Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 31-моддасидаги нормага асосан, “Хар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи туғрисида конунга хилоф йўл билан тўпланган ёки хукукий асосларга эга бўлмай колган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш хукукига эга”.
Инсон туғилганидан бошлаб у ҳакидаги маълумотлар унинг ҳаёти давомида бирор-бир жойда қайд қилинади. Жумладан, давлат хизматларидан фойдаланганда, шифохонада, ФҲДЁ бўлимларида, боғчада, мактабда, банкларда ва бошқа ташкилотларда, кундалик фойдаланадиган ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ёки маълумотлар базаларида шахснинг фото, видео, аудио, ёзма ёки электрон шаклидаги шахсга доир маълумотлар мавжуд. Шахсга доир маълумотлар муайян жисмоний шахсга тааллукли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ёки бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборотдир.
Айникса, бугунги рақамлаштрилаётган дунёда шахсга доир маълумотларни ҳимоя килишга эхтиёж тобора ортиб бормокда. Чунки, айримлар ўзгаларга тегишли шахсий маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам амалиётда куп учрамокда. Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя килинишини қонун билан конституция билан кафолатлайди.
Хусусан, давлат шахснинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя килинишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини сакланишини, махфийлигига риоя этилишини, қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлаши лозим.
2019 йилда қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга кўра, шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган шахслар ушбу маълумот эгасининг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт. Шунингдек, шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун хужжатларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шу билан бирга, Конституцияга фуқаронинг ўзи тўғрисида қонунга хилоф йул билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқини кафолатловчи янги коида киритилмокда.
Хорижий мамлакатларда “унутилишга бўлган хукук» (right to be forgotten) деган ном билан кўлланилувчи ушбу ҳукук шахснинг ўзи ҳақидаги конунга хилоф йул билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларни ахборот ресурсларидан, жумладан Интернетдан, йук килинишини талаб килиш ҳукукини англатади.
Мазкур хукук Сингапур, Япония каби давлатлар конституцияларида ҳам белгилаб қўйилган.
Конституциямизда бундай мазмундаги норманинг белгиланиши инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя килишни таъминлашда муҳим кафолат бўлиб хизмат килади.
Сарвиноз Қамбарова,
Бухоро вилоят суди судьяси
Дўстёр Гадоев,
Бухоро вилоят суди судья катта ёрдамчиси