Янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасига қайд этилишича, “Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади”.
Сир эмас, бугун ҳаётимизнинг интернет кириб бормаган бирор-бир соҳаси қолмади. Интернет шахс, жамият ва давлат учун сув ва ҳаводек зарур воситага айланди. БМТ 2011 йил 3 июндаги резолюциясида ҳам интернетдан фойдаланиш инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири сифатида тан олинган.
Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 2016 йилда 12,1 млн бўлган бўлса, 2022 йилга келиб 32 млндан ошди, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудини интернет тармоғи билан қамрови эса 2016 йилдаги 28% дан 2022 йилда 98% га етган.
Шунинг учун Конституцияда интернетдан фойдаланиш учун давлат томонидан шарт-шароитларни яратилиши бир қатор инсон ҳуқуқларни амалга ошириш имкониятини тақдим этади. Авваламбор, ҳар бир шахснинг интернет орқали ахборот излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ҳуқуқий кафолатини мустаҳкамлайди.
Қолаверса, ҳар бир шахснинг интернет орқали ўз ҳуқуқларини, масалан, билим олиш ёки ўқитиш, хизматлардан фойдаланиш ёки уларни кўрсатиш, тижорий фаолиятни амалга ошириш, узоқдаги яқин қариндошлари билан алоқа қилиш ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятини яратади. Энг муҳими, юртимизнинг чекка ҳудудларда яшовчи аҳолини ҳам интернет тармоғи билан қамровини янада оширишга хизмат қилади.
Бухоро вилоят юридик техникуми биносида техникум ўқитувчилари ва фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси А.Бахромов иштирокида, техникум ўқувчиларининг билим, малака ва кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида “Шахснинг ҳуқуқий мақоми. Тенг ҳуқуқлилик ва гендер тенглик” мавзусида навбатдаги коучинг ташкил этилди.
Маълумки, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига қаратилган ҳуқуқий ҳимоя, ҳуқуқий кафолат сифатида маъқулланган.
Кундалик ҳаётий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, халқ фаровонлигида эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги муҳим ўрин тутади. Гендер тенглигини таъминлаш бўйича давлат миқиёсида ишлаб чиқилган қонунлар ва дастурлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу ташкил этилган тадбир техникум жамоаси ва ўқувчилар фаолияти давомида олиб борилаётган амалий тажрибаларини ўргатиш билан бир қаторда, улар орасида касбий тайёргарлик ва ишлаб чиқариш муносабатларини шакллантиришда асосий ўрин эгаллайди.
ти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга «Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди[1].
Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугунги кунда суд тизимидаги ислоҳотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг натижаси сифатида судларда кўрилаётган иқтисодий ишларнинг йилдан йилга ошиб боришида кўришимиз мумкин..
Жумладан, 2022 йилда Республика миқёсида иқтисодий судларда жами 276 692 та иқтисодий иш кўрилган, шунинг 10183 таси Бухоро вилояти судлари томонидан кўрилган. Бухоро вилояти туманлараро иқтисодий судларига жами 15628 та даъво аризаси келиб тушган бўлиб, шундан 143 та даъво аризасини қабул қилиш рад қилинган, 1 688 та даъво аризаси қайтарилган, 13 282 та даъво ариза иш юритишга қабул қилинган. Бу кўрсаткич 2022 йилга келиб жами 12 443 тани ташкил қилиб, шундан 156 таси бўйича даъво аризасини қабул қилиш рад қилинган, 1146 та даъво аризаси камчиликлари мавжудлиги сабабли қайтарилган, 10340 таси иш юритишга қабул қилиниб, биринчи инстанция судларида кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Биринчи нстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2019 йил 24 майдаги 13-сонли қарорида иқтисодий судларнинг эътибори низоларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, тортишувлиги ва одил судловнинг бошқа принципларини таъминлаган ҳолда ҳал этиш зарурлигига, уларга риоя қилмаслик эса, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ҳуқуқлари бузилишига олиб келишига қаратишлари, ИПК 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли эканлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 148-моддасида баён қилинганидек[2], суд манфаатдор шахсларнинг аризалари, прокурорнинг аризаси ва давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади ва даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Даъво аризасида ариза берилаётган суднинг номи; ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи; агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси; даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар; даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар; ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби; даъвогарнинг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар; жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса; илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши керак.
Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек даъвогардаги мавжуд илтимосномалар кўрсатилади.
Россия Федерацияси Арбитраж процессуал кодексининг II-боби 13-бўлимида[3] даъво аризаси ва уни расмийлаштиришга қўйилган талаблар баён қилинган бўлиб, унга кўра даъво аризаси арбитраж судига қоғозда ёки электрон шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат шаклида тақдим этилиши, даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланиши белгиланган. Шунингдек, даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимосномани ўз ичига олган электрон шаклда тақдим этилган даъво аризаси кучайтирилган (муҳофазаланган) квалифицияли электрон имзо билан имзоланиши кераклиги қайд этилган.
Даъво аризасини арбитраж суди муҳокамасига қабул қилиш масаласи судья томонидан даъво аризаси судга келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида якка тартибда ҳал қилинади. Арбитраж суди Кодексда белгиланган шакл ва мазмунга қўйиладиган талабларга мувофиқ берилган даъво аризасини иш юритишга қабул қилиши лозимлиги тўғрисидаги талаблар миллий қонунчилигимизда ҳам белгиланган.
Иқтисодий судга келиб тушган даъво аризаси беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда иш юритишга қабул қилиниши, қабул қилиш рад қилиниши ёки даъво аризаси қайтарилиши ва бу ҳақда ажрим чиқариши лозим.
Процессуал қонун ҳужжатида даъво аризсини қайтариш асослари келтирилган бўлиб, унга асосан суд қуйидаги ҳолларда даъво аризасини қайтаради:
– даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
– иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;
– ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлса;
– жавобгарга ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;
– давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
– мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни даъвогар тақдим этмаган бўлса;
– даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
– битта даъво аризасида бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;
– қонунчиликка ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали олиниши керак бўлганда қарзни жавобгардан олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат қилинганлигига доир далиллар тақдим этилмаган бўлса;
– даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар уни қайтариб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса.
Даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, даъво аризаси судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.
Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин даъво аризаси билан судга умумий тартибда такроран мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 154-моддасига кўра, судья даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар низо судга тааллуқли бўлмаса; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иқтисодий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки ишни юритишни тугатиш тўғрисида ажрими ёхуд фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори ёки келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрими бўлса; иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, ҳакамлик судининг, арбитраж судининг иш юритишида айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса, бундан иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан арбитражнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад этган ҳоллар мустасно; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим бўлса, бундан ҳакамлик судида ушбу низони кўриб чиқиш ваколати мавжуд эмаслиги сабабли ҳакамлик муҳокамаси тугатилганлиги ҳолати мустасно; айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан арбитраж муҳокамасини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим мавжуд бўлса, бундан арбитраж судида ушбу низони кўриб чиқиш ваколати мавжуд эмаслиги сабабли арбитраж муҳокамаси тугатилганлиги ҳолати мустасно.
Хулоса қилиб айтганда, қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли суд тизимини шакллантиришда ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари бузилган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада ошириш, судга мурожаат қилишнинг аниқ механизмлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифаси этиб белгиланганлиги бежизга эмасдир.
Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудударни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди[1].
Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган иқтисодий сиёсий шароитда тадбиркорларнинг таваккалчиликка асосланган фаолиятини олиб боришида, унда контрагентларнинг ишонч, ҳурмат ва ўзаро ҳамкорлик асосида бизнесни ташкил қилишида бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Бу ўз навбатида, ўзаро ҳамкорликнинг тарқалиб кетишига, ҳатто айрим ҳолатларда катта миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолатларда низони келишув йўли билан ҳал этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу ўринда, келишув битими нима деган савол туғилади.
Аслида, келишув битими низо томонлари ўртасидаги битим бўлиб, унинг матнида муаммони ҳал қилиш йўллари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, шартларга риоя қилмаслик учун жавобгарлик кўрсатилади. Бундай келишув баҳсли вазиятни тугтатади, муаммони тугатади. Бошқа ҳар қандай шартнома муносабатларидан ўзига хос хусусияти суд томонидан маъқуллаш зарурати бўлиб, эришилган келишув суд қарори кучини беради[2].
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 16-боби яраштириш тартиб-таомилларига бағишланган бўлиб, унда суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашиши белгиланган.
Тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкин.
Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.
