Судланганликнинг ҳуқуқий аҳамияти

Судланганлик — бу шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм қилинишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади. 

Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Судланганлик ушбу қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахс янги жиноят содир этгандагина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади.

Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

Жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмайдиган тақдирда, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Судланмаган шахс билан солиштирганимизда Судланганлик судланган шахснинг ҳуқуқларини чеклаш билан бирга унга муайян мажбурият ҳам юклайди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бу бошқа ҳуқуқий бўлмаган оқибатларни келтириб чиқармайди. Судланганлик фақат шахс томонидан жиноят содир этилганда, шу жиноятни содир этишда айбдор деб топилганда, унга муайян турдаги жазо тайинланиб, ҳукм қилинганда келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади.

Шахснинг судланганлиги умумҳуқуқий ва жиноий ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Шахс содир этган жинояти учун жазога тортилиб, ҳукм қилингандаги умумҳуқуқий аҳамияти шундан иборатки бунда  жиноят қонун ҳужжатларини ташкил қилмайди аксинча норматив-ҳуқуқий актларда мустаҳкамланган бўлади ҳамда бу жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди.

Хусусан, шахснинг судланганлиги тўғрисида (олиб ташланмаган судланганлик мавжуд бўлганда) расмий органларга маълум қилиш мажбурияти бўлади, айтайлик маълум бир мансабни эгаллаш ёки айрим фаолият билан шуғулланишдаги чекловларда намоён бўлади. Масалан, Адвокатура тўғрисидаги қонун судланганлик ҳолати мавжуд бўлганда шахснинг адвокатлик фаолиятини амалга оширишни чеклайди.

Шунингдек, судлангакликка эга бўлган шахсларга муайян бир ҳудудларга бориш ва жойларда бўлиш таъқикланиши мумкин.

Судланганликнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти (оқибати) эса судланганлиги мавжуд бўлган шахс томонидан янги жиноят содир этилгандагина вужудга келади.

Хусусан, судланганлик қатор ҳолларда жиноят квалификациясига таъсир этади, яъни жиноий жавобгарликни кучайтирувчи ҳолат ҳисобланади. Булар жиноятлар мажмуи, такроранлигини ва рецидив жиноятни белгилаб беради.

Масалан, ЖКнинг 34-моддасига кўра шахсни ўта хавфли рецидивист деб топилиши учун судланганлик ҳолати асос бўлади.

Судланганлик, агар шахс муқаддам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган бўлса, жазони ижро этиш колонияси турини белгилаш учун ҳам аҳамият касб этади. Масалан ЖКнинг 50-моддасида Озодликдан маҳрум қилиш жазоси тушунчаси ва уни тайинлаш асослари келтирилган бўлиб, ЖКнинг 50-моддаси 6-қисми “в” бандида илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиқиб ёки ўтаётган чоғида, қасддан янги содир этган жинояти учун ҳукм қилинаётганларга нисбатан жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланиши ёки “г” бандида ўта хавфли рецидивистларга нисбатан жазони махсус тартибли колонияларда ўташ тайинланиши белгиланган.

Турсунбой Тангриев,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Акрам Рахимов,

Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси

Коррупция – бу занглаш, емрилиш ва чириш деганидир

Коррупция – бу жамият ва ҳаётни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Бу иллат эса демократия ва қонун устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига, қонунчиликнинг издан чиқишига, шунингдек, бозор иқтисодиёти ривожига тўсқ бўлиб, ҳаёт сифатини ёмонлаштириш ҳамда одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади.

          Бу эса, ҳар-қандай шахсда хоҳ у оддий фуқаро ёки мансабдор шахс бўлсин уларда давлатга ҳамда қонун устворлигига нисбатан ишончнинг йўқолишига ҳамда жавобгарлик муқаррарлиги принципининг танозилга учрашига олиб келади. Натижада мансабдор шахсларнинг пора олиши, таниш-билиш, уруғ-аймоқчилик, гуруҳбозлик ёки маҳаллийчилик ва мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланишни оддий ҳол сифатида қабул қилишига, оддий фуқароларда эса «пора бермасдан масалани ҳал этиш мумкин эмас», деган психология ва инстинктнинг шаклланишига олиб келади.

          Албатта ҳозирги вақтда қонунчиликда ва давлат бошқарувида коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканлигини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

           Бироқ жамиятимизда Коррупцияни йўқотиш борасида қатий ислоҳатлар амалага оширилаётган бўлсада, мазкур иллатни тўлақонли бартараф этиш имкони бўлмаётганлиги кўриниб турибти.

           Жамиятда Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи буни амалга ошириш доирасида масъул идоралар ташкил этилган бўлса-да, мазкур сайи ҳаракатларнинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро, ҳар бир шахс ўзида масъулият ҳис этса ўйланган мақсадга эришиш бир мунча осонлашган бўлади.

Акрам Рахимов,

Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси                                                  

Янгиланаётган Конституция – фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатидир

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатидир.
Бугунги кунда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум — умумий овозга қўйилиши ҳуқуқий демократик давлатчилигимиз тарихида илк бор кузатилаётган демократик прогрессив қадамдир. Бу борада турли соҳа мутахассислари асосли мулоҳазалар орқали муносабатлар билдирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганидан бугунги кунгача унга тегишли қонунлар асосида бир неча бор тузатишлар, қўшимча ва ўзгартишлар киритилган бўлса, ушбу қонунлар парламент томонидан қабул қилинган.
«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ, референдум Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.
Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига кўра, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир», 9-моддасида эса «Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади», деб белгиланган. «Ўзбекистон Республикаси конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум йўли билан қабул қилиниши энг тўғри қарор ҳисобланади.
Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши, муҳокама этилиши ва қабул қилиниши ҳамда ривожлантирилиши жараёнлари мамлакатимиз мустақиллиги тарихининг бевосита узвий қисмидир. Конституциямизнинг яратилиши тарихига назар солинса, асосий Қонун ўзбек халқининг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари мантиқий натижаси эканига гувоҳ бўлиш мумкин.
Бугунги кун жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масаласи, яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128 та моддадан 155 та моддага, ундаги нормалар 275 тадан 434 тага кўпаяётганлиги, 91 та концептуал ўзгартишларни ўз ичига олган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум — умумий овозга қўйиш халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлигини амалда намоён этиб, давлатимизнинг асосий қонуни — олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг муҳокамасини тўғридан-тўғри халқ ҳукмига ҳавола этилаётганлиги «инсон-жамият-давлат» деган инсон қадрини юксалтиришга қаратилган тамойилни амалда қўлланаётганини кўрсатади.
Зафар Усмонов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси
Азизжон Шарипов, Гулсара Сатторова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши

Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш, чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш муҳим омил сифатида қайд этилган. Барчамизга маълумки, Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ референдумини – 2023 йил 30 апрель, якшанба куни ўтказиш белгиланди.
“Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланган бош қомус лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпайиб, унинг матни 65 фоизга янгиланган. Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланмоқда.
Айбсизлик презумциясини амалиётда қўллаш ислоҳ этилиб, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида, шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.
Дарҳақиқат, Конституциядаги нормаларга диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, унда инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун қўйилганлигини кўришимиз мумкин бўлади. Масалан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги, ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари унга тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Янги ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суд қарорига асосан чекланиши мумкин.
Конституцияда давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши ва бошланғич профессионал таълим бепул эканлиги ҳам белгиланмоқда. Конституцияда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар ҳаёти устувор эканлигига яққол ишора ҳисобланади.
Мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, янгиланаётган Конституцияга кўра давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Конституцияда илк маротаба ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги бунда ер қонунида назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулкчиликка йўл қўйилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш таъминланишини белгиловчи, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.
Мазкур янгилик ва ўзгартиришлар мамлакатимизда инсон қадри суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши эканлигини кўрсатиб беради.
Зафар Усмонов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси
Азизжон Шарипов, Гулсара Сатторова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Юридик хизмат сохасида электрон дастурнинг афзалликлари

Мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида Адлия вазирлиги тизимида юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Бу борада, юридик хизмат кўрсатиладиган давлат идораларининг марказларга юбориладиган ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказувчи “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизими яратилди, иш юритуви тўлиқ рақамлаштирилиб, қоғозбозликка барҳам берилди.
207 та туман ва шаҳарлардаги 2 мингдан ортиқ давлат органларида ҳуқуқни бир хил қўллаш амалиёти шаклланди ҳамда аҳолига ва бевосита ижрочиларга қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етказиш ва тушунтиришнинг янги бўғини яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги ПФ-258-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги ПҚ-5168-сонли ҳамда ПҚ-173-сонли қарорларига ўзгартиришлар киритилиб Ёшлар ишлари агентлиги бўлимлари ҳам юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар рўйхатидан жой олди.
Вилоят адлия бошқармаси ва “Униcон-софт” МЧЖ Бухоро филиали ходимлари билан ҳамкорлик вилоятдаги Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизимига уланиб, уларга юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан хизмат кўрсатиш, яъни Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларининг буйруқ, шартнома ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларига тизим орқали хулосалар бериш амалиёти жорий қилинди.
Адлия бошқармаси ва Бухоро вилоят суди томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган туман (шаҳар)лардаги давлат ташкилотларининг 2022 йил 9 ойи давомидаги марказлар хулосаси асосида чиқарилган буйруқ ва шартномаларининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан ҳақиқий эмас деб топилганлиги ҳамда бекор қилинганлиги таҳлил қилинганда ушбу судлар томонидан давлат ташкилотларининг 2022 йил 9 ойи давомидаги марказлар хулосаси асосида чиқарилган буйруқ ва шартномаларининг ҳақиқий эмас деб топилмаганлиги ҳамда бекор қилинмаганлиги аниқланди.
Бундан кўринадики, марказлар томонидан хизмат кўрсатиладиган давлат туман (шаҳар) ташкилотларининг бошқа шаҳслар билан бўладиган суд тартибидаги низоларининг олди олинмоқда.
Мазкур тартибнинг йўлга қўйилиши муносабати билан келгусида Ёшлар ишлари агентлигининг жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги судгача ёки суд тартибидаги низоли муносабатларини олдини олиб, ушбу ташкилотларга марказлар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.

Миразиз Раджабов,
Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди раиси
Улуғбек Қаландаров,
Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди судьяси

Эрта никоҳва унинг оқибатлари

Ўзбекистон мустақилликка эришгач барча соҳаларда, хусусан Оила қонунчилиги тизимида ҳам самарали ислоҳотлар қилинди. Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам алоҳида “Оила” боби киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши белгилаб қўйилган.
Юртимизда оила инс­титутини мустаҳкамлаш, нуфу­зини ошириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, эрта никоҳнинг олдини олиш ва соғлом фарзандни дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Шунингдек, Оила кодексида ҳам никоҳ тузиш тартиби, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги, никоҳ ёши, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар ва никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш нормалари белгилаб қўйилган.
Бироқ, баъзи ота-оналарнинг никоҳ ёшига етмаган, коллеж, лицейларни тугатмаган қизларини эрта турмушга чиқариб юбориш ҳолатлари учраяптики, бу ёш оналар ва болаларнинг ногирон, заиф болалар туғилишига сабаб бўлмоқда.
Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида ўзига хос ижтимоий вазифани бажаради. Оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамиятимиз шунчалик мустаҳкам бўлади. Республикамизда оилага эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшлармизнинг соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оиланинг ҳуқуқий асосини қонуний никоҳ ташкил этади. Чунки фақат қонуний никоҳгина оилада эр-хотин ва болалар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.
Никоҳ тузилиши учун никоҳланувчилар қонунда белгилаб қўйилган никоҳ ёшига етган бўлишлари шарт.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркак ва аёллар учун 18 ёш қилиб белгиланган. Бугунги кунда мутахассислар томонидан никоҳ ёшини кўтариш мақсадга мувофиқ деб топилмоқда. Таълим тўғрисидаги қонунчилик талаблари ҳамда қизларнинг физиологик жиҳатдан оналикка тайёр бўлишлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу фикр асослидир.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомилага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хохловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўёхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга қисқартирилиши мумкин.
Оила кодексининг 13-моддасида «Диний расм-русмларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас»лиги кўрсатилган, бироқ никоҳ ёшига тўлмаган қизлар билан ФҲДЁ органларидан рўйхатдан ўтмасдан, диний расм-русмларга биноан никоҳ тузиш маросимини ўтказиш ҳолатлари кам бўлсада, ҳамон учраб турибди. Мўрт ва ҳуқуқий ҳимояланмаган оилалар кўп ҳолатларда бузилиб, аксарият ҳолларда аёллар жабрланувчи бўлиб қолаётгани ачинарлидир.
Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Эрта никоҳнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш ҳамда жамиятда аёлларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мавқеини мустаҳкамлаш, аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилашга қаратилган мазкур ҳужжатларга асосан никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Шу билан бирга никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш эндиликда маълум жавобгарликларни келтириб чиқаради.
Бундан кўзланган мақсад – она-бола саломатлигига салбий таъсир этаётган ҳолатларнинг олдини олиш, келгуси наслларнинг ҳар томонлама соғлом онадан дунёга келишини таъминлашдир.
Ушбу қонунда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш долзарб вазифалардандир. Бу борада тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим ҳамда тиббиёт муассасалари мутахассислари ҳамкорлигида амалга оширилаётган тарғибот ишлари янада кучайтирилмоқда. Шифокорлар, педагоглар, психологлар, хотин-қизлар қўмиталари ва маҳаллалар фаоллари томонидан ёшларга соғлом ҳаёт ва узоқ умр кўриш, жисмоний ва маънавий баркамолликка эришиш, оила мустаҳкамлиги хусусида ҳаётий мисоллар орқали сўзлаб берилмоқда.
Мамлакатнинг ҳар бир қонун-қоидасини, унинг мазмуни ва аҳамиятини шу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси билиши лозим. Зеро, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди. Никоҳ ёшига оид юқоридаги қонун-қоидаларни тарғиб қилишдан мақсад эса одамларни огоҳлантиришдир. Ҳар бир ота-она, ҳар бир никоҳланувчи ёш ўз ҳақ-ҳуқуқини ва бурчини яхши билса, ўз соғлиги ва фарзандлари олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этса, хавотирга ўрин қолмайди. Оилалар мустаҳкам, болалар баркамол бўлади.
Юртимизда никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий ҳаётда рўй берадиган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишдир. Зеро, ватан оиладан бошланади. Оила мустаҳкам экан, ватанимиз гуллаб-яшнайверади. Фарзанд­ларимиз соғлом ва баркамол экан, келажагимиз порлоқ бўлади.
 
Ўткир Разиков,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси
 
Мақсад Матякубов,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди судьяси

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари одил судловга эширишнинг муҳим шарти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 16 январдаги ПФ–11-сон Фармони қабул қилинди.
Фармон билан 2023–2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
Стратегия доирасида қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:
«Инсон қадри учун» ғояси асосида адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш;
фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш;
судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;
судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш;
суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;
судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.
Қуйидаги тартибларни жорий этиш режалаштирилмоқда:
туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апеллация ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апеллация ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.
Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланади, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилади.
Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди:
судга ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;
суд ишларига аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
одил судловга аралашганликка оид ҳар бир жиноят бўйича жамоатчиликни мажбурий хабардор қилиш;
судьяга нисбатан тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;
процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш бўйича мурожаатларни адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.
Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси шакллантирилди ва унга қуйидагилар киради:
Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;
ҳудудий прокуратураларнинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;
туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.
Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Фармон билан ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида
2023 йил 1-сентабргача «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизими синов тарзида ишга туширилади ҳамда 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этилади.
Фармонга кўра, қуйидагилар жорий этилади:
айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриш ваколати маъмурий органларга ўтказилади;
айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади.
Айрим йўналишларда прокурор назорати қисқартирилади, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликлари мақбуллаштирилади ҳамда унинг ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сони кўпайтирилади. Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари суд биноларида ўтиради.
 
Миразиз Раджабов,
Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди раиси
 
Улуғбек Қаландаров,
Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди судьяси
 
 

       Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг  процессуал жиҳатлари

  Оила тушунчаси азал-азалдан жамиятимиз томонидан диққат – эътиборда бўлиб келган. Шу боис давлатимиз мустақилликка эришиши билан оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлган ислоҳотлар сиёсат даражасига кўтарилиб, оила ва унинг муҳофазаси билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар қонун нормалари билан кафолатланди. Зеро оилаларнинг мустаҳкамлиги жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда миллий хавфсизлигини, унинг равнақи ва тараққиётини белгиловчи ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
         Оила никоҳга асосланган ахлоқий маъсулият, ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат умумийлиги билан боғланган кичик бир ижтимоий гуруҳ сифатида тавсифланади. Никоҳ эса эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатларни чамбарчас боғловчи ришта ҳисобланади.  Ушбу ришта ўзаро розилик, меҳр-муҳаббат ва ишонч асосида тузилиб, қонуний расмийлаштирилсагина унинг пойдевори мустаҳкам бўлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 16-моддасида . Оила жамиятнинг табиий ва асосий ҳужайраси саналади ва жамият ҳамда давлат томонидан ҳимоя қилинишга ҳақли. эканлиги қайд этиб ўтилган[1]
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган.[2].
  Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қанчалик ҳимоя қилинмасин, оилавий муносабатлар қонун нормалари билан нечоғлик тартибга солинмасин, минг афсуски, бугунги кунда  оилавий низоларнинг сони ортиб бормоқда.  
  Хусусан, никоҳ тузиш тартиби ва шартларига амал қилмаслик, оила қуриш мақсадини кўзламай моддий манфаат йўлида ғайриқонуний мақсадларда сохта никоҳ тузиш никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ бўлган оилавий низоларни юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон қонунчилигида, шунингдек, аксарият хорижий мамлакатлар қонунчилигида никоҳнинг ҳақиқийлиги презумцияси мустаҳкамланган. Бинобарин, буни фақат суд орқали рад этиш мумкин. Никоҳ суд томонидан бундай эътироф этилгунга қадар  унинг қонунни бузган ҳолда тузилганлиги тўғрисидаги далиллар мавжудлигидан қатъий назар ҳақиқий деб ҳисобланади.
Ҳуқуқ назариясида никоҳнинг ҳақиқий эмаслиги ҳақида турли фикрлар, тушунчалар мавжуд. Шундай қилиб, улардан бирига кўра, никоҳнинг ҳақиқий эмаслиги оилавий ҳуқуқий жавобгарликнинг қандайдир ўлчовидир. Булар никоҳнинг ҳақиқий эмаслиги қонун ҳужжатларининг никоҳни тузиш билан боғлиқ талабларига риоя қилмаслик учун қонуний жазо сифатида қаралади.
 А.И. Загоровский таъкидлаганидек, никоҳнинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги масала уни тузиш шартлари, гўё иккинчисининг тегишли санкцияси бўлганлиги масаласи билан энг яқин боғлиқдир.
 М.В. Антоколская ва И.М. Кузнецованинг таъкидлашича, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш никоҳни бекор қилиш ва бундай никоҳ тузилган пайтдан бошлаб унинг ҳуқуқий оқибатлари деб аташ мумкин.
Бироқ, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш учун асослар бўйича турли қарашлар ва бўлинишларга қарамай, қонунда бундай бўлиниш мавжуд эмас.
            Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида қатъий белгилаб қўйилган бўлиб, уларни кенгайтириб талқин этишга йўл қўйилмайди.
Жумладан, Оила кодексининг 49-моддасига кўра, никоҳ қуйидаги ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилади:
ушбу Кодекснинг 14—16-моддаларида белгиланган шартлар бузилганда;
сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда;
никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса[3].
Маълумки, никоҳ тузишнинг биринчи шарти, Оила Кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлигидир.  Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак, никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.
Никоҳ тузишнинг иккинчи шарти – бу никоҳ ёшидир. Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз этиб белгиланган. Чунки бу ёшда эркак ва аёллар физиологик етилиб, маънавий ва жисмоний жиҳатдан ўсиб, ота-она бўлиш қобилиятига эга бўладилар.
Оила кодексининг 16-моддасига мувофиқ, никоҳ тузишга баъзи ҳолатлар монелик қилади, яъни:
лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.
Агар никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одам иммунитети тақчиллиги вируси (ОИТС инфекцияси) борлигини бошқасидан яширган бўлса, бу шахс никоҳни ҳақиқий эмас деб топишини талаб қилиб судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Демак, Оила кодексининг 14-16 моддаларида белгиланган шартлар бузилган тақдирда, шунингдек сохта никоҳ, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай тузган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади.
  Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш суд тартибида амалга оширилади. Ушбу низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари мавжуд. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишларни судда кўришнинг процессуал жиҳатлари хусусида тўхталишдан аввал, никоҳдан ажралиш масалалари ҳамда никоҳни ҳақиқий эмаслиги ўртасидаги фарқлар хусусида тўхталиб ўтамиз.
Никоҳдан ажралишни қонунда икки тартиби белгиланган:
1) эр-хотинлар ўртасидаги мулкий низолар мавжуд бўлган ҳолларда, суд тартибида (масалан, мулкни бўлиш, эр-хотинлар ўртасидаги ҳамда вояга етмаган болаларга моддий таъминот билан боғлиқ бўлган ҳолатлар юзасидан (алимент ундириш масаласида) ва бошқалар) ажратилинади;
 2) низо бўлмаган тақдирда маъмурий тартибда (ФҲДЁ органи орқали) жумладан агар:
а) эр-хотин ўртасида вояга етмаган фарзандлари бўлмаса ва улар ажралишга ўзаро рози бўлган тақдирда;
 б) тарафлар (эр ёки хотин) суд томонидан бедарак йўқолган, руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
в) ОКнинг 42-43-моддаларида белгиланганидек, содир этган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.
Никоҳ, эр-хотиннинг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши сабабли ҳамда эр- хотиндан бири ёки ҳар иккисининг аризасига мувофиқ, никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр-хотиннинг васийси берган аризасига мувофиқ тугатилиши мумкин.
Никоҳдан умумий тартибда ажратиш суд орқали ҳамда ОКнинг 42-43- моддаларида кўрсатилган ҳолларда маъмурий тартибда, яъни фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш эса, юқорида қайд килинганидек, фақат суд тартибида амалга оширилади. Никоҳдан ажралишнинг ва никоҳни хақиқий эмас деб топишнинг юқоридаги белгилари аниқроғи, процессуал тартиби, уларнинг хусусиятлари бўлиб ҳисобланади[4].
ОКнинг 50-моддасида “никоҳни ҳақикий эмас деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади” деган қоидада “фақат” сўзига урғу берилишидан мақсад, суддан бошқа бирорта бир давлат органларига, жамоат ташкилотларига бу туркумдаги ишларнинг тааллуқли эмаслиги назарда тутилади. Юқорида баён этилганидек, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талабларини судья тайёрлов босқичида унинг хусусиятларини эътиборга олиб етарли даражада тайёрланган деб топгач, суд мажлисига тайинлаш тўғрисида ажрим чиқаради ҳамда тарафлар ва процесснинг бошқа иштирокчиларига ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида маълум қилади.
 Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни суд мажлисида мазмунан кўришда ҳам унинг процессуал хусусиятларига эътибор бериш лозим. Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлардан никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлардан қуйидагилар билан фарқланади:
1) никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларда қонун ажратиш учун тўлиқ асосларни белгиламаган, бунда суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашга ва оилани сақлаб қолишга имкони йўқ,- деган хулосага келса кифоя, никоҳдан ажратишга асос сифатида бошқа ҳолатларни аниқ, кўрсатиши шарт  эмас, никоҳни ҳақиқий эмас, – деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича эса ОКнинг 49-56-моддаларида асосий сабаблари кўрсатиб берилган, никоҳ шартларини бузиб тузилган никоҳни ҳақиқий эмаслиги юқорида баён этилган, шу сабабли бу асосларни яна қайтадан такрорлашга зарурат йўқ;
 2) суд мажлисида тарафларнинг никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларда ўзларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иштирок этсалар, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларда эса эр-хотин, шунингдек шу никоҳнинг тузилиши натижасида ҳуқуқи бузилган шахслар, васийлик ва ҳомийлик органи иштироки ҳам лозим бўлади;
 3) никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўришда суд тарафларни яраштириш ва оилани сақлаб қолиш мақсадида иш кўришни бир неча маротаба қолдиришга, белгиланган олти ойлик муддатини узайтиришга ёки қисқартиришга, бунинг учун судьяда оилани сақлаб қолишга имкон борлиги аниқланган ҳолларда йўл қўйилса, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларда суд (судья) даъво аризасидаги талабларни тўплаган ҳужжатларни қанчалик асосли эканлигини текширади ва оилани сақлаб колишга қаратилган процессуал ҳаракатларни амалга оширмайди;
4) никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларда тарафлар суд процессида иштирок этишлари зарур, чунки эр-хотин талаблари ким томони берилганидан қатъи назар, ўзларининг ички ҳиссиётларини, айниқса жабрланувчини алдаш, зўрлаш, сохта тузилган никоҳлар бўйича ўз фикрларини изҳор этишда қатнашишлари лозим. Никоҳдан ажратишда эса, булар қатъи талаб бўлиб кўрилмайди;
5) қонун қайси ҳолларда бошқа шахслар томонидан берилган аризаларни судда кўриш мумкинлигини кўрсатиб ўтади. Масалан, муомалага лаёқатсиз деб топилган эр(хотин)нинг васийси берган аризасига асосан ҳам никоҳни тугатишга, ишни кўришда унинг иштирок этиши юқорида кўрсатилганидек, процессуал қонунда ўз ифодасини топган. Демак, никоҳ муносабатлари шахсий ҳуқуқларни амалга ошириш эканлигини инобатга олиб, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низоларда, тарафларнинг суд процессида иштирокини зарур деб ҳисоблаш керак;
6) агар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўришда суд у билан боғлиқ мулкий низолар, болалар кимнинг тарбиясида қолиши, алимент ундириш тўғрисидаги талабларни ҳам шу процесснинг ўзида ҳал этиши мумкин бўлса, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларда эса, бундай талаблар бир вақтда кўрилмайди, ғайриқонуний тарзда тузилган никоҳ билан боғлиқ юқоридаги ҳолатлар бундан мустаснодир. ОКда тузган никоҳи ҳақиқий эмас деб топилган шахсларнинг мулкий ҳуқуқига оид муносабатлар оила қонунчилиги билан эмас, балки ФК билан тартибга солинади.
Суд никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни кўришда нафақа ундириш, эр- хотиннинг ўзаро муносабати бўйича ОКнинг 56- моддада кўрсатилган бошқа масалаларни ишни мазмунан кўриш жараёнида муҳокама қилиши лозим. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни судда кўришда судья суд мажлисининг қисмларига риоя қилган ҳолда иш юритиши лозим. Процесснинг тайёрлов қисмида бажариладиган процессуал ҳаракатларни, ишни мазмунан кўриш қисмида қандай масалалар ҳал қилинишига, суд музокараларида даъвогар, жавобгар бўлган эр (хотин) баёнотлари, даъвони асослаши, эътирозлари ёритилади.
Россия Федерацияси Гражданлик процессуал кодексининг 5-моддасига асосан агар никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида прокурор, васийлик, ҳомийлик органлари ёки шу никоҳнинг тузилишида ҳуқуқи бузилган бошқа шахсларнинг талаби асосида иш бошланган бўлса, суд музокараларида шу шахслар биринчи бўлиб сўзлайдилар[5].
 Процессда қатнашган прокурор ўз сўзида суд мажлисида текширилган далилларни янада таҳлил қилиб, қандай ҳолатлар аниқланганлиги, иш бўйича қайси қонунга асосланиш лозимлиги, даъво талабларини қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисидаги масалаларни ечишда судга кўмаклашади.
Суд томонидан процессда иштирок этиш учун жалб этилган ёки ўз ташаббуси билан киришган давлат бошқаруви органлари шу жумладан васийлик, ҳомийлик органлари ҳам иш юзасидан хулоса берадилар.
 Агар никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида васийлик ва ҳомийлик органи томонидан талаб қўйилган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органлари иш юзасидан хулоса бермайди, балки манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонунда белгиланган процессуал ҳаракатларни бажаришлари лозим бўлади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни суд мажлисида кўришнинг охирги қисми ҳал қилув қарорини чиқариш бўлиб, иш кўришнинг бу босқичида суд далилларга баҳо беради, иш бўйича қандай ҳолатлар аниқланганлиги, қайси ҳолатлар аниқланмаганлиги, қайси қонун ҳужжатини тадбиқ этиш лозимлиги ва даъво талаблари қанчалик асосли эканлиги ва бошқа масалалар ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топган бўлиши лозим.
 Демак, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни мазмунан судда кўриш билан боғлиқ бўлган талабларнинг энг асосийси иш бўйича даъвогар ва жавобгарлар ўртасидаги мавжуд ҳуқуқий муносабатда никоҳнинг қонуний бўлганлиги тўғрисидаги талаб бўлади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори ушбу талаб асосида чиқарилади. Фуқаролик ишлари судда мазмунан ҳал этилган бўлса, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилади. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишлар юзасидан қабул қилинадиган ҳал қилув қарорлари кўрилган иш юзасидан ечим тариқасида қабул қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори одил судловнинг муҳим ҳужжатидир. Даъво талаблари асосида суднинг никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида чиқарадиган ҳал қилув қарори даъвогар, жавобгарнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлса, шу билан бир қаторда, муҳим тарбиявий таъсир чораларини кўрсатувчи юридик ҳаракат бўлиб ҳисобланади.
Агар суднинг ҳал қилув қарорини судда ҳозир бўлганлар мамнуният билан қабул қилсалар, қарорнинг тўғрилигини тушунсалар, унинг қонуний, асосли, адолатли эканлиги ҳақида фуқароларда шубҳа туғилмаса, шундагина суд ўз олдига қўйган мақсадга эришган ҳисобланади. Фуқаролик процессуал кодексининг янги жиҳатларидан бири бўлиб, бошқа фуқаролик ишлари каби бундай ишларни ҳам биринчи инстанция судида якка тартибда кўриш ҳисобланади.
 Суд ҳал қилув қарорини асослаш қисмида ишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлар ва унга асос бўладиган далиллар, суд у ёки бу далилни рад қилишга асос бўлган хулосалар, суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари кўрсатилмоғи лозим. Агар жавобгар арз қилинган талабни тан олса, асослантириш қисмида фақат арз қилинган талабнинг тан олинганлиги ва унинг суд томонидан қабул қилинганлиги кўрсатилади[6].
Суд ишни мазмунан кўриш ниҳоясига етди, – деган хулосага келса, ҳал қилув қарорини чиқариши учун алоҳида хонага киради.
Суд ҳал килув қарорини чиқараётганида никоҳни ҳақиқий эмас, – деб топиш ҳақидаги даъво талабларини таҳлил қилади, никоҳ, тузиш тартибига қанчалик риоя қилган- қилмаганлигига аҳамият беради, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар қонунда назарда тутилган-тутилмаганлиги ва улар қай даражада тузилганлигини аниқлайди, ушбу никоҳни тузиш натижасида шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қай даражада бўлганлиги, ушбу никоҳдан туғилган болаларнинг тақдири, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш масаласи, таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган эр-хотиннинг талаблари, никоҳни ҳақикий эмас деб топишга биргаликда орттирилган мол-мулкка нисбатан бўлган ҳуқуқлар ва никоҳдаги шахсларни никоҳ ҳақиқий эмас, – деб топилгандан кейин фамилиясини сақлаб қолиш масалалари кўриб чиқилади. Суд, шунингдек суд харажатларини тақсимлайди, ҳал қилув қарорини ижро этиш тартиби, қарор устидан шикоят бериш муддатини белгилайди ва қонунда кўрсатилган бошқа масалаларни ҳал этади.
Қарорнинг шу қисмида суд тарафларга аниқ бўлиши учун “никоҳ ҳақиқий эмас деб топилсин ва никоҳ тузиш ҳақидаги ёзув бекор қилинсин” деб кўрсатиши лозим[7].
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талабларини қаноатлантириб чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори мазкур никоҳнинг қайд қилиниши факти — ҳуқуқий муносабатни (никоҳни) вужудга келтирмаганлигини, эр ва хотин учун ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар туғдирмаганлигини тасдиқлайди.
ОКнинг 50-моддаси 2-қисмига кўра, “никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан нусха берилаётганида, паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга тегишли белги қўйилади”.
Бундай чора ғайриқонуний, ноҳуш ҳаракатлардан жамоатчиликни хабардор қилиш ва ғайриқонуний тартибда тузиладиган никоҳнинг олдини олишга қаратилган тадбир ҳисобланади. ОКнинг 50-моддаси 3-қисмида никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида ундан кўчирма никоҳ тузилганлигини рўйхатга олинган жойдаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилиши кўрсатилган. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида ундан кўчирма юбориш лозимлиги қонуний кучга кирмаган суднинг ҳал қилув қароридан кўчирма талаб қилиш ҳолларини олдини олишга қаратилган бўлса, иккинчидан суд ходимларини қонунда белгиланган муддатда ҳал қилув қароридан кўчирма юборишга риоя қилиш интизомига чақиришни назарда тутади. Тегишли ҳал қилув қарорининг ижроси никоҳни қайд қилиш идораларида расмийлаштирилади.
Бундан ташқари, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш идораси ҳам ўз вақтида никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қарор асосида тегишли ёзувларга ўзгартириш киритиши шарт. Демак, белгиланган қоидаларга риоя этмаслик суд фаолиятини бу ишдаги сусткашлиги, охир оқибатда фуқаролик ишидаги тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига олиб келиши мумкин[8].
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, судлар томонидан никоҳни ҳақиқий эмас деб топишнинг процессуал тартибига риоя қилиш, иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга, судларга бўлган ишончни янада оширишга, судларнинг нуфузини оширишга ва бир сўз билан айтганда одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
 
Ўткир Разиков,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси
 
Мақсад Матякубов,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди судьяси
 


.
.
.
.
 
.
 
 

Интеллектуал мулк ҳуқуқлари – суд ҳимоясидадир

Маълумки, интеллектуал мулк жамият тараққиёти ва мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида муҳим восита бўлиб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари ва ҳуқуқий механизмлари илғор халқаро тажрибада келиб чиқиб доимий равишда такомиллаштириб келинмоқда.
 Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда ҳар бир шахс, хоҳ у фуқаро, юридик шахс ёки чет эл резиденти бўлмасин, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган бўлиб, мазкур ҳуқуқлар бузганлик учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий ҳуқуқий- жавобгарлик чоралари белгиланган. Зеро, суд, прокуратура, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк департаменти ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа органларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунда белгиланган тегишли ваколатларга эга ҳисобланади.
 Шу ўринда, қонунчиликка мувофиқ ҳар бир манфаатдор шахснинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари кафолатланган. Бунга мисол сифатида, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иқтисодий судда кўрилган ишнинг тафсилотларини келтириш мақсадга мувофиқ.
           Венгрия Республикасидаги “Gedeon Richter” компанияси (бундан буён матнда компания деб юритилади) товар белгисига нисбатан интеллктуал мулк ҳуқуқлари бузилганлиги бўйича иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Бухоро шаҳридаги “Sino Farm Afshona” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) зиммасига “Пононгинум СФ” БФҚ (биологик фаол қўшимча) товарини ноқонуний ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тўхтатиш мажбуриятини юклашни сўраган.   
Маълум бўлишича, компания “PANANGIN” дори воситасини ишлаб чиқаришда товар белгисига бўлган интеллектуал мулк ҳуқуқлари Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти Халқаро бюроси реестрида рўйхатга олинган ва республикамиз ҳудудига “PANANGIN” товар белгили юпқа плёнка билан қопланган таблеткаларда дори воситасини етказиб келган. Аммо, МЧЖ томонидан компаниянинг товар белгисига бўлган интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда “Пононгинум СФ” биологик фаол қўшимча товарини 2020 йилдан бошлаб ишлаб чиқарган ва руспублика ҳудудига реализация қилган.
Ваҳоланки, суд иши муҳокамасида МЧЖ ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган “Пононгинум СФ” БФҚ (биологик фаол қўшимча) товари номланишида фойдаланилган товар белгиси ваколатли органда рўйхатдан ўтмаганлиги ҳамда компаанияга тегишли “PANANGIN” товар белгиси сўзли белгилари билан ўзаро ўхшаш ҳисобланлиги қонунчилик талабларига зид ҳисобланиши аниқланди. Қолаверса, МЧЖ ишлаб чиқарган биологик фаол қўшимча товарлари айнан инсон саломатлиги учун фойдаланилиши ва дорихоналарда реализация қилиниши сабабли ушбу товар номланишида истеъмолчини товарларни ўзаро адаштириб юборадиган даражадаги компанияга тегишли “PANANGIN” товар белгисидан рухсатсиз фойдаланган бўлиб чиқди. Бу билан компаниянинг қонун билан ҳимоя қилинадиган товар белгисига бўлган интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганлиги судда ўз исботини топди.
Шу сабабли суд компаниянинг даъво аризасини қаноатлантириб, МЧЖ зиммасига “Пононгинум СФ” БФҚ товарини ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тўхтатиш мажбуриятини юклаш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди. Суд ҳужжати қонуний кучга киргач, унинг ижросини таъминлаш мақсадида мажбурий ижрога қаратилди ва суд томонидан компаниянинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилиши тикланди. 
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши ҳуқуқ эгаларининг қонуний ҳуқуқлари кафолатини таъминлайди ҳамда мазкур йўналишда жамиятда интеллектуал мулк объектларини яратиш ва фойдаланиш бўйича ишбилармонлик муҳитини қўллаб-қувватланиши ва мазкур соҳада соғлом рақобатни таъминланишида устувор аҳамият касб этади.  
 
Луқмон Кадиров,
Бухоро вилоят суди раиси
 
Илхом Юлдашев,
Бухоро вилоят суди
иқтисодий ишлар бўйича судьяси                                  
                                                   

Ўзбекистон Республикасида ёшларга оиддавлат сиёсати

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати –2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун эканида ҳам рамзий мазмун-моҳият мужассам. Бинобарин, аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини мамлакат раҳбари ва ҳукумат яхши англайди.

2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни 4 боб, 33 моддадан иборат бўлиб, ушбу Қонуннинг мақсади ѐшларга оид давлат сиѐсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ёшларга оид давлат сиёсати рўёбга чиқаришда барча давлат органлар ва муассасалар масъул бўлиб, улғайиб келаётган ёшларни ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда ва ушбу қонунинг мазмун моҳиятни чуқур англашлари учун барча куч ғайратини сарфлаши даркор. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ташаббуси билан барча суд тизимида инсон ҳуқуқлари ҳафталиги ўтказилиши муносабати билан ФИБ Қоракўл туманлараро суди судьялари томонидан жорий 21 февралдан 25 февралга қадар “Инсон ҳуқуқлари –олий қадрият” “Судья ва ёшлар” мавзуларида Олот ва Қоракўл туманлари таълим муассасаларида ва маҳалла фуқаролар йиғинларда ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.

Хулоса қилиб шуни англаш мумкинки Ўзбекистон Буюк келажак сари интилар экан  ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириб, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга ёшларни тарбиялаш орқалигина эришиши мумкиндир

Илхом Джураев,

Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси

Файзулло Кадиров,

Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси

Перейти к содержимому