Ўз мансаб лавозимини суиистеъмол қилган мактаб директори

Судланувчи Т.И.Р. давлат ташкилоти бўлган Бухоро шаҳар умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимида ишлаб келиб, эгаллаб турган лавозимига кўра мансабдор шахс бўла туриб, ўз мансаб лавозимига кўра меҳнат шартномалари тузиш ва бекор қилиш каби ваколатларига эгалигидан ғараз мақсадда фойдаланиб, 2020 йил 08 февраль куни тахминан соат 11:30да ўз хизмат хонасида хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Ю.Х.дан 2020 йилнинг 3-10 январь кунлари асоссиз равишда ишга келмаганлиги сабабли унга чора кўрмаслик ва меҳнат шартномасини бекор қилмаслик эвазига, таъмагирлик йўли билан фуқаро Ю.Х.дан кимёвий ишлов берилган 100 дона 500 сўм купюрадаги жами 500.000 сўм пулларни пора тариқасида олган вақтда департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ва Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ушланган.
Судланувчи Т.И.Р. суд мажлисида берган кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, у 26 йилдан буён педагогика соҳасида, 2019 йилдан Бухоро шаҳар умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимида ишлаб келаётганлигини, ушбу мактабда Ю.Х. 2019 йил сентябрь ойидан буён рус тили фани ўқитувчиси вазифасида ишлаб келаётганлигини, у 2020 йил 3 январь кунидан 10 январь кунигача узрсиз сабабларга кўра ишга келмаганлигини, бу вақтда у синов даврида бўлганлигини, 2020 йил 11 январь куни ишга келганида,
у Ю.Х.дан 3-10 январь кунлари нима сабабдан ишга келмаганлиги тўғрисида сўраганида, у онаси касал бўлиб қолганини, уни кўриш учун ……  туманига кетганлигини айтганлигини, шундан сўнг у январь ойининг охирида мактаб ўқитувчиларининг 2020 йил январь ойида ишга келганликлари тўғрисидаги табелларни тўлдираётган вақтида, Ю.Х.ни хизмат хонасига чақириб, унга 2020 йилнинг 3 январь кунидан 10 январь кунига қадар асоссиз равишда ишга келмаганлиги учун табелга ишга келмаганлиги тўғрисидаги ёзувни киритмоқчи эканлигини, бунинг натижасида у меҳнат кодексига асосан ишдан бўшатилиши ёки интизомий жазога тортилиши мумкинлигини айтганида, у унга оилавий шароити оғирлигини ва ишдан бўшаб кетса моддий томондан қийланишини билдирганлигини, шундан сўнг у Ю.Х.га уни ишга келмаган кунларини табелга киритмаслик ва ишдан бўшатмаслик эвазига 500.000 сўм пулларни беришини айтиб ўзаро келишганлигини, Ю.Х. унинг талабига рози бўлиб, ҳозирги вақтда олдида 500.000 сўм пули йўқлигини, ойлик маошини олганда беришини айтганлигини, у унинг гапларига рози бўлиб, 2020 йилнинг январь ойи давомида мактабнинг ўқитувчилари ишга келганлиги тўғрисидаги табелга гўёки 3-10 январь кунларигача Ю.Х. ишга келганлиги тўғрисидаги ёзувни киритганлигини, 2020 йил 7 февраль куни Ю.Х. билан учрашиб қолганлигини, ундан келишилган 500.000 сўм пулларни қачон беришини сўраганида, у унга пластик карточкасидаги пулларни нақдлаштириб беришини билдирганлигини, шундан сўнг 2020 йил 8 февраль куни у соат тахминан 11:30 ларда Ю.Х. хизмат хонасига кириб келиб, келишилган яъни у 2020 йилнинг 3-10 январь кунлари ишга келмаганлигини табелларга кўрсатмаслик ва унга нисбатан чора кўрмаслик эвазига 500.000 сўм пулларини олиб келганлигини билдирганида, у ундан бир боғлам 5000 сўмлик пулларни олиб, чўнтагига солганлигини ва Ю.Х.га хавотир олмаслигини, унинг тушунтириш хатини йиртиб ташлашини айтиб, хонасидан чиқиб, ўқитувчилар хонасига кирганлигини, орадан тахминан 5 дақиқа ўтгач унинг ёнига 4-5 нафар шахслар келиб, хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, ўзларини Бухоро вилоят ИИБ ҳамда ИЖҚК департаменти ходимлари деб таништириб, тадбир ўтказилаётганлигини билдириб, ундан бироз аввал Ю.Ҳ. билан ўрталарида бўлган ҳолат юзасидан сўраганларида, у ўзини таништириб, Ю.Ҳ.дан у 2020 йилнинг 3-10 январь кунлар асоссиз равишда ишга келмаганлиги учун унга чора кўрмаслик, яъни ишдан бўшатмаслик эвазига 500.000 сўм пулларини олганлигини айтиб, ушбу пуллар костюмидаги чўнтакда эканлигини айтганлигини, шундан сўнг тезкор тадбир ҳужжатлари расмийлаштирилганлигини, у ушбу пулларни ўз эҳтиёжларига эмас, балки мактабни таъмирлаш ишларига сарфламоқчи бўлганлигини, Ю.Х.
3-10 январь кунлари ишга келмаган бўлсада, ўқув ишлари бўйича мудира Н.Н.га ҳам Ю.Ҳ.ни табелда ишга келган деб белгилашни айтганлигини, у педагогик фаолияти давомида интизомий жазо олмаганлигини, 1994 йилдан ҳозирги кунгача унинг кўп ўқувчилари фан олимпиадаларида ғолиб чиққанлигини, бундан ташқари у таълим соҳасида янги дастур устида ишлаб, уни тақдим қилганлигини, халқ таълими аълочиси бўлганлиги, ҳозирда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.
 Суд судланувчи И.Т.га жазо тайинлашда, унинг шахси, ёшини, оилавий шароити, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, оилавий шароити, суддаги ўзининг ҳаракатига салбий баҳо бериш кўринишидаги хулқ-атвори, жиноят содир этгунга қадар ва ундан кейинги хулқ-атвори ва ишдаги бошқа ҳолатларни инобатга олиб, унга нисбатан муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан айбли деб топди ва қилган қилмишига яраша жазо тайинланди.
     
 
Завқий Қурбонов,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
 
Жўрабек Тожиев,
Жиноят ишлари бўйича Бухор шаҳар судининг судьяси