Ўгай онанинг зулмига чек қўйилди
2022 йил 30 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди томонидан судланувчи Ражабова Зарина Саёдовнага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан ҳукм ўқилди.
Иш тафсилотлари кўра, З.Ражабова 2021 йилнинг январь ойи охирларидан 2021 йилнинг май ойи охирларига қадар бўлган давр давомида, ўзининг Пешку туман “Хуррам” МФЙ, “Калласанг” қишлоғида жойлашган яшаш уйида, ўгай қизи вояга етмаган Рашидова Шаҳзода Раҳим қизини мунтазам равишда уриб, танасини турли қисмларига қайнатилган сув билан куйдириш орқали муттасил равишда қийнаб, суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази Ромитан филиалининг 2022 йил 31 январдаги 28-сонли хулосасига кўра, “соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати” етказиб, вояга етмаган шахсга нисбатан қийнаш жиноятини содир этган.
Гарчанд судда судланувчи З.Ражабова айбига қисман иқрорлик билдириб, ўгай қизи вояга етмаган Ш.Рашидова унинг жаҳлини чиқарганида урган бўлса-да, унинг қўли, оёғи ва танасидан бошқа жойларига қайноқ сув тўкиб қийнамаганлигини, оғзига пешоб қилмаганлигини, резина шланг билан танасидан урмаганлигини, икки қўлига матони ўраб эшик ва деразага боғлаб қўймаганлигини билдирган бўлса-да, унинг вояга етмаган Ш.Рашидовани муттасил равишда уриб қийнаганлигида ифодаланган айби, жабрланувчи вояга етмаган Ш.Рашидованинг суддаги 2021 йил январь ойининг охирларида ўгай онаси Зарина қайнаб турган иссиқ сувни қўлига қуйганлиги, 2021 йил февраль ойининг бошларида иккала оёғига қайноқ сув тўкканлиги, 2021 йил 25 апрель куни уйга киравериш эшиги олдидаги бетон зинага сочидан ушлаган ҳолда урганлиги, резина шланг билан орқа томон бел қисмидан урганлиги, 2021 йил май ойи бошларида барча рўмолларни бир-бирига боғлаб, уни қўлини эшик ва деразага тортиб эрталабгача боғлаб қўйганлиги, 2021 йил май ойи ўрталарида ошхонанинг ёнидаги уйга олиб кириб оғзига пешоб қилганлиги, кейин эса ташқарига олиб чиқиб челакда турган иссиқ сувни устига сепганлиги ҳақидаги кўрсатуви;
– гувоҳ А.Ҳаитов, А.Холов, Г.Мақсудова ва Д.Жумаевнинг суддаги кўрсатувлари;
– РСТЭИАМ Бухоро вилояти Ромитан туман пунктининг 2022 йил 30 январдаги вояга етмаган Ш.Рашидовага оид “чап болдир олд юзасидан ярадан кейинги чандиғи суд тиббий экспертиза ўтказгунга қадар узоқ муддат ўтганлиги сабабли муддатини аниқлаш имконияти бўлмаганлиги, ушбу юқори ҳароратга эга бўлган омил, яъни текширулувчи айтган ҳолатда юзага келган бўлиши мумкинлиги, оғирлик даражаси бўйича соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати тоифасига кириши ҳақида”ги 28-сонли суд тиббий экспертизаси хулосаси;
– вояга етмаган Ш.Рашидова ва гумон қилинувчи З.Ражабова ўртасида ўтказилган юзлаштиришдаги кўрсатувлар билан ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топган деб ҳисоблади.
Суд, судланувчи З.Ражабовага нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, мазкур жиноят вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили даъво қилиб судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини талаб қилганлигини инобатга олиб, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, содир бўлган ҳолатлар қай даражада вояга етмаганнинг ҳаётига ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилганлигини ҳуқуқий баҳолаб, унинг қилмишини жазога сазовор ва уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин эмас деган тўхтамга келган бўлса-да, судланувчи томонидан содир этилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киришини, судланувчининг унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи маротаба содир этганлигини, унинг аёллигини ва қарамоғида 1 (бир) ёшга тўлмаган фарзанди борлигини шунингдек, ЖКнинг 50-моддасининг 10-қисмида қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан тайинланмаслиги қайд қилинганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисми “а” банди билан куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жазо ўташ даврида Ражабова Зарина Саёдовнанинг зиммасига бир қатор қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юкланиб, жабрланувчи вояга етмаган Ш.Рашидованинг битган ярасини янгиламаслик ҳамда судланувчи билан учрашуви унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини олдини олиш мақсадида судланувчининг зиммасига вояга етмаган Ш.Рашидова ва унинг оила аъзолари билан учрашмаслик, улар билан алоқа ўрнатмаслик каби мажбурият ҳам юклатилди.
Зариф Шеров,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Фаррух Икрамов,
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси
Абитуриентларни чув туширган фирибгарга нисбатан ҳукм ўқилди
2022 йил 06 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди (томонидан судланувчи Шарипов Марат Маткарим ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан ҳукм ўқилди.
Иш тафсилотлари кўра, М.Шарипов ва Паноева Шалола Шокировна олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб Пешку туман Бобоҳожи МФЙда яшовчи Обидова Дилрабо Ҳусниддин қизини Қозоғистон Республикаси “Шымкент” Университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда бериб, 2020-2021 йилги ўқиш учун контракт тўловлари учун 2020 йил октябрь ойидан 2021 йил май ойига қадар Д.Обидова ва унинг оила аъзоларидан жами 1500 АҚШ доллари (сўмга нисбатан қиймати 15.783.000 сўм) миқдоридаги пулларини олиб, пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан Д.Обидованинг 1.500 АҚШ долларини қўлга киритиб, фирибгарлик жиноятини содир қилганлар.
Бундан ташқари, М.Шарипов ва Паноева Шалола Шокировна олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи Бахтиёров Ибрат Ғайрат ўғлини Қозоғистон Республикаси “Тиббиёт” Университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда бериб, ўқиш учун контракт тўловлари учун 2021 йил февраль ойидан 2021 йил июль ойига қадар И.Бахтиёров ва унинг оила аъзоларидан жами 32.000.000 сўмлик пулларини олиб, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан И.Бахтиёровнинг 32.000.000 сўмлик анча миқдордаги пулларини қўлга киритиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилганлар.
Суд, судланувчи М.Шариповга нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, унинг жиноят содир этишдаги иштирокчилик даражаси ва ролини, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, онаси вафот этганлигини, етказилган моддий зарарни ярмидан кўпини қоплаганлигини, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини, уларнинг судланувчига нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган енгил жазо берилишини сўраб қилган мурожаатларини содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси
3-қисми “б” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, ҳукм билан судланувчининг зиммасига жабрланувчи И.Бахтиёровга 14.500.000 сўмни, жабрланувчи Д.Обидовага 700 АҚШ долларига тенг 7.792.792 сўмини 4 (тўрт) ой муддат ичида ўрнини қоплаш мажбурияти юкланди.
Шавкат Қувватов,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Фаррух Икрамов,
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси
САЙЁР ҚАБУЛЛАР: АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА
Суд тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан биридир.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.
Бугунги кунда халқ ичига кириб бориб, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш ҳар бир вазирлик ва идораларнинг асосий фаолият мезонига айланмоқда.
Вилоят ва туман суд раҳбарияти ҳам халқнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ўтказмоқда.
Бугун жиноят ишлари бўйича судлов ҳайати судьяси Улуғбек Жўраев ва жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси Акрам Раҳимов, туман прокурори Б.Султонов ва хотин қизлар қўмитаси раиси Ю.Зухуровалар билан биргаликда туманда сайёр қабуллар ўтказди.
Сайёр қабулда жами 93 та фуқаро қабул қилинди. Фуқаролар томонидан мурожаатларнинг аксарияти жиноят ишлари, маъмурий ишлар, фуқаролик ишлари ва иқтисодий ишлари бўйича келиб тушди.
Шикоятлар ўрганиш учун қабул қилинди. Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаати тингланди.
Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.
Бухоро вилоят суди матбуот хизмати
Олий суд томонидан Бухоро вилоятида солиқ қонунчилиги бўйича семинар-тренинг ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекситон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ташаббуси билан 2022 йил 28 май куни Бухоро вилояти маъмурий судлари судьялари ҳамда Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг катта мажлислар залида солиқ қонунчилигини қўллаш бўйича семинар-тренинг машғулоти ўтказилди.
Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раис ўринбосарлари, Бухоро вилоят ва туманлараро маъмурий судининг раиси ва судьялари, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ва ўринбосарлари, вилоят прокуратураси вакиллари, вилоят адлия бошқармаси вакиллари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, ўринбосарлари ва ходимлари, ушбу ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 10 дан ортиқ тадбиркорлар, Бухоро давлат университетининг 150 дан ортиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган битирувчи талабалари қатнашдилар.
Шунингдек, Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси С.Турсунов томонидан ушбу семинар-тренинг очиб берилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Д.Каримов, Давлат солиқ қўмитаси вакили, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Б.Садуллаев, Бухоро вилоят божхона бошқармаси бошлиғи, ҳамда Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси ўринбосарилари томонидан солиқ қонунчилиги бўйича маърузалар қилинди.
Бундан ташқари, семинар-тренинг якунида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси С.Турсунов томонидан ушбу ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ёш тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда Ўзбекситон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра, Ўзбекситон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талабларга риоя қилган ҳолда, белгиланган тартибда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари устидан туманлараро маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди.
Бухоро вилоят суди матбуот хизмати
ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ИШЛАР МУҲОКАМАСИ ОШКОРА ЎТКАЗИЛАДИ
Маълумки, Ўзбекистонда 2017 йил 1 июндан бошлаб аввалги хўжалик судлари фаолияти тугатилиб, уларнинг ўрнига туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.
Иқтисодий судлар томонидан суд ишларини юритишда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодекси нормалари қўлланиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, иқтисодий суд ишларини юритиш принциплари – судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши, қонун ва суд олдида тенглик, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги, суд ишлари юритиладиган тил, суд муҳокамасининг ошкоралиги, суд муҳокамасининг бевоситалиги, ишларни қонунчилик асосида ҳал қилиш, чет давлат ҳуқуқий нормаларини қўллаш, суд ҳужжатларининг мажбурийлигидан иборат.
Ушбу принциплар қисман Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам ўз ифодасини топган.
Иқтисодий ишлар бўйича одил судлов ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади. Одил судлов бошқа органлар, шунингдек жамоат бирлашмалари томонидан амалга оширилмайди.
Судда низоларни ҳал қилиш юридик шахсларнинг мулкчилик шаклидан, қаерда жойлашганлигидан, кимга бўйсунишидан қатъи назар, фуқароларнинг эса жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.
Одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар мустақиллигининг кафолатлари қонун билан белгиланади.
Иқтисодий суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади. Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилади.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, иқтисодий судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади. Давлат сирини, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзувлари амалга оширилмайди. Эшитиш ёпиқ суд мажлисида ўтказилган тақдирда ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди. Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари суднинг расмий веб-сайтида тарафларнинг розилиги билан ёки шахси кўрсатилмаган тарзда эълон қилинади, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустасно.
Суд ишни муҳокама қилишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт. Суд, қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланиши мумкин эмас.
Эслатиб ўтиш жоизки, Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Суд ҳужжатларини бажармаслик ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Фаррух Муродов, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг судьяси
Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти
Korrupsiya – davlat va jamiyat rivojiga qo‘yilgan to‘siq
Korrupsiya davlat va jamiyatning ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanishga putur yetkazuvchi og‘ir jinoyatdir. Ushbu jinoyatning ko‘p turlari mavjud: pora berish va pora olish, tovar va moddiy boyliklarni o‘zlashtirish yoki rastrata yo‘li bilan talon-taroj qilish va boshqalar. Korrupsiya keng tus olgan tashkilot tizimlarida tadbirkolik, shu jumladan, ijtimoiy tadbirkorlik va davlat-xususiy sheriklik o‘z rivojini topa olmaydi. Bunday holatlar esa mamlakatning umumiy boyligi kamayishiga olib keladi. Yuqoridagi oqibatlar bilan bir qatorda, korrupsiya davlat tomonidan ijtimoiy xizmatlar ko‘rsatish uchun ajratilayotgan pul mablag‘laridan to‘g‘ri foydalanilmasligiga, yaʼni davlat byudjeti xarajatlarining asossiz o‘sishiga sabab bo‘ladi.
Korrupsiyaga qarshi kurash samaradorligini oshirish va BMTning Korrupsiyaga qarshi Konvensiyasiga aʼzo davlatlar o‘rtasida hamkorlikni chuqurlashtirish maqsadida Maxsus doimiy konferensiya tashkil etilgan bo‘lib, ushbu konferensiyaning kotibiyat vazifalari BMTning giyohvand moddalar va jinoyatchilik bo‘yicha Idorasi orqali bosh kotib tomonidan amalga oshiriladi. Bosh kotib ishtirokchi-davlatlarga zarur maʼlumotlarni taqdim etadi, shuningdek, mintaqaviy va xalqaro darajada muvofiqlashtirishni taʼminlaydi. Konferensiya har ikki yilda bir marotaba o‘tkaziladi.
Bugungi kunga kelib O‘zbekiston Respublikasida korrupsiyaga olib keladigan sabablar va shart-sharoitlarni bartaraf etishga qaratilgan chora-tadbirlar tizimi yaratilgan. Prezidentimiz va hukumat tomonidan korrupsiyaga qarshi kurashga katta eʼtibor qaratilmoqda. 2017 yil yanvar oyida esa O‘zbekiston Respublikasi “Korrupsiyaga qarshi kurashish to‘g‘risidagi” Qonuni qabul qilindi.
“Korrupsiyaga qarshi murosasiz munosabatda bo‘lish muhitini yaratish, davlat va jamiyat boshqaruvida korrupsiyaviy omillarni keskin kamaytirish va bunda jamoatchilik ishtirokini kengaytirish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi Prezident Farmoni qabul qilindi. Farmonga muvofiq, “Korrupsiyaga oid jinoyatlarni sodir etishda aybdor deb topilgan shaxslarning ochiq elektron reyestri” yuritiladi.
Reyestrga kiritilgan shaxslarga quyidagilar taqiqlanadi:
* davlat xizmatiga qabul qilinishi va davlat mukofotlari bilan taqdirlanishi;
* saylanadigan va alohida tartibda tayinlanadigan lavozimlarga nomzodlarining ko‘rsatilishi;
* davlat organlari huzuridagi jamoatchilik kengashlari hamda idoralararo kollegial organlarning aʼzoligiga kiritilishi;
* ularning tadbirkorligi davlat xaridlarida va davlat-xususiy sheriklik bitimida ishtirokchi (ijrochi) sifatida qatnashishi;
* davlat ulushi 50 foizdan yuqori bo‘lgan tashkilotlar hamda davlat taʼlim muassasalarida rahbarlik lavozimlarida faoliyat yuritishi.
Shuningdek, Farmonga ko‘ra, 2022 yil 1 yanvardan davlat xizmatchilari, davlat ulushi 50 foizdan yuqori tashkilotlar, davlat korxonalari va muassasalari rahbarlari va o‘rinbosarlari, ularning turmush o‘rtog‘i va voyaga yetmagan farzandlarining daromadlari va mol-mulkini majburiy deklaratsiya qilish tizimi joriy etiladi.
Deklaratsiyani berishdan bosh tortish va qasddan noto‘g‘ri maʼlumotlarni kiritish uni davlat xizmatidan chetlashtirishga va javobgarlikka sabab bo‘ladi.
Joriy yil 1 yanvardan davlat xizmatchilariga xorijda bank hisobraqamlarini ochish, naqd pul mablag‘larini saqlash va boshqa mol-mulkka ega bo‘lish taqiqlanadi.
Mansabdorning o‘z shaxsiy manfaati majburiyatlarini obyektiv va xolis bajarishiga taʼsir ko‘rsatuvchi yoki taʼsir ko‘rsatishi mumkin bo‘lgan vaziyatlar manfaatlar to‘qnashuvi hisoblanadi. Manfaatlar to‘qnashuvini oshkor qilish va oldini olish bo‘yicha chora ko‘rmaganlik javobgarlikni keltirib chiqaradi. Shu bilan birga “Korrupsiyaga qarshi kurashish faoliyatini samarali tashkil etishga doir qo‘shimcha chora-tadbirlar to‘g‘risida”gi Prezident qarori qabul qilindi. Qarorga muvofiq, 2021 yil 1 sentyabrdan davlat organlari va tashkilotlari xodimlari onlayn ochiq tanlov asosida ishga qabul qilinadigan bo‘ldi.
O‘tgan yilning 1 oktyabridan barcha davlat organlari va tashkilotlari, viloyat hokimliklarida korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari faoliyati yo‘lga qo‘yilishi belgilandi. 2021 yilning 1 avgystidan esa davlat xaridlari sohasidagi tenderlar natijalari ochiq eʼlon qilinishi belgilandi.
Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda ko‘maklashgan shaxslarni rag‘batlantirish tartibi joriy etildi. Shuningdek, korrupsiyaga oid huquqbuzarliklar to‘g‘risida axborot berayotgan shaxslarning qarindoshlari ham davlat himoyasida bo‘lishi belgilandi.
Xulosa o‘rnida shuni aytish joizki, bugungi kunda barcha hukumatlar, xususiy sektor tashkilotlari, nodavlat tashkilotlar, ommaviy axborot vositalari va butun dunyodagi fuqarolar bu jinoyatga qarshi kurashish uchun kuchlarni birlashtirmoqda.
Ulug‘bek Bozorov, Jinoyat ishlari bo‘yicha Shofirkon tuman sudi raisi
Э Ъ Л О Н
Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг судья ёрдамчиси лавозими ва жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман судининг девонхона мудири ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг девонхона мудири лавозимларига ишга қабул қилиш учун танлов эълон қилади.
Олий юридик маълумотга, бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда берилган топшириқларга масъулият билан ёндошадиган ҳуқуқшунослар танловда иштирок этишлари мумкин.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар қуйидаги ҳужжатлар билан Бухоро вилоят судининг Кадрлар бўлимига мурожаат этишлари мумкин.
ариза (яшаш манзили ва телефон рақамини кўрсатган ҳолда);
маълумотнома (объективка);
диплом нусхаси; чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;
паспорт нусхаси;
меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
бошқа ҳужжатлар (сертификат, тавсифнома ва ҳ.к.).
Аризалар 2022 йил 17 февраль, соат 17:00 га қадар қабул қилинади.
Мурожаат учун тел.: (65) 221-58-70.
Энди ер майдонини ноқонуний олиб қўйишга оид ва бир қанча ҳуқуқбузарлик ишларини Бизнес-омбудсман кўриб чиқади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеёвнинг фармони билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этилган эди.
Бундан ташқари, 2017 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги 440-сонли қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг 3-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мансабдор шахс бўлиб, у тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилишини таъминлаши қайд этилган.
Юқорида қайд этилган Президент Фармони ва Қонунга мувофиқ Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ваколатлари кенгайтирилиб борилмоқда.
Жумладан, ҳозирга қадар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган айрим турдаги маъмурий ишлар, шу жумладан ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш (ва бошқа ҳуқуқбузарликлар) эндиликда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, унинг ўринбосарлари ва вакил девони бош инспекторлари томонидан кўриб чиқилади ва қонунда назарда тутилган жарима жазолари қўлланилади.
Президент 11 январь куни «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 245-8-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги (ЎРҚ-744-сон) қонунни имзоланди ва шу куни расмий эълон қилинди.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишлар Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) ва унинг девони ходимлари томонидан кўриб чиқилади:
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (МЖтКнинг 43-моддаси);
ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш (200−2-модда);
хусусий мулк ҳуқуқини бузиш (241−1-модда);
тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш (241−2-модда);
тадбиркорлар фаолиятини ва (ёки) уларнинг банк операцияларини қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш (241−3-модда);
тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш (241−4-модда);
имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш (241−6-модда);
тадбиркорлар ҳисобварақларида пуллари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф талаб қилиб олиш (241−8-модда);
тадбиркорлардан қонунчиликни бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш (241−10-модда).
Мазкур Қонун қабул қилингунга қадар ушбу ҳуқуқбузарликлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилаётган эди. Ушбу қонун кучга кирганидан сўнг Бизнес-омбудсман номидан маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима қўллашга унинг ўринбосарлари ва Вакил девони бош инспекторлари ҳақли бўлдилар.
Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси