Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида

Судлар томонидан иқтисодий низолар мазмунан кўриб чиқилиб, ҳар томонлама асосли ва қонуний қарор қабул қилинишига қарамасдан, мазкур қарорлар аксарият ҳолларда бир тарафнинг фойдасига, бошқасининг эса зиёнига ишлаши ҳеч кимга сир эмас. Қонунчилигимизга асосан, манфаатдор шахслар суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишлари мумкин. Зеро, бу- ишда иштирок этувчи ҳамда манфаатдор шахсларнинг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади. Дарвоқе, иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади. Бироқ, иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти мазкур соҳада бир қатор масалалар юзага келаётганлигини кўрсатди. Худди шу сабаблардан келиб чиқиб ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2021 йил 21 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 16-сонли Қарори қабул қилинди. Мазкур пленум қарори иқтисодий судларда апелляция тартибида ишларни кўриш амалиётини белгилаб беради. Қуйида ушбу пленум қарорининг айрим жиҳатларини кўриб чиқамиз.

Хусусан, пленум қарорининг тушунтириш беришича, апелляция инстанцияси судида иш юритиш даъвогар, аризачи, жавобгар, учинчи шахс, улар вакилларининг шикояти бўйича, тарафлар ва учинчи шахслар ҳуқуқий ворисларининг шикояти бўйича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг шикояти бўйича, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно, ишда даъвогар сифатида қатнашган давлат органлари ва бошқа шахсларнинг шикояти бўйича ҳамда прокурорнинг протести бўйича қўзғатилади. Шунингдек, апелляция тартибида иш юритиш, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, суд ҳужжати ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир қилувчи шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин. Ушбу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам, унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланади. Яъни шахс ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо суд ҳужжати унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган бўлса, у мазкур суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ишда иштирок этувчи шахснинг вакили, шу жумладан, адвокат, агар бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлсагина, суд ҳужжати устидан апелляция тартибида шикоят қилишга ҳақли (ИПК 63-моддаси иккинчи қисми). Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари ҳам апелляция шикояти беришга ҳақли бўлиб, бунда шикоятга ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи далил илова қилиниши лозим.

Пленум қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг апелляция шикоятини қабул қилишда шуни инобатга олиш лозимки, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низо деганда, фойда олиш мақсад қилинмаган фаолиятдан келиб чиққан низо (хусусан, юридик фактларни белгилаш тўғрисидаги, банкротлик тўғрисидаги ишлар, ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ, чет эл судлари ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги низолар) тушунилиши лозим.

Шунингдек, апелляция шикояти (протести) бериш муддатини ҳисоблаш ҳал қилув қарори қабул қилинган санадан кейинги кундан бошланади (ИПК 119-моддаси). Бунда ИПК 262-моддаси олтинчи қисмига мувофиқ, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун апелляция шикояти (протести) бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ҳақида маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади.

Пленум қарорида апелляция шикоятининг мазмунига қўйиладиган талабларга ҳам тўхталиб ўтилган. Хусусан, апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни ИПК 263-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши керак. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат илова қилинади. Шикоятни имзолашда факсимиледан фойдаланишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Агар шикоятни қабул қилишда судьяда шикоятни имзолаган шахсда таъсис ҳужжатларига мувофиқ уни имзолаш ҳуқуқи мавжудлиги борасида шубҳа туғилса, судья апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилади ва аризачига унинг шикоятни имзолашга ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этишни таклиф қилади. Шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далил тақдим этилмаганда, апелляция инстанцияси суди шикоятни ИПК 272-моддаси биринчи қисмига асосан кўрмасдан қолдиради.

Шунингдек, ИПК 273-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, агар апелляция шикоятида (протестида) биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар билдирилган бўлса, апелляция инстанцияси суди шикоятнинг (протестнинг) бу талабларга тааллуқли қисми бўйича иш юритишни тугатади. Пленум қарори янги талаблар деганда, биринчи инстанция судида кўриб чиқилмаган моддий-ҳуқуқий талаблар, шунингдек, биринчи инстанция судида ишни кўришда иштирок этмаган шахсга нисбатан билдирилган талаблар тушунилишини белгилаб берган.

Дарвоқе, апелляция инстанцияси суди шунга эътибор қаратиши зарурки, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари ИПК 279-моддасида белгиланган. Бунда судлар шуни инобатга олиши лозимки, биринчи инстанция суди томонидан ўз кучини йўқотган қонун ҳужжатларининг қўлланилганлиги ҳам моддий ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб баҳоланади. Бироқ, айрим қонун ҳужжатларида муносабатлар вужудга келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилиши назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолда суд томонидан ўз кучини йўқотган ёки ўзгартирилган қонун ҳужжатлари қўлланилганлиги моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаш деб ҳисобланмайди.

Хулоса қилиб айтганда, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини тўлиқ ҳажмда текшириши ва апелляция инстанцияси судининг қарорида шикоятда (протестда) баён қилинган ҳар бир важга баҳо бериши зарур. Бу қуйи судлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлишини текшириш билан бирга ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда одил судловни таъминлашга, натижада эса тадбиркорлик субъектларининг суд тизимига нисбатан ишончини қозонишда беқиёс омил ҳисобланади.

Фаррух Муродов, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Нурбек Рахимов, вилоят суди бош консультанти

СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ

2021 йил 16 сентябрдаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси қўшимча, 25-1-боб соддалаштирилган тартибда иш юритиш бўйича тўлдирилди, қонун 2021 йил 17 сентябрдан амалда.

Мазкур боб, ФПКнинг 279-1-моддадан 279-5-моддаларини ўз ичига қамраб олади.

Соддалаштирилган иш юритиш даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра, ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.

Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.

Агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида қуйидаги яъни,

1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлса;

2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;

3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса;

4) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлмаган қарши даъво берилган бўлса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради.

Ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўришга ўтиш тўғрисидаги ажримда умумий тартибга ўтиш учун асослар кўрсатилади. Ажрим чиқарилганидан кейин ишни кўриш бошидан бошланади.

Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда, барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий қоидалари бўйича кўрилиши лозим.

Ишни кўриш муддати ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.

Мазкур норма талабига кўра, истиснолар бўлмаган ҳолатда даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин. Айтиш лозимки, ушбу тартибда иш юритиш фуқаролик ишлари бўйича судлар учун янги амалиёт ҳисобланади.

Бу тартибда иш юритишда ҳамда даъво аризаси берилиб, аризага нисбатан ФПКнинг 189, 191-моддасида кўзда тутилган талаблар қўйилади.

Шунингдек, аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги суднинг ажримида иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилиши ҳамда иш кўриб чиқиладиган сана кўрсатилади, шу билан бирга ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрни ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар тақдим этиш зарурлиги кўрсатилади.

Суд ажрими билан бир вақтда жавобгарга даъво аризаси (аризанинг) ва илова ҳужжатлар кўчирма нусхалари дарҳол почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборади.

Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.

Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Даъво аризасига доир ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Жавобгар томонидан даъво аризасига доир ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан (умумий тартибда 1 ой) ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун (умумий тартибда 1 ой) ўтгач қонуний кучга киради.

Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) у судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.

Қабул қилинган ҳал қилув қарори суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ижро этилиши лозим.

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори апелляция ва кассация тартибида, шу жумладан кассация инстанцияси судида такроран, шунингдек янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Ушбу институтнинг даъво, алоҳида тартибдаги иш юритишдан фарқи суд муҳокамаси ўтказилмайди, суд буйруғидан фарқи иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилиниб, қарор низоли ишлар бўйича қабул қилинади.

Луқмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Ўткир Разиков, фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро судининг раиси        

Республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устивор йўналишлари этиб белгиланган.

Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилган ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари янада кучайтирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунидан ҳам билиб олишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 285-моддасига кўра, биринчи инстанция суди томонидан сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза билан жавобгар жисмоний ва юридик шахслар томонидан судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида мурожаат қилишга ҳақли. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 287 – 291-моддаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади ва бу ҳақда суд томонидан ажрим қабул қилинади.

Эндиликда Ўзбекистон Республкаси Фуқаролик Процессуал кодексига 2851-моддаси билан тўлдирилиб, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан ушбу Кодекснинг 44-бобида назарда тутилган тартибда апелляция шикояти (протести) берилиши мумкинлиги белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 383-моддасига кўра, суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти (протести) бериш ҳуқуқи белгиланиб, унда тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкинлиги белгиланган.

Апелляция тартибида берилган шикоятларни ушбу кодекснинг 384-моддасига кўра  Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган;  Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди — ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган;  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати – Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриб чиқади.

Кодекснинг 3851-моддасига асосан апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган апелляция шикояти (протести) апелляция шикоятини (протестини) берган шахсга қайтарилади. Ўтказиб юборилган муддат, агар муддатни ўтказиб юбориш сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра биринчи инстанция судининг ажримига биноан тикланиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги масала ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилинади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Давлатимиз томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар ҳар бир инсон ҳақида ғамхўрлик қилишдир.

Луқмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Илҳом Джураев, фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг раиси                                          

Корруцияга қарши курашиш -жамият тарақиётининг омили

«Коррупция» лотинча сўздан олинган бўлиб, «емирилиш», «сотилиш», «оғмачи» каби маъноларни англатади. Коррупция мансабдор шахснинг ўз мавқеи ва ваколатларидан, унга ишониб топширилган ҳуқуқлардан фойдаланиб, ўз манфаатларини кўзлаб, ахлоқ ва одоб қоидаларини бузган ҳолда амалга оширган жиноий ҳаракатлари йиғиндисидир. Коррупцияга катта ҳуқуқ бериб қўйилган ҳар қандай ҳокимият мансабдор шахслари – судьялар, депутатлар, масъул шахслар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари аралашиши мумкин.

Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Мансабни суиистеъмол қилиш коррупциянинг кўринишларидан бири бўлиб, унда жиноят якка шахс ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши мумкин.

Коррупциянинг қатор турлари бўлиб, бунда маиший коррупция.

Бу турдаги жиноятда фуқаро ўз ишини битириш учун мансабдор шахсга совға, пора беради, мансабдор шахс ўз мансаб ваколатини сотиб, қонунга зид равишда фуқаро томонидан берилган совға ёки пора эвазига унинг ишини битириб беради.

Ишбилармонлик коррупцияси- давлат хизматчилари ва тадбиркорлар ўртасида содир этилади. Яъни, тадбиркор ўз ишини битириш учун давлат хизматчисига пора беради ёки хизмат қилади, давлат хизматчиси эса, ушбу тадбиркорни берилган пора ёки кўрсатилган хизмат эвазига доимий равишда қўллаб юради.

Ҳозирда коррупцияни тўлиқ бартараф этган бирон-бир давлат йўқ, лекин коррупцияни сезиларли даражада енган давлатлар мавжуд. Бунга мисол тариқасида Сингапур, Гонконг, Португалия, Швеция, Финляндия давлатлари киритилган.

Коррупцияга қарши курашишда- ички назорат, бунда раҳбар томонидан ҳар бир ходимга бириктириб берилган вазифанинг бекаму-кўст, тўғри, ўз вақтида, ҳалол бажарилиши доимий назоратда ушлаб турилади. Ташқи назоратда эса суд ҳокимиятининг тўлиқ мустақил бўлишига, ҳокимиятлар ўртасида бир-бирини тийиб туриш принципига тўлиқ амал қилинишига, сўз ва виждон эркинлигига, оммавий ахборот воситаларининг тўлиқ эркин ҳаракат қилишига боғлиқдир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз «Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур», деб таъкидлади.

2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни кучга киргани бу борадаги муҳим қадам бўлди.

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидир.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.

Қонунда коррупцияга қарши курашувчи ваколатли органлар тизими келтирилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органларидир. Қонунга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига асосан бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.

Қонундан келиб чиқиб коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган давлат органлари ва уларнинг тизимларида коррупцияга қарши курашишга оид фаолият янада такомиллашади.

Ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияларни ташкил этиш назарда тутилган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Бундай комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Қонундаги эътиборли жиҳатлардан яна бири, коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари белгиланганидир.

Зеро, бу институтлар жамиятда жамоат назорати қарор топишида, адолат мувозанати таъминланишида ўзига хос ўрин тутиб келмоқда. Уларнинг жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи коррупция иллатига қарши курашишда иштирок этиши шу йўналишдаги фаолият самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ давлат органлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига оид барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятнинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаслиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, янги қонун нафақат коррупцияга қарши курашиш механизми мустаҳкамланиши, балки ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаронинг ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан, ҳалол адо этишини талаб этиб, бу мамлакатимизда соғлом муҳит қарор топишига, ижтимоий-сиёсий барқарорлик янада мустаҳкамланишига ва жамият тарақиётига хизмат қилади.

Луқмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Илҳом Джураев, фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг раиси                                          

Суд муҳокамаларининг ошкоралиги – суд тизимида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишдаги самарали восита

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинаккам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги  2020 йил 7 декабрдаги ПФ-6127-сонли Фармони суд ҳокимияти чинакам мустақиллиги сари қўйилган навбатдаги қадам бўлди десак муболаға бўлмайди. Бундан Мамлакатимизда суд тизими бўйича ислоҳотлар изчил тарзда давом этаётганлигини кўриш мумкин.

Фармон билан суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш талаби илгари сурилган бўлиб, бунда, суд муҳокамасининг ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш муҳим аҳамият касб этади.

Судлар фаолиятидаги очиқлик, ошкоралик жамиятнинг ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратибгина қолмай, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳам ҳисобланади.

Қонун талабларига кўра, барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади. Фақат, давлат сирига, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар бўйича ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.

Таҳлилларга қараганда, жорий йилнинг 1 ярмида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди томонидан 2317 та иш кўрилган бўлиб, шундан фақат 42 таси ёпиқ суд мажлисида кўрилган. Қолган 2275 та иш бўйича суд муҳокамалари эса эса очиқ, ошкора ўтказилган. Кўрилган ишларнинг 726 таси ёки 32 фоизи сайёр суд мажлиси тартибида жойнинг ўзида мазмунан кўриб, тегишли суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Туманлараро судининг 2021 йил 1 ярмида кўрилган ишлар бўйича 1908 та суд қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди “Веб-сайти”да тўлиқ /ёхуд шахссизлантирилган/ ҳолда эълон /“Публикация”/ қилинган.

Ушбу келтирилган статистик маълумотлардан туманлараро суди фаолиятидаги очиқлиги ва шаффофликка баҳо бериш мумкин.

Хулоса ўрнида:

Таъкидлаш жоизки, суднинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларни суд йўли билан ҳимоя қилиш мақсадида ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб ҳал қилиш билан бир қаторда, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократия, ижтимоий адолат ҳамда фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир. Бунинг учун суд муҳокамалари ошкоралиги муҳим ўрин тутади. Чунки, халқ кўрган ҳолатларига ишонади ва унга баҳо беради.

Зеро, суд муҳокамалари ошкора бўлган тақдирдагина фуқароларда судга нисбатан ишонч муносабати шаклланади.

ФИРУЗЖОН ЁДГОРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг раиси

НОДИР ҚОБИЛОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг судьяси

Осон пул топиш илинжида интернет ўйинлари қурбонига айланган талаба жиноятга қўл урди

2021 йил 17 май куни жиноят ишлари бўйича Пешкў туман суди биносида, очиқ суд мажлисида судланувчи О.Қойировга нисбатан ҳукм ўқилди.

Иш ҳолатларига кўра, у икки йилдан буён интернет тармоғидаги “1Xbet” номли дастури орқали турли хил ўйинларга пул тикиб, ушбу ўйинларда (қимор ўйинларда) пулини ютқазиб қўйганидан сўнг ўғирлик қилишни режалаштириб, 2020 йил 22 декабрь кунидан 2020 йил 24 декабрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида бобоси Тўхсонов Бозор яшаб келаётган Бухоро шаҳар А.Сомий кўчаси 5/4-уй 19-хонадонга ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўзи томонидан олдиндан ясатиб олинган калит ёрдамида уйга ғайриқонуний равишда кириб, хонадон ётоқхонасидаги тумбочка ичидан Б.Тўхсоновга тегишли анча миқдордаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қиймат бўйича 47.084.040 сўмга тенг бўлган жами 4.500 АҚШ долларини яширин равишда талон-торож қилиб ўғирлик жиноятини содир этган. Бу ҳам етмагандай, О.Қойиров бобосининг уйида содир этган ўғирлик жиноятини яшириш мақсадида ўзи томонидан олиб келинган 10 литрли елим идиш ичидаги бензинни уйнинг ётоқхонаси ва ошхонасига сепиб, хонадонни тўлиқ ёниб кетишини хоҳлаб хона деразаларини очиб қўйган ҳолда хоналарга ўт қўйган.

Суд мажлисида судланувчи О.Қойиров томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киришлигини, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, Бухоро муҳандислик-технология институтининг 4-босқич талабаси эканлигини, ёшлигини, жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини, жабрланувчи (бобоси Тўхсонов Бозор)нинг даъвоси йўқлигини ва унга нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўраб қилган мурожаатини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, унинг қилмишини жазога сазовор ва уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин деган тўхтамга келиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари ва 25,173-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари билан ЖКнинг 57,59-моддаларига асосан жарима жазоси тайинланган.

Фаррух Икрамов, жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси

Уй-жой низоларининг судда кўрилиши тартиби

Қонунчилигимизга кўра, мулкдор, ижарачи ва уларнинг оила аъзолари ўртасида уй-жой масаласида келиб чиққан низолар суд тартибида ҳал қилинади. Бундай низолар қаторига, хусусан, уйга киритиш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уйдан кўчириб чиқариш билан боғлиқ масалалар киради.

Ушбу тоифадаги ишларни кўришда моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис уларни судда кўриб чиқишнинг процессуал ҳусу­сият­лари қонунчиликда мустаҳкамланган. Бу борада Олий суд Пленумининг «Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Энг аввало, судлар уй-жой билан боғлиқ  низоларни ҳал қилишда уларни хусусий  ёки давлат уй-жой фондига тегишли эканлигини аниқлаши лозим. Чунки уй-жойнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаштирмасдан туриб, ушбу тоифадаги ишлар бўйича моддий ҳуқуқ нормасини қўллаш мумкин эмас.

Хусусий мулкида уйи, квартираси бўлган фуқаролар вояга етган оила аъзоларининг розилиги билан бошқа фуқароларни турар-жойга кўчириб киритишга,  жисмоний ва юридик шахсларга белгиланган тартибда ижарага беришга ҳақлидирлар.

Мазкур тоифадаги ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, низоли уйда яшовчи вояга етган барча шахслар тегишлилигича ишга жалб қилинади. Шу сабабли, судлар низоли уйда яшовчи вояга етган шахсларнинг доирасини аниқлаши ва уларни судга жалб қилиш чорасини кўриши лозим.

Уйга яшаш учун киритиш ҳамда турар-жойдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқни йўқотган деб топиш тўғрисидаги даъволарни ҳал этиш жараёни ниҳоятда масъулиятлидир.

Бунда суд турар-жойга даъво қилувчи шахс Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси 2 ва 3-қисмларида қайд этилган шахслар сафига кириши ёки бошқа асос бўйича уйда яшашга бўлган ҳуқуқий ҳолатларини, қандай сабабларга кўра, яшамаётгани ва даъвони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳо­латларни аниқлаши тақозо этилади.

Шунга кўра, судлар мулкдорнинг оила аъзоларига кимлар киришини аниқлаши муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2004 йил 21 майдаги «Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарори 5-бандига кўра,  мулкдорнинг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.

Эр-хотиннинг ота-онаси, мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек, мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар-жойига рўйхатдан ўтган бўлса, мулкдорнинг оила аъзоси деб топилиши мумкин.

Шунингдек, мулкдорнинг хотини ёки эри, болалари, ота-онасидан бошқа шахсларни оила аъзоси деб топиш масаласини ҳал этишда суд уларнинг ижарачи ва унинг оила аъзолари билан муносабатларини, умумий хўжалик юритгани, бир-бирига ёрдам  кўрсатиб келгани ва оилавий муносабатлари мавжудлигини гувоҳлантирувчи ҳолатларни аниқлаши зарур.

Бундан ташқари судлар уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъволарни кўришда даъвони қаноатлантиришга асос бўладиган махсус даъво муддати ўтган ё ўтмаганини аниқлаши шарт.

Чунки Уй-жойкодексининг 52-моддасига мувофиқ муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар-жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганларида турар жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланади.

Вақтинча бўлмаганида фуқароларнинг турар жойи қуйидаги ҳолларда олти ойдан ортиқ муддатга сақланиб туради:

Ҳарбий хизматга чақирилганда– чақирув бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;

контракт бўйича ҳарбий хизматга кирилганда — контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;

иш шароитлари ва хусусияти бўйича чет элга хизмат сафарида бўлиши ёки таълим олиши муносабати билан талабалар, докторантлар ва бошқалар доимий яшаш жойидан вақтинча жўнаб кетганида — ушбу ишни бажариш, хизмат сафарида бўлиш ёки таълим олишнинг бутун даври мобайнида;

болалар тарбиялаш учун болалар муассасасига, қариндошларга ёки ҳомийларга, васийларга топширилганда—улар ушбу муассасада, қариндошлар ёки ҳомийлар, васийлар қарамоғида бўладиган бутун давр мобайнида. Бунда болалар чиқиб кетган турар жойда оиланинг бошқа аъзолари яшаш учун қолган бўлиши тақозо этилади.

Шахс белгиланган  муддатдан ортиқ давр мобайнида уйда бўлмаслиги оқибатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб деб топилиши мумкин. Бу манфаатдор шахснинг даъвоси бўйича суд йўли билан амалга оширилади.

Агар суд шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ даврда яшамаслигини узрли сабаблар оқибатида юзага келган деб ҳисобласа, даъвони рад этади.

Бундан ташқари уй-жой мулкдорига нисбатан мазкур уй-жойда яшаш ҳуқуқини йўқотган деб топишга йўл қўйилмайди.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, нотариал тартибда тузилган уй-жой олди-сотди шартномасида сотувчи, унинг оила аъзолари ёки яшовчи бошқа шахснинг турар-жой рўйхатидан чиқиб кетиш муддати кўрсатилган бўлса, шу муддат тугаган кундан, муддат кўрсатилмаган бўлса, шартнома тузилган кундан эътиборан улар турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи­ни йўқотган деб ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, уй-жой низолари билан боғлиқ ишларнинг моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя қилган ҳолда кўрилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Шоҳида Бозорова, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг раиси

Ер муносбатларида шаффофликни таъминлашда қўйилган яна бир муҳим қадам

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Бугунги кунда ер муносбатларини тартибга солиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб ва ислоҳотга муҳтож бўлган соҳага айланган.

Охирги пайтларда мамлакатимизда ер сотиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиб, жиноятнинг фош этилаётганлиги бот-бот оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилиб борилмоқда.

Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбарининг АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, 2021 йил 1 январь куни ҳолатида ер назоратчилари томонидан республика бўйлаб, 49.594 та  ҳолатда
11.284 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган. 

Биргина фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлароро суди томонидан 2020 йилда туман ҳокимиятининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонини туман заҳира ер фондига қайтариш, ер майдонини олиб бериш билан боғлиқ бўлган 504 та фуқаролик иши кўрилиб, шундан 486 та фуқаролик иши юзасидан даъво ариза қаноатлантирилган.

2021 йилнинг ўтган беш ойи давомида 187 та шундай мазмундаги фуқаролик иши кўрилиб, 175 та даъво ариза қаноатлантирилган ва фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари туман ҳокимлиги заҳира фондига қайтарилиб, олиб берилган.

Ушбу рақамларнинг ўзи ҳам ер муносабатлари нечоғли ислоҳотга муҳтож эканлигига бир мисол.

Шундай ислоҳотлардан энг муҳими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июнь кунидаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони билан амалга оширилмоқда.

Фармон билан 2021 йил 1 августдан бошлаб қўйидаги ўзгаришлар белгиланмоқда.

  • ер участкалари хусусий секторга- мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (кейинги ўринларда-давлат ташкилотлари)- доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
  • мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади;
  • ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
  • давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
  • барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;

Кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Шунингдек, Фармонда истисно тариқасида, ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш ҳолатлари ҳам кўрсатиб, ўтилган.

Унга кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқот ва тажриба синовлар амалга ошириш учун давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига-Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан;

Агросаноат кластерларига-ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан;

Энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун- лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисобрақамга жойлаштирилганда;

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга- ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда (халқаро бирлашмалар ва ташкилотлардан ташқари) ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди.

Жумаладан, ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, бундан мазкур Фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ваколатлар мустасно;

  • туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
  • суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
  • жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
  • хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.

Шу билан бирга, 2021 йил 1 августдан бошлаб қонунчилик ҳужжатларида Фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар тўлиқ бекор қилиниши ва давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқлаб қўйилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу фармон ер участкаларини ажратишнинг шаффофлигини таъминлашда яна бир муҳим қадам бўлиб, бунда ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ер эгаларининг айниқса, хусусий мулк эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашда, ўз вақтида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, бунинг провардида ер ажратиш ва сотиш билан боғлиқ бўлган қонунбузилишларининг олди олиниб, шу турдаги жиноятларнинг содир этилишига чек қўйилади.

Ойбек Шомуродов, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси 

Сайёр қабулда 9 нафар шахс жазодан озод қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 27 февраль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган Олий суд Раёсати йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 144-банди ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 19 июнь куни Бухоро вилоят суди раиси ва унинг ўринбосарлари ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси томонидан Ғиждувон тумани Шарқ маҳалла фуқаролар йиғини биносида туман аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди.

Қабулда 20 нафар фуқароларнинг турли мазмундаги мурожаатлари тингланди.

Мурожаатларнинг 13 таси оғзаки равишда билдирилган бўлса, 7 таси ёзма шаклда берилди.

Мурожаатларнинг 12 таси ёки 60 фоизи қаноатлантирилди, 8 тасига ёки 40 фоизига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Қаноатлантирилган мурожаатларнинг 9 таси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган бўлса, 1 нафар мурожаатчига моддий ёрдам берилди, 1 та мурожаат ижобий ҳал этилиб, келишув битими имзоланди, 1 та оила яраштирилди.

Мурожаатлари ҳал этилган 2 нафар мурожаатчилар томонидан ташаккурномалар билдирилди.

Бу каби қабуллар вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилади.

Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош консультанти

Перейти к содержимому