асосан хусусий корхоналардан бирига тегишли бўлган ошхонанинг жами 570 000 сўмлик қарзини ўзининг пластик картасидан ушбу ошхона ишчисининг пластик картасига “клик» тўлови орқали ўтказиб, А.Давроновдан ишчи гуруҳнинг ижобий хулосасини тайёрлаб бериш розилигини олишади. Шундан кейин солиқчилар тадбиркорни туман ДСИ маъмурий биносига чақиртириб, унга яна бир марта хусусий корхонасига тегишли бино-иншоотлари таъсирчан солиқ механизм остига тушиб қолганини айтишади. Ҳаттоки, унга компьютердан бино-иншоотларга ҳисобланган солиқ тўловларини кўрсатиб, тадбиркорни ўзларининг олдида танг аҳволда қолганидан фойдаланиб, ундан ушбу солиқ тўловини ваколатли танишлари орқали бекор қилиш эвазига 300 АҚШ доллари беришни талаб қилишган.
Тадбиркорнинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда туман ДСИ бўлим бошлиғи Н.Шаропов келишилган 300 АҚШ долларини олган вактида ашёвий далил билан кўлга олинди.
Суднинг ҳукмига кўра, Н.Шароповга 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ж.Жалилов эса 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. А.Давроновга 2 йил ахлок тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шундай килиб, тадбиркордан «солиқ» ундирмоқчи бўлган солиқчилар қонуний жазога тортилди.
Яшин Ниёзов,
Жиноят ишлари бўйича Когон шахар судининг раиси