on 29 Noy 2021 By admin Янгиликлар Маъмурий судлар томонидан ерга оид низоларни кўришнинг ўзига хос жиҳатлари Ўзбекистон Республикасида ерга бўлган мулкчилик ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ва ер муносабатларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Хусусан, 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган Ер кодексига асосан, ер – давлат мулки, умуммиллий бойлик ҳисобланиб, давлат томонидан муҳофаза етилиши, олди-сотди қилинмаслиги, айрбошланмаслиги, ҳадя қилинмаслиги ва гаровга қўйилмаслиги белгиланган.Ерга бўлган мулкчилик ҳуқуқлари ва ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи амалдаги ер кодекси билан тартибга солинади.Ер мулкдорлари, эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ер ҳуқуқбузарликлари натижасида келиб чиқадиган низолар тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга бўлади.Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган маъмурий-ҳудудий тузилишга тегишли ер участкаси ҳақидаги келишмовчиликларни ер низоси деб ҳисоблаб бўлмайди. Негаки, чегара билан боғлиқ ҳудудга доир муносабатлар давлат ҳуқуқининг объекти ҳисобланиб, ҳудудни бошқаришга оид ваколатлар эса маъмурий ҳуқуқ орқали тартибга соладиган ҳуқуқий муносабатлардир.Ер эгалари ва фойдаланувчиларининг у ёки бу орган ёхуд мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикояти судларда ер низоларини қўзғатишнинг асоси бўлиб хизмат қилиши мумкин, чунки ер низоси фақат шикоят бўйича эмас, балки бошқа асослар бўйича ҳам вужудга келади. Шундан келиб чиқиб таъкидлаш мумкинки, шикоят билан низо ўртасидаги муносабат процессуал шакл билан моддий-ҳуқуқий моҳият ўртасидаги ўзаро муносабатдир.Ер низолари субъектларининг ҳуқуқий мақоми ва низо объекти бўлган ер участкасининг мулкий мақомига кўра фуқаролик ҳуқуқий низолардан фарқлаш керак. Шундай бўлсада, уларни ҳал этишда асосан, фуқаролик ва фуқаролик процессуал ҳуқуқи нормалари асос бўлади, десак тўғридир.Ер бериш ёки уни олиб қўйиш ҳамда ерга эгалик қилиш юзасидан вужудга келадиган ер низоларини ерга эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги низолар ҳисобланади. Бундай низоларда томонлардан бири жисмоний ёки юридик шахс бўлади. Эгалик қилиш ҳуқуқига доир низоларга бундан ташқари шахсларга вақтинчалик берилган ерларнинг ўз вақтида қайтарилмаслиги сабабли вужудга келадиган низоларни ҳам қўшиш мумкин.Ердан фойдаланиш ҳуқуқининг бузилишини ернинг умумий майдонининг миқдорий ўзгаришида эмас, балки ердан фойдаланувчиларнинг ернинг сифатини бузилишига олиб келганликда ҳам кўриш мумкин. Бу ер участкаларини қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши учун яроқсиз ҳолга келтириш, уни ифлослантириш, эрозияга учратиш, сув босиш, тупроқ бонитетини тушириб юбориш, ерга зарарли чиқиндилар тўкиш каби ҳолатларда юзага келади.Бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи амалдаги ер кодексининг 36-модасида белгиланган қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:1) ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;2) ер участкаси берилган муддат тугаганда;3) юридик шахс тугатилганда;5) хизматда фойдаланиш учун чек ер бериб қўйишга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда, агар қонунчиликда бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса;6) ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида;7) ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда;8) ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;9) қонунчиликда белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда;10) қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида;11) мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса — гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида. Фойдаланилмаётган ер участкалари уларнинг аввалги эгалари тўлаган қиймат ушбу эгаларга компенсация қилинган ҳолда олиб қўйилади;12) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари раёсатининг қарорига мувофиқ фермер ёки деҳқон хўжалигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги тугатилганда;13) ер участкаси ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда олиб қўйилганда.Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:1) савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга сотилганда;2) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда қайта сотиб олинганда;3) қонунда белгиланган ҳолларда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа иморатлар ёки иморатларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан бирга мусодара этилганда;4) ижро ҳужжатлари бўйича ундирув ер участкасига қаратилганда.Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органлари ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни очиқ танлов ва электрон онлайн-аукцион якунлари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартириш йўли билан бекор қилишга ҳақли эмас. Ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечишидан яққол далолат берувчи хатти-ҳаракатлар (чет элга жўнаб кетганлик, ер участкасидан белгиланганидан кўпроқ муддат давомида фойдаланмаслик) содир этган тақдирда, бу ер участкаси қонунчилик билан белгиланган тартибда эгасиз мол-мулк тариқасида ҳисобга олинади.Ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечиш мазкур ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори мажбуриятларининг, ер участкаси бошқа шахсга берилгунга қадар, бироқ воз кечилган пайтдан ёки эгасиз мол-мулк тариқасида давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан узоғи билан бир йил мобайнида, бекор қилинишига сабаб бўлмайди.Юқорида айтилганлардан ташқари, ердан фойдаланиш ҳуқуқининг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор қилиниши билан боғлиқ ҳолда, вужудга келадиган ер низоларига ердан фойдаланувчи билан давлат органлари ўртасида ерни бериш ёки олиб қўйиш сабабли вужудга келадиган низолар, яъни ерни давлат томонидан тартибга солиш жараёнида юзага келадиган низолар киради. Бундан англашиладики, ердан фойдаланувчилар, ерга эгалик қилувчилардан ташқари ер фонди давлат бошқаруви органлари ҳам ер низоларида томонлардан бири сифатида бўлишлари ҳам мумкин. Шу билан бирга, ер бериш ёки ерни олиб қўйиш жараёнида ердан фойдаланувчи ёки бўлғуси фойдаланувчи билан давлат бошқаруви органи ўртасида зиддият ёки келишмовчилик вужудга келган тақдирда ҳам ер низоси келиб чиқади. Ушбу турдаги низорлар эса тааллуқлилик жихатидан маъмурий судларнинг иш юритувига киради.Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида баён этилганидек,ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат. Жамол Шарипов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Аслиддин Қодиров, Бухоро вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси