“ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УМУМЖАҲОН ДЕКЛАРАЦИЯСИ” бутун инсониятнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжат

Мамлакатда олиб борилаётган барча соҳадаги ислоҳотларнинг диққат марказида доимо инсон ҳуқуқлари, унинг эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш ётади.

БМТ Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилиниб, ташкилотга аъзо барча мамлакатларга тавсия мазмунига эга бўлган мазкур Декларация Ер сайёрасида яшаётган инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларини очиқлайди. Бу ҳужжат дунёнинг шу кунгача беш юздан ортиқ тилига таржима қилинган бўлиб, энг кўп таржима қилинган ҳужжатдир. 30 моддадан иборат Декларация Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонуннинг таркибий қисми ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича умумий декларацияси БМТ Бош Ассамблеясининг Франциянинг Пале-де-Шайо қароргоҳида бўлиб ўтган 183-пленар мажлисида ўша вақтдаги БМТга аъзо 58 давлатдан 48таси томонидан қўллаб-қувватланди. 1948 йил 10 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Белоруссия ССР, Украина ССР, СССР, Чехословакия, Польша, Югославия, Жанубий Африка иттифоқи ва Саудия Арабистони бетараф қолган, Гондурас ва Яман иштирок этмаган. Канада Декларацияни даставвал рад этган бўлса, кейинчалик уни тасдиқлади.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида инсон ҳуқуқлари бўйича ўз миллий тизимини яратган дастлабки давлатлардан ҳисобланади. Шу кунгача мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясининг халқаро тан олинган принциплари, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, коррупция ва одам савдосига қарши қарши курашиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида қатор миллий дастурлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, махсус комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди. Бу билан ушбу жараёнга давлат ташкилотларини бирдек жалб этиш, уларнинг жамият ва давлат, фуқаролар олдидаги вазифаларини аниқ белгилашга эришилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70та асосий ҳужжатга қўшилди, БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланди. Ўзбекистон Республикасида миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги энг асосий ва дунёдаги кўплаб давлатлар томонидан тан олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ушбу соҳадаги халқаро ҳамжамият эришган энг катта ютуқлардан дейиш мумкин. Декларациянинг Преамбуласида тилга олинган инсон  ҳуқуқлари тушунчаси аслида барча халқаро ҳуқуқ субъектлари учун бир маънода тушунилиши лозим. Лекин биламизки, инсон ҳуқуқлари жамиятдаги қадриятлар, менталитет, дин ва эътиқод мезонлари билан йўғрилганда бошқача маъно касб эта бошлайди. Шунинг учун Декларацияни имзолаган бўлишига қарамай, аёл ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини, болалар ҳуқуқлари ҳимоясини, уларнинг меҳнат ёши, таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаб бермаётган давлатлар ҳам мавжуд.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Демократик, ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини танлаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини жамиятни ривожлантириш ва давлат қурилишининг, бутун ички ва ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгилади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган. Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари яратилган ва улар амалда самарали жорий этилмоқда. Мамлакатда беш мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият юритмоқда. Жамият ва давлат қурилиши соҳасида сиёсий партияларнинг роли сезиларли даражада ошди. Мустақил оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ривожланиб бормоқда. Улар аҳолининг сиёсий, ижтимоий фаоллигини ошириш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишнинг қудратли омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Декларация мажбурий эмас, балки тавсиявий мақомга эга. Бироқ унинг негизида халқаро мажбурий бўлган иккита ҳужжат қабул қилинган. Булар Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт. Ўзбекистон мазкур ҳужжатларга 1995 йилда қўшилган. Ўтган йиллар мобайнида Декларация одатдаги ҳуқуқий меъёрлар мақомига эга бўлган бўлса, айрим давлатлар ҳамон уни қисман тан олади.

1950 йили БМТ Декларация қабул қилингани муносабати билан 10 декабрни Инсон ҳуқуқлари нишонланадиган кун сифатида белгилади. Уни турли инсонлар, жамиятлар ва диний уюшмалар, парламентлар, ҳукуматлар ва албатта БМТ ҳам ишонлайди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Декларация қабул қилинганлигига 73 йил бўлган бўлса-да, унинг миллий ва халқаро ҳуқуқдаги, дунё давлатларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти юқорилигича қолмоқда. Сабаби унинг ишлаб чиқилиши давлатларнинг ҳақиқатда бирлашишга, инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ ҳамкорлик режасини ишлаб чиқишга бўлган эҳтиёжи юзага келган даврга тўғри келганлиги ҳамда универсал нормаларни қамраб олганлигидадир.

Шарипов Жамол, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Кадиров Умид, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси