Коррупция – бу занглаш, емрилиш ва чириш деганидир

Коррупция – бу жамият ва ҳаётни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Бу иллат эса демократия ва қонун устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига, қонунчиликнинг издан чиқишига, шунингдек, бозор иқтисодиёти ривожига тўсқ бўлиб, ҳаёт сифатини ёмонлаштириш ҳамда одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган салбий ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади.

          Бу эса, ҳар-қандай шахсда хоҳ у оддий фуқаро ёки мансабдор шахс бўлсин уларда давлатга ҳамда қонун устворлигига нисбатан ишончнинг йўқолишига ҳамда жавобгарлик муқаррарлиги принципининг танозилга учрашига олиб келади. Натижада мансабдор шахсларнинг пора олиши, таниш-билиш, уруғ-аймоқчилик, гуруҳбозлик ёки маҳаллийчилик ва мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланишни оддий ҳол сифатида қабул қилишига, оддий фуқароларда эса «пора бермасдан масалани ҳал этиш мумкин эмас», деган психология ва инстинктнинг шаклланишига олиб келади.

          Албатта ҳозирги вақтда қонунчиликда ва давлат бошқарувида коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканлигини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

           Бироқ жамиятимизда Коррупцияни йўқотиш борасида қатий ислоҳатлар амалага оширилаётган бўлсада, мазкур иллатни тўлақонли бартараф этиш имкони бўлмаётганлиги кўриниб турибти.

           Жамиятда Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи буни амалга ошириш доирасида масъул идоралар ташкил этилган бўлса-да, мазкур сайи ҳаракатларнинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро, ҳар бир шахс ўзида масъулият ҳис этса ўйланган мақсадга эришиш бир мунча осонлашган бўлади.

Акрам Рахимов,

Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси