Иқтисодий судларда судловга тегишлилик тушунчаси
Сўнги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши тадбиркорлик субъектларининг сон жиҳатдан ошишига олиб келмоқда. Ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг турли ҳудудларда жойлашиши улар билан боғлиқ иқтисодий низоларни ҳал қилишда қайси судга мурожаат қилиши керак деган саволни уйғотади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий ишларнинг судловга тегишлилиги масаласи қуйидагича баён қилинади.
Судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади. Фуқароларга нисбатан даъволар улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
Иқтисодий ишларнинг судловга тегишлилик қоидаларини амалий жиҳатдан беш турга бўлиш мумкин.
Даъвогарнинг танлови бўйича судловга тегишлилик. Турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар аризачи давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар кўчмас мулк жойлашган ердаги судда кўрилади.
Юридик шахслар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.
Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар, кўчмас мулк ҳақидаги низолар, шу жумладан кўчмас мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги ёхуд мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш ҳақидаги ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги бошқа даъволар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга тақдим этилади.
Бундан ташқари судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра тарафларнинг келишувига шартномада алоҳида кўрсатилган ҳолда низони кўриб чиқувчи судни тарафлар ўз ихтиёрларига кўра ҳам белгилаши мумкин.
Қоракўл туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Зоиров
Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Абдуллаев