Процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаш суд ҳужжатининг ўзгартирилишига ҳамда бекор бўлишига олиб келади.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексига асосан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади: иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги муносабати билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади: суд томонидан ишнинг қонунга хилоф таркибда кўрилганлиги, ишнинг ишда иштирок этувчи, суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир шахс йўқлигида кўрилганлиги, суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоидалар ишни кўриш чоғида бузилганлиги, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги, ҳал қилув қарорининг судья томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судья томонидан имзоланганлиги, ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги, унинг имзоланмаганлиги ёки ушбу Кодекс 202-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланганлиги ёхуд, агар суд мажлисида аудио- ёки видеоёзув амалга оширилган бўлса, аудио- ва видеоёзувларнинг электрон ёки бошқа ташувчилари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаганлиги, билдирилган талаб бўйича суд ҳал қилув қарори қабул қилмаганлиги, судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоиданинг бузилганлиги.
Шу ўринда суд амалиётига мурожаат этсак.
Даъвогар А МЧЖ жавобгар Б ДУКга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, пудрат ишларини амалга ошириш тўғрисида шартнома тузиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлиб даъвогар апелляция шикояти берган. Шикоятда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган. Вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво кўрмасдан қолдирилган.
Ишни кўриш жараёнида биринчи инстанция судига даъвогар вакили томонидан тақдим этилган (санаси кўрсатилмаган) даъво аризаси даъвогар вакили А.Алиев томонидан имзоланган даъво аризанинг ксеронусхаси эканлиги, судга тақдим этилган даъво аризаси нусха кўчириш воситаси орқали амалга оширилганлиги аниқланган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг талабига мувофиқ, даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади. У даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди томонидан даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан нусха кўчириш воситаси орқали амалга оширилганлигига аҳамият берилмаган. Бу эса суд ҳужжатининг бекор қилинишига сабаб бўлган.
Шунингдек, судлар томонидан ишда иштирок этувчи шахслар ва учинчи шахслар ишга жалб қилиниб, уларнинг иштирокида кўриб чиқилишига аҳамият бермоқ лозим бўлади. Чунки, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар ҳам апелляция шикояти беришга ҳақли эканлиги назарда тутилган.

Бухоро туманлараро
иқтисодий судининг судьяси Ф.Муродов