Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканликлари белгилаб қўйилган. Очилов Қобил қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, 2023 йил 4 февраль куни соат тахминан 13:00.ларда Бухоро шаҳар “Р.Ҳамроев” МФЙ, “Алпомиш” кўчаси ҳудудидаги Бухоро шаҳар ҳокимининг 10.12.2020 йилдаги 1237-сонли қарори билан “Bukhara Golden House” МЧЖга турар жой биноси қуриш учун ажратилган ер участкасида мавжуд бўлган Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 19 февраль кунидаги 93-сонли қарори билан қимматбаҳо дарахтлар тоифасига киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 30 декабрь кунидаги ПФ-46-сонли Фармонига асосан муддатсиз даврга мораторий жорий этилган 3 туп шум тол дарахтини ҳеч қандай ҳужжатларсиз, “Вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси”га мурожаат қилмасдан, унинг рухсатини олмасдан, ўзбошимчалик билан, Фармон бандларини қўпол равишда бузган ҳолда, яшаш уйига ўтин сифатида фойдаланиш мақсадида, қонунга хилоф равишда кесиб, ўсимликлар дунёсига 183.000.000 сўмлик жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган. Мазкур жиноят иши 2023 йил 19 май кунида жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилиб, гарчи судланувчи қилмишига пушаймонлик билдирган ва у 60 ёшдан ошган бўлсада, судланувчи О.Қобиловга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, ўсимлик дунёсига етказилган 183.000.000 сўм зарар давлат фойдасига ундириш белгиланди.
Жўрабек Тожиев, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси
Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти
Судланувчи Р.М.Ҳ ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида, 2023 йил 11 февраль куни соат 20:10 ларда ўзига тегишли бўлган Бухоро шаҳар “Кўкалдош” МФЙ, “М.Улуғбек” кўчаси 6-уйда фуқаро У.О ва Д.А қизининг жинсий алоқа қилиши учун хона ажратиб, шарт-шароит яратиб бериб, бунинг эвазига О.Удан 100.000 сўм миқдоридаги пулларни олиб, ғаразли ва бошқа паст ниятларда фоҳишахона ташкил қилган.
Шу куни соат 20:30 ларда, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ТҚХ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида М.Раҳматова ушланиб, ундан жами 100.000 сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Суд мажлисида судланувчи Р.М.Ҳ айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўз кўрсатувида, даслабки суриштирувда берган кўрсатувларини тасдиқлашини, 2023 йил 11 февраль куни соат тахминан 20:10 ларда ўз уйида, яъни Бухоро шаҳар “Кўкалдош” МФЙ, “М.Улуғбек” кўчаси 6-уйда уй-юмушлари билан шуғулланиб турган вақтида, унга у кейинчалик исмини билган О.У қўнғироқ қилиб, қизи борлигини, қизи билан бирга жинсий алоқа қилишлари учун уйидан жой ажратиб беришини сўраганлигини, шунда у О.Уга 100.000 сўм эвазига қизи билан бирга жийсий алоқа қилиши учун ўзиниг яшаш уйидан жой ажратиб беришини айтганлигини, бироздан сўнг О.Усмонов у кейинчалик исмини билган А.Дилиева билан бирга унинг яшаш уйига келганлигини, шунда О.Усмонов унга олдиндан келишилган 100.000 сўмни берганлигини, у О.Усмоновдан пулни олиб, ётоқхонага кириб жинсий алоқа қилиши мункинлигини айтганлигини, шунда О.Усмонов билан А.Дилиева жинсий алоқа қилиш учун ётоқхонага кириб кетганликларини, бироздан сўнг унинг яшаш уйига ИИБ ходимлари холислар иштирокида кириб келганликларини, ИИБ ходими ундан уйда ким борлиги тўғрисида сўраганида, у ИИБ ходимига уйида бир қиз ва йигит борлигини айтганлигини, шу вақтда О.Усмонов ва А.Дилиева ётоқхонадан чиққанлигини, сўнг у ИИБ ходимларига бўлиб ўтган ҳолатни, яъни О.Усмонов ва А.Дилиеванинг жинсий алоқа қилишлари учун яшаш уйидан жой ажратиб берганлигини айтиб берганлигини, сўнг О.Усмоновдан олган 100.000 сўм пулни ИИБ ходимларга ихтиёрий равишда тақдим қилганлигини, ИИБ ходимлари 100.000 сўм пулни холислар иштирокида, баённома тузган ҳолда ундан олиб қўйиб, оқ конвертга солганликларини, бундан олдин ҳеч кимга жинсий алоқа қилиши учун жой ажратмаганлигини, О.Усмонов унга танишининг номидан қўнғироқ қилганлиги сабабли, О.Усмоновга ишониб, жинсий алоқа қилиши учун жой ажратиб берганлигини, Бухоро шаҳар “М.Улуғбек” кўчасидаги 6-уй унга тегишли эканлигини, унинг ушбу қилмишидан оила аъзоларининг хабари йўқлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, нафақада эканлигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.
Суд судлавувчига нисбатан қилган жиноят ишидан чин дилдан пушаймонлигини инобатга олган ва оилавий шароитидан келиб чиқиб қилган жиноят ишига мос равишда жазо тайинлади.
Ота-оналарнинг вояга етмаган ўз болаларига. Яъни 18 ёшга тўлмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти болалар тўғрисида ғамхўрлик қилиш шаклларидан бири бўлиб, бу ота-онанинг конституциявий мажбуриятлари даражасига кўтарилган (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-моддаси). Ота-онанинг фақат вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти биринчи навбатда, ота-онанинг ўз болаларини моддий жиҳатдан таъминлаш мажбуриятини англатади. Бу мажбурият болани зарур озиқ-овқат махсулотлари, кийим-кечак, бўш вақтларда ва дам олиш пайтларида болани унинг учун зарар бўлган ашёлар билан таъминлашда ўз ифодасини топади. Оила кодексида вояга етмаган болаларга таъминот беришнинг тартиби ва шакли ота-оналар томонидан мустақил равишда белгиланиши назарда тутилган. Чунончи, ота-она фақат бир кишининг иш ҳақини вояга етмаган боланинг (болаларнинг) таъминотига сарфлаш тўғрисида ўзаро никоҳ шартномасида келишиб олишлари мумкин-ота-она бола эҳтиёжи учун ажратиладиган маблағ миқдорини, шунингдек, бу маблағ қай тарзда берилишини, яъни заруратга қараб ёки бошқа шартлар асосида бериб турилишини ҳам мустақил равишда белгилайди. Башарти, ота-она улардан бири вояга етмаган болаларнинг таъминотига доир мажбуриятни бажармаса, зарур маблағни суд тартибида ундириб олишга йўл қўйилади. Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин. Алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга мувофиқ алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс ушбу келишувда белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлайди. Алимент олувчи алимент ўз вақтида тўланмаганлигида айбдор алимент тўлаши шарт бўлган шахсдан алимент тўлаш мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлик оқибатида етказилган барча зарарларнинг неустойка билан қопланмаган қисмини ундиришга ҳам ҳақлидир. Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувга ёки ижро варақасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақидан ва (ёки) бошқа даромадидан ҳар ойда алимент ушлаб қолиб, алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, 3 кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга алимент тўлаши ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобидан унга ўтказиши шарт. Алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ундирилади. Иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблағидан, тижорат ва тижоратчи бўлмаган ташкилотларга шартнома асосида ўтказилган пул маблағидан ундирилади, мулк ҳуқуқининг ўтишига олиб келувчи шартномалар бундан мустасно. Бу маблағ етарли бўлмаганда ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси асосида ўтган даврдаги алимент қарзи ижро варақаси ёки алимент тўлаш тўғрисидаги келишув алимент ундириш учун тақдим қилингунга қадар ўтган уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун ундирилади. Агар алимент алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан ундирилмаган бўлса, алиментлар уч йиллик муддатдан қатъи назар, ўтган барча вақт учун ундирилади. Алиент қарзининг миқдорини белгилаш Алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган алимент миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилади. Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади. Агар қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган тараф судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни инобатга олиб, қарзнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтиришга тарафларнинг ўзаро розилиги бўлгандагина йўл қўйилади, вояга етмаган болаларга алимент тўланадиган ҳоллар бундан мустасно. Агар суд алимент тўлаши шарт бўлган шахс касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра алимент тўламаганлигини аниқласа ҳамда унинг моддий ва оилавий аҳволи йиғилган алимент қарзни тўлашга имкон бермайди деб топса, алимент тўловчининг даъвосига биноан уни алимент қарзларини тўлашдан тўла ёки қисман озод этишга ҳақлидир. Алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт. Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади. Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади. Алиментларни олдиндан тўлаш ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадга нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса, олдиндан тўланган алиментлар учун кейинги даврларда алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади кўпайиши натижасида вужудга келадиган қўшимча алимент тўловларини тўлашдан озод қилмайди. Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади. Алимент миқдори суд тартибида белгиланганидан кейин тарафлардан бирининг моддий ёки оилавий аҳволи ўзгарса, суд улардан ҳар бирининг талабига кўра алиментнинг белгиланган миқдорини ўзгартиришга ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахсни алимент тўлашдан озод қилишга ҳақли. Алимент миқдорини ўзгартиришда ёки уни тўлашдан озод қилишда суд тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини ҳисобга олишга ҳақли. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда белгиланган алимент мажбуриятлари тарафлардан бирининг ўлими, мазкур келишув муддатининг ўтиши ёки унда назарда тутилган бошқа асосларга кўра тугайди. Ижро ҳужжатларининг алиментлар ундириш ҳақидаги талаблари дарҳол ижро этилади. Ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатнинг ўтганлиги мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш учун асос бўлади. Башарти, ота-онанинг ҳар иккиси ўзининг вояга етмаган боласига таъминотни ихтиёрий равишда бермаётган бўлса, васийлик ва ҳомийлик идоралари ота-онанинг ҳар иккисига нисбатан даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга. Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни жоиз деб биламанки, давлатимизда кенг кўламли ислоҳотлар давом этаётган бир пайтда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири баркамол ва соғлом авлодни тарбиялаш ва таълим бериш экан бунда, ҳар бир ота-она ўз фарзанди олдидаги бурчини лозим даражада бажариши мақсадга мувофиқ. Зеро, бу борада ота-онанинг масъулиятини ошириш давр талаби бўлиб қолаверади. Халқимиз, бола тарбиясини доим муқаддас деб билади.
Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда Ўзбекистон ислоҳотларининг асосий ҳужжати ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти катта ҳисобланади.
Мамлакат тараққиётининг энг муҳим йўналишлари белгиланган Ҳаракатлар стратегиясининг Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида бевосита коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Энг аввало, шуни таъкидлаш ўтиш жоизки, коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни «ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш» зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, Президент 2020 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди».
Иккинчидан, соҳада норматив-ҳуқуқий базани тизимли равишда такомиллаштириб бориш чоралари кўрилмоқда. Фикримизнинг исботи ўлароқ, коррупцияга қарши кураш борасидаги қонуннинг кучга киргани, шунингдек турли қонуности ҳужжатларининг қабул қилинганини келтириш мумкин. Хусусан, 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда «коррупция», «коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик», «манфаатлар тўқнашуви» каби асосий тушунчаларга изоҳ бериш билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳам қайд этилган. Шунингдек, қонун билан коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.
Учинчидан, чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши учун махсус давлат органи ташкил этилиб, бу борадаги давдат сиёсатининг институционал асослари такомиллаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди. Агентлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари, вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда халқаро нормаларни илгари сурган ҳолда хорижий тажриба атрофлича ўрганилди. Унинг энг мақбул жиҳатлари Президентнинг мазкур фармонида тўлақонли акс эттирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари ташкил этилди. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, бу – коррупция иллатларига барҳам беришдан иборат.
Тўртинчидан, барча давлат ва жамоат ташкилотларини, мамлакат миқёсида амалга ошириладиган чора-тадбирларни ўз ичига қамраб олувчи давлат дастурлари қабул қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги Қарори билан 2017–2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича биринчи Давлат дастури қабул қилиниб, унинг ижроси доирасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ислоҳотларни давом эттирган ҳолда, 2019 йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан 2019–2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича навбатдаги Давлат дастури тасдиқланди. Бу борадаги сўнгги қадамлардан бири сифатида 2021 йили 6 июль куни «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини келтириш мумкин. Унда 44 та чора-тадбир кўрсатиб ўтилган бўлиб, ижро муддатлари, масъул ижрочилар, ижро механизми аниқ белгилаб қўйилган.
Бешинчидан, мамлакатда коррупцияга қарши кураш бўйича чора-тадбирларнинг асосида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Жумладан, 2021 йил 16 июнда қабул қилинган «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тасдиқлашлари лозимлигини жорий этилди. Бундан ташқари, бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш, бюджет қонунчилигининг бузилиши фактлари тўғрисида хабардор қилиш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш тартиб-таомилини ташкил этиш бўйича «Openbudget» – «Очиқ бюджет» портали ишга туширилди.
Олтинчидан, коррупцияга қарши курашнинг яна бир муҳим жиҳати – давлат органларини оптимизация қилиш, уларнинг ихчамлигини ошириш тизимли равишда, босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, 2021 йил 3 апрель куни Президент давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарорга мувофиқ, давлат органлари ходимларининг сони 15 фоизгача мақбуллаштирилди. Натижада, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмаларида жами 5288 та штат қисқартирилди. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг 40 нафар раҳбар ўринбосарлари лавозимлари ҳам қисқартирилди.
Еттинчидан, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – давлат бошқаруви тизимида «инсон омили»ни камайтириш учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўлга қўйилди. Маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, лицензиялаш ва рухсат беришга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда жами 201 та давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Ушбу марказлар томонидан 2017 йилда 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2018 йилда уларнинг сони 106 тага, 2019 йилда уларнинг сони 133 тага етди. 2020 йилдан эса марказлар орқали 148 турдаги шаффоф, қулай ва тезкор давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Саккизинчидан, коррупцияга қарши кураш халқаро тажриба ва ҳуқуқнинг тегишли нормаларини мамлакат қонунчилиги ва амалиётига имплементация қилиш билан биргаликда олиб борилмоқда. Жумладан, Коррупцияга қарши кураш Агентлигининг ташкил этилиш ҳам Ўзбекистон ратификация қилган БМТнинг Коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги Конвенциясининг тегишли моддалари, шунингдек халқаро коррупцияга қарши кураш амалиётидаги «Жакарта принциплари»нинг мамлакатдаги имплементациясига мисол бўла олади.
Тўққизинчидан, коррупцияга қарши муросасиз муҳитни яратиш жамоатчиликнинг кенг иштирокида амалга оширилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, «Ишонч телефони» ҳамда ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг «ишонч телефонлари», «виртуал қабулхоналари» ташкил қилиниб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида барча даражадаги давлат раҳбарларининг «сайёр қабуллар»ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ўнинчидан, коррупцияга қарши курашда давлат органлари ва хўжалик юритиш субъектларида «комплаенс-назорат» тизимининг кенг жорий этишили амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019–2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастурида устав жамғармасида давлат улуши бўлган ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш, самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тегишли коррупцион стандарт (ISO 37001)га мувофиқ сертификатлаштириш тартибини ўрнатиш бўйича тегишли вазифалар илгари сурилди. Ушбу белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 26 та вазирлик ва идораларда яширин иктисодиёт улушини қисқартириш ҳамда коррупцияга қарши ички назорат «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Албатта, амалга оширилаётган ишлар кўлами мақтовга лойиқ, бироқ, ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Коррупцияга қарши кураш Агентлигининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган. Суд якунлари бўйича коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 592,5 млрд. сўм моддий зарар етказилгани аниқланиб, шундан 170,8 млрд. сўми (28 фоизи) ундирилиб, 421,7 млрд. сўми Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилиши белгиланган.
Ўз навбатида, 2021 йил январь ойида эълон қилинган «Transparency International» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2020 йил бўйича «Коррупцияни қабул қилиш индекси» рейтингида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 26 балл билан 146-ўринни эгаллаб, 7 поғонага кўтарилди. 2019 йилда Ўзбекистан 25 балл билан 153-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 23 балл билан 158-ўринни ташкил этди. Ўзбекистон икки йил ичида 12 поғонага юқорилаб, Марказий Осиё минтақасида коррупцияга қарши курашишда сезиларли ижобий кўрсаткични намойиш этди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда коррупцияга қарши кураш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарали натижалар бераётганига далолатдир.
Нарсалар(мулклар)нинг кўчар ва кўчмасга бўлиниши Рим ҳуқуқида содир бўлган. Рим ҳуқуқшунослари табиий хоссалари туфайли ёки зарар этказмасдан ҳаракатланиши мумкин бўлмаган кўчмас нарсаларни кўчмас мулк деб тушунганлар. Кўчмас мулкларга ўз хусусиятларига ва тушунчасига кўра: Биринчидан, ер участкалари, иккинчидан эса ер участкаси билан чамбарчас боғлиқ бўлган объектлар (бинолар, иншоотлар ва бошқа) киради. Бундай бўлиниш зарурати, биринчи навбатда, ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк объектларини фуқаролик муомаласига жалб қилиш билан боғлиқ. Собиқ совет ҳукумати даврида нарсаларни кўчар ва кўчмас мулкларга таснифлаш ўз мазмунини ва амалий аҳамиятини йўқотди. Бунга, энг аввало, ернинг миллийлаштирилиши сабаб бўлди. Кўчмас мулкларнинг ҳуқуқий аҳамияти фақатгина 1990 йил 31 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши билан қайта бошлади. Кўчмас мулкларнинг таснифини бериш зарурати қуйидаги қоидалардан келиб чиқиб туғилди:
табиий ресурсларнинг мамлакат иқтисодиёти учун кўчмас мулк сифатидаги аҳамияти (агар ер ости бойликлари, сув объектлари ва ўрмонлар кўчар нарсалар каби сотиладиган бўлса, бугунги кунда биз ҳеч қандай табиий ресурсларни келажак авлод учун сақлаб қолмаган бўламиз);
ушбу объектларнинг қиймати ва ижтимоий аҳамияти;
ушбу объектларнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда уларнинг айланмасини назорат қилиш ва тартибга солишнинг зарурати. Кўчмас мулк турларини аниқлаш учун унинг қуйидаги хусусиятлари инобатга олинади. Улар бирламчи ва иккиламчи бўлиниши мумкин. Эътиборли томони, мулк қуйидаги учта асосий хусусиятга эга бўлиши шарт эмас, лекин улардан камида биттаси бўлиши керак. Кўчмас мулкнинг учта асосий хусусияти мавжуд:
унинг мақсади (мактаб, уй, бинолар, иншоот);
ер билан тўғридан-тўғри боғлиқлиги (ер, ўрмонлар, объектга зарар етказмасдан туриб кўчиришнинг мумкин эмаслиги).
объектларни қонун ҳужжатларида кўчмас мулк деб таснифлаш (самолёт, космик кемалар, ички транспорт кемалари). Қўшимча хусусиятларига – ҳаракатчанлик, қиймат, мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва бошқалар. Юқоридаги белгилар асосида кўчмас нарсаларга қуйидагилар киради: ер участкалари (Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ ер муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларнинг объекти: табиий ресурс сифатидаги ер; ер участкалари, ер участкасининг бир қисми);
ер қаъри участкалари, ер ости бойликлари;
изоляция қилинган сув ҳавзалари;
ўрмонлар ва кўп йиллик ўсимликлар;
бинолар ва иншоотлар;
мулкий комплекс сифатида корхона;
турар-жой ва нотураржой бинолари; Кўчмас нарсаларга, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган ҳаво кемалари ва денгиз кемалари, ички навигация кемалари, космик объектлари ҳам киради. Қонунга кўра, бошқа мулк ҳам кўчмас мулк сифатида таснифланиши мумкин. Айтишимиз мумкинки, объектни кўчмас деб белгилашда нафақат унинг табиий хусусиятларидан келиб чиқиш керак балки, амалдаги қонунчиликда ушбу объектнинг кўчмас мулк рўйхатига киритилганлиги бир хил даражада муҳимдир. У кўчмас мулк белгиларига эга эмас, лекин қонунда шундай кўрсатилганлиги сабабли, объект кўчмас мулк мақомига эга бўлади. Ўзбекистон Республикасида кўчмас мулкчиликнинг қонунчилик базаси шаклланган. Жумладан хронологик тарзда кўрадиган бўлсак, 1990 йил 31 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонун, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 1995 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуни (1996 йил 27 декабрда қабул қилиниб, шбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Уй-жой кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда «Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги 2007 йил 8 январдаги ЎРҚ-77-сонли Қонуни билан ўз кучини йўқотган.), 2012 йил 25 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларини кўриш мумкин. Кўчмас мулк соҳасидаги асосий ҳужжат, бу унинг ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий тамойилларини белгилайди. Албатта, асосий тамойиллардан бу албатта Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси бўлиб, унга кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин. Асосий қонуннинг 54-моддасига кўра, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. 55-моддада ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Конституциянинг ушбу нормалари Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимояланган ва ҳимоя қилинадиган кўчмас мулкка эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлигини айтади. Кўчмас мулк бозорининг ривожланиши учун кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларни максимал даражада жамлашни ва уни жамиятга тақдим этишни, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона тизимини яратишни таъминлайдиган қонун ҳужжатлари турлича. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодексини кўчмас мулк айланмасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжат сифатида ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин. Фуқаролик кодекси кўчмас мулк нима эканлигини, қандай объектлар уларга тегишли эканлигини белгилайди, ушбу объектларнинг рўйхатини белгилайди. Фуқаролик кодексида, шунингдек, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, ушбу ҳуқуқларнинг чекланиши, уларнинг пайдо бўлиши, ўтиши ва тугатилиши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозимлиги тўғрисидаги норма ҳам ўз ичига олади ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мулкий ҳуқуқлар рўйхатини белгилайди. Фуқаролик кодексининг 84-моддасига кўра, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳуқуқ эгасининг илтимосига кўра амалга оширилган рўйхатдан ўтказишни, рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқ ёки битим тўғрисида ҳужжат бериш ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқлаши шарт. Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқлар ҳақидаги ахборотни ҳар қандай шахсга бериши шарт. Ахборот, рўйхатдан ўтказиш қаерда амалга оширилганидан қатъи назар, кўчмас мол-мулкни рўйхатдан ўтказувчи ҳар қандай орган томонидан берилади. Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқни ёки у ҳақда тузилган битимни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари қонунчилик билан белгилаб қўйилади. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 13-моддасига кўра, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқага ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳамда уй-жойга оид битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва унга доир битимларни рўйхатдан ўтказувчи органда амалга оширилиб, ушбу орган мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқ ёки битим рўйхатга олинганлиги тўғрисида ҳужжат беради ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиб қўяди. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳамда турар жойга оид битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд рўйхатдан ўтказиш муддатлари бузилиши устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин. Ушбу кодекснинг 14-моддасига кўра, белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида янги қурилаётган уйга мулк ҳуқуқи уй давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Уйнинг, квартиранинг олди-сотди ва айирбошлаш шартномаси ёзма шаклда, тарафлар имзолайдиган битта ҳужжатни тайёрлаш йўли билан тузилади ҳамда у нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Уйнинг, квартиранинг олди-сотди шартномаси шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Сотиб олувчи сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар яшаб турган шу уй, квартирани олди-сотди шартномасининг муҳим шарти – бу шахсларнинг рўйхатини сотилаётган турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган ҳолда тузишдан иборатдир. Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг қоидаларига риоя этилган ҳолда нотариал тасдиқланиши керак. Турар жойни алмаштиришга ушбу Кодексда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шартлар ва тартибда йўл қўйилади. Уйни, квартирани ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Давлатга қарашли уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи қонунчиликда назарда тутилган хусусийлаштириш тартибида вужудга келади. Кооператив уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи уй-жой қуриш ва уй-жой кооперативлари аъзолари пай бадалларини тўлиқ тўлаб бўлганидан кейин вужудга келади. Уй-жой облигацияларини олиш ва уларнинг қолган қийматини банк кредитлари ҳисобига тўлаш йўли билан қурилган ва олинган уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўлиқ қайтарилгандан кейин вужудга келади. Хусусий мулкдаги уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган тартибда давлат мулкига ўтказилиши мумкин. Уйга, квартирага бўлган мерос тариқасида ўтадиган мулк ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган асосларга кўра вужудга келади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўғрисида”ги Низомнинг 3-боб, 12-бандига кўра, збекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, мол-мулкларни кўчмас мулк жумласига (тоифасига) кириши юзасидан хулоса бериш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилган. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш қонунга мувофиқ турли давлат идоралари зиммасига бўлса, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у билан боғлиқ тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласи ҳам ушбу соҳадаги ислоҳотлар натижасида турли ижроия органлари тизимига юкланиб келинмоқда. Бугунги кунда, ушбу вазифа Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва унинг ташкилий тузилмалари зиммаси юкланган. Умуман олган, ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳуқуқ эгасининг ушбу ҳуқуқдан фойдаланишида муомала лаёқатини шакллантириш учун қўлланилади. Муқаддам, ўз-ўзидан, давлат рўйхатидан ўтказиш муайян объект тўғрисидаги маълумотлар тўпламини тўплашдан кўра, сотиш учун уни ушбу фактни кўпроқ тасдиқлаш ва ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатни бериш учун аҳамиятли бўлиб келган. Янги тушунчада, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у билан тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалдаги фуқаролик қонунчилигига мувофиқ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши, чекланиши, бошқа шахсга ўтиши ёки бекор қилинишини давлат томонидан тан олиш ва тасдиқлаш актидир. Кўчмас мулк объекти тўғрисидаги маълумотларни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва у билан тузилган битимларнинг ягона давлат реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади. Кўчмас мулкнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги рўйхатга олинган ҳуқуқнинг ягона далили бўлиб, ушбу ҳуқуқнинг низолашилиши ва ҳимоя қилиниши масаласида судга шикоят қилиниши мумкинлигидадир. Ушбу қоида давлат рўйхатидан ўтказувчининг рўйхатга олинган ҳуқуқ ёки тасдиқланган битим тўғрисидаги қарорини маълум даражада суд қарорига тенглаштиради. Чунки, Ягона реестрга мол-мулк тўғрисидаги маълумотлар киритилгандан сўнг, рўйхатдан ўтказувчи субъектлар ҳатто ўзаро ариза билан ҳам рўйхатдан ўтказишни бекор қила олмайдилар, фақатгина судда бекор қилиниши ва низолашилиши мумкин. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни, битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни тартибга солиш соҳасидаги асосий тартиб-тамойилларни белгилайди. Аммо, мазкур масаладаги қонун ҳужжатлари турли даражада ва унификация қилинмаганлиги ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласидаги давлат хизматларининг ягоналаштиришга эҳтиёж сезади. Ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш эҳтиёжи мавжуд. Бугунги кунда бу ўз-ўзидан мазкур соҳадаги давлат сиёсатини ягоналаштириш, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги низоларни, ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларнинг ягона тизимга келтириш ва оптималлаштириш, соҳада рақамлаштириш имконини кенгайтириш имконини бермайди. Демакки, кўчмас мулкка нисбатан, умуман олган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласида қонун ҳужжатларини ягоналаштириш ва кодификациялаштириш мақсадга мувофиқ. Бу бизга, ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги асосий тушунчаларни белгилайди, рўйхатдан ўтказувчи органлар доираси ва уларнинг ваколатларини, давлат рўйхатидан ўтказишнинг умумий тартибини, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган ҳуқуқларни, битимларни, ҳуқуқларнинг айрим турларини рўйхатдан ўтказиш қоидаларини ягоналаштиришни белгилайди. Кўчмас мулк, кўчмас мулк объектлари ҳақида ягона маълумот алмашиш тизимини белгилайди. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ва у билан тузилган битимларнинг ягона давлат реестрини юритишдир. Ягона давлат реестридаги барча кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларнинг тўлдирилиши билан боғлиқ. Зеро, кўчмас мулк ва улар билан операциялар, ҳужжатларни рўйхатга олиш китоблари ва ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ҳолатлари ҳуқуқларнинг ягона давлат реестрининг ажралмас қисми бўлиб, абадий сақланадиган ҳужжатлардир. Ушбу қоидалар қонун ҳужжатлари томонидан қайси ҳужжатларни ҳисобга олиш китоблари юритилиши кераклиги, уларни юритиш қоидалари ва ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар ишини тўлдириш ва юритиш шаклларини белгилайди. Битимларнинг алоҳида турлари бўйича ҳуқуқларнинг ягона давлат реестрини рўйхатдан ўтказиш ва юритиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш жараёнини бевосита тартибга солувчи норматив ҳужжатлар юқорида санаб ўтилган, аммо кўчмас мулкнинг айрим турларини рўйхатга олиш билан бевосита боғлиқ бўлган махсус деб аталадиган кўплаб норматив ҳужжатлар мавжуд. Бугунги кунда ерга эътиборнинг кучайиши тасодифий эмас. Ер участкаларининг муомалага киритилиши иштирокчилар учун кўплаб янги имкониятлар очади. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш борасидаги тарихга назар ташласак, мамлакатимизда давлат рўйхатидан ўтказишнинг тарихий илдизлари ХVII-XVIII асрга бориб тақалади. Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини ўтказиш тўғрисидаги актлар котиблар томонидан махсус китобларда қайд этилган. Давлат рўйхатидан ўтказиш каби институтнинг жорий этилиши мамлакатимиз учун янгилик бўлиб, шунинг учун ҳам унинг нормаларини амалга оширишда кўплаб муаммолар мавжуд. Уларнинг баьзилари техник ҳисоб хизматлари ва илгари рўйхатга олишда иштирок этган бошқа тузилмалар билан боғлиқ. Баъзилари ўзбошимчалик билан қурилган ва эгалланган қурилмалар билан боғлиқ. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олишнинг турли идоралар орасидаги ягона тартиботларнинг мавжуд эмаслиги. Ушбу муаммолардан бири бўлмиш ўзбошимчалик билан боғлиқ қурилмалар бўлиб. Ушбу қурилмаларга ҳуқуқий “амнистия” бериш борасида бир қатор сиёсий қадамлар жуда аҳамиятлидир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сонли “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Аниқланишича, ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи ҳатлови якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида, айниқса қишлоқ жойларида қонунийликни таъминлаш масалаларида тизимли хатолар ва жиддий камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрсатиб ўтилиб, хусусан, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этишганлиги, бундай ҳолатларнинг юз беришига давлат органлари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, шу жумладан ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг бепарволиги сабаб бўлганлиги таъкидланган. Фармонда, фуқароларга ер участкаларини уй-жой қуриш учун муайян тўлов эвазига ноқонуний бериш юзасидан фермер ва деҳқон ҳўжаликларининг тил бириктириши бўйича кўплаб ҳолатлар мавжудлиги, Натижада, ушбу муаммо бутун республика бўйича оммавий тус олгани ва уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқишига, хусусан ҳақиқатда яшаб турган жойга прописка қилиниши, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келганлиги таъкидланди. Фуқароларнинг уй-жой мулкига кадастр ҳужжатларини беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 5 мингдан ортиқ, депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда — 3 мингдан зиёд мурожаатлари келиб тушган. Уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини (кейинги ўринларда бир марталик акция деб юритилади) эълон қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди. Унга кўра, 2019 йил 1 майгача Фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга (кейинги ўринларда ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб юритилади) нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга қуйидаги шартлар асосида: ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса; ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса эътироф этилиши, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши; б) ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этиладиган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссиянинг тақдимномасига кўра туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан; умумий мулк ҳақидаги фуқаролик ва оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига амал қилиш шарти билан; энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилади; в) ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарима солинмасдан захира ерларига олиб қўйилиши белгиланиб, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори билан ижроси амалга оширилди. Аммо, шунга қарамасдан ҳалигача кўчмас мулкларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ, айниқса, фуқароларнинг якка тартибда тегишли рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ўзбошимчалик билан қурган иморатлари ва ноқонуний қурилмаларига ҳуқуқий мақом бериш долзарблигича қолмоқда. Гарчанд, қонунчиликда ўзбошимчалик билан боғлиқ қурилмаларни суд тартибида бузиб ташлаш мумкинлиги белгилансада, аҳолимизнинг аксарияти қишлоқ жойларида кўп йиллардан шаклланган маҳаллий анъана ва урф-одатлар тарзида турмуш кечириб, маҳаллаларга бирлашиб яшаб келишаётгани, қурилмаларнинг бузиб ташланиши ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқаришини инобатга олсак бу соҳадаги давлат бошқаруви самарадорлигини натижасиз даражага олиб келиши табииий ҳолдир. Шу билан бирга, албатта ҳар қандай тартиб-тамойил “инсон манфаати”ги хизмат қилиши нуқтаи назаридан, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларга эгалик ҳуқуқини бериш ва давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги давлат бошқарувини оптималлаштириш ва рақамлаштириш, қонун ҳужжатларни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Қонун ҳужжатлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларга қўшимча равишда ўзгарган ҳуқуқ шакллари тўғрисида ёзувлар киритиш орқали ўзгартириб бориш кенг оммолашмаганлиги сабабли, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ягона реестрини давлат рўйхатидан ўтказиш ва у билан тузилган битимлар ўртасидаги фарқни ажратиб кўрсатиш кераклигини тақозо этмоқда. Масалан, фуқаро томонидан дастлаб қурилган турар-жойга бўлган мулк-ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилсада, кейинги қилган қурилишлари ва бошқа реконструкция ишлари “ўзбошимчалик” тарзида амалга оширилиб, ушбу қурилиш фаолияти юзасидан мулкдор томонидан бирор бир рухсат берувчи тартиб-таомилларга риоя қилмаслиги оқибатида бир мунча низоли ҳолатларни келтириб чиқаради. Уй-жой фонди ва бошқаларга нисбатан қонунчиликка эга бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни мустаҳкамлаш акти Ҳисоб қайдномаси амалга оширилиб, хўжалик иншоотлари, шунингдек, ер участкалари, улар жойлашган участкаларида шаҳарсозликни тартибга солиш ва ердан фойдаланишни назорат қилиш объекти бўлиб, мажбурий ҳисобга олиниши керак: Ўз-ўзидан давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши, ўзгариши ва тугатилишининг давлат томонидан тан олиниши ва тасдиқланиши тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжат сифатида ҳуқуқ эгасига унинг ҳуқуқини давлат томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини беради. Рўйхатга олинган ҳуқуқни давлат ва ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳеч ким тортиб ололмайди, худди кўчар нарса билан ҳам бўлганидек. Шу сабабли, кўчмас мулк ҳуқуқларининг ягона давлат реестрида рўйхатдан ўтказилмаган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш хавфи мавжуд. Бу, айниқса, давлат рўйхатидан ўтказиш мулкий хусусиятга эга бўлмаган ҳолатларга тааллуқлидир.
2023 йил 24 январь куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди биносида, очиқ суд мажлисида судланувчи Ф.Очилов, С.Бобомуротов, У.Абдуллаев ва С.Рауповга нисбатан ҳукм ўқилди. Иш ҳолатларига кўра, Ф.Очилов муқаддам содир этган фирибгарлик жинояти учун судланиб, суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ даврида, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилиш жиноятини содир этган. Чунончи, 2022 йил 09 август кеч соат 22.20да Бобомуротов Сайфиддин Болтаевич билан бир гуруҳ бўлиб, Пешку тумани, “Янгибозор” МФЙ, Ибн-Сино кўчасида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор-Н.Н.Бахроновага тегишли ошхона олдида назорат тариқасида гиёҳвандлик моддасини сотиб олиш учун юборилган фуқаро Усмонова Юлдуз Акбаржон қизига уч дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига алоҳида-алоҳида қадоқланиб солинган соф вазни 14,41 (ўн тўрт бутун юздан қирқ бир) граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида Ю.Усмоновадан 1.500.000 сўм нақд пул олиб, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. С.Бобомуротов кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилиш жиноятини иштирокчиликда содир этган. Чунончи, 2022 йил 09 август кеч соат 22.20да Очилов Фазлиддин Нажмиддинович билан бир гуруҳ бўлиб, Пешку тумани, “Янгибозор” МФЙ, Ибн-Сино кўчасида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор-Н.Н.Бахроновага тегишли ошхона олдида назорат тариқасида гиёҳвандлик моддасини сотиб олиш учун юборилган фуқаро Усмонова Юлдуз Акбаржон қизига уч дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига алоҳида-алоҳида қадоқланиб солинган соф вазни 14,41 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида Ю.Усмоновадан 1.500.000 сўм нақд пул олиб, иштирокчиликда гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. У.Абдуллаев кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини қуйидаги ҳолатда содир этган. Чунончи, у қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, 2022 йил 09 август куни соат 19:00да таниши Очилов Фазлиддин Нажмиддиновичга Пешку туман “Мустақиллик” МФЙдан ўтувчи йўл бўйида уч дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига алоҳида-алоҳида қадоқланиб солинган соф вазни 14,41 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 900.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотган. С.Раупов кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини қуйидаги ҳолатда содир этган. Чунончи, у қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, 2022 йил 09 август куни соат 17.00да Пешку тумани, “Навбаҳор” МФЙ, Сарой қишлоғидаги қурилиши тугалланмаган уйида таниши Абдуллаев Улуғбек Ахтамовичга уч дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига алоҳида-алоҳида қадоқланиб солинган соф вазни 14,41 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 740.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотган. Суд мажлисида судланувчилар Ф.Очилов, С.Бобомуротов, У.Абдуллаев ва С.Раупов томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорларнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ, яъни судланувчи Очилов Фазлиддин Нажмиддиновичга Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,273-моддасининг 5-қисми билан ЖКнинг 57, 60,61-моддаларига асосан 7 йил 3 ой, судланувчи Бобомуротов Сайфиддин Болтаевичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 28,25,273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўллаб 4 йил, судланувчи Абдуллаев Улуғбек Ахтамовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўллаб 6 йил, судланувчи Раупов Сайлиддин Салимовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўллаб, 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ашёвий далил деб топилган 14,22 гр. “марихуана” гиёҳвандлик воситаси, бир дона баклажка ва дори воситалари йўқ қилиниши белгиланган.
Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят суди раиси
Фаррух Икрамов, Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман суди раиси
Бугунги бозор муносабатлари, хусусий мулкдорларнинг ривожланишига кенг имконият яратилаётган, тадбиркорлик, кичик бизнес ва ишбилармонликка кенг имкониятлар берилаётган бир шароитида, фуқароларимиз ўртасида қарз муносабатлари кенг тарқалмоқда.
Бирор бир тадбиркорлик ғоясини, иннавацион ғояни, бизнес дастурини бир сўз билан айтганда фойда олиш мақсадида фуқаро ўз маблағи етарли бўлмаганида фуқаролардан ёки юридик шахслардан қарз олишга тўғри келади.
Фуқароларимиз бугунги кунда судларга қилаётган аксарият мурожаатларида қарз муносабатлари натижасида бузилган мулкий ҳуқуқларини тиклашни сўрашмоқда.
Суд амалиёти таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, бу тоифа низолари йилдан йилга ошиб бораётганлиги ва бу ўринда қарз муносабатларида низоларни олдини олиш бўйича профилактик чораларга алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилмоқда.
Қадимдан буён шариат ва аҳоли орасидаги кенг тарқалган ишбилармонлик одатларига кўра, бировнинг омонатини қайтармаслик гуноҳ саналиб келган.
Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларимиз ўртасида қарз муносабатларининг тўғри расмийлаштирилмаслиги, қонун талабларига риоя қилмаслик кейинчалик фуқароларимизнинг ўз қўллари билан берган маблағларини судма-суд, идорама-идора сарсон-саргардон бўлиб қайтаришларига, айрим ҳолларда берган маблағларини қайтара олмаётганликларига олиб келмоқда. Бу ўринда халқимизда азалдан шаклланиб келган таниш-билишчилик, маҳаллачилик, андишалик, қариндошчилик, ўзаро ишонч каби хислатлар айрим ноинсоф қарздорларнинг қарзларини ўз вақтида қайтармасдан низоли ҳолатларни келтириб чиқаришларига имкон яратмоқда.
Шу ва бошқа шу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида қарз муносабатлари ва унинг қонунчилигимизда расмийлаштириш тартиби ва ҳуқуқий томонларини ёритишга қарор қилдик. Зеро, халқимизнинг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини оширишимиз келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган айрим ҳуқуқий низоларни олдини олса ўз мақсадимизга эришган бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Қарз шартномаси фақат пул суммаси ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб кучга кирадиган ва шу пайтдан тегишли мажбуриятлар келиб чиқадиган анъанавий реал шартнома ҳисобланади. Бу қоидага биноан қарз берувчини қарз беришга мажбур қилиш мумкин эмас, чунки қарзни беришга ваъда беришлик ҳуқуқий кучга эга бўлмайди.
Бунга хорижий валюта ва валюта қимматликларидаги қарз битими энг ёрқин мисол бўла олади. Улар қонунда кўзда тутилган тартиб ва ҳолатлардагина амалга оширилиши мумкин.
Шунинг билан бирга қонун олинган қарзни қатьий белгиланган мақсадда фойдаланишнинг аниқ шартларини ўрнатувчи аниқ мақсадли қарз шартномаси тузишга йўл беради (ФК 739-м.). Бу ҳолатда шартномада олинган мулкнинг аниқ мақсадли фойдаланиши устидан қарз берувчи томонидан назорат олиб бориш чоралари белгиланиши мумкин, назорат қилишга тўсқинлик қилиш (ёхуд қарзнинг аниқ мақсадли шарти бузилган бўлса) қарз берувчида қарз суммасини тегишли бўлган фоизлари билан муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқи келиб чиқади.
Қарз шартномасининг тарафлари ҳар қандай шахс, шу жумладан фуқаролар ва нотижорат ташкилотлари бўлиши мумкин. Аммо бу ўринда гап фоизли бўлса-да, айнан қарз шартномаси ҳақида бормоқда, лекин кредит битимлари тўғрисида эмас. Мулкдор томонидан молиялаштириладиган ташкилотлар қарз берувчи вазифасида бўлолмайди. Чунки уларнинг оператив бошқарув ҳуқуқи мазмунига мулкдорнинг мулкини тасарруф этиш имконияти кирмайди. Одатда давлат органлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари бундай ташкилотлар (агар фақат қонун тўғридан тўғри уларга тегишли оммовий-ҳуқуқий тузилма номидан мулкий муомалада иштирок этишга рухсат этмаган бўлса) бўлиши мумкин эмас.
Бугунги кунда фуқароларимиз асосан қарз шартномаси тузганларида ёзма равишда тузмасликлари оқибатида бузилган ҳуқуқларини судда ҳимоя қилишга қийинчиликларга дучор бўлмоқдалар.
Қонун талабига асосан қарз шартномаси ёзма равишда тузилиб нотариал равишда тасдиқланган тақдирда тузилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Қарз шартномасини бу тартибда тузилиши, нотариус томонидан фуқароларнинг муомала лаёқатининг текширилиши, фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш, шартномада имзо юзасидан, пул ва ашёни аслида берилган берилмаганлигини аниқлашда, шартномани тазйиқ ва бошқа мажбурлаш оқибатида тузилганлигини аниқлаш ва исботлаш, шунингдек бошқа мақсадларни яшириш мақсадида тузилгинлигини аниқлашда катта аҳамиятга эга.
Фўқаролик кодексининг 733-моддасига кўра, қарз шартномасининг оддий ёзма шаклини тузишда қуйидагилар талаб қилинади:биринчидан, бу шартнома фуқаролар орасида тузилиб, унинг миқдори энг кам иш ҳақи миқдорини ўн баробаридан кўп бўлса; иккинчидан, агарда қарз берувчи юридик шахс бўлса, у ҳолда қарз суммасидан қатъий назар шартнома ёзма тузилади. Шу билан бир вақтда, фуқаролар орасидаги маиший қарз, агар қарз суммаси энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан кам бўлса, шартнома оғзаки тузилиши ҳам мумкин.
Қарз шартномаси тузилганлигининг ёзма далили сифатида қуйидагилар тақдим қилиниши мумкин: қарз олувчининг тилхати; облигациялар; счет-фактуралар; бухгалтерия учун томонлар тузган бошланғич ҳисобга олиш ҳужжатлари; қарз берилганлигини тасдиқловчи, қарздорнинг қарзни қайтариш муддатини чўзиш ҳақидаги ёзма илтимосномаси; телеграмма, телефакслар, барча иш қоғозлари ва битим тузилганлигини ёзма равишда тасдиқловчи барча нарсалар.
Қарз бериш шартномаси бир томонлама мажбурият бўлсада, ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқарувчи бундай шартнома бир юридик мақсадга эришишга қаратилган икки томонлама битим ҳисобланиб, унинг шартларини муҳокама қилишда иккала томон ҳам иштирок этади.
Тилхат, қарз ҳақида келишувдан фарқли равишда, бир томоннинггина ҳоҳиш иродасини ифода этади. Тилхат икки томоннинг ҳоҳиш-иродасини рад этмаган ҳолда, кўпчилик ҳолларда ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқиш асосини аниқлашга имкон бермайди. Масалан, бирор-бир миқдордаги пулни олганлик ҳақидаги тилхат томонлар ўртасидаги мулкий муносабатларда турли хил ҳуқуқий муносабатларни юзага келтириши мумкин. Тилхат ёрдамида олди-сотди шартномасига кўра олдиндан ёки пудрат шартномаси асосида аванс ўтказилганлигини ёки қарз шартномаси асосида қарз суммасини тасдиқлаш мумкин. Шунинг учун тилхатни баҳолашда, биринчи навбатда томонларнинг ҳоҳиш иродаси қандай ҳуқуқий муносабатларга қаратилганлигини аниқлаш зарур. Қарз шартномаси томонлар орасида юзага келган шартнома ҳуқуқий муносабатларни турини аниқ кўрсатиб беради.
Бундан келиб чиқадики, қарз шартномаси ва қарз олувчининг тилхати айнан бир хил тушунчалар эмас. Қарз шартномаси бу – томонларнинг қарз ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқишига қаратилган келишуви. Қарз олувчининг тилхати ва бошқа ҳужжатлар унга маълум бир суммани ёки буюмларни берилишини тасдиқлайди ва оғзаки тузилган шартноманинг ёзма далили бўлиб хизмат қилади. Ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиёти ҳам тилхатга оғзаки тузилган шартноманинг ёзма далили деб қарайди. Бу ҳужжатларнинг мазмунига ва расмийлаштирилишига, агарда улар судга ҳавола қилинган тақдирда, суд мажлисида алоҳида эътибор билан қаралади. Чунки айнан шулардангина томонлар ўртасида қарз бўйича ҳуқуқий муносабатлар ўрнатилганлиги келиб чиқади.
Шу ўринда фуқароларимизга шуни айтиш жоизки фоиз ҳисобига берилган қарзни ундиришда, олинган фоизлар жисмоний шахснинг даромади ҳисобланиб солиқ қонунчилигига асосан тегишли ставкалардан даромад солиғи тўлаш учун асос бўлади.
Бандан ташқари, Ўзбекистон Республикасида пул муомаласи миллий валюта сўмда амалга оширилиши белгиланган бўлиб, фуқаро томонидан чет эл валютасида берилган қарз суммаси суд томонидан чет эл валютасининг ундирув кунидаги расмий курси билан ундирилади.
Қарз мажбурияти субъектлари ўз мажбуриятларини шартномада кўрсатилган тартиб ва муддатда бажаришлари шарт. Агарда қарз шартномасида қарзни қайтариш тартиби ва муддатлари кўрсатилмаган бўлса, бундай ҳолда қарздор ўз қарзини қарздор талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун муддат ичида қайтаришга мажбур.
Қарз берувчи қарз суммасини ўз вақтида қайтармаса, у ҳолда, ФК 736-моддасига мувофиқ ФКнинг 327-моддасида кўрсатилган тартиб ва миқдорда қарздор шу сумманинг қайтарилиши керак бўлган кундан, қайтарилган кунгача ҳисобланадиган фоизларни, кодекснинг 734-м. биринчи қисмида кўзда тутилган фоизлардан қатъи назар тўлайди.
Фуқароларимизнинг қарз муносабатлари натижасида бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида жавобгар, яъни қарздор яшаб келаётган жойдаги фуқаролик судларига ёзма равишда (ёки интернетдаги MY.SUD.UZ миллий электрон суд хизматлари дастури орқали) даъво аризаси билан, қарз берганлигини тасдиқловчи ёзма шартнома, тилхат ёки қарзини тан олганлигини тасдиқловчи ишончга сазовор далилларни илова қилган ҳолда талаб қилинаётган қарз суммасининг 4 фоизи миқдорида давлат божи ва энг кам иш ҳақининг 7 фоизи (21.000 сўм) миқдорида почта харажатларини тўлаб мурожаат этишлари мумкин.
Шу ўринда фуқароларимизга шуни эслатишни жоиз деб биламизки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддасига кўра, фуқаролик процессида ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаш мажбурияти тарафларда бўлганлиги сабабли судга мурожаат қилишда албатта ишончга сазовор далиллар ва далилларнинг асл нусхаларини (тилхат ёки шартноманинг асл нусхаси) тақдим этган ҳолда мурожаат қилсалар мақсадга мувоф бўлади.
Фирузжон Ёдгоров,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди раиси
Алишер Бахромов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси
2023 йил 10 март куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди биносида, очиқ суд мажлисида судланувчи И.Қодиров, О.Муртазоев, Д.Латипов ва Ғ.Тиллоевларга нисбатан ҳукм ўқилди. Иш ҳолатларига кўра, И.Қодиров, О.Муртазоев, И.Қодиров ва Ғ.Тиллоевлар қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, бир гуруҳ бўлиб, 2023 йил 06 январь куни 16:00да Пешку тумани “Навбаҳор” МФЙ, “Навбаҳор” қишлоғида яшовчи О.Рамазонованинг хабарномасига асосан воқеа жойига етиб келган Пешку туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспектори Исматов Давлат Искандарович ва Ганжиев Аваз Бахриддиновичларнинг ўз хизмат вазифасини олиб бораётган вақтида уларнинг қонуний талабини бажармасдан Д.Исматовнинг танасининг турли қисмларига бир неча маротоба, А.Ганжиевнинг юз қисмига қўли билан уриб, эгнида бўлган хизмат кийимини қасддан йиртиб, Д.Исматовнинг ҳодиса жойига хизмат бўйича шерикларини чақирмаслиги учун унинг “SAMSUNG” А-20 русумли телефон аппаратини қасддан синдириб, унинг давлат рақами 80F163FA бўлган “NIVA” русумли автомашинасининг электро кабелларини узиб ташлаб, унинг хизмат вазифасини бажаришга фаол қаршилик кўрсатганлар. Суд мажлисида судланувчилар И.Қодиров, О.Муртазоев, И.Қодиров ва Ғ.Тиллоевлар томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киришлигини, уларнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганликларини, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини ва уларга нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўраб қилган мурожаатини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, унинг қилмишини жазога сазовор ва уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин деган тўхтамга келиниб, Жиноят Кодексининг демократизм, одиллик ва инсонпарварлик принципларидан келиб чиқиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 219-моддасининг 2-қисми билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Завқий Қурбонов, Бухоро вилоят суди судьяси
Фаррух Икрамов, Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман суди раиси
Меросга оид масалаларни ўзида қамраб олган фуқаролик ишлари ўз хусусиятига кўра мураккаб ишлар туркумига киради. Суд (судъя) ишни кўриш вақтида аввало мазкур ишни судга тааллуқлилик масаласини ҳал этиши керак. Устоз, процессуалист олим Ш.Ш. Шорахметов ўз китобларида “судловга таалллуқлилик деганда, фуқаролик ишларини кўриш ва ҳал қилиш вазифаси қонун билан муйян давлат органи ёки жамоат ташкилоти зиммасига юклатилганлиги тушунилади , деб таъкидласа, процессуалист олимлардан М.М.Мамасиддиқов фикрича “тааллуқлилик шахсларнинг судга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқларини юзага келтирадиган юридик шартлардан бири эканлиги унинг фуқаролик процессуал ҳуқуқнинг асосий институтларидан бири ҳисобланишини кўрсатади ва ўз китобида тааллуқлиликни кенг маънода ва тор маънода изоҳлайди.” Таъкидлаш жоизки, мерос ҳуқуқига оид низоли муносабатлар фуқаролик судларида мазмунан кўриб ҳал этилмоқда. Мазкур ҳолат амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида ўз ифодасини топган бўлиб, қуйидаги ишлар фуқаролик судларига тааллуқли: 1) тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлган низоларга доир ишлар, қонунда бундай низоларни ҳал қилиш хўжалик суди ёки бошқа органларга топширилган ҳоллар бундан мустасно; 2) Кодексда санаб ўтилган алоҳида тартибда кўриладиган ишлар; 3) қонун билан судларнинг ваколатига берилган бошқа ишлар Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий адабиётларда “судловга тааллуқлилик”, “судловга тегишлилик”, “судлолвлилик” тушунчалари айни бир маънода қўлланилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексида “судловга тааллуқлилик” тушунчаси қўлланилган. Ваҳоланки, судловга тааллуқлилик ва судловлилик тушунчалари бир-биридан фарқ қилиб, уларни бир-биридан фарқлаш лозим бўлади. Фикримизча, тааллуқлилик деганда, ҳал этилиши лозим бўлган низоли ҳуқуқий муносабатни бевосита фуқаролик судига тааллуқлилиги тушунилади. Ҳал этилиши лозим бўлган низоли ҳуқуқий муносабат, судга тааллуқлилиги аниқлаб олингач, мазкур низоли муносабатни суд бўғимига кирган қайси судда ҳал этилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли судга тааллуқлилик яъни, судларнинг ваколатига берилган ишларни қайси суд кўриб ҳал этишини аниқлаб олиш лозим бўлади. “судлов деб, судларга тааллуқли бўлган ҳамма ишларнинг суд тизими бўғинлари ўртасида тақсимланишига айтилади. Ишнинг судловлигини белгилаш мазкур ишни айнан қайси суд кўришга ва ҳал этишга ваколатли эканлигини белгилаш демакдир” деб таъкидлаган эди. М.М.Мамасиддиқов “фуқаролик ишларининг судловлилиги деганда, судларга тааллуқли бўлган ишларнинг турлари ҳамда жойлашган ҳудудига қараб бир тизимдаги суд бўғинлари ўртасида тақсимланишини белгилаб берувчи фуқаролик процессуал ҳуқуқи нормалари мажмуига айтилади” деб эътироф этади. Судловга тааллуқлилик масаласи Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади. Меросга оид низолар бўйича фуқаролик ишлари кўрилаётганда судлар томонидан судловга тааллуқлиликда ушбу қонун талаби ҳам инобатга олинади. Бироқ, мерос қолган мулк кўчмас мулк бўлса-ю, марҳумнинг охирги яшаб турган жойи кўчмас мулк жойлашган жой эмас, балки бошқа жой бўладиган бўлса, ишни кўраётган суд ушбу ҳолатда амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиқиб, судловга таалллуқлилик масаласини ҳал этади. Қонунда судловга тааллуқлиликнинг алоҳида ҳоллари кўрсатилган бўлиб, бунга кўра, мерос қолдирувчининг кредиторлари мерос ворислар томонидан қабул қилингунига қадар тақдим этган даъволар мерос мол-мулк ёки унинг асосий қисми жойлашган ҳудуддаги суднинг судловига тегишлидир. Ишни судда кўришга тайёрлаш босқичи судлар томонидан одил судловни амалга оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Меросга оид фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш суд(судъя)дан етарлича вақт талаб қилади. Сабаби ишни кўришга тайёрлашда йўл қўйилган камчиликларни ҳамма вақт ҳам ишни мазмунан судда кўриш жараёнида тўлдириб бўлмайди ва оқибатда иш бўйича тўлиқ текширилмаган ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарори чиқаришга олиб келади. Натижада бундай ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида бекор қилиниб, бартараф этилмаган ушбу ҳолатлар келгусида сансоларликни келтириб чиқариши мумкин. Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ариза қабул қилинган кундан бошлаб ўн кунлик муддатдан кечиктирмай амалга оширилиши лозим. Бу муддат алоҳида ҳолларда ўта мураккаб ишлар буйича судъянинг асослантрилган ажримига биноан кечиктирилиб, йигирма кунга етказилиши мумкин. Қолган фуқаролик ишлари судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўрилиши лозим. Мерос ҳуқуқига оид низоли муносабатлар судларда кўпинча даъво ишлари тартибида кўрилади.
Меросга оид фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш жараёнида судъя мерос очилган вақт, мерос очилган жой, мерос таркиби, меросхўрлар доираси, марҳумнинг қарамоғида бўлган шахслар, васият бўйича мерос очилган бўлса мерос очилган кунда васиятнома кучда эканлиги, бекор қилинмаганлигини, васиятноманинг мазмунидан қатъий наза мажбурий улуш олувчи шахслар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, меросдан имтиёзли олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини аниқлаши лозим. Шунингдек, а)тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни кўришда қўлланиши лозим бўлган қонунни аниқлаши; б) тарафларнинг талаб ва эътирозларини асословчи фактларни, шунингдек низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни аниқлаши; в) ишни ҳал этиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаш ва уларни ўз вақтида суд мажлисига тақдим этишни таъминлаши; г) ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиши лозим. Агар аризачи томонидан битта аризада ёки суд томонидан битта иш юритувда бир қанча талаблар бирлаштирилган ҳамда судда кўришга тайёрлаш ва кўриш юзасидан баъзилари бўйича умумий, баъзилари бўйича эса, қисқартирилган муддатлар белгиланган бўлса, фуқаролик иши судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирилмай кўрилиши лозим. Ишни кўришга тайёрлаш жараёнида судъя даъво аризани ҳаракатсиз қолдириши ҳам мумкин. Судья фақат қонунда назарда тутилган асослар бўйича аризани қабул қилишни рад этишга ҳақли. Меросга оид фуқаролик иши судлар томонидан икки ҳил ҳолатда мазмунан кўриб чиқилади. Биринчидан, агарда меросхўрлар қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олган бўлса-ю, кейинчалик улар ўртасида мерос мулкини тақсимлаш ва фойдаланишда низо келиб чиққан ҳолларда мазкур низоли муносабат судлар томонидан даъво тартибида мазмунан кўриб чиқилади. Шунингдек, меросхўрлар мерос қолган мулкни қонун ва васият бўйича қабул қилиб олмасдан туриб, улар ўртасида меросни тақсимлаш ва улушлар ажратишда низо келиб чиқса мазкур ҳолатда ҳам суд, меросхўрларнинг даъво талаби бўйича ишни мазмунан кўриб чиқади. Иккинчидан, нотариус айрим ҳолларда қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришни рад этиши, кечиктириши ёки тўхтатиб туриши мумкин, ушбу ҳолларда ҳам манфаатдор шахс нотариусни қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақида гувоҳнома беришни рад этганлиги, кечиктирганлиги ёки тўҳтатиб турганлиги ҳақидаги Қарорига нисбатан судга шикоят қилади. Мазкур шикоят мансабдор шахснинг хатти-ҳаракат(қарор)ларига нисбатан шикоят кўринишида берилади. Бундан кўринадики, меросга оид фуқаролик ишлари судлар томонидан икки ҳил ҳолатда кўриб чиқилади, биринчи ҳолат нотариуснинг қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани нотўғри бажарганлиги бўйича берилган даъво аризаларини судда кўриб чиқиш тартиби, иккинчи ҳолат нотариуснинг қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани беришни рад этганлиги ёки кечиктирганлиги бўйича қарор устидан судга шикоят қилинганда шикоят тартибида ишни кўриб чиқиш тартиби. Ишни мазмунан кўрган суд ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳал қилув қарори қабул қилади. Нотариус томонидан нотариал тартибда тасдиқланган қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан берган даъво аризасини судда кўриб чиқишнинг ўзига хос процессуал тартиби мавжуд. Судья ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида аввало, манфаатдор шахс нотўғри деб ҳисоблаган нотариал ҳаракатни жумладан, қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани яъни даъво аризада кўрсатиб ўтилган нотариал ҳаракатни манфаатдор шахсдан талаб қилиб олади. Бажарилган нотариал ҳаракатга нисбатан даъво тартибида судга мурожаат қилиш муддати манфаатдор шахс томонидан ҳуқуқи бузилганлигини билган вақтдан бошланади. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб чиқиш жараёнида эьтибор бериш керак бўлган, процессуал хусусиятларидан бири даъво аризани қонун бўйича белгиланган муддатда берилганлигини аниқлашдир. Суд(судъя) ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида даъво муддати ўтиб кетган бўлса-да, даъво аризани иш юритувига қабул қилади ва ишни кўришга тайинлайди, умумий асосларда белгиланган даъво муддати ўтгандан сўнг берилган ариза уни қабул қилишни рад этишга асос бўлмайди. Суд (судъя) ишни мазмунан кўриб чиқиш жараёнида, ўтказиб юборилган даъво муддати узрсиз эканлигини аниқланса, ёки жавобгар даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза берса даъво талаби рад этилиши мумкин. Судъя ушбу низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатлар: нотариал идорадан нотариал ҳаракатни чақириб олиш, низо предметига нисбатан уни тассарруфи билан боғлиқ бўлган ҳаракатларга тақиқ солиш ва қонунга асосан манфаатдор шахснинг талабидан келиб чиқиб, бошқа ҳаракатларни ҳам бажариши мумкин. Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш борасида суд(судъя) мазкур турдаги ишларни судда кўришга тайёрлаш вақтида тегишли ҳужжатларни, шикоятда кўрсатилган важларни асослилигини тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши лозим. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб ҳал этишнинг ўзига ҳос бўлган процессуал хусусиятлари ЎзР ФПКда кўрсатиб ўтилган нормаларга риоя қилиш ва судьянинг моддий ҳуқуқ нормасини тўғри қўллаши билан ифодаланади. Фуқаролик ишини қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарган судья, ишни кўришга тайёрлайди, бу вақтда ушбу муносабатни тартибга солувчи қонунни аниқлаши, тарафларнинг талаб ва эьтирозларини асословчи фактлар мавжудлигини, далиллар доирасини аниқлайди, ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркибини ҳал этади, давлат божи масаласини ҳал этади. Таъкидлаш жоизки, нотариал идоралар халқаро миқёсда низосиз муносабатларни тартибга солувчи идора сифатида тан олинган. Ушбуга кўра, нотариал идоралар “Нотариат тўғрисида”ги қонун талабидан келиб чиққан ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари йўлида фақат низосиз бўлган нотариал ҳаракатни амалга оширадилар. Лекин айрим ҳолларда бажарилган нотариал ҳаракатлар негизида низоли ҳуқуқий муносабатларни юзага келади. Бундай ҳолларда ҳуқуқи бузилган шахс, ўз ҳуқуқини тиклаш учун судга мурожаат этишга ҳақли. Манфаатдор шахснинг судга мурожаати ариза ёки шикоят кўринишида бўлади. Бунда, ариза ёки шикоят судга мурожаат этишнинг процессуал воситаси ҳисобланади. Фикримизча, бундай низоларни судлар томонидан кўриб чиқилиши, ўз навбатида нотариал фаолиятни судлар томонидан назоратини таьминлайди. А.Я.,Бугрей, Е.Б.Тарбагаева таъбири билан айтганда “бажарилган нотариал ҳаракат юзасидан, нотариал ҳаракатни бажаришни рад этганлиги ёки кечиктирганлиги бўйича қарор юзасидан берилган шикоят, судларда низоли ҳуқуқий муносабат тарзида кўрилади” . Суд амалиётидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, нотариуслар томонидан бажарилган нотариал ҳаракатларни судларда ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш бўйича низоли ишлар кўрилмоқда. Қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ишлар судларда даъво ишлари тоифасига кириб, мазманан кўрилмоқда. Мазкур тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича даъво аризасида манфаатдор шахс қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш бўйича даъво талабини қўяди. Мазкур ҳолатда ишни кўраётган суд иш бўйича даъво талаби, даъво предмети ва даъво асосини аниқлаб олиши керак. Фикримизча, нотариус томонидан бажарилган нотариал ҳаракат, нотариал фаолиятнинг объектини ташкил этади, суд ишни кўраётган вақтда ушбу нотариал фаолият суд учун далил, исботлаш воситаси бўлади. Нотариал фаолият объектига нисбатан қўйилган талаб даъво талабини, нотариус амалга оширган нотариал фаолиятнинг объекти судда даъво предметини, нотариал ҳаракатни ҳақиқий эмас деб топиш учун манфаатдор шахс томонидан келтирилган важ даъвонинг асосини ташкил этади. Нотариал ҳаракатни амалга ошириш вақтида иштирок этган шахслар суд жараёнида низоли фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга киришадилар ва оқибатда суд процессида даъвогар ва жавобгар шахслар деб эътироф этилади. Ушбудан келиб чиқиб ва суд амалиётини ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда айтишимиз мумкинки, нотариуснинг муайян ҳаракатларни нотўғри бажарганлиги устидан судга шикоят қилиш тушунчаси деганда, фикримизча бевосита нотариал фаолиятда иштирок этган шахсларнинг, ёки бўлмаса учинчи шахсларнинг нотариал фаолиятнинг объектига нисбатан норозилиги тушунилади. Иш судда кўрилиши жараёнида манфаатдор шахс ўз даьво талабларини қувватлаб баёнот бериши табиий, лекин суд иш бўйича тўпланган далилларга холисона баҳо бериб, бир тўхтамга келади. Бу борада А.Я.Бугрей., Е.Б.Тарбагаевалар “иш судда кўрилиши жараёнида, бажарилган нотариал ҳаракатнинг ҳуқуқий жиҳатдан тақдири ҳал этилади” – деб фикр билдиради. Юқорида кўрсатиб ўтилган икки турдаги шикоят келтириш тартиби бир-бирига ўхшаш бўлса-да, лекин улар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бажарилган нотариал ҳаракат юзасидан берилган шикоятда нотариал ҳаракат бажарилганлиги туфайли маълум бир оқибатлар юзага келган бўлади. Бажарилган бу нотариал ҳаракат манфаатдор шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаати бузилганлиги учун судга шикоят қилишга мажбур этади. Амалиётда судлар томонидан бажарилган нотариал ҳаракатларга нисбатан даъво тартибида кўрилаётган ишлар бўйича умумий даъво муддати, уч йиллик муддат қўлланилмоқда. Амалиётда бажарилган муайян нотариал ҳаракат юзасидан манфаатдор шахснинг судга берган шикояти даьво аризаси кўринишида бўлмоқда. Бажарилган нотариал ҳаракат юзасидан низо келиб чиққанда даъво аризаларда нотариус қўшимча жавобгар шахс эканлиги кўрсатиб ўтилмоқда. Бироқ, фикримизча мазкур ҳолатда нотариус судга мустақил даъво билан арз қила олмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилиши лозим. Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексида мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар ҳақида фикр билдирилган бўлиб, бунга кўра изонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича чиқариладиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса, суд ҳал қилув қарори чиқаргунига қадар даъвогар ёки жавобгар томонида ишга киришишлари мумкин. Шунингдек улар тарафларнинг, прокурорнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёки суднинг ташаббуси билан ишда иштирок этишга жалб қилинишлари мумкин. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафларнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва уларнинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар, арз қилинган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, улардан воз кечиш бундан мустасно. Агар мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида даъвогарнинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида арз қилинган талабларни тан олса, суд мажбуриятни бажаришни учинчи шахс зиммасига юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли. Айнан шундай ҳолларда, даъвогар ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўртасида келишув битими тузилишига йўл қўйилади. Судлар томонидан қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилишда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексида кўрсатиб ўтилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилишга оид қоидаларни қўллаши кераклиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида” ги 2006 йил 22 декабрдаги сонли 17-сонли қарорида кўрсатма бериб ўтилган. Ва судлар битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш бўйича даъво талаби бўйича иш кўриш вақтида бу иккала ҳуқуқий ҳолатни бир-биридан фарқлаши кераклиги, сабаби бу иккала ҳолат алоҳида асосларга эга эканлиги таъкидланади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексини 9-боби 113-126- моддаларида кўзда тутилган битимларнинг ҳақиқий эмаслигини тартибга солувчи нормаларда баён этилган асослар бўйича шартномаларни ҳақиқий эмас деб топилишига йўл қўйилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини 114-моддаси 1-қисмига мувофиқ ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларни вужудга келтирмайди ва у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шартномани бекор қилиш эса тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномани ва унинг оқибатида вужудга келган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини келгусида бекор қилишга қаратилган ҳаракатдир. Шартноманинг ҳақиқий эмаслиги ва шартномани бекор қилишнинг ўзаро фарқи: а) битимнинг ҳақиқий эмаслигига асос унинг ноқонунийлигидир. Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишга ушбу гувоҳномани қонунга зид равишда расмийлаштирилганлиги асос бўлади. Бекор қилишга эса — унинг қонунийлиги низолашилмасдан шартномани бекор қилишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади; б) шартномани бекор қилиш у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир. Битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабдан фарқли равишда шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабда даъво муддати чекланмаган бўлади ва бундай даъво билан мурожаат қилишга шартнома ҳаракатда бўлган бутун давр мобайнида йўл қўйилади. Мазкур қоидадан келиб чиқиб, қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича уч йиллик даъво муддати қўлланилади. шунингдек, бир томонлама битимларнинг ҳақиқий эмаслиги, жумладан васиятномани ҳақиқий эмаслиги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексини 9-бобида белгиланган умумий қоидалар билан, уни бекор қилиш шартлари эса айнан шу туркумдаги битимларга оид қоидалар билан тартибга солинади (масалан, ишончнома ва васиятномани бекор қилиш ФК 141, 142, 1127-моддалари). ЎзР ФКнинг 9-бобида қайд этилган қоидалар битимларни ҳақиқий эмас деб топишнинг қатъий асослари ҳисобланади ва ушбу асослар қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ҳам қўлланилади. Суд амалиёти тажрибасига таянган ҳолда айтиш мумкинки, васиятнома сир сақланганлиги боис, васиятнома ва васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича даъво тартибида кўрилаётган ишлар кўпинча васият қилувчининг ўлимидан сўнг вужудга келади, васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани васият қилувчининг ўлимидан сўнг бекор қилиш асослари қонунда ўз ифодасини топмаган. Ишни кўраётган суд, васиятнома ва васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича фуқаролик ишини кўраётган вақтда васиятноманинг қонунда белгиланган шаклига асосан расмийлаштирилганлигини текшириши шарт. Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексини 1124-моддасида васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар кўрсатиб ўтилган. Мазкур тоифадаги ишни кўраётган суд, нотариал тартибда тасдиқланган васиятномани ҳақиқий эмас деб топиш вақтида, низодаги васиятнома қонун бўйича нотариал тасдиқланган васиятномага қўйилган талабларга жавоб бериш ёки бермаслигини текшириши керак. Қонун нотариал тартибда тасдиқланган васиятномага айрим талабларни қонунан мустаҳкамлайди. Жумладан, нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятномани васият қилувчи сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олиш пайтида умумий қабул қилинган техника воситаларидан (ёзув машинкаси, шахсий компьютер ва ҳоказолардан) фойдаланилиши мумкин. Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади, бу ҳақда васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади. Меросга оид фуқаролик ишларини судлар томонидан кўриб чиқишнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари мавжуд бўлиб, нотариал идорадан мерос иши чақириб олингач, ишни кўраётган суд мерос иши ичидаги ҳужжатларга ва қуйидаги ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериши лозим, булар қуйидагилар:
меросхўрлар мерос очилган жойдаги нотариусга ариза билан мурожаат этганлиги ва меросхўрлар нотариус ҳузурида аризага шахсан имзо қўйганлиги, аризага имзо қўйган вориснинг шахси нотариус томонидан аниқлаганлиги ва имзонинг тўғрилигини текшириб бу ҳақда аризага ёзиб қўйилганлик ҳолатига;
нотариал идорага мерос олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома беришни илтимос қилган бева қолган эр(хотин) га Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини 23-моддаси ва “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 63-моддаларини мазмуни тушунтирилганлиги бу ҳақда мерос иши ичида ариза мавжудлиги ҳолатига;
мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой ҳисобланади дейилган, мазкур ҳолат нотариус томонидан текширилганлик ҳолатига эьтибор бериши лозим. Меросга оид фуқаролик ишлари мураккаб ишлар қаторига киради, шу сабабли ҳам мазкур туркумдаги ишларни кўриш суддан алоҳида эътибор талаб қилади.
Суд, мазкур туркумдаги ишларни кўриш вақтида ушбу тоифадаги ишларнинг ўзига хос бўлган айрим процессуал жиҳатларига эътибор қратиши лозим. Ишни кўраётган суд( судъя)га мерос ҳисобидан тўланиши лозим бўлган ҳаражатлар ҳақида ариза берилган бўлса, ушбу масалани ҳам ҳал этиши лозим. Мазкур ҳолатда мерос ворислар ўртасида тақсимланишидан олдин мерос қолдирувчининг вафоти олдидан хасталиги туфайли қилинган зарур харажатлар, мерос қолдирувчини дафн этиш харажатлари, меросни эгаллаш, муҳофаза қилиш, бошқариш ва васиятномани ижро этиш, шунингдек васиятномани ижро этувчи ёки меросни бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги талаблар мерос ҳисобидан қондирилиши лозим. Бу талаблар мерос қиймати ҳисобидан бошқа барча талаблардан, шу жумладан ипотека ёки бошқа гаров билан таъминланган талаблардан олдин имтиёзли равишда қондирилиши лозим. Нотариуснинг нотариал ҳаракатни бажаришни рад этганлик ёки кечиктирганлик бўйича қарор юзасидан берилган шикоятни судда кўриб чиқишнинг ўзига хос процессуал тартиби мавжуд. Судья ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида нотариал ҳаракатни бажариш рад этилган ёки кечиктирилган ҳолларда нотариуснинг бу ҳақдаги қарорини талаб қилиб олади. Нотариус томонидан муайян ҳаракатни бажаришни рад этганлик ёки кечиктирганлик бўйича чиқарилган қарорда рад этиш ёки кечиктириш асослари мавжудлигини текшириб кўради. Нотариал ҳаракатни бажариш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиқиб, бундай ҳаракатни бажариш рад этилганлиги аризачига маълум бўлган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда берилади. Мазкур ҳолатда нотариал ҳаракат бажарилмаган ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқмаган бўлади, нотариус нотариал ҳаракатни бажаришни рад этган ёки кечиктирган бўлади. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб чиқиш жараёнида эьтибор бериш керак бўлган процессуал хусусиятларидан бири шикоятни қонун бўйича белгиланган муддатда берилганлигини аниқлашдир. Судъя шикоятда кўрсатиб ўтилган важни тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатлар: нотариал идорадан нотариал ҳаракатни бажариш учун тақдим этилган ҳужжатлар йиғиндисини чақириб олиш, бажариш рад этилган нотариал ҳаракат предметига нисбатан уни тассарруфи билан боғлиқ бўлган ҳаракатларга тақиқ солиш ва қонунга асосан манфаатдор шахснинг талабидан келиб чиқиб, бошқа ҳаракатларни ҳам бажариши мумкин. Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш борасида фикр билдирган Б.Жамолов, А.Бобоқулов “мазкур турдаги ишларни судда кўришга тайёрлаш вақтида суд тегишли ҳужжатларни, шикоятда кўрсатилган важларни асослилигини тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши лозим, бундай тоифадаги шикоятлар бўйича ишлар ариза судга келиб тушган пайтдан бошлаб ўн кундан кечиктирмай кўрилиши лозим” -деб фикр билдиради. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб ҳал этишнинг ўзига ҳос бўлган процессуал хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексида кўрсатиб ўтилган нормаларга риоя қилиш ва судьянинг моддий ҳуқуқ нормасини тўғри қўллаши билан ифодаланади. Судья аризани қабул қилиб олади, фуқаролик ишини қўзғатади, унинг бу ҳаракати ажримда ўз ифодасини топади. Фуқаролик ишини қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарган судья, ишни кўришга тайёрлайди, бу вақтда ушбу муносабатни тартибга солувчи қонунни аниқлаши, тарафларнинг талаб ва эьтирозларини асословчи фактлар мавжудлигини, далиллар доирасини аниқлайди, ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркибини ҳал этади, давлат божи масаласини ҳал этади. ЎзРФПКнинг 160-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳаракатлар асосида ишни судда кўришга тайёрлайди. Ушбу тоифадаги ишлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиқиб судда мазмунан кўрилади, манфаатдор шахс бажарилган нотариал ҳаракатларни ёки нотариал ҳаракатни бажариш рад этилганлигини нотўғри деб ҳисобласа, бу ҳақда у нотариал идора жойлашган ҳудуддаги судга шикоят беришга ҳақли. ЎзР ФПК да нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки уни бажариш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки бундай ҳаракатни бажариш рад этилганлиги аризачига маълум бўлган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда берилади, деб кўрсатиб ўтилган.
Ҳабиб Саидов, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси
Ойбек Шомуродов, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси
Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, ҳар бир инсон тақдирига, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини олий қадрият даражасида кўтариш ва давлат муҳофазаси кафолатларини кучайтириш, пировард натижада “инсон қадри”ни амалда таъминлашга қаратилган. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги беш йилда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов муҳим ўрин тутиши эътиборга олинди. Жумладан, соҳада йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қи¬лиш борасида Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда Парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ор¬тиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишонч¬ли ҳимоя қилиш даражасини ошириш, одил судловдан фойдаланиш имко¬ният¬ларини кенгайтириш, суд тизимини такомиллаштириш борасида муҳим ислоҳотлар, ташкилий-ҳуқуқий, тузилмавий, институционал ўзгартиришлар амалга оширилди. Бу борадаги ижобий ўзгаришлар БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги ма¬саласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян томонидан ҳам эътироф этилди. Суд тизимида амалга оширилган ислоҳотлар халқаро рейтинг ва индексларда ҳам мамлакатимиз нуфузига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Эътиборлиси, ушбу рей¬тинглар¬¬да мамлакатимизнинг ўр¬ни асосан суд фаолияти самарадорлигига эришганлиги натижасида яхшиланган. Ушбу кўрсаткич энг юқо¬ри бўлган 16,6 балл¬га кўтарилди. Бундай натижаларга эришишда, албатта, соҳада амалга оширилган тарихий ислоҳотлар ҳамда қабул қилинган қонунлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритганда, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Судлар тўғ-рисида»ги қонун мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилганига эътибор қаратиш лозим. Мазкур қонун «ўтиш даври»нинг кенг кўламли ўзгаришларини ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади. Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди. «Судлар тўғрисида»ги қонун 2000 йил 14 декабрда янги таҳрирда қа¬бул қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи қо¬нун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳам¬да фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. Реал ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва илғор халқаро¬ стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган замонавий суд қонунчилигини шакллантирмасдан туриб, ушбу вазифаларга эришиб бўлмайди. Бунда «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг амалда бўлган таҳририга 2001 йилдан бошлаб 19 марта концептуал ўзгартиришлар киритилди. Шунга қарамай, ушбу қонунда суд тизимидаги ислоҳотлар, чуқур ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган ва у одил судлов соҳасидаги халқаро стандартларга, замонавий талабларга жавоб бермай қолган эди. Шу сабабли мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳатларининг мантиқий давоми сифатида ҳамда Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолия¬тини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга до¬ир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан янги таҳрирдаги «Судлар тўғ-рисида»ги қонун ишлаб чиқилди. «Судлар тўғрисида»ги қо¬нуннинг янги таҳрири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинди, Сенат томонидан 26 июнда маъқулланди ҳамда 2021 йил 28 июлда Президентимиз томонидан имзоланди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 25-26 июнь кунлари бўлиб ўтганўн олтинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонунлардан “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида тўхталадиган бўлсак,1993 йилда қабул қилинган ва ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, 2000 йил 14 декабрда янги таҳрири тасдиқланган, 2021 йил 28 июлгача амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, Қонунда суд тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида вужудга келган ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган эди. “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 14 та боб ва 101 та моддадан иборат бўлиб, Қонун билан одил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кўриш тартиби такомиллаштирилди, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди, судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилди, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилди, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилди ҳамда судьяларнинг ижтимоий ҳимояси боғлиқ масалалар акс эттирилди. Янги қонуннинг асосий ма第мун-моҳияти қуйидагиларга қаратилган: Биринчидан, суд тизимида амалга оширилган ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар қо¬нунда акс эттирилди. Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ягона судга бирлаштирилгани ва маъмурий судлар тизимидаги ўзгаришларга оид нормалар назарда тутилди. Иккинчидан, одил судловнинг асосий принциплари қайта кўриб чиқилди. Яъни қо¬нунийлик, одил судловни амалга оширишда малакали юридик ёрдам, суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи каби янги асосий принциплар билан тўлдирилиб, амалдагиларига таҳририй ўзгартишлар киритилди. Учинчидан, суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қай¬та кўриш тартиби илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштирилди. Хусусан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилиши муносабати билан Олий суд Пленуми, Раёсати, барча судларнинг ваколатлари, таркибларига тегишли ўзгартишлар киритилиб, амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқлаштирилди. Тўртинчидан, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди. Судьяларнинг ахборот-коммуникация технологиялари тизимидан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилди. Уларнинг мажбуриятлари «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларига мувофиқлаштирилди. Бешинчидан, судьялик лавозимига номзодлар ва судьялик лавозимига тайинланадиган, сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин бўлмаган шахслар дои¬раси белгиланиб, иш стажлари бўйича талаблар қайта кў¬риб чиқилди. Олтинчидан, судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби такомиллаштирилди. Еттинчидан, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби унинг ҳуқуқ ва манфаатларини эътиборга олган ҳолда қай¬та кўриб чиқилиб, унинг мақомига мослаштирилди. Бунда судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилиши назарда тутилди. Судьяларга нисбатан қўлланиладиган интизомий чоралар тури кенгайтирилди. Судья¬ларга интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди. Саккизинчидан, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби янада аниқлаштирилди. Судьянинг ваколатларини тўхтатиш асослари кенгайтирилиб, судьяга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса ёки судья давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловида депутатликка номзод сифатида иш¬тирок этаётган тақдирда судьянинг ваколатлари тўхтатилиши белгиланди. Тўққизинчидан, судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қи¬лиш чоралари кучайтирилди. Шунингдек, илк бор «Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги, «Судья¬ларнинг малака даражалари тўғрисида»ги ва «Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида»ги Низомлар қонун билан тасдиқланди. Шундай қилиб, «Судлар тўғ¬¬рисида»ги қонуннинг ян¬ги¬ таҳрирда қабул қилиниши: – суд-ҳуқуқ соҳасида сўнг¬ги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни қонун билан мус¬таҳкамлашга; – судьяларнинг мустақиллигини тўлиқ таъминлашга қବратилган кафолатларни янада кучайтириш, судьялар мақомининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга; – фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, бунга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга; – одил судловга оид ҳу¬қуқий нормаларни халқаро стандарт¬ларга мослаштириш, бу борадаги халқаро ҳужжатлар нормаларининг миллий қонунчиликка имплементация қилинишига; – суд ҳокимияти билан боғлиқ масалаларни меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиш амалиётини бекор қи¬лишга, одил судлов самарадорлигини оширишга; – суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича хал¬қаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади. Бундан ташқари қонунда БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларига доир маърузасида берилган тавсиялари инобатга олинган ҳолда муайян нормалар баён этилди. Бу ҳам мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятлари бажарилишига қў¬шилган ҳиссадир.
“Судлар тўғрисида”ги 28.07.2021 йилдаги ЎРҚ-703-сон Қонунига асосан суд тизими ўзгартирилди, Конституциявий суд ва Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби эса алоҳида қонунлар билан белгиланади. Янги қонунга кўра, суд тизими энди қуйидагилардан иборатдир: • Конституциявий суд; • Олий суд; • ҳарбий судлар; • Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари; • Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари; • фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари; • жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари; • туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари; • туманлараро маъмурий судлар. Конституциявий суд ва Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонунлар билан белгиланади. Қуйидагиларнинг ваколатлари чегараси белгиланди: • Олий суд, унинг Пленуми ва Раёсати, шунингдек раис, раиснинг биринчи ўринбосари ва раиснинг ўринбосарлари – судлов ҳайъати раислари; • Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, уларнинг раёсатлари ва суд ҳайъатлари; • фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, иқтисодий судлар; • Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди; • туманлараро маъмурий судлар. Судьялик лавозимига сайланадиган, тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талаблар эса Қонуннинг 68-моддасида кўрсатилган бўлиб, унга кўра: • Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 15 йиллик иш стажига (2021 йил 29 июлгача амалда бўлган Қонунда 10 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йиллик иш стажига(олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси бўлиши мумкин. • Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 10 йиллик иш стажига (олдин 7 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 2 йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси бўлиши мумкин. • Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, 35 ёшга тўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида 7 йиллик иш стажига(олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин. • Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.
• “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 71-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун — 65 ёшни ташкил этади. • Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 5 йилгача, бошқа судлар судьясининг ёши эса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан худди шундай 5 йилгача узайтирилиши мумкин. • Судья қонунчиликка мувофиқ пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Қуйидагилар эса судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас: • жиноят содир этганликда айбланаётган шахс; • илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс; • чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс; • суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс; • психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс; • судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс.
• “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилади.
Қонуннинг 85-моддасига кўра, ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.
Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги илгари қонуннинг 73 моддаси билан тартибга солинган бўлса, энди ушбу нормага 4 та моддадан иборат 11-боб бағишланган. Унга кўра, судья интизомий жавобгарликка қуйидаги ҳолатларда тортилиши мумкин: • одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлик учун; • суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун; • судьялик шаъни ва қадр-қимматига боғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун; • Судьялар одоби кодекси талабларини бузганлик учун. Судяларнинг малака ҳайъати судяга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўллаши мумкин: • огоҳлантириш; • ҳайфсан; • ўрача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима; • малака даражасини бир поғонага пасайтириш; • ваколатларини муддатидан илгари тугатиш. Янги қонун билан киритилган 12-боб судянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳолатлари ва тартибини назарда тутади. Судяларни моддий қўллаб-қувватлашга келадиган бўлсак, янги қонун уларга уй-жой олиш ва ижарага олинган турар-жой бинолари учун компенсация олиш имкониятини беради. Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади. Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади. Суд мажлисида ҳозир бўлган шахслар ва ОАВ вакиллари қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин. Бироқ, тартибнинг ўзи ушбу қонунда баён қилинмаган. Бир сўз билан айтганда, қонуннинг қабул қилиниши эса Ўзбекистон Республикасида суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини ва судьялар мустақиллиги кафолатларини такомиллаштиришга, судьялик касбининг обрўсини кўтаришга, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суднинг нуфузини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Баходир Эргашев, Бухоро вилоят суди судьяси
Озоджон Новрузов, Бухоро вилоят суди судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Бухарский областной суд