Интеллектуал мулк ҳуқуқлари – суд ҳимоясидадир

Маълумки, интеллектуал мулк жамият тараққиёти ва мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида муҳим восита бўлиб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари ва ҳуқуқий механизмлари илғор халқаро тажрибада келиб чиқиб доимий равишда такомиллаштириб келинмоқда.
 Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда ҳар бир шахс, хоҳ у фуқаро, юридик шахс ёки чет эл резиденти бўлмасин, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган бўлиб, мазкур ҳуқуқлар бузганлик учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий ҳуқуқий- жавобгарлик чоралари белгиланган. Зеро, суд, прокуратура, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк департаменти ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа органларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунда белгиланган тегишли ваколатларга эга ҳисобланади.
 Шу ўринда, қонунчиликка мувофиқ ҳар бир манфаатдор шахснинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари кафолатланган. Бунга мисол сифатида, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иқтисодий судда кўрилган ишнинг тафсилотларини келтириш мақсадга мувофиқ.
           Венгрия Республикасидаги “Gedeon Richter” компанияси (бундан буён матнда компания деб юритилади) товар белгисига нисбатан интеллктуал мулк ҳуқуқлари бузилганлиги бўйича иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Бухоро шаҳридаги “Sino Farm Afshona” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) зиммасига “Пононгинум СФ” БФҚ (биологик фаол қўшимча) товарини ноқонуний ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тўхтатиш мажбуриятини юклашни сўраган.   
Маълум бўлишича, компания “PANANGIN” дори воситасини ишлаб чиқаришда товар белгисига бўлган интеллектуал мулк ҳуқуқлари Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти Халқаро бюроси реестрида рўйхатга олинган ва республикамиз ҳудудига “PANANGIN” товар белгили юпқа плёнка билан қопланган таблеткаларда дори воситасини етказиб келган. Аммо, МЧЖ томонидан компаниянинг товар белгисига бўлган интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда “Пононгинум СФ” биологик фаол қўшимча товарини 2020 йилдан бошлаб ишлаб чиқарган ва руспублика ҳудудига реализация қилган.
Ваҳоланки, суд иши муҳокамасида МЧЖ ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган “Пононгинум СФ” БФҚ (биологик фаол қўшимча) товари номланишида фойдаланилган товар белгиси ваколатли органда рўйхатдан ўтмаганлиги ҳамда компаанияга тегишли “PANANGIN” товар белгиси сўзли белгилари билан ўзаро ўхшаш ҳисобланлиги қонунчилик талабларига зид ҳисобланиши аниқланди. Қолаверса, МЧЖ ишлаб чиқарган биологик фаол қўшимча товарлари айнан инсон саломатлиги учун фойдаланилиши ва дорихоналарда реализация қилиниши сабабли ушбу товар номланишида истеъмолчини товарларни ўзаро адаштириб юборадиган даражадаги компанияга тегишли “PANANGIN” товар белгисидан рухсатсиз фойдаланган бўлиб чиқди. Бу билан компаниянинг қонун билан ҳимоя қилинадиган товар белгисига бўлган интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганлиги судда ўз исботини топди.
Шу сабабли суд компаниянинг даъво аризасини қаноатлантириб, МЧЖ зиммасига “Пононгинум СФ” БФҚ товарини ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тўхтатиш мажбуриятини юклаш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди. Суд ҳужжати қонуний кучга киргач, унинг ижросини таъминлаш мақсадида мажбурий ижрога қаратилди ва суд томонидан компаниянинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилиши тикланди. 
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши ҳуқуқ эгаларининг қонуний ҳуқуқлари кафолатини таъминлайди ҳамда мазкур йўналишда жамиятда интеллектуал мулк объектларини яратиш ва фойдаланиш бўйича ишбилармонлик муҳитини қўллаб-қувватланиши ва мазкур соҳада соғлом рақобатни таъминланишида устувор аҳамият касб этади.  
 
Луқмон Кадиров,
Бухоро вилоят суди раиси
 
Илхом Юлдашев,
Бухоро вилоят суди
иқтисодий ишлар бўйича судьяси