Сайёр суд мажлислари самараси кўзга яққол ташланамоқда.

Маълумки, 2017 йилда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ҳеч қайси ҳокимият бўғинига бўйсунмайдиган орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Ягона суд амалиётини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, янги Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилган эди. Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу асосда судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди. 
Судга мурожаат қилган фуқароларнинг сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, суд ходимларига муносиб баҳо бериш мақсадида – ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этилиши, судьялар ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши, бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо бериши билан боғлиқ амалиёт йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувда ҳамда унда берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш воситаси сифатида Ўзбекистон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон Республикаси халқига мурожаатида, кўриладиган ишларнинг 30 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиш каби устувор вазифа фуқаролик ишлари бўйича судлар олдига қўйилди.
Устувор вазифалар ижросини амалга ошириш мақсадида, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди томонидан 2021 йил давомида 4574 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 1619 таси ёки 36 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди.
Президентимиз таъкидлаганларидек, судья адолатли ҳукм чиқариши учун аввало халқни, унинг ҳаётини, дарду ташвишларини яхши билиши керак.
Бунда судлар томонидан ташкил этилаётган сайёр қабул, сайёр учрашув ва сайёр суд мажлисларининг аҳамияти бениҳоя катта.
Суд амалиётидан бир мисол. 2021 йил октябрь ойининг 15 куни фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди Бухоро вилоят юридик техникуми биносида, очиқ сайёр суд мажлисида даъвогар К.Кулдашев /исм шарифи ўзгартирилган/нинг жавобгар М.Холова /исм шарифи ўзгартирилган/га нисбатан боласи билан кўришиб туриш тартибини белгилаш тўғрисидаги фуқаролик ишини кўриб чиқди.
Фуқаролик иши ҳужжатларига қараганда, тарафлар – К.Кулдашев  ҳамда М.Холовалар 2018 йил 20 июнда туғилган Ферузбек исмли боланинг ота-онаси ҳисобланишиб, уларга ўрталаридаги қонуний никоҳдан ўтганлиги тўғрисида 2017 йил 7 мартда Никоҳ гувоҳномаси берилган.
Болалари билан кўришиб туришда ўртада низо келиб чиқаётганлигини келтириб, даъвогар К.Кулдашев судда даъво қўзғаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддасининг 1-қисмига асосан, ота-оналар ўз болаларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддаси талабига кўра, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.
Ушбу кодекс 76-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ, боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” 1998 йил 11 сентябрдаги 23-сонли Қарорининг 9-хатбошисида судларга тушунтирилишича, суд алоҳида турадиган ота ёки онанинг боласини тарбиялашда иштирок этиш тартибини белгилайди ва бола билан бирга турадиган ота ёки онага бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбуриятини юклайди.
Суд муҳокамасида аниқланишича, тарафлар 2021 йил майидан буён бошқа-бошқа яшаётганлиги сабабли вояга етмаган 2018 йил 20 июнда туғилган Ферузбек жавобгар /онаси/ М.Холова тарбиясида бўлиб, ота- онасининг уйида яшаб келмоқда.
Бухоро шаҳар ХТБ “Васийлик ва ҳомийлик” органи томонидан даъвогар яшаб турган уй-жой шароитлари ўрганилиб, уй-жойлар бола учун керакли жихозлар билан таъминланганлигини, болалар учун алоҳида хоналар ажратилганлиги, бироқ бола отасидан алоҳида яшаганлигини кўрсатиб, 2021 йил 14 октябрда тегишли далолатномалар расмийлаштирилган.
Даъвогар М.Кулдашев 2021 йил июлдан буён алоҳида яшаб келаётганлиги, жавобгар эса боласини кўришиб туришига қаршилик қилганлиги, боласининг жисмоний ва руҳий ривожланиши ёшига мос эканлиги, бироқ бола отаси билан кўришиб туриши лозимлиги келтириб, даъвогарнинг фарзандлари билан ҳар ойнинг 1,3,4 шанба кунларни соат 1000 дан 1600 гача даъвогар отаси яшаётган уй манзилида кўришиб туришига рухсат берилиши мумкинлиги ҳақида Бухоро шаҳар ХТБ “Васийлик ва ҳомийлик” органи томонидан 2021 йил 15 октябрда 386-сонли ёзма хулоса берилган.
Иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суд даъвонинг қаноатлантирилиши яъни, даъвогар К.Кулдашевнинг фарзанди Ферузбек билан ҳар ойнинг 1,3,4 шанба кунлари соат 1000 дан 1600 гача бола яшаётган уй манзилида учрашиб туриш тартибининг белгиланиши ҳамда жавобгарга бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбурияти юклатилиши лозим топган.
Бунда суд келишув битимининг тасдиқлашини, қонунийлик ва ижтимоий адолат тамойилларига тўла мос келишини инобатга олган.
Демак, ташкил этилаётган сайёр суд мажлислари низони ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этибгина қолмай, уни ўзаро келишувга асосан якунланишига ҳам туртки бермоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, суднинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб ҳал қилиш билан бир қаторда, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат эканлигини доим ёдда сақлаш ва буни сайёр учрашувларда, сайёр қабул ва сайёр суд мажлисларида фуқаролар эътиборига етказиш керак.
Зеро, шундагина фуқароларнинг қонунга ҳамда судга нисбатан ҳурмат муносабати шаклланади.
 
 
Нодир ФАЙЗИЕВ,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари.
 
Ҳабиб САИДОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Бухоро туманлараро судининг судьяси