on 23 Iyun 2022 By admin Янгиликлар Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш қандай олиб борилмоқда Корру́пция (лат. corrumpere — маънавий (ахлоқий) жиҳатдан бузиш, разиллаштириш, йўлдан уриш, лат. corruptio — пора бериб сотиб олиш; бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш; чириш; сотқинлик,(таназзул) – одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатадиган атама.Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига кўра коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб белгиланган.Жаҳонда коррупция ҳолатларининг кўриниши ва тавсифи кўп. Унинг келиб чиқиш сабабларини очиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича олимлар, халқаро ташкилотлар, давлат органлари томонидан юзлаб тадқиқотлар ўтказилган.Айтиш жоизки, юртимизда коррупцияга қарши сиёсатни олиб бориш бўйича жуда катта ислоҳотлар олиб борилмоқда.Мамлакатимизда “коррупция” сўзи ишлатилган 207 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Уларнинг барчасида ушбу сўз коррупцияга қарши курашиш мақсадида ишлатилган.Президентмиз ўз лавозимига киришгандан сўнг имзолаган дастлабки қонунлардан бири ҳам айнан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун бўлди (2017 йил 3 январь).Фуқаролик жамияти институтлари иштирокида коррупцияга қарши жуда катта маърифий кураш, тадбирлар олиб борилмоқда. Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш мавзуларида ўқув дастурлари жорий этилди.Давлат органларининг халқ билан мулоқот қилиш тизими йўлга қўйилди. Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси тизими ривожланмоқда.Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланмоқда, давлат хизматчисининг ҳар бир ножўя хатти-ҳаракати, унинг ким бўлишидан қатъи назар, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали ошкор этиб борилмоқда.Коррупцияга қарши сиёсатимизни мувофиқлаштирган ҳолда олиб бориш мақсадида нафақат республика даражасида, балки ҳудудларда ҳам Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар тузилди.Давлат харидларини амалга ошириш борасида сифат жиҳатдан янги тизимга ўтилди. Хусусан, 2018 йилда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун билан эса, давлат органининг хусусий шерикни танловга кўра саралаб олиш механизми жорий этилди.Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш мувофиқлаштирилади ва алоҳида назоратга олинадиган бўлди. Ҳатто, текширишларга мораторий ҳам эълон қилингани барчамизга маълум.Давлат хизматчилари билан субъектив контактни минималлаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида бу жараёнга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали амалга оширилмоқда, ҳуқуқбузарликлар электрон рақамли воситалар орқали қайд этилмоқда.Кўпгина давлат хизматчиларининг аҳоли билан муносабатлари камералар орқали кузатиб борилади, ҳатто, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари эндиликда “боди камералар” билан жиҳозландилар.Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ажратиш фақат электрон онлайн аукцион орқали амалга оширилиши тартиби жорий этилди.Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат хизматчиларида коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш этиб белгиланди.Шу билан бирга, Трансперенси Интернейшнл халқаро ташкилоти томонидан коррупцияга қарши кураш борасида дунё рейтингида Ўзбекистонга берган баҳоси йилдан йилга яхшиланиб бормоқда.Шундан кейин ҳам мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида тизимли ишлар давом эттирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони коррупцияга қарши курашни янада такомиллаштиришда муҳим асосга айланди. Фармонда “Коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгилансин”, дея қайд этилди. Шу иқтибоснинг ўзиёқ, бугунги кунда коррупцияга қарши кураш нақадар муҳим эканлигини кўрсатмоқда.Жахонгир КАРИМОВ,Фуқаролик ишлари бўйичаРомитан туманлараро суди судьясиУбайдулло АЛЛАЕВ,Фуқаролик ишлари бўйичаРомитан туманлараро суди судьяси