КАФИЛЛИК ШАРТНОМАСИ ВА КАФИЛНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда Ҳаракатлар стратегияси деб юритилади) мамлакатнинг давлат ва жамият ривожланиши истиқболини стратегик режалаштириш тизимига сифат жиҳатдан янги ёндашувларни бошлаб берди.
Ўтган йилллар давомида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди.
Юқорида таъкидлаб ўтилган ислоҳатларнинг узвий давоми сифатида Фуқаролик процеесуал ва Иқтисодий процессуал кодекслари янги таҳрирда қабул қилинди.
Бугунги кунда чинакам бозор иқтисодиётига асосланган фуқаролик жамиятини қуриш учун фуқаролар томонидан мажбуриятларнинг бажарилиши алоҳида аҳамиятга эга.
Жумладан, мажбуриятларнинг бажарилиши энг кенг тарқалган турларидан бири кафиллик шартномаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.
Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.
Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.
Кафиллик – қарздор мажбуриятларининг бажарилиши учун учинчи шахс – кафил жавобгар бўладиган ҳуқуқий муносабатдир. Мазкур ҳолатда “жавобгар бўлади” деган ибора фақат мулкий жавобгарликни назарда тутади ва у қарздор ўз мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида кафилда жавобгарликни вужудга келтиради. Бошқача қилиб айтганда, агар қарздор ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тўлиқ бажармаса, кафил қарздорнинг мажбуриятларини бажаришга мажбур бўлади.
Шунга ўхшаш муносабат гаровда ҳам намоён бўлади, қачонки гаровга қўювчи сифатида қарздор эмас, балки учинчи шахс чиқади, у ўз мулкини қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлашга беради ва ашёвий кафил деб аталади. Агар гаровда ашёвий кафил мажбуриятлар бажарилишини гаровга қўйилган молмулк ҳисобига таъминласа, унда кафиллик шартномасини тузиш ҳолларида кафил қарздорнинг мажбуриятларини бажармаган ҳолларда бутун мулки билан жавоб беради.
Кафиллик асосий шартнома бўйича кафил ва кредитор ўртасида тузиладиган шартномага асосан вужудга келади. Шарҳланаётган модда кафиллик шартномаси субъектларини чекламайди, шунинг учун, томонлар сифатида ҳар қандай шахслар бўлиши мумкин. Бу ҳолда, юридик шахслар кафил сифатида чиқишлари мумкин, агар бу қонун ҳужжатларига, уларнинг таъсис ҳужжатларига ва фаолиятининг мақсадларига зид бўлмаса. Масалан, модомики улар давлат унитар корхоналарининг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ бўлмаса, давлат унитар корхоналари бошқа шахснинг мажбуриятлари бўйича кафил бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, бюджет ташкилотлари хўжалик юритувчи субъектларнинг кафили бўла олмайди, чунки улар мақсадли тартибда ажратиладиган бюджет лимити чегарасида маблағ билан таъминланади.
Кафиллик шартномаси ҳам мавжуд вазиятлар бўйича, ҳам келгусида вужудга келадиган мажбуриятлар бўйича кафиллик имкониятига йўл қўяди. Мазкур модданинг иккинчи қисмида кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши бевосита назарда тутилади.
Келгусида вужудга келадиган мажбуриятлар бўйича кафилликка, фақат бундай мажбуриятнинг олдиндан аниқ таърифи, батафсил маълумотлари ва унинг ҳажмини аниқлаш мумкин бўлган ҳолдагина йўл қўйилади. Бу, кафиллик шартномасида бажарилиши учун кафил жавоб берувчи қарздорнинг мажбуриятини кўрсатиш зарурлиги билан боғлиқдир. Яъни келгусида вужудга келадиган мажбурият ҳам, ФК
234-моддасида ўрнатилган мажбуриятлар тушунчасига мувофиқ бўлиши керак. Шундай қилиб, мажбуриятнинг аниқ таърифи кафиллик шартномасининг муҳим шарти бўлиб ҳисобланади
Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилади. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.
Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди.
Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.
Кафилнинг жавобгарлиги қарздор томонидан кафиллик билан таъминланган мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги ҳолатларида вужудга келади. Бу ҳолда, бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик фақат мажбуриятга нисбатан бўлиши лозим.
Одатда, кафил кредитор олдида солидар жавобгар бўлади. Бунда қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилиши мумкин.
Солидар жавобгарликда кафил қарздор билан бир хил даражада мажбуриятлар бажарилишини таъминлаши зарур. Бундан ташқари, кафил мажбуриятларининг солидарлиги, кредитор ўзининг талабларини ҳам қарздорга, ҳам кафилга қўйишини; ҳам биргаликда, ҳам алоҳида; ҳам тўлиқ, ҳам қарзининг бир қисмига талаб қўйишга ҳақли эканлигини англатади. Жавобгарликнинг бундай тури кредитор учун жуда фойдали ҳисобланади.
Субсидиар жавобгарликда кафил кредитор олдида қарздор жавобгарлигига қўшимча ҳажмда жавоб беради. Ушбу ҳолатда талаб аввал қарздорга қўйилади. Агар қарздор кафиллик билан таъминланган ўз мажбуриятларини бажаришга қурби етмаса, жавобгарлик кафилга ўтади ва кредитор ундан қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишини талаб қилишга ҳақли бўлади.
Субсидиар жавобгарлик кафил учун қулай фойдалидир. Қонунда субсидиар жавобгарликнинг кафилга юклатилиши йўл қўйилмайдиган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин. Масалан, агар кредитор асосий қарздорга нисбатан муқобил талабларни қўйса ёки қарз мажбурияти хисобга ўтказилишида, субсидиар жавобгарлик қўлланмайди.
Кафил қарздор сингари кредитор олдида, худди шундай ҳажмда жавобгар бўлади, жумладан, фоизларни тўлаш, қарзни ундириш бўйича суд ҳаражатлари ва қарздор томонидан мажбуриятларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги билан келиб чиққан кредиторнинг бошқа чиқимларини қоплаш. Ушбу меъёр ҳам диспозитив ҳисобланади ва шартномада кафил жавобгарлигининг бошқача ҳажми назарда тутилиши ҳам мумкин.
Фуқаролик кодекси бир неча шахсларнинг кредитор олдида кафил сифатида иштирок этиш имкониятига йўл қўяди. Агар кафиллар бир нечта шахслар бўлса, ҳамда кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Бунда, ушбу ҳолатда, бир-бири билан ўзаро биргаликда кафил бўлган шахсларнинг жавобгарлик хусусиятлари ҳақида гап кетади. Масалан, агар кафиллик шартномаси билан кафилларнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлса, улар биргаликда асосий қарздорнинг мажбуриятни бажармаган қисмида кредитор олдида солидар жавоб берадилар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қарздорлар шартнома асосида олган мажбуриятларини ўз муддатида бажариб борса, кафиллик бўйича жавобгарлик келиб чиқмайди ва кафилга нисбатан жавобгарлик белгиланмайди.
Нодир ФАЙЗИЕВ,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари.
Ойбек ШОМУРОДОВ,
Фуқаролик ишлари Бухоро
туманлараро судининг судъяси