Апелляция шикояти нега ишни кўрган судга
тақдим этилиши керак?

Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақли эканлиги қонун билан мустаҳкамланган.
Прокурор, юқори турувчи прокурор фақат прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.
Апелляция шикоятлари (протестлари) қайси суд инстанцияси томонидан кўриб чиқилиши ҳам белгилаб қўйилган бўлиб, бунда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари устидан вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларнинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан; вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларнинг ҳал қилув қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.
Бир ҳолатга алоҳида эътибор қаратиш лозимки, апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўллансада, ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилиши лозим.
Лекин айрим ҳолатларда амалиётда апелляция шикоятларини тўғридан-тўғри апелляция инстанцияси судига берилаётганлиги ҳолатларини кўплаб учратиш мумкин.
Амалдаги Иқтисодий процессуал кодекс талабларига кўра, бундай тартибга амал қилинмаган ҳолда тақдим этилган апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарорини қабул қилган иқтисодий судни четлаб ўтган ҳолда юборилганлиги сабабли судья томонидан қайтарилиши белгиланган.
Биргина Бухоро вилояти иқтисодий судларидаги статистик маълумотларни олиб кўрсак, бундай асос билан қайтарилган апелляция шикоятлари 2020 йил 1 тани ва 2021 йилда 2 тани ташкил этган бўлса,
2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 9 тани ташкил этган.
Бу каби ҳолат ушбу тадбиркорлик субъектларини ортиқча овора бўлишига олиб келган десак муболаға бўлмайди. Айрим ҳолатда эса апелляция шикоятини беришни муддати ўтиб кетиб қолишига ҳам олиб келиши мумкин.
Хўш, мисол учун апелляция шикояти бевосита вилоят судига тегишли туманлараро иқтисодий судни четлаб ўтган ҳолда келиб тушди. Вилоят суди ўзининг тизимида бўлган туманлараро иқтисодий судидан иқтисодий иш ҳужжатларини талаб қилиб олишга ҳаққи борми? Бор, албатта.
Шу ўринда ИПК қоидаларига кўра, кассация шикояти тўғридан тўғри кассация инстанцияси суди (мас. Олий суд)га берилади, Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича тегишли иқтисодий ишни талаб қилиб олишга ҳақли.
Фикримизча, худди шундай қоидани апелляция институтига ҳам тадбиқ этиш, апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарорини қабул қилган иқтисодий судни четлаб ўтган ҳолда юборилганлиги сабабли судья томонидан қайтарилиши тўғрисидаги қоидани чиқариб ташлаш ва вилоят суди судьясини апелляция шикояти бўйича тегишли иқтисодий ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги тўғрисидаги қоидани киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Иккинчи вариант, кассация инстанциясида бўлгани каби апелляция шикоятини фақат тўғридан-тўғри апелляция инстанцияси судига тақдим этилиши, вилоят суди апелляция шикояти бўйича тегишли иқтисодий ишни талаб қилиб олиши, ҳал қилув қарорини қабул қилган суд иш ҳужжатларини апелляция инстанцияси судига юбориши шартлиги тўғрисида қоидалар киритилиши таклиф этилади.

Салимжон Абдурасулов
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари