Шахс ушланганида ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 29–моддасига асосан,“Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.
Ҳар қандай шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чақирилганда ёки ушланганда бир оз ўзини йўқотиб қўйиши, эсанкираши бор гап. Шундай вазиятда унинг ҳуқуқлари бузилишини олдини олиш мақсадида адвокат ёрдамидан фойдаланишни таъминлаш муҳим ўрин тутади. Бундай вазиятда адвокат ҳақиқий маънода кўмакчи, ҳимоячи сифатида шахсга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши керак.
Бугунги кунда мамлакатимизда 4,5 минг нафардан ортиқ адвокат фаолият юритмоқда. Қувонарлиси, жамиятда адвокат хизматига эҳтиёжнинг ортиб бориши, турли зиддиятли масалаларни адвокат ёрдамидан фойдаланиб ҳал этиш маданияти шаклланаётганлиги кузатилмоқда.
Конституцияда шахс ушланганида унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқининг алоҳида белгиланиши унга нисбатан ноқонуний ёки асоссиз айблов қўйилишидан, турли босимлардан ҳимоя қилади. Шунингдек, шахс ўз танловига кўра, яъни истаса, адвокат ёрдамидан фойдаланади, истамаса, бундай ёрдамдан воз кечиши мумкин. Борди-ю, бунга имкони бўлмаса, давлат ҳисобидан адвокат таъминланиши мумкин.
Мазкур қоида фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтиришга, уларга нисбатан турли ноқонуний ҳаракатлар содир этилишини ва асоссиз айб қўйилишини олдини олишга хизмат қилади.
Бухоро вилоят суди судья катта ёрдамчиси Д.Гадоев