“Почта алоқаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳияти

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 9 июнда “Почта алоқаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланиб, расмий матбуотда эълон қилинди. Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 18 январда қабул қилинган, Сенат томонидан 2022 йил 28 апрелда маъқулланган. Қонун 7 боб, 41 моддадан иборат. Ушбу Қонуннинг мақсади почта алоқаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан шу вақтга қадар почта алоқаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солиб турган Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 31 августда қабул қилинган «Почта алоқаси тўғрисида»ги 118-II-сонли Қонуни ўз кучини йўқотди.
Ўзбекистон Республикасида ижтимоий сиёсий ва бошқа соҳаларда  бўлаётган ислоҳотлар, янгиликлар, ўзгаришлар  почта алоқаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш учун янги қонун нормасини ишлаб чиқиш заруратини келтириб чиқарди. Мазкур қонун почта алоқаси соҳасида ишлатиладиган асосий тушунчалар белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси доирасида почта алоқаси хизматлари бозоридаги талабни қаноатлантириш, мажбурий равишда универсал почта хизматлари кўрсатиш бўйича вазифаларни ва Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш вазифалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўз зиммасига юклатилган почта алоқаси оператори- почта алоқасининг миллий оператори томонидан амалга оширилади.  
Почта алоқаси оператори — мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида почта алоқаси тармоғига эгалик қилувчи ва фаолиятнинг асосий тури сифатида почта алоқаси хизматлари кўрсатувчи юридик шахс, почта алоқаси провайдери — почта алоқаси операторларининг тармоғи орқали почта алоқаси хизматлари кўрсатувчи юридик шахс эканлиги белгиланди.
Қонунинг 5-моддасида почта алоқаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатилган бўлиб, улар универсал почта хизматларидан фойдалана олишни ва уларнинг сифатини таъминлаш, почта алоқасининг хавфсизлигини ва сирини таъминлаш, мажбурий техник талаблар, нормалар ва қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, почта алоқасини халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ ривожлантириш ,инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, илғор инновацион, ахборот ва коммуникация технологиялари жорий этилишини рағбатлантириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги почта алоқаси соҳасидаги ваколатли давлат органидир. Қонунда мазкур давлат органининг ваколатлари белгилаб берилди.
Почта алоқаси соҳасида қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (Ўзкомназорат) амалга оширади.
Қонуннинг 9-моддасига кўра, почта алоқаси хизматлари почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан почта, курьерлик хизматлари ҳамда бошқа турдаги почта хизматлари тарзида шартнома асосида кўрсатилади. Почта хизматлари жумласига почта жўнатмаларини жўнатиш, шу жумладан тезлаштирилган почта режимида жўнатиш киради. Шунингдек, бошқа хизматлар ҳам назарда тутилган.
 Қонунга кўра,  почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайдиган ҳамда почта алоқаси операторлари, провайдерлари ва фойдаланувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат- Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Фойдаланувчиларнинг манзилига оид маълумотлар, почта ва курьерлик жўнатмалари ҳамда уларнинг таркиби тўғрисидаги ахборот, почта алоқаси операторлари ҳамда провайдерларининг фаолияти соҳасига кирадиган бошқа хабарлар, шунингдек ушбу почта ва курьерлик жўнатмаларининг ўзи почта алоқасининг сирини ташкил этади. Ёзишмалар сири давлат томонидан кафолатланади. Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта алоқаси сирига риоя этилишини кафолатлайди. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг барча ходимлари почта алоқаси сирини сақлаши шарт.
Почта алоқаси сирини таъминлаш мақсадида қуйидагилар тақиқланади (бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно) бошқа шахсга почта ва курьерлик жўнатмалари ҳақидаги маълумотларни, шунингдек фойдаланувчиларнинг манзили ва шахсига доир маълумотларни маълум қилиш, почта ва курьерлик жўнатмаларини очиш, фойдаланувчи ҳамда (ёки) унинг почта ва курьерлик жўнатмалари таркиби (жойланмаси) тўғрисидаги маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш.
