ОДАМ САВДОСИ – ДАВР ВАБОСИ
Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси “Одам савдоси” деб номланиб, мазкур моддада ушбу тоифадаги жиноятнинг содир этиш усули, турлари ва бу жиноятлар учун тайинланадиган жазолар қайд этилган. Одам савдоси бу- одамни олиш-сотиш, ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланади.Мазкур ҳаракатларнинг содир этилиши жиноий оқибат юз берган-бермаганидан қатъий назар жиноят тугалланган деб топилади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланган қилмишларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик юзага келади.
Одам савдоси жинояти миллат, давлат ва чегара танламайди. Ушбу жиноят бир давлатнинг ҳудудида бошланиб, унинг оқибатлари бошқа давлатларнинг ҳудудида юз бериши мумкин.
Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва ҳ.к.лар сифатидаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосида одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.
Шахс одамни унинг эвазига ҳақ олинганидан сўнг топшириш шарти билан сотишга ваъда бериб, бироқ азалдан унинг қасди моддий қимматликларни эгаллашга қаратилган ва унда битим шартларини бажариш нияти бўлмаган ҳолларда унинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этади, олувчининг ҳаракатлари эса сотиб олиш тариқасидаги одам савдосига суиқасд сифатида баҳоланади.
Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилади.
Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади.
Фоҳишабозликдан фойдаланиш деганда, одамдан унинг ҳақ эвазига номуайян доирадаги жинсий шериклар билан шаҳвоний муносабатларга киришишидан муттасил фойдаланиш тушунилади. Бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатация деганда, одамнинг ундан порнографик тасвирлар тайёрлаш, бузуқ ҳаракатлар содир этиш ва ҳ.к. мақсадларда фойдаланиш учун берилиши тушунилади.
Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.
Қуллик – ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини англатади.
Эрксизлик ҳолати – шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатади.
Ёллаш деганда эксплуатация қилиш мақсадида одамни бирор бир фаолият билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган фаолият (эксплуатация объектини қидириш, тўплаш, у билан музокара юритиш ва ҳ.к) тушунилади;
ташиш – шахсни олиш-сотиш битими тузиладиган (ижро этиладиган), бошқа шахсга топшириладиган жойга ёки ундан эксплуатация мақсадида фойдаланиладиган жойга етказиб бериш (транспортда ташиш)ни англатади. Бунда етказиб бериладиган шахс одам савдосини амалга ошириш учун мўлжалланганлиги ташувчига олдиндан маълум бўлиши лозим. Ташиш битта аҳоли пункти доирасида ҳам, Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиш билан боғлиқ тарзда ҳам амалга оширилиши мумкин;
топшириш – одамни бошқа шахсга эксплуатация қилиш мақсадида жисмоний тарзда беришда ифодаланади;
яшириш – жабрланувчини ҳокимият вакилларидан, қариндошларидан ёки унинг тақдиридан манфаатдор бошқа шахслардан ҳар қандай жойда хуфия сақлашда ифодаланади;
қабул қилиш – одамни ўз мақсадларида эксплуатация қилиш учун эгаликка олиш (масалан, ҳадя тариқасида, вақтинча текин фойдаланиш учун ёки қарз эвазига ва ҳ.к.) ни англатади.Одамни сотиб олиш ҳоллари бундан мустасно.
Ўғирлаш деганда, одамни қонунга хилоф равишда, яширин ёки ошкора қўлга киритиш ва унинг эркига хилоф равишда уни олиш-сотиш ёки эксплуатация қилиш мақсадида бошқа жойга олиб кетиш тушунилади.
Зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда, боғлаш, озодликдан маҳрум этиш, уриш-дўппослаш, ушлаб туришдан бошлаб, жабрланувчининг соғлиғига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш, шунингдек жабрланувчининг соғлиғига зиён етказмаган бўлсада, бироқ қўлланилган пайтда бундай зиён етказишга реал имконият туғдирган зўрликкача бўлган ҳар қандай мажбурлаш тушунилади.
Бошқа шаклдаги мажбурлаш деганда, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларининг мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд шикаст етказиш ёки нобуд қилиш билан таҳдид қилиш, жабрланувчи ёки унинг яқин кишилари обрўсини тўкадиган маълумотларни ёки уларнинг ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни тарқатиш ёхуд жабрланувчини айбдорнинг у ёки бу кўрсатмаларини бажаришга мажбур этадиган вазиятни вужудга келтирадиган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш тушунилади.
Моддий қарамлик, жумладан жабрланувчи айбдорнинг тўлиқ ёки қисман қарамоғида бўлганлигини, қарздорнинг кредиторга мутелигини ва ҳ.к.ни англатади.
Бошқа жиҳатдан қарамлик деганда, жабрланувчининг айбдорга ҳар қандай номоддий қарамлигини (масалан, оилавий муносабатлар, тобе шахснинг раҳбарига, ўқувчининг ўқитувчига қарамлигини) тушуниш зарур.
Жабрланувчини чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб туриш унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтиши ёки Ўзбекистон Республикаси дипломатик ёки консуллик муассасалари билан алоқа боғлаш имкониятидан маҳрум қилинишида намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят қонунчилигида чақалоқ савдоси учун алоҳида норма мавжуд бўлмасада, чақалоқ ҳам индивид яъни, инсон ҳисобланганлиги боис, унга нисбатан содир этилган одам савдоси жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.
Мазкур тоифадаги жиноятларнинг субеъкти, 16 ёшга тўлган ҳар қандай жисмоний шахс, айрим ҳолларда эса жабрланувчининг ота-онаси, яқин қариндошлари ёки бевосита тиббиёт ходимлари ҳам бўлишлари мумкин.
Нодир Ашуров,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти