Олий таълим ташкилотлари ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 51-моддасига асосан, “Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга”.
Ўзбекистонда олий таълим тизими тубдан ислоҳ этилмоқда. Жумладан, нодавлат олий таълим муассасалари очилмоқда, хорижий университетлар филиаллари сони ортмоқда, олис ҳудудларда ҳам университет филиаллари ташкил этилмоқда, 41 та давлат олий ўқув юртларига академик ва молиявий мустақиллик берилди.
Олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида фаолият юритиши – уни маъмурий бошқаришдан тортиб то ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот жараёнини ташкил этишда академик эркинликка эга бўлишини тақозо этади.
Академик эркинлик – олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот ташкилотларида таълим бериш ва илмий-тадқиқот ўтказиш эркинлигидир. Ушбу эркинлик ўқув жараёнини мустақил шакллантириш, профессор ўқитувчиларни дарс ўтиш эркинлигида, илмий-тадқиқот мавзуларини мустақил танлаш ва тадқиқ этиш, унинг натижаларини нашр этиш ва тарқатиш, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар академик эркинлигини чекланмаслигида ва бошқаларда намоён бўлади.
Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятининг ривожланишига, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга, ушбу соҳага ташқи аралашувни чеклашга хизмат қилади.
Бухоро вилоят суди судья катта ёрдамчиси
Д.Гадоев