ИЧКИ ИШЛАР БЎЛИМИ ХОДИМЛАРИГА СЕМИНАР

Пешку туман Ички ишлар бўлимида жорий йилнинг 7 июль кунида “Коррупция – ривожланишга тўсиқ” ҳамда “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш”мавзуларида жиноят ишлари бўйича Пешку туман судининг раиси Фаррух Икрамов ҳамда Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати аъзоси Ўткир Разиков, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Кун тартибидаги биринчи мавзу юзасидан: суд раиси Ф.Икрамов мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган ҳужжатлар қаторида, 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6127-сонли Фармони судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашда муҳим ҳужжат ҳисобланишини қайд этди.

Одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади. Бугунги кунда барча судларда Е-ХSUD электрон ахборот тизими орқали мурожаатларнинг қонуний муддатларда кўрилиши, ишлар ҳақида батафсил маълумот шакллантирилаётганлиги, бу билан иш ҳужжатларининг қоғоз шаклидаги кўринишидан бутунлай воз кечилиши, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилиги олди олинишига эришилмоқда. Бу ҳам коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

Кун тартибидаги иккинчи мавзу юзасидан: Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати аъзоси Ў.Разиков судьлик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4096-сон билан қабул қилинганлиги;

хусусан, судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш, касбий этика, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмаларини ўқитишга, суд кадрларининг илмий-таҳлилий ва креатив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган, грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича амалга ошириладиган судьялик лавозимларини эгаллаш учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, шунингдек иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ой бўлган, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш;

қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун ва моҳиятини етказишга, касбий, жумладан ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллаш масалаларига доир кўникма ва қобилиятларни такомиллаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш белгиланганлиги;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланиши;

судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланиши;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқиш дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган тингловчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб бериши мустаҳкамланганлигини таъкидлади.

Судьялар олий кенгаши ҳузуридагиОлий мактаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
67-моддасига кўра, ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.

Бироқ, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;

илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;

чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;

психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;

судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас.

Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.

Семинар савол-жавобларга бой руҳда ўтиб, Ички ишлар ходимларининг қизиқтирган суд амалиётига оид қатор саволларига жавоб берилди.

Фаррух Икрамов, Жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди раиси

Ўткир Разиков, Бухоро вилоят судлари судьялари Малака ҳайъати аъзоси