Мерос ҳуқуқига боғлиқ низоларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари.

1)     Мерос ҳуқуқининг вужудга келиш асослари;
2)     Мероснинг меросхўрларга ўтиш асослари, тартиби ва шартлари;
3)                     Судлар томонидан ворислик муносабатларидан келиб чиқадиган низоларнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал этилишининг ўзига хос хусусиятлари.
 
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V бўлимида “Ворислик ҳуқуқи” билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар тартибга солинган бўлиб, унда ворислик асослари, мерос таркиби, умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш, деҳқон хўжалиги ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини мерос қилиб олиш, мероснинг очилиши, мероснинг очилиш жойи, меросхўрлар, нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш ва ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган.
Ворислик – фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институти ҳисобланади. Фуқаро вафот этган тақдирда, унинг мол-мулки ва мулкий ҳуқуқ мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши асослари, тартиби ва шартларини белгилайди. Мерос қолдирувчи ҳаётлигида эга бўлган мулк, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ворислик ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади ва унинг предмети ҳисобланади. Меросхўрларга ўтиши мумкин бўлган мулк ва мулкий ҳуқуқ мажбуриятларининг жамиси меросни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексини 1113-моддасига кўра, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.
Мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:
юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;
ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.
Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.
Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади. Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар. Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Васият ва қонун бўйича ворислар сифатида, жумладан, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган шахслар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлиги пайтида ҳомила ҳолида бўлиб, мерос очилгандан сўнг тирик туғилган болалари бўлиши мумкин.
Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин. Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди. Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас. Мерос қолдирувчи ўзи васиятномада меросхўр этиб тайинлаган шахсларга, ўз навбатида вафот этишлари эҳтимоли билан ўзларига васият қилинган мол-мулкни муайян тарзда тасарруф этиш хусусида кўрсатма бериш мажбуриятини юклашга ҳақли эмас.
Фуқаролик кодексининг 1124-моддасида, “Васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар” белгиланган бўлиб, васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.
Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:
нотариал тасдиқланган васиятномалар;
нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.
Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.
Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.
Қуйидагилар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:
нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс;
васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;
тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;
саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;
ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.
Қонун бўйича меросхўрлар ворисликка Фуқаролик Кодекснинг 1135 ––1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида чақириладилар.
Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар.
Ворислар қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворисларга бўлинади. Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар. Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади. Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.
Ворислик муносабатларидан келиб чиқадиган низоларнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал этилиши мулк дахлсизлиги ва мерос ҳуқуқи қўриқланишига доир конституциявий кафолатлар (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддаси) таъминланишининг ўта муҳим воситаси ҳисобланади.
Мерос таркибига фақат мерос қолдирувчига қонуний асосларда тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилган ҳолда киритилади.
Мерос қолдирувчи томонидан тузилган олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва шу каби битимлар унинг ўлимидан сўнг ҳақиқий эмас деб топилганда, қайтарилган мулк ҳам мерос таркибига киритилади.
Биргаликдаги умумий мулк иштирокчиси вафот этган тақдирда мерос унинг ҳиссасига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан, мол-мулкни натура ҳолида бўлишнинг иложи бўлмаганда эса, бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.
Фуқаролик кодексининг 1119-моддаси биринчи қисмига кўра, нолойиқ меросхўр деб топилиши мумкин бўлган шахсларнинг ворислигига оид низоларни кўришда шуни назарда тутиш лозимки, уларнинг қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланган, ворисликка чақирилишга имкон яратган қонунга хилоф ҳаракатлари, фақат бу ҳаракатлар қасддан содир этилгандагина меросдан маҳрум этиш учун асос бўлади.
Эҳтиётсизлик орқасида содир этган жинояти учун судланган шахсга нисбатан Фуқаролик кодексининг 1119-моддасида назарда тутилган қоида қўлланилмайди.
Меросхўр фақат суднинг ҳал қилув қарорига кўра ва фақат меросдан четлатиш ўзи учун ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатлар туғдирадиган шахснинг даъвоси бўйича нолойиқ деб топилиши ва меросдан четлатилиши мумкин.
Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда, унда меросхўр тариқасида кўрсатилган, бироқ тегишли навбатдаги қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган шахс умумий асосларда қонун бўйича ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.
Бундай ҳолларда, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган васиятномага кўра меросдан маҳрум этилган қонун бўйича меросхўр ҳам умумий асосларда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.
Васиятнома қонунда белгиланган тартибда тузилган ва васият қилувчининг вафотидан сўнг муайян оқибатлар келиб чиқишини назарда тутувчи бир томонлама битим ҳисобланади.
Қонунга биноан васият қилувчи ўз мулкини тўлиқ ёки қисман ҳар қандай шахс ёхуд бир неча шахсга, шунингдек юридик шахсларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёхуд давлатга васият қилиши, ёинки бир, бир неча ёки барча қонун бўйича меросхўрларни меросдан маҳрум қилиши мумкин.
Васиятномани ҳақиқий эмас деб топишга оид даъволарни кўришда, судлар Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни назарда тутувчи нормаларига амал қилишлари лозим.
Мерос қолдирувчи томонидан зиммасига бирор бир мажбурият бажарилиши юклатилган васиятнома бўйича меросхўр ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи ўртасидаги низоларни кўришда, судлар ФК 1132-моддаси талабларига риоя этишлари лозим.
Васиятнома ва унинг асосида берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай талаблар бўйича суд томонидан келишув битими тасдиқланишига, у қонунга зид бўлиши туфайли йўл қўйилмайди.
Қонунчиликка кўра, васият қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз (шу жумладан, фарзандликка олинган) болалари, унинг меҳнатга қобилиятсиз эри(хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ҳам қонун бўйича меросхўр бўладилар. Бу ўринда шуни назарда тутиш лозимки, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўрлар, мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, иккинчи ва ундан кейинги навбатдаги ворислар мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга эмас.
Мажбурий улуш белгилашда қонун бўйича ворисликка чақирилиши мумкин бўлган барча меросхўрлар инобатга олиниши ва мерос таркибига кирувчи барча мол-мулкдан келиб чиқилиши лозим.
Меросхўрга мажбурий улуш тайинлашда у мерос тариқасида бирон-бир асосга кўра олаётган барча нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам инобатга олинади.
Қуйидаги ҳолларда ҳам қонун бўйича ворислик мавжуд бўлади:
тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик;
мерос трансмиссияси тартибида ворислик;
мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари томонидан ворислик.
Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бирдек даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Масалан, агар ўғил (қиз) отаси ёки онасидан олдин вафот этган бўлса, унинг болалари бобоси ёки бувисининг вафотидан сўнг қолган меросга нисбатан тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр бўлади.
Қонун бўйича марҳум меросхўрнинг эри(хотини) тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис бўла олмайди.
Мерос трансмиссияси тартибида ворислик васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр (трансмиттент) мерос очилганидан кейин, лекин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган ҳолларда амалга оширилади. Бундай ҳолларда унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига (трансмиссарларига) ўтади.
Мерос трансмиссияси қуйидаги шартларда вужудга келади:
мерос очилган пайтда ворислик ҳуқуқига эга бўлган васият ёки қонун бўйича меросхўрнинг борлиги;
васият ёки қонун бўйича меросхўр меросни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этганлиги сабабли унинг меросдаги улуши тақдирини ҳал қилиш зарурати пайдо бўлганлиги;
вафот этган меросхўр унинг меросхўрлари билан алмаштирилиши мумкинлиги.
Меҳнатга қобилиятсиз шахсларни қонун бўйича меросхўр деб топиш учун бир вақтнинг ўзида икки ҳолатнинг мавжуд бўлиши, яъни бундай шахсларнинг бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлиши ва мерос қолдирувчи билан унинг вафотига қадар бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида бирга яшаган бўлиши талаб этилади.
Иккинчи, учинчи ва тўртинчи навбатдаги қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирувчи меҳнатга қобилиятсиз шахсларга келганда эса, улар ворисликка чақирилиши учун фақат уларнинг мерос қолдирувчи вафотига қадар унинг қарамоғида бир йилдан кам бўлмаган муддат ичида бўлганлигини аниқлашнинг ўзи кифоя.
Меҳнатга қобилиятсиз шахсни мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб топиш учун бундай шахс мерос қолдирувчининг тўлиқ таъминотида бўлганлиги ёки ундан олиб турилган моддий ёрдам унинг ҳаёт кечириши учун асосий ва доимий манба бўлганлиги факти аниқланиши лозим. Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, иш (хизмат) жойи маъмурияти, ижтимоий таъминот бўлими томонидан берилган ҳужжатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланиши мумкин.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган.
Меросдан воз кечиш тўғрисида ариза берган меросхўр кейинчалик уни бекор қилиши ёки қайтариб олиши мумкин эмас. Бундай воз кечиш фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ва қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Баён этилганлардан кўринадики, ворислик масалалари ҳозирги вақтда ҳам долзарб масала ҳисобланади.
Ворислик ҳуқуқи жамиятнинг ҳар бир аъзосига мулклари, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари васият ёки қонун бўйича мерос бўлиб ўтиши кафолатланганлигини тушунган ҳолда яшаши ва ишлашига имкон яратади.
 
                                                                   
Озоджон НОВРУЗОВ,
Бухоро вилоят суди судьяси.
 
Азизжон ШАРИПОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Ғиждувон туманлараро суди судьяси