Почта алоқаси операторларининг, провайдерларининг почта алоқаси сири бузилишига йўл қўйган ходимлари белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Қонунга кўра,  фойдаланувчиларнинг оддий ёзма хат-хабарларни (почта варақчаларини, хатларни, бандеролларни ва майда пакетларни) жўнатиш бўйича эҳтиёжларини қаноатлантиришга доир почта хизматлари, кўзи ожизлар учун жўнатмалар алмашинувида кўзи ожизларнинг ва кўзи ожизлар учун мўлжалланган муассасаларнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш бўйича почта хизматлари- универсал почта хизматлари жумласига киради. Фойдаланувчиларга универсал почта хизматлари Ўзбекистон Республикаси доирасида, мақбул нархлар бўйича кўрсатилади.
Қонунда топширилмай қолган почта ва курьерлик жўнатмаларидан фойдаланиш тартиби ҳам белгилаб берилди. Почта ва курьерлик жўнатмасини фойдаланувчининг манзилига доир зарур маълумотлар аниқ эмаслиги ёки йўқлиги, адресат кўчиб кетганлиги ёхуд почта алоқаси оператори ва провайдери почта алоқаси хизматлари кўрсатиш шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажара олиши имкониятини истисно этадиган бошқа ҳолатлар туфайли жўнатиш имкони бўлмаса, улар жўнатувчига Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларида белгиланган муддатларда қайтарилади.
Агар фойдаланувчининг манзилига доир зарур маълумотлар аниқ эмаслиги ёки йўқлиги туфайли етказиб берилмаган (топширилмай қолган) почта ёки курьерлик жўнатмаларини жўнатувчига қайтаришнинг имкони бўлмаса ёхуд жўнатувчи қайтарилган почта ёки курьерлик жўнатмаларини олишдан воз кечган тақдирда, улар тарқатилмай қолган жўнатмалар сифатида вақтинча сақлаш учун почта алоқаси оператори ёки провайдери томонидан қабул қилинади.Тарқатилмай қолган почта ва курьерлик жўнатмаларини вақтинча сақлаш қонунчиликда белгиланган тартибда почта алоқаси оператори ёки провайдери томонидан олти ой давомида амалга оширилади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтганидан кейин қимматли қоғозлар, қимматбаҳо металлар ва бошқа предметлар белгиланган тартибда реализация қилинади ҳамда почта алоқаси операторлари ёки провайдерлари харажатларининг ўрни қопланганидан кейин тушган пул маблағлари, шунингдек почта ва курьерлик жўнатмаларида аниқланган пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадига ўтказилади, ҳужжатлар (паспортлар, идентификацияловчи ID карталари, дипломлар, шаҳодатномалар, гувоҳномалар ва бошқалар) уларни берган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга топширилади, хатлар тегишли далолатнома тузилиб, йўқ қилиб ташланади.
Адресатларни ва жўнатувчиларни қидиришнинг имкони бўлмаганда, тарқатилмай қолган пул маблағларининг почта ўтказмалари почта алоқасининг миллий оператори томонидан ўн саккиз ой давомида сақланади, шундан кейин бу пул маблағлари маҳаллий бюджет даромадига ўтказилади.
 Почта алоқаси хизмати учун тўловлар ҳақидаги қоида Қонуннинг
 18- моддасида белгилаб берилди.  Почта алоқаси хизматлари учун тўлов почта алоқаси оператори ва (ёки) провайдери томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича шартнома асосида амалга оширилади. Универсал почта хизматлари учун тўлов қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган тарифлар асосида аниқланади. Оддий ва рўйхатга олинадиган хатлар ва бандеролларни, почта варақчаларини почта алоқасининг миллий оператори орқали жўнатиш учун тўлов уларга туширилган почта тўлови давлат белгилари билан тасдиқланади.
Почта алоқа хизмати орқали ҳар қандай  жўнатмани жўнатиш мумкинми деган савол ҳаммани қизиқтиради. Почта алоқаси тармоғи орқали почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатишдаги чекловлар қонунчиликда белгиланади. Почта алоқаси оператори ва провайдери почта алоқаси тармоғи орқали жўнатилиши тақиқланган жойланмаси бўлган почта ва курьерлик жўнатмаларини ушлаб туриш ҳуқуқига эга. Почта алоқаси оператори ва провайдери қайси почта ва курьерлик жўнатмаларининг жойланмаси Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларида назарда тутилган алоҳида аломатларига кўра жўнатилиши тақиқланган ёки почта алоқаси ходимларининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдиради, бошқа почта ва курьерлик жўнатмаларининг бузилишига (шикастланишига) олиб келиши мумкин, шунингдек аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда атроф-муҳитга хавф туғдиради деб тахмин қилиш учун асос берса, агар бу хавфни бошқа йўл билан бартараф этиб бўлмаса, ўша почта ва курьерлик жўнатмаларини йўқ қилиш ҳуқуқига ёки йўқ қилишга рухсат бериш ҳуқуқига эга
Почта ва курьерлик жўнатмаларидаги жўнатилиши тақиқланган предметлар ва моддаларни аниқлаш учун почта алоқаси операторлари ҳамда провайдерлари почта ва курьерлик жўнатмаларини очмасдан улардаги мазкур предметлар ва моддаларни аниқлаш имконини берувчи махсус техник воситалардан фойдаланади.
Почта ва курьерлик жўнатмаларини почта алоқаси хавфсизлиги нуқтаи назаридан назорат қилишни, шунингдек почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатишни амалга ошириш вақтида почта алоқаси тармоғи орқали жўнатилиши тақиқланган предметлар ҳамда моддалар аниқланган тақдирда, почта алоқаси операторлари ва провайдерлари бу ҳақда тегишли махсус ваколатли давлат органларига хабар бериши шарт. Почта ва курьерлик жўнатмаларини очиш улар аниқланган жойда ҳамда почта алоқаси оператори ва (ёки) провайдери ходимлари ҳозирлигида тегишли махсус ваколатли давлат органларининг вакиллари томонидан амалга оширилади.
 Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати ва божхона расмийлаштируви тартиби Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси билан белгиланади.
Қонуннинг  6-бобида  алоқаси операторлари ва провайдерлари ҳамда фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта алоқаси хизматларини кўрсатиш, қонунчиликка мувофиқ аутсорсинг асосида банк хизматларини кўрсатиш ва операцияларини бажариш, электрон тижоратга, шу жумладан товарларни сақлаш ҳамда етказиб беришга доир фаолиятни амалга ошириш, ўз фаолиятида тимсолдан фойдаланиш ҳуқуқларга эга. Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан аутсорсинг асосида айрим турдаги банк хизматларини кўрсатиш тартиби «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланади.
Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари-почта алоқаси соҳасидаги фаолиятни почта алоқаси тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга ошириши, барча фойдаланувчиларнинг почта алоқаси хизматларидан фойдалана олишини таъминлаши, кўрсатилаётган почта алоқаси хизматларининг сифатини таъминлаши, почта алоқасининг хавфсизлигини таъминлаши, Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларида белгиланган талаблар фойдаланувчи томонидан бузилган тақдирда, почта алоқаси хизматлари кўрсатишни тўхтатиб қўйиши, фойдаланувчиларга Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидалари тўғрисида, тарифлар ҳамда почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш муддатлари, почта алоқаси объектларининг иш режимлари, жўнатилиши тақиқланган предметлар, почта алоқаси оператори ва провайдерининг фойдаланувчилар олдидаги жавобгарлиги ҳақида ахборот тақдим этиши, почта алоқаси хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки лозим даражада кўрсатилмаганлиги туфайли фойдаланувчиларга етказилган моддий зарарларнинг ўрнини қонунчиликка мувофиқ қоплаши, шунингдек уларга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиши, почта алоқа соҳасида тезкор-қидирув тадбирларини ўтказаётган махсус ваколатли давлат органига қонунчиликка мувофиқ ташкилий, техник жиҳатдан ва бошқача тарзда кўмаклашиши, бундай тадбирларни ўтказувчи ҳар қандай кучлар, воситалар, манбалар ва усуллар тўғрисидаги ахборотнинг ошкор этилмаслигини таъминлаши шарт. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Қонуннинг 27-моддасига биноан, фойдаланувчилар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида универсал почта хизматларидан фойдаланиш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидалари, кўрсатилаётган хизматлар ва ушбу хизматларга доир тарифлар ҳақидаги ахборотдан фойдалана олиш, почта ва курьерлик жўнатмаларини ўзининг почта манзили бўйича, йўқлаб олиш тарзида ёки почтоматдан олиш, ўзининг почта манзилига келиб тушган почта ёки курьерлик жўнатмаларидан воз кечиш, қиймати эълон қилинган жўнатма жойланмасининг баҳоси суммасини жойланманинг ҳақиқий қийматига мувофиқ мустақил равишда аниқлаш, почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан ўз вақтида ҳамда сифатли хизмат кўрсатилиши, пул маблағларининг почта ўтказмаларини почта манзили бўйича ёки йўқлаб олиш тарзида олиш, почта ёки курьерлик хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки лозим даражада кўрсатилмаганлиги натижасида етказилган моддий зарарларнинг ўрни қопланиши, маънавий зиён компенсация қилиниши, мансабдор шахсларнинг фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бевосита судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят билан мурожаат этиш ҳуқуқларига эга.
Фойдаланувчилар ушбу Қонун ҳамда Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидалари талабларига риоя этиши, ўзига кўрсатилган почта алоқаси хизматлари учун ҳақ тўлаши, тақиқланган моддалар ва предметлар жўнатилишига йўл қўймаслиги, почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг иш сифатини пасайтиришга қаратилган ҳаракатларни қўлламаслиги шарт.
Қонунга кўра, почта алоқаси миллий операторининг мақоми ва мутлақ ҳуқуқлари белгилаб берилди. Почта алоқасининг миллий оператори почта алоқасининг Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларини Умумжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бажариш учун тайинланган оператори мақомига эга бўлади.
Қонунинг 31-моддасида фойдаланувчиларга етказилган зарарларни ўрнини қоплаш тартиби белгилаб берилди. Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта алоқаси хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёхуд лозим даражада бажармаганлик учун фойдаланувчиларга етказилган зарарларнинг ўрнини қонунчиликка мувофиқ қоплайди.
Почта алоқаси хизматлари кўрсатишда фойдаланувчиларга етказилган зарарларнинг ўрни уларнинг талабига биноан почта алоқаси оператори ёки провайдери томонидан қуйидаги ҳолларда ва миқдорларда қопланади- буюртма хат, буюртма почта варақчаси, буюртма бандерол ёки буюртма майда пакет йўқотилганда — почта алоқаси хизмати учун тўланган сумма миқдорида неустойка,  оддий посилка йўқотилганда — почта алоқаси хизмати учун тўланган сумма миқдорида неустойка, қиймати эълон қилинган посилка, бандерол ва хат йўқотилганда — эълон қилинган қийматининг икки баравари миқдорида ва почта алоқаси хизмати учун тўланган сумма миқдорида неустойка, бундан эълон қилинган қиймат учун тариф тўлови мустасно, қиймати эълон қилинган жўнатма жойланма рўйхати билан жўнатилганда жойланманинг бир қисми етишмаганда ёки бузилганда (шикастланганда) — жўнатувчи томонидан рўйхатда кўрсатилган жойланманинг етишмаётган ёки бузилган (шикастланган) қисми учун эълон қилинган қийматининг икки баравари миқдорида;
қиймати эълон қилинган жўнатма жойланма уларнинг рўйхатисиз жўнатилганда жойланманинг бир қисми етишмаганда ёки бузилганда (шикастланганда) — жойланманинг етишмаётган ёки бузилган (шикастланган) қисми оғирлигининг жўнатилаётган жойланманинг оғирлигига (почта ва курьерлик жўнатмаси ўровининг оғирлигисиз) нисбати билан мутаносиб тарзда аниқланадиган почта ва курьерлик жўнатмасининг қиймати эълон қилинган қисмининг икки баравари миқдорида;
адресатга пул маблағларининг почта ўтказмаси бўйича пул тўланмаганда ёки нотўғри тўланганда ёхуд агар ўтказилган пулларни адресатга беришнинг имкони бўлмаган бўлса, пуллар жўнатувчига тўланмаган бўлса — ўтказманинг тўланмаган ёки етарлича тўланмаган суммаси миқдорида ҳамда почта алоқаси хизматига тўланган сумма миқдорида неустойка;
устама тўловли ёзма хат-хабарлар ёки товарлар мавжуд бўлган посилкалар йўқотилганда, ўғирланганда ёки шикастланганда — шартномада белгиланган сумма миқдорида ёки устама тўлов суммаси миқдорида, адресатдан устама тўлов суммаси етарлича олинмаганда ёки устама тўлов нотўғри тўланганда — олинмай қолган ёки нотўғри тўланган устама тўлов суммаси миқдорида;
қиймати эълон қилинган посилкалар, бандероллар ва хатларни, шунингдек пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш назорат муддатларидан кўпроқ ушлаб қолинганда — ушлаб қолинган ҳар бир кун учун почта алоқаси хизматига тўланган сумманинг бир фоизи миқдорида, лекин ушбу хизматга тўланган суммадан кўп бўлмаган миқдорда неустойка;
авиажўнатмаларни (бандеролларни, посилкаларни) жўнатиш ёки етказиб бериш (топшириш) назорат муддатларидан кўпроқ ушлаб қолинганда — авиа- ва ер усти транспортида жўнатиш ўртасидаги тўлов фарқи миқдорида ва, бундан ташқари, ер усти транспорти орқали жўнатишнинг назорат муддатларидан кўпроқ ушлаб қолинган ҳар бир сутка учун — ушбу модда иккинчи қисмининг ўнинчи хатбошисига мувофиқ;
халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари йўқотилганда, бузилганда (шикастланганда), жойланмалар етишмаганда, топширилмаганда, пул маблағларининг халқаро почта ўтказмалари амалга оширилмаганда — етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан аниқланадиган миқдорда қопланади.
Почта ва курьерлик жўнатмаларининг йўқотилганлиги, бузилганлиги (шикастланганлиги), топширилмаганлиги ёки уларни жўнатиш муддатлари бузилганлиги учун, агар бу кабилар енгиб бўлмас куч ёки почта ва курьерлик жўнатмалари жойланмасининг хусусиятлари туфайли содир бўлганлиги исботланса, шунингдек почта ва курьерлик жўнатмаларини божхона кўригидан ўтказиш муддатлари бузилганлиги ёхуд улар божхона органлари томонидан олиб қўйилганлиги учун почта алоқаси операторлари ва провайдерлари зарарларнинг ўрнини қопламайди.
Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда фойдаланувчи почта алоқаси оператори ёки провайдерига эътироз тақдим этишга, шу жумладан етказилган зарарнинг ўрни қопланиши тўғрисида талаб мавжуд бўлган эътироз тақдим этишга ҳақли.
Почта ва курьерлик жўнатмаси топширилмаганлиги, ўз вақтида етказиб берилмаганлиги ёки йўқотилганлиги, бузилганлиги (шикастланганлиги) ёхуд ўтказилган пул маблағлари тўланмаганлиги билан боғлиқ эътирозлар почта ва курьерлик жўнатмаси топширилган кундан эътиборан олти ой ичида тақдим этилади.
Эътирозлар ёзма шаклда тақдим этилади ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Эътирозларга ёзма жавоблар қуйидаги муддатларда берилиши керак-бир аҳоли пункти доирасида жўнатиладиган (ўтказиладиган) почта ва курьерлик жўнатмаларига доир эътирозларга — беш кун ичида, бошқа барча почта ва курьерлик жўнатмаларига доир эътирозларга — бир ой ичида.
Почта алоқаси операторлари ёки провайдерларига почта ва курьерлик жўнатмаси қабул қилинган ёки жўнатилиши белгиланган манзил бўйича эътироз тақдим этилиши мумкин.Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини қидириб топиш бўйича эътирозлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ҳамда халқаро шартномаларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда қабул қилинади ҳамда кўриб чиқилади.
Шунингдек қонунда почта алоқаси хизматидан фойдаланувчиларнинг жавобгарлиги белгиланган. Почта алоқаси хизматларидан фойдаланувчилар почта алоқаси хизматларининг бошқа фойдаланувчиларига, почта алоқаси операторлари ёки провайдерларига етказилган, жўнатилиши тақиқланган предметлар ва моддаларни почта ва курьерлик жўнатмаларига жойлаш натижасида ёки улар лозим даражада ўралмаганлиги натижасида юзага келган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Қалбакилаштирилган почта тўловининг давлат белгиларини сотиш мақсадида тайёрлаганликда ёки сотганликда, шунингдек франкирлаш машиналарининг била туриб қалбакилаштирилган тамға изларидан ёки била туриб қалбакилаштирилган номли буюмлардан фойдаланганликда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Почта алоқаси соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади. Почта алоқаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ҳар бир инсон ўз ҳаёти давомида почта алоқаси хизматидан қандайдир бир усулда фойдаланади, хат хабар , посилка, бандероль ёки пул маблағларини жўнатиш, курьерлик хизматидан фойдаланиши мумкин. Шундай экан “Почта алоқаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни  мазмуни моҳиятидан хабардор бўлиш- ўз ҳуқуқлари ва почта алоқаси  хизмати органининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши, ўзининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун аҳамиятга эга бўлади.
 
 
Бухоро вилоят суди судьяси                                                               М.Кодирова