Шунингдек, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.
Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади. Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.
Келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак.
Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.
Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.
Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида умумий тартибда ҳал этади.
Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 204-сонли қарорида Судлар инобатга олишлари лозимки, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилиши, ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ суд ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида тарафларни муросага келтириш чораларини кўриши, шу муносабат билан даъво аризасини қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда суднинг тарафларга низони келишиш йўли билан ҳал этиш ҳақидаги таклифи кўрсатилиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Яна шуни қайд этиш лозимки, суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади.
Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 134-моддасига кўра, суд келишув битимини тасдиқлашни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар: 1) унинг шартлари қонунчиликка зид бўлса; 2) унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса; 3) у шарт асосида тузилган бўлса.
Аммо, суд амалиёти таҳлили бу борада муаммолар мавжудлигини кўрсатди.
Мисол учун, Банк судга ариза билан мурожаат қилиб, “М” хусусий корхонаси билан 2022 йил 14 ноябрь куни тузилган келишув битимини тасдиқлашни сўраган.
Тарафлар ўртасида тузилган келишув битими ижро жараёнида тузилган бўлиб, унда “М” хусусий корхонаси мавжуд қарздорликни бўлиб-бўлиб тўлаши, агар тўлов амалга оширилмаса Банкда қайта ижро варақаси олиш ҳуқуқи пайдо бўлиши кўзда тутилган.
Ушбу ҳолатда тарафлар ўртасида тузилган келишув битими шарт асосида тузилганлиги сабабли суд уни тасдиқлашни рад қилишни лозим топган.
Яна бир бошқа ҳолатга кўра, Банк манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси “Р” фермер хўжалигидан асосий кредит қарзини ундиришни сўраган.
Суд мажлисида даъвогар вакили тарафлар ўртасида 2021 йил 21 октябрда тузилган келишув битимини тақдим этиб, келишув битими қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлганлиги учун, уни тасдиқлаб беришни сўради.
ИПКнинг 63-моддасига кўра, судда иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради, бундан даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишувни тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулни олиш мустасно. Вакилнинг ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларнинг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари у қайси шахс томонидан вакил қилинаётган бўлса, ўша шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак.
Аниқланишича, келишув битими ФХ томондан унинг раҳбари Р.Ҳ ва банк томонидан унинг раҳбари А.О. томонидан имзоланган. Бироқ, банк раҳбари А.О.га берилган 2021 йил 19 октябрдаги ишончномада келишув битимини имзолаш ваколати унга берилмаган.
Келишув битими ваколати бўлмаган шахс томонидан имзоланганлигини ҳисобга олиб, ИПКнинг 134-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига ва 63-моддаларига таянган ҳолда суд уни тасдиқлашни рад этишни ва ишни мазмунан кўриб чиқишни лозим топган.
Хулоса қиладиган бўлсак, мазкур институт тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликни кучайишига, тарафлар ўртасида дўстона муносабатларнинг сақланиб қолиши, иқтисодий судларга низоларни тез ва тўғри ҳал этилиши, шунингдек, судларда низоларнинг камайишига сезларли даражада таъсир кўрсатди.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминланишига, бизнес юритиш учун қулай муҳит ва шарт-шароит яратишлишига, шунингдек мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу жумладан, қурилиш соҳаси тизимида инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича танлов (тендер) ўтказиш тартиб-таомиллари ва молиялаштириш механизмларини соддалаштириш, мазкур соҳада фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес субъектларига нисбатан преференция бериш ва қулайликлар яратиш ҳисобига улар томонидан иқтисодиётимизга қўшаётган ҳиссаси йилдан-йилга ўсиб бориоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимиз қурилиш саноатини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни изчил давом эттириш, ички бозорни маҳаллий қурилиш материаллари билан тўлдириш ва экспорт салоҳиятини оширишга доир бир қатор вазифалар белгиланган.
Хусусан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларда:
тадбиркорларга маслаҳат-сервис ва техник кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш;
ички бозор талабини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига тўлиқ таъминлаш ҳамда импорт ҳажмини оптималлаштириш;
жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, замонавий кўп қаватли бино-иншоотларни қуриш масалаларини ҳал этиш учун талаб этиладиган янги инновацион қурилиш материалларини ўзлаштириш ҳамда юқори қўшилган қийматли рақобатбардош қурилиш материаллари экспорти ҳажмини оширишни рағбатлантириш;
энергия тежамкор ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва экспортчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
тармоқда экологик назоратни янада кучайтириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қарор лойиҳасида қурилиш кластерларини ташкил этиш, унда автоклав усулида газобетон, пенобетон ва бошқа турдаги замонавий энергия тежамкор арзон қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қурилиш кластерларига шаҳар ва қишлоқ жойларида намунавий типдаги арзон уй-жойлар қурилиши дастурлари доирасида уй-жойлар қуриш учун ер майдонларини ажратиш, мазкур дастурларни молиялаштираётган тижорат банклари томонидан қурилиш кластерларига қулай шартларда узоқ муддатли имтиёзли кредитлар берилиши таклиф этилмоқда. Ҳозир қарор лойиҳаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан ўрнатилган тартибда келишилмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қурилиш соҳаси тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгаймоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда. Жумладан, мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 19 май куни “Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2021 йил 1 январгача импорт қилинадиган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари божхона тўловидан озод этилди. Бундан ташқари, 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача импорт қилинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва механизмларини олиб кириш учун қўйилган божхона тўловлари ҳам бекор қилинмоқда.
Қарорга асасан 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда божхона тўловларини тўловчилар импорт қилинадиган қурилиш соҳасида фойдаланиладиган машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, кичик механизация воситалари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича божхона тўловларини (қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи ҳам бериляпти.
Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субьектларнинг пудрат шартномалари бўйича пудратчининг ўзига буюртмачи томонидан қурилиш учун олдиндан тўланган пул маблағлирини мақсадсиз ишлатилиши, талон-тарож қилиниши, сохта тадбиркорлик орқали асоссиз равишда бойлик орттириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Шунингдек, пудрат шартномасининг иштирокчиси ҳисобланадиган буюртмачи ёки пудратчи томонидан мазкур шартномалардан келиб чиқадиган низолар юзасидан тақдим қилинган даъво аризаларини кўриб чиқишда маълум бир қийинчиликларни тарафларнинг ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги ҳам келтириб чиқаради.
Пудрат шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш учун ҳар бир даъво аризани иш юритишга қабул қилиш, тайёрлаш босқичида судья томонидан пухта ўрганиш ва процессуал ҳаракатларнинг тўлиқ бажарилиши суд ҳужжатини қабул қилиш жараёнидаги хатоларнинг олдини олиб, низонинг узоқ муддат чўзилмаслигига сабаб бўлади.
Нурмурод Зоиров,
Қоракўл туманлараро иқтисодий суди раиси
Бекзод Турсунов,
Қоракўл туманлараро иқтисодий суди девонхони мудири
Судланганлик — бу шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм қилинишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади.
Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.
Судланганлик ушбу қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахс янги жиноят содир этгандагина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади.
Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.
Жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмайдиган тақдирда, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.
Судланмаган шахс билан солиштирганимизда Судланганлик судланган шахснинг ҳуқуқларини чеклаш билан бирга унга муайян мажбурият ҳам юклайди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бу бошқа ҳуқуқий бўлмаган оқибатларни келтириб чиқармайди. Судланганлик фақат шахс томонидан жиноят содир этилганда, шу жиноятни содир этишда айбдор деб топилганда, унга муайян турдаги жазо тайинланиб, ҳукм қилинганда келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади.
Шахснинг судланганлиги умумҳуқуқий ва жиноий ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳисобланади.
Шахс содир этган жинояти учун жазога тортилиб, ҳукм қилингандаги умумҳуқуқий аҳамияти шундан иборатки бунда жиноят қонун ҳужжатларини ташкил қилмайди аксинча норматив-ҳуқуқий актларда мустаҳкамланган бўлади ҳамда бу жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди.
Хусусан, шахснинг судланганлиги тўғрисида (олиб ташланмаган судланганлик мавжуд бўлганда) расмий органларга маълум қилиш мажбурияти бўлади, айтайлик маълум бир мансабни эгаллаш ёки айрим фаолият билан шуғулланишдаги чекловларда намоён бўлади. Масалан, Адвокатура тўғрисидаги қонун судланганлик ҳолати мавжуд бўлганда шахснинг адвокатлик фаолиятини амалга оширишни чеклайди.
Шунингдек, судлангакликка эга бўлган шахсларга муайян бир ҳудудларга бориш ва жойларда бўлиш таъқикланиши мумкин.
Судланганликнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти (оқибати) эса судланганлиги мавжуд бўлган шахс томонидан янги жиноят содир этилгандагина вужудга келади.
Хусусан, судланганлик қатор ҳолларда жиноят квалификациясига таъсир этади, яъни жиноий жавобгарликни кучайтирувчи ҳолат ҳисобланади. Булар жиноятлар мажмуи, такроранлигини ва рецидив жиноятни белгилаб беради.
Масалан, ЖКнинг 34-моддасига кўра шахсни ўта хавфли рецидивист деб топилиши учун судланганлик ҳолати асос бўлади.
Судланганлик, агар шахс муқаддам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган бўлса, жазони ижро этиш колонияси турини белгилаш учун ҳам аҳамият касб этади. Масалан ЖКнинг 50-моддасида Озодликдан маҳрум қилиш жазоси тушунчаси ва уни тайинлаш асослари келтирилган бўлиб, ЖКнинг 50-моддаси 6-қисми “в” бандида илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиқиб ёки ўтаётган чоғида, қасддан янги содир этган жинояти учун ҳукм қилинаётганларга нисбатан жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланиши ёки “г” бандида ўта хавфли рецидивистларга нисбатан жазони махсус тартибли колонияларда ўташ тайинланиши белгиланган.
Турсунбой Тангриев,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Коррупция – бу жамият ва ҳаётни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Бу иллат эса демократия ва қонун устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига, қонунчиликнинг издан чиқишига, шунингдек, бозор иқтисодиёти ривожига тўсқ бўлиб, ҳаёт сифатини ёмонлаштириш ҳамда одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади.
Бу эса, ҳар-қандай шахсда хоҳ у оддий фуқаро ёки мансабдор шахс бўлсин уларда давлатга ҳамда қонун устворлигига нисбатан ишончнинг йўқолишига ҳамда жавобгарлик муқаррарлиги принципининг танозилга учрашига олиб келади. Натижада мансабдор шахсларнинг пора олиши, таниш-билиш, уруғ-аймоқчилик, гуруҳбозлик ёки маҳаллийчилик ва мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланишни оддий ҳол сифатида қабул қилишига, оддий фуқароларда эса «пора бермасдан масалани ҳал этиш мумкин эмас», деган психология ва инстинктнинг шаклланишига олиб келади.
Албатта ҳозирги вақтда қонунчиликда ва давлат бошқарувида коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканлигини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.
Бироқ жамиятимизда Коррупцияни йўқотиш борасида қатий ислоҳатлар амалага оширилаётган бўлсада, мазкур иллатни тўлақонли бартараф этиш имкони бўлмаётганлиги кўриниб турибти.
Жамиятда Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи буни амалга ошириш доирасида масъул идоралар ташкил этилган бўлса-да, мазкур сайи ҳаракатларнинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро, ҳар бир шахс ўзида масъулият ҳис этса ўйланган мақсадга эришиш бир мунча осонлашган бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатидир. Бугунги кунда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум — умумий овозга қўйилиши ҳуқуқий демократик давлатчилигимиз тарихида илк бор кузатилаётган демократик прогрессив қадамдир. Бу борада турли соҳа мутахассислари асосли мулоҳазалар орқали муносабатлар билдирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганидан бугунги кунгача унга тегишли қонунлар асосида бир неча бор тузатишлар, қўшимча ва ўзгартишлар киритилган бўлса, ушбу қонунлар парламент томонидан қабул қилинган. «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ, референдум Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир. Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига кўра, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир», 9-моддасида эса «Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади», деб белгиланган. «Ўзбекистон Республикаси конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум йўли билан қабул қилиниши энг тўғри қарор ҳисобланади. Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши, муҳокама этилиши ва қабул қилиниши ҳамда ривожлантирилиши жараёнлари мамлакатимиз мустақиллиги тарихининг бевосита узвий қисмидир. Конституциямизнинг яратилиши тарихига назар солинса, асосий Қонун ўзбек халқининг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари мантиқий натижаси эканига гувоҳ бўлиш мумкин. Бугунги кун жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масаласи, яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128 та моддадан 155 та моддага, ундаги нормалар 275 тадан 434 тага кўпаяётганлиги, 91 та концептуал ўзгартишларни ўз ичига олган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум — умумий овозга қўйиш халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлигини амалда намоён этиб, давлатимизнинг асосий қонуни — олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг муҳокамасини тўғридан-тўғри халқ ҳукмига ҳавола этилаётганлиги «инсон-жамият-давлат» деган инсон қадрини юксалтиришга қаратилган тамойилни амалда қўлланаётганини кўрсатади. Зафар Усмонов, Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси Азизжон Шарипов, Гулсара Сатторова, Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси
Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш, чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш муҳим омил сифатида қайд этилган. Барчамизга маълумки, Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ референдумини – 2023 йил 30 апрель, якшанба куни ўтказиш белгиланди. “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланган бош қомус лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпайиб, унинг матни 65 фоизга янгиланган. Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланмоқда. Айбсизлик презумциясини амалиётда қўллаш ислоҳ этилиб, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида, шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда. Дарҳақиқат, Конституциядаги нормаларга диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, унда инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун қўйилганлигини кўришимиз мумкин бўлади. Масалан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги, ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари унга тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи кафолатланмоқда. Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Янги ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суд қарорига асосан чекланиши мумкин. Конституцияда давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши ва бошланғич профессионал таълим бепул эканлиги ҳам белгиланмоқда. Конституцияда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар ҳаёти устувор эканлигига яққол ишора ҳисобланади. Мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, янгиланаётган Конституцияга кўра давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Конституцияда илк маротаба ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги бунда ер қонунида назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулкчиликка йўл қўйилиши назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш таъминланишини белгиловчи, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда. Мазкур янгилик ва ўзгартиришлар мамлакатимизда инсон қадри суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши эканлигини кўрсатиб беради. Зафар Усмонов, Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси Азизжон Шарипов, Гулсара Сатторова, Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси
Мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида Адлия вазирлиги тизимида юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Бу борада, юридик хизмат кўрсатиладиган давлат идораларининг марказларга юбориладиган ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказувчи “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизими яратилди, иш юритуви тўлиқ рақамлаштирилиб, қоғозбозликка барҳам берилди. 207 та туман ва шаҳарлардаги 2 мингдан ортиқ давлат органларида ҳуқуқни бир хил қўллаш амалиёти шаклланди ҳамда аҳолига ва бевосита ижрочиларга қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етказиш ва тушунтиришнинг янги бўғини яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги ПФ-258-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги ПҚ-5168-сонли ҳамда ПҚ-173-сонли қарорларига ўзгартиришлар киритилиб Ёшлар ишлари агентлиги бўлимлари ҳам юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар рўйхатидан жой олди. Вилоят адлия бошқармаси ва “Униcон-софт” МЧЖ Бухоро филиали ходимлари билан ҳамкорлик вилоятдаги Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизимига уланиб, уларга юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан хизмат кўрсатиш, яъни Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларининг буйруқ, шартнома ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларига тизим орқали хулосалар бериш амалиёти жорий қилинди. Адлия бошқармаси ва Бухоро вилоят суди томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган туман (шаҳар)лардаги давлат ташкилотларининг 2022 йил 9 ойи давомидаги марказлар хулосаси асосида чиқарилган буйруқ ва шартномаларининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан ҳақиқий эмас деб топилганлиги ҳамда бекор қилинганлиги таҳлил қилинганда ушбу судлар томонидан давлат ташкилотларининг 2022 йил 9 ойи давомидаги марказлар хулосаси асосида чиқарилган буйруқ ва шартномаларининг ҳақиқий эмас деб топилмаганлиги ҳамда бекор қилинмаганлиги аниқланди. Бундан кўринадики, марказлар томонидан хизмат кўрсатиладиган давлат туман (шаҳар) ташкилотларининг бошқа шаҳслар билан бўладиган суд тартибидаги низоларининг олди олинмоқда. Мазкур тартибнинг йўлга қўйилиши муносабати билан келгусида Ёшлар ишлари агентлигининг жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги судгача ёки суд тартибидаги низоли муносабатларини олдини олиб, ушбу ташкилотларга марказлар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.
Миразиз Раджабов, Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди раиси Улуғбек Қаландаров, Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Бухарский областной суд