“Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун

Ўзбекистон Республикасида “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб ушбу соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди, шунингдек, соҳадаги ваколатли давлат органи, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ва ресурсларининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар белгилаб берилди. бугунги кунда рақамли маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ хавфларнинг ортиб бориши, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларига таҳдид солиши глобал рақамли бошқарув учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Аввалроқ, киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланган Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги ишчи орган бўлиши кутилаётган Киберхавфсизлик маркази ДУК томонидан “Ўзбекистон Республикасида киберхавфсизликни таъминлаш” бўйича 2021 йил учун эълон қилинган ҳисоботда: миллий сегментдан 17 миллиондан ортиқ зарарли ва шубҳали тармоқ фаолликлар бўйича ҳолатлар аниқлангани, ушбу фаолликларнинг кўпгина қисми, яъни 76 фоизи бот-тармоқ иштирокчиларидан иборатлиги айтилган. Шунингдек, марказнинг веб-иловаларни ҳимоя қилиш тизими ёрдамида интернет тармоғининг миллий сегментидаги веб-сайтларга қилинган 1,3 миллиондан ортиқ киберҳужумлар аниқлангани ва бартараф этилгани маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикасида ушбу қонунга анча муддат олдин зарурат туғилган эди, чунки бугун ахборот майдони кенгайиб, рақамлаштириш борасидаги ишлар кундан-кун ривожланиб бормоқда, бу ўз навбатида, кибермакондаги таҳдидларни ҳам юзага келтирмоқда. Ушбу муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу қонуннинг қабул қилиниши киберхавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш, ахборот тизимлари ва ресурсларининг яхлитлигини таъминлашга замин бўлади. Рухсатсиз ҳаракатлар, ахборотни йўқ қилиш, ўзгартириш, бузиш, нусхалаш, блоклаш ва мамлакатнинг ахборот тизимлари ва тармоқларига ноқонуний аралашишнинг олдини олишга хизмат қилади.

15 апрель куни «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. 40 та моддадан иборат мазкур қонун расман эълон қилинганидан 3 ой ўтиб қонуний кучга кириши белгиланган.

Қонунда, киберхавфсизликни таъминлашнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланган:

  • қонунийлик;
  • кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги;
  • киберхавфсизлик соҳасини тартибга солишга нисбатан ягона ёндашув;
  • киберхавфсизлик тизимини яратишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокининг устуворлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик учун очиқлиги.

Қонунга кўра киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилайди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Киберхавфсизлик субъектлари томонидан киберхавфсизлик ҳодисаларига нисбатан чоралар кўриш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

  • дастурий таъминотдаги ва қурилмалардаги заифликларни ҳамда хатоликларни бартараф этиш;
  • зарарли дастурларни йўқ қилиш, уларнинг тарқалишини чеклаш, киберҳужумлар манбаини техник жиҳатдан чеклаш;
  • ахборотлаштириш объектларини мавжуд кибертаҳдидлардан ажратиб қўйиш;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга киберхавфсизлик ҳодисалари тўғрисида маълумотлар тақдим этиш.

    Қонуннинг 3-моддасида соҳадаги асосий тушунчаларга таъриф берилган. Унга кўра, 
  • Кибержиноятчилик – ахборотни эгаллаш, уни ўзгартириш, йўқ қилиш ёки ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш мақсадида кибермаконда дастурий таъминот ва техник воситалардан фойдаланилган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар йиғиндиси ҳисобланади. 

           Кибермакон эса – ахборот технологиялари ёрдамида яратилган виртуал муҳитдир. Шунингдек, қонунда бошқа кўплаб зарурий атамаларга ҳам изоҳ берилган.

Қонуннинг 11-моддасига кўра киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли орган – ДХХга кўплаб ваколатлар берилган, хусусан:

  • киберхавфсизлик ҳодисалари юзасидан тезкор тадбирлар ва тергов ҳаракатлари олиб бориш, шунингдек уларнинг олдини олиш, бартараф қилиш ва оқибатларини тугатиш бўйича техник чоралар кўриш;
  • соҳага доир тадқиқотлар ва мониторинглар ўтказиш;
  • давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ҳокимликларни кибертаҳдидлар ҳақида огоҳлантириш;
  • Соҳа бўйича ваколатли орган – ДХХнинг қонуний талаб ва кўрсатмаларини бажариш мажбурийдир.

Шунингдек, қонуннинг 12-моддасига кўра ваколатли орган қуйидаги ҳуқуқларга эга эканлиги белгилаб қўйилган:

  • кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш учун техник қурилмалар ва хизматлардан текин фойдаланиш;
  • текширув ва назоратни амалга ошириш учун давлат ташкилотлари, муҳим ахборот инфратузилмалари объектларининг ахборот тизимлари ва ресурсларига тўсқинликсиз кириш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг турар жойларига ва бошқа объектларига тўсқинликсиз кириш, зарурат бўлганда қулфлаш мосламаларини бузиш, шунингдек, жиноят содир этиб таъқиб қилинаётган ёки шундай жиноят содир этаётган шахс бор деб ҳисоблаш учун етарли асослар бўлса ёхуд кечиктириш фуқаролар ҳаётини таҳдидга қўйса, бу жойларни кўздан кечириш (етказилган зарарни қоплаш ва 24 соат ичида прокурорга хабар бериш шарти билан) ва бошқалар.

Қонуннинг 15-моддасига кўра давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ҳамда ресурслари маълумотларининг сақланишини таъминлаш маълумотларнинг захира нусхаларини яратиш йўли билан амалга оширилади, уларнинг сақланиш муддати охирги 3 ойдан кам бўлмаслиги белгиланган.

Киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан экспертиза мажбурий тартибда ёки киберхавфсизлик субъектларининг ташаббусига кўра амалга оширилади. Қуйидагилар киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши лозим:

  • давлат органларининг ахборот ресурслари;
  • давлат органларининг ахборот тизимлари;
  • муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига киритилган ахборот тизимлари.

Шунингдек, 19-моддада давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ҳамда ресурсларининг киберхавфсизлигини таъминлаш учун қўлланиладиган аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалар мажбурий тартибда сертификатлаштирилиши лозим.

Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, халқаро кибержиноятчиликка қарши курашиш масалаларига доир ахборотни чет давлатларга ва халқаро ташкилотларга сўров бўйича тақдим қилади. Агар бундай ахборот тергов ва суд жараёнларига тўсқинлик қилмаса ҳамда киберҳужумларга барҳам беришга хизмат қилса, ваколатли орган уни хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга олдиндан сўровсиз ҳам бериши мумкин. (36-модда).

Феруз РАЖАБОВ,

Бухоро вилоят судининг cудьяси

ХАЙРУЛЛО АБДУЛЛАЕВ,

Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси