Иқтисодий судларда ишончнома асосида иш юритиш ва унга қўйиладиган талаблар
Фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ўзлари ва (ёки) вакиллари орқали юритишга ҳақлидир. Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар ёки ҳомийлар) ҳимоя қилади. Қонуний вакиллар судда иш юритишни ўзлари танлаган вакилга топшириши мумкин.
Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.
Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин.
Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.
Агар қонунда бу бевосита назарда тутилмаган бўлса, қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллар бўлиши мумкин:
1) адвокатлар;
2) юридик шахсларнинг ходимлари — шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;
3) нотижорат ташкилотларининг ваколатли вакиллари — шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;
4) қонунда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларининг ваколатли вакиллари;
5) биргаликдаги процессуал иштирокчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;
6) ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига биноан суд томонидан рухсат берилган бошқа шахслар.
Судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.
Юридик шахс номидан берилган ишончнома унинг раҳбари ёки таъсис ҳужжатларида шундай ваколат берилган бошқа шахс томонидан имзоланган ва ушбу юридик шахснинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлганда) тасдиқланган бўлиши керак.
Юридик шахсларнинг ходимлари шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича вакил сифатида иқтисодий судларда қатнашганда уларга берилган белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончномага шу корхонада ходим сифатида ишлаётганлигини тасдиқловчи буйруқдан кўчирма ёки меҳнат шартномаси нусхаси, хизмат гувоҳномасини нусхасини тақдим этади.
Адвокатнинг ваколатлари қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланади, яъни адвокатга иш юритиш учун берилган ордерга асосан қатнашади. Адвокатлик ордери адвокатга “Адвокатура тўғрисида”ги қонун ва адвокатлик фаолиятига доир бошқа қонунлар доирасида берилган ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради. Ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ғимоя қилиш ҳуқуқини беради, бироқ у ишончноманинг ўрнини босмайди. Ҳамда адвокатга ИПК 63- моддасида махсус назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини бермайди. Адвокат иқтисодий судга даъво аризасини имзолаш, даъво қўзғатиш, суд ҳужжатлари устидан шикоят бериш, апелляция, кассация шикоятларини имзолаш, келишув битими тузиш, даъводан воз кечиш, апелляция шикоятини қайтариш ундан воз кечиш ҳақида аризалар бериш каби ҳуқуқларни амалга ошириш учун унга ишонч билдирувчи томонидан берилган ишончномада бундай ҳуқуқларни амалга ошириш ваколати берилган бўлиши керак.
Судда иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради, бундан даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битимини тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулни олиш мустасно. Вакилнинг ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларнинг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари у қайси шахс томонидан вакил қилинаётган бўлса, ўша шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак. ( ИПК 63-моддаси)
Кимлар судда вакил бўла олмайдилар?
Тўла муомала лаёқатига эга бўлмаган ёхуд васийлик ёки ҳомийлик остидаги шахслар судда вакил бўла олмайди.
Медиация тартиб таомилини амалга ошириш чоғида айни шу низо билан боғлиқ ҳолда медиатор сифатида иштирок этган шахслар вакил бўлиши мумкин эмас, бундан қонунчиликда назарда тутилган ва медиаторнинг иштироки юзасидан ўзаро розилик бўлган ҳоллар мустасно.
Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас. Нотариус томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди.
Иқтисодий судга ишончнома тақдим этилганда судлар ишончноманинг тегишли тартибда расмийлаштирилганлигини, унда амалга оширилаётган процессуал харакатлар махсус назарда тутилган бўлса, шундай ҳуқуқ берилганлигига, ишончнома амал қилиш муддати тугаган ёки йўқлигига эътибор беришлари шарт. Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини текшириши шарт.
Вакилга берилган ишончномада даъво аризасини имзолаш ёки суд ҳужжати устидан шикоят бериш, шикоятни имзолаш ҳуқуқи берилмаган бўлиб, бу шахс томонидан имзоланган тақдирда даъво аризасини , шикоятни қайтариш учун асос бўлади.
Бухоро вилоят суди судьяси
М.Кодирова