ОИЛА ҚЎРҒОНИ ДАРЗ КЕТМАСИН

Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам.

Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор. Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

— Албатта, кундалик ҳаётимизда оилавий ажримларга сабаб бўлаётган турли омиллар мавжуд. Масалан, ажримларнинг энг муҳим сабаблардан бири, бу – иккала томон бир-бирларини яхши билмай оила қуришидир. Ёки келин-куёвнинг турмушга тайёр эмаслиги, меҳнат қилишга ўрганмаганлиги, сабр ва ирода билан енгиш мумкин бўлган қийинчиликларга тоқат қилмаслигини ҳам оилавий ажримлар асоси сифатида баҳолаш мумкин.

Бундан ташқари, айрим куёвларнинг ичкиликка ружу қўйиши, баъзан гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлиши ҳам гулдек оилани парчалаб юбормоқда.

Шу ўринда қонунчиликка киритилган бир янгиликка эътиборингизни қаратмоқчимиз. 2018 йил 3 январда қабул қилинган “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан Оила кодексининг 40-моддаси “Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак”, деган мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди. Бу тўлдириш оилавий ажримларнинг олдини олишга, айниқса, ёш оналарнинг ҳуқуқларини таъминлашга, фарзандларнинг келажаги учун хизмат қилади.

Кези келганда оилавий ажримларнинг яна бошқа омиллари ҳақида ҳам фикр-мулоҳаза юритсак. Айтайлик, оилаларнинг бир-бирига мос эмаслиги (лўнда қилиб айтганда, тенг тенгини топмаганлиги) ҳам ажримларни юзага келтиради. Яъни куёвнинг оиласидаги ҳаёт тарзи келинникидагига умуман ўхшамайди. Уларнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши, фикрлаши, моддий имкониятлари бутунлай фарқ қилади. Охир-оқибат келишмовчилик, ўзаро жанжал, дилхираликлар рўй беради ва бу ҳолат ажрим билан якунланиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундай вазиятда ота-онанинг бир умр йиққан-терганлари, тўйга қилган харажатлари, ҳаттоки, шириндан-шакар фарзандлар ҳам кўзга кўринмай қолади. Қолаверса, қонуний никоҳга нисбатан бефарқлик, шошма-шошарлик ортида никоҳни қонуний расмийлаштирмасдан, шаръий никоҳ билан кифояланиб турмуш қуриш ҳолатларини ҳам ҳеч иккиланмай ажримларга сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Бундан ташқари, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳам баъзан ажрим билан якун топади. Яъни айрим ота-оналар жиддий ўйламасдан, ўз орзу-ҳавасларини фарзандининг бахтидан устун қўйишмоқда. Аниқроғи, улар қизини эрта турмушга берадилар ёки яқин қариндошлари билан қуда-анда бўлишмоқда. Аммо набираларининг нуқсон билан туғилишига, бунинг оқибатида ўғли ёки қизининг бир умр ногирон боласига термулиб ўтишига ёхуд кўп ўтмай ажрашиб, юз кўрмас бўлиб кетишларига замин яратаётганларини хаёлига ҳам келтиришмаяпти.

Тўғри, оилавий ажримларнинг яна бир асосий омили бор, бу – фарзандсизликдир. Бунда кўпинча томонлар ўзаро келишиб, бир-бирларини тушуниб ажрашишади. Ўртада гина-кудурат ёки ортиқча миш-миш ва ғийбатларга ўрин қолмайди.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Икки ёшнинг бошини қовуштириб, бир оилани барпо қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун ота-оналар, ёши улуғлар кўпдан-кўп маслаҳат ва саъй-ҳаракатлар қилишади, елиб-югуришади. Бироқ ёш эр-хотин ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар туфайли гулдек оиланинг барбод бўлиши ачинарли ҳол. Баъзан маҳалла фаолларининг оилалардаги келишмовчиликлар, жанжалларга бефарқлиги, улардаги яраштирув комиссияларининг масъулиятсизлиги туфайли ҳам оилавий ажримлар пайдо бўлаётганини минг таассуф билан тилга олиш лозим. Шунинг учун ота-оналар, тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари бу масалага ҳамиша масъулият билан ёндашсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Токи, муқаддас оила қўрғони ҳеч қачон дарз кетмасин.

Нодирбек ФАЙЗИЕВ,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Зафар УСМОНОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Ғиждувон туманлараро судининг раиси