Иқтисодий процессуал қонунчиликда даъвони таъминлаш, унинг турлари ва аҳамияти

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш бугунги кунда бу борада амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг бош мезонларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Ушбу соҳанинг ривожланиши тадбиркорлик субъектларининг сон жиҳатдан кўпайишига, ўзаро муносабатлар ошиши натижасида бизнес вакиллари ўртасида иқтисодий низолар пайдо бўлишининг тезлашишига олиб келади.

Бугунги кун давр талаби бизнес эгаларининг иқтисодий судлардаги низоларнинг ечилишини имкон қадар тезлаштиришни тақозо этмоқда. Бундай ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг ўзлари низони ҳал қилишда судларга айрим процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилишлари лозим бўлади.

Даъвони таъминлаш иқтисодий-процессуал қонунчиликда назарда тутилган махсус чора бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (матнда “ИПК” деб юритилади) 93-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси даъвони таъминлаш чораларини кўриш учун асос бўлади.

Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

ИПК 93-моддасининг учинчи қисмида давлат фойдасига мулкий ундириш билан боғлиқ ишлар бўйича суд даъвогарнинг аризасига кўра даъвони таъминлаш чораларини кўриши шартлиги белгиланган. Яъни, ушбу норма билан даъвогарнинг аризаси мавжуд бўлганда даъвони таъминлаш чорасини кўриш тўғрисидаги аризанинг қаноатлантирилиши шартлиги мустаҳкамланган.

ИПКнинг 94-моддасига асосан қуйидагилар, яъни жавобгарга тегишли мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш; жавобгарга муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш; бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш; даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш; мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилган тақдирда, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш; низоли мол-мулк бузилишининг, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклатиш; низоли мол-мулкни учинчи шахсга (сақловчига) ўтказиш даъвони таъминлаш чораси бўлиб ҳисобланади.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза судга даъво аризаси билан бир вақтда даъво аризасида ёки ишни юритиш жараёнида даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимосномада баён этилиши мумкин.

ИПК 96-моддасининг биринчи қисмига асосан даъво аризаси билан бирга берилган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, яъни ариза судга келиб тушгандан 5 кундан кечиктирмасдан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 2015 йил 19 июндаги 283-сонли қарорининг 18-бандида ҳам тушунтириш берилган.

Судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўриш низони биринчи суд муҳокамасида кўрилгунга қадар бартараф этишга катта ёрдам беради. Шу ўринда, суд амалиётига мурожаат қилсак.

Даъвогар МЧЖ жавобгар АЖга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ундан маҳсулот етказиб бериш шартномасига асосан 33.000.000 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган. Шунингдек, даъво аризасида даъвони таъминлаш мақсадида жавобгарга тегишли бўлган пул маблағларини хатлаб қўйиш чораларини кўриш сўралган. Суднинг ажрими билан даъвони таъминлаш чораси кўрилиб, жавобгарга тегишли бўлган пул маблағларининг 33.000.000 сўм миқдорига тенг чиқим қисми (бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга ҳамда иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ тўловлардан ташқари) иш мазмунан кўриб чиқилиб, ҳал қилингунга қадар хатлаб қўйилган. Ажрим нусхаси жавобгарнинг хизмат кўрсатувчи банкига ижро қилиш учун юборилган.

Суднинг ажрими банк томонидан ижро қилиниб, биринчи суд муҳокамасида жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳисобига 33.000.000 сўм тўланганлиги ҳамда низо бартараф этилганлиги аниқланган. Шу сабабли суд томонидан даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори ҳамда даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқарилган.

Шу билан бирга, процессуал қонунчиликда даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш масаласи ҳам ҳал қилинган. Жумладан, даъвони таъминлаш чоралари ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра бекор қилиниши мумкин. Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал қилинади. Даъвони қаноатлантириш рад этилган, даъво кўрмасдан қолдирилган, иш юритиш тугатилган ҳолларда, даъвони таъминлаш чоралари тегишли суд ҳужжати қонуний кучга киргунига қадар ўз кучини сақлайди. Бироқ суд кўрсатилган суд ҳужжатларини қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқариши мумкин. Шу ўринда судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини қўллаш бўйича суд амалиётини бирхиллаштириш мақсадида ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленум қарори лойиҳасини ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бу эса ўз навбатида судлар томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўришда суд амлиётининг бирхиллаштирилишига, низоларнинг белгиланган муддатда қонуний ва адолатли ҳал этилишига замин яратади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, даъвони таъминлаш чораларини кўриш тадбиркорлик субъектлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишининг яққол далили бўлиб ҳисобланади.

Қоракўл туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Зоиров

Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси Д.Чориев