Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишининг янги босқичи.

Мамлакатда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини ҳамда чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилмоқда.

Жумладан, Олий суднинг расмий веб-сайтида барча суд қарорлари доимий равишда эълон қилинмоқда, давлат органлари ва ташкилотлари билан электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилмоқда, суд ишларини юритиш рақамлаштирилмоқда, судлар ўз қарорларининг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириб келмоқда, суд раислари ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари билан брифинглар ўтказмоқда.

Шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ва чинакам ҳимоячисига айлантириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг судларга бўлган ишончини ошириш зарур бўлиб ҳисобланади.

Жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилади.

Шунга кўра давлат раҳбари томонидан 2022 йил 29 январь кунида “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли Қарорлари қабул қилинди.

Эндиликда, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш, маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш амалиёти белгиланди.

Бундан ташқари, мазкур қарор билан тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш механизми йўлга қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбарининг мазкур Қарори  мамлакатда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини ҳамда чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ва қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг янги босқичини таъминлашга, жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг судларга бўлган ишончини ошишига, ҳар қандай мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳааракатлари туфайли фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга ҳамда адолат устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ромитан туманлараро иқтисодий

суди раиси                                                                      Х.Г.Абдуллаев