Ўзбекистон Республикасида ёшларга оиддавлат сиёсати

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати –2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун эканида ҳам рамзий мазмун-моҳият мужассам. Бинобарин, аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини мамлакат раҳбари ва ҳукумат яхши англайди.

2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни 4 боб, 33 моддадан иборат бўлиб, ушбу Қонуннинг мақсади ѐшларга оид давлат сиѐсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ёшларга оид давлат сиёсати рўёбга чиқаришда барча давлат органлар ва муассасалар масъул бўлиб, улғайиб келаётган ёшларни ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда ва ушбу қонунинг мазмун моҳиятни чуқур англашлари учун барча куч ғайратини сарфлаши даркор. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ташаббуси билан барча суд тизимида инсон ҳуқуқлари ҳафталиги ўтказилиши муносабати билан ФИБ Қоракўл туманлараро суди судьялари томонидан жорий 21 февралдан 25 февралга қадар “Инсон ҳуқуқлари –олий қадрият” “Судья ва ёшлар” мавзуларида Олот ва Қоракўл туманлари таълим муассасаларида ва маҳалла фуқаролар йиғинларда ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.

Хулоса қилиб шуни англаш мумкинки Ўзбекистон Буюк келажак сари интилар экан  ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириб, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга ёшларни тарбиялаш орқалигина эришиши мумкиндир

Илхом Джураев,

Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси

Файзулло Кадиров,

Